Бобом қолдирган мерос

Газета мутолааси мен учун болаликдан сингган энг ёқимли машғулотим. Узоқдан почтальон амакининг велосипедини кўрсам уйимиз томон “Бобожон, газета келаяпти”, дея чопқиллар эдим. Чунки поч­тальон амаки бобо-бувимнинг нафақалари билан бирга уларга турли газета-журналларни ҳам ташлаб кетарди. Мени хурсанд қиладигани шу эдики, улар ўқиб бўлишгач, газета-журналлар менга берилар, мен эса нашрларнинг орқасидаги болалар учун ажратилган саҳифаларини мароқ билан томоша қилар, шундан сўнг ҳам уларни ташлаб юбормай, бир жойга сақлаб қўяр эдим.

Бобом кунларнинг бирида биринчи синфни аъло баҳога тугатиб, “Алифбе” китобидаги барча шеърларни ёдлаб олсам мени ҳам болалар газетасига обуна қилишини, поч­тальон амаки мен учун ҳам алоҳида газета олиб келишини айтдилар. Бундан жуда қувониб кетдим ва аъло баҳоларга ўқиш учун китоб ўқишга астойдил бел боғладим. Биринчи синфни аъло баҳога битириш билан бирга 8 ёшимда 50 дан ортиқ шеърларни ҳам ёдладим. Бобом эса ваъда берганларидек, болалар газетасига обуна қилдилар. Мен эса бундан   ёзги таътилда бир хумдон олтин топиб олган боладек ҳар ҳафта келган газеталаримни ўқиб борардим. Нафақат газета, бадиий, шеър китоб­ларни ўқишни ҳам канда қилмасдим. Натижада кундан кунга сўз бойлигим ортиб бораётганини сезардим, ўзим ҳам шеър, ҳикоялар ёзишни машқ қила бошладим. Газета ўқишдан бошланган мутолаа кичик қизчани ижод боғига етаклади ва кўнгилга қалами ўткир журналист бўлиш мақсадини солди.

Мана йиллар ўтиб ўша орзу мақсадлар ҳаётга кўчди. Бугун жонажон журналистика — хаёлим эмас, ҳаё­тим мазмунига айланган. Газеталарга меҳр бериб мақолалар ёза бошладим, ҳар бир мақолам чоп этилганини кўриб қувондим, исм-фамилиямни қайта-қайта ўқиб ғурурланиб кетаман. Бу мени яна ёзишга, янги мавзулар топишга, изланишга ундайди. Устозларимнинг “Журналист ҳамма нарсадан хабардор ва тезкор бўлиши керак” деган сўзлари бугун менга шиор. Ҳозир ҳам ҳар тонгни мутолаадан бошлайман. Айниқса, “Hurriyat” газетаси — менинг доимий ҳамроҳим.

“Hurriyat” — мустақил газета. Ундаги ранг-баранг, бадиий публицис­тик мақолалар менга ҳамиша илҳом бағиш­лайди, кўпроқ ёзишга ундайди. Ҳа, газетага қизиқиш йил сайин мен билан бирга улғайди, болаликда қалбимда экилган ниҳол бугун куртак очмоқда.

Энди ўйлаб кўрсам раҳматли бобожоним менга улкан мерос қолдириб кетган эканлар. Дарахтни қанча яхши   парвариш қилсанг, меваси шунча тотлироқ бўлур деганларидек, қанча кўп ўқиб излансак, шунча камол топаверамиз. Бобомнинг “Китоб ўқиган инсондан ёмонлик чиқмайди”, деган сўзларини бугун янада теранроқ ҳис қилаяпман. Бугун газеталарга тўлган жовонимни очар эканман болалигимни, бобом қачон газетани ўқиб бўлар эканлару мен оларканман деб пойлаб ўтирган дамларимни эслаб яна ўша кунларни қўмсадим.

Ҳа, умр ўтгувчи, вақт эса югурик. Анг­лаганим ана шу вақтнинг ораларида орзуларимизга эришиш учун ҳаракатни қанча тез бошласак, шунча комил руҳда ўсаверамиз. Бу йўлда албатта, азиз ота-оналаримиз, бобо бувиларимиз, устозларимиз бизларга ўрнакдир.

Занжилой АБДУСАЛОМОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 5 =