МАҚСАД

Мақсадсиз инсон — хавфли инсон.

Ақлимни танибманки, ўз олдимга қўйган мақсадим сари қадам ташлайман. Болалигимда рақс тушишни ёқтирганман ва ҳаттоки шу касбни танлашни ният ҳам қилганман, аммо бу ниятим кўпларга ёқмаган, олдимда тўсиқлар пайдо бўлган. Вақт ўтиб рақс санъатига қизиқишим  шунчаки ҳавасга айланди. Келажакдаги ҳаётимни бошқа касбда кўришни бошладим.

Ёшлигимда онам менга “Қизим, бутун қил, нима сўрасанг ҳам бутун сўра”, деб доим қулоғимга қуйиб келган. Тўғри айтган эканлар. Ҳозир орзуларим рўёби давом этмоқда, ҳали поёнсизликка чиқмаган бўлсам ҳам, мендан бахтли инсон йўқ, дея оламан. Келажагимни журналист касбида кўраман,  бу касб эгаларининг машаққатли ҳаёти, ижодий ютуқлари —  мен интилаётган улуғ манзил.

Ўқишга кирганимда ҳаяжон тўла юрак, фантазияга бой хаёллар билан университетга қадам босдим,  мақсадим саҳифаларида янада улкан ниятлар пайдо бўлди. Ўзим орзу қилган келажак учун кураш бошланди. Табиатан кўп нарсага қизиқувчанлигим сабабли хаёлимда ҳар хил орзулар туғён ура бош­лади. Инсон ҳар доим ҳам режа асосида иш кўролмаслигини англаб етдим. Аста-секинлик билан барчаси изга тушади, деб  ўзимни ўзим назорат қилиб тураман.

Келажак ҳақида  ширин орзулар қиламиз, биз тўғри деб билган йўлларнинг айримлари  ботқоқлик эканлигидан  бехабармиз. Сизга ёқимсиз бўлган нарса асли гўзал бўлиши мумкин. Мен инсон ҳаётини  пианинога ўхшатаман, ундаги оқ-қора клавишлар инсон ҳаётидаги бахтли-бахтсиз кунларни эслатади. Пианинони қандай чалиш — ўз қўлимизда.

Мен хотиржамман, бахтли келажагим учун доим ҳаракатдаман ва ҳеч ҳам тас­лим бўлмайман. Чунки эзгу мақсадлардан  қурилган келажак пойдевори  мўрт бўлмайди.

Ҳаёт — қисқа, қандай ўтиб кетганини сезмай қоламиз. Баъзида шундай пайт­лар бўладики, вақт ўтмайди, сониялар асрдек қотиб қолгандай туюлади. Баъзан ширин, баъзан аччиқ нарсаларни кимгадир  айтолмайсиз, ичингизга ютасиз. Орзулар чилпарчин бўлган пайтлари руҳингиз синади. Ҳаёт  шуниси билан қизиқ. Ҳаммасига тайёр туришимиз керак.

Садоқат МАМАДАЛИЕВА,

ЎзМУ журналистика факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − five =