Денгиз нафасига чайқа дилимни

Муҳайё РУСТАМ қизи

Муаллиф ҳақида:

Муҳайё Рустам қизи — 1973 йили Пахтачи туманида туғилган. Навоий давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатган. Фаолиятини Навоий вилояти телерадиокомпаниясида бошлаган. “Дўстлик байроғи” газетаси, “Ёш куч”, “Ғунча”, “Саодат” журналларида ишлаган. Айни пайт­да “Jadid” адабий, илмий-маърифий, ижтимоий ҳафталик газетасида фаолият олиб бормоқда.

“Ой соҳили” номли шеърий тўплами чоп қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ОНАЖОН

 

Онажон…

Қуёш бўйи анқир кўзларингиздан,

Бир назар эритар қайғуларимни.

Сиз қучоқ очсангиз тутдай тўкилар,

Мунчоқдай терасиз туйғуларимни.

 

Онажон…

Кокилимни тўшай товонингизга,

Босинг, пойингизда сочим гулласин.

Умрим тарошлаган қалам — машойих

Кўнглим изҳоридан мактуб йўлласин.

 

Онажон…

Юракдаги меҳрнинг муҳрин

Мен ҳотамномага босдим аямай…

Дағе, қароқчилар илкидан чиқиб

Энди кўксингизга не деб суянай?

 

Онажон…

Севгимни олиб келдим мен

Жонимга санчилган тийғлар гул очди.

Минг битта ёғийга ғолиб келдим мен

Раҳмат хабаридан хобир йўл очди.

 

Онажон…

Онажоним — баҳрун нажотим,

Келинг, дуолар-ла руҳим уйғотиб.

Тобора қирмизлаб бормоқда шафақ,

Умрим осмонига кетяпман ботиб.

 

ҚОР ЁҒАР

 

Қор ёғар, оқликка бурканар

Кимсасиз, боши берк кўча ҳам,

Оқарар борлиқ ва юраклар

Замҳарир қорайтган кеча ҳам.

 

Қор ёғар, тозартиб дунёни

Қор ёғар ошуфта хаёлдай.

Кўнгилнинг йўлига тўшалар

Оқликлар шойиста иқболдай.

 

О, ёғар раҳмати илоҳий,

У сабаб яшнагай бир баҳор.

Ки йиллар адоғи-қишнинг ҳам,

Қор каби ойдинлиқ тонги бор.

 

ҒУРБАТ ТУНИДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

 

Қазо товушида улиди шамол,

Юлдузларни ютди очофат осмон.

Бошимда шамолдай ғовлади савол,

Қонимни шопирди қасди пушаймон.

 

Гарчи бир гунг каби чиқармадим сас,

Ичимда тинмади ул қаҳҳор довул.

Сен ихтиро қилган фужур ебтўймас,

Илоҳий умримни қилди тановул.

 

 

* * *

Кўнглимнинг оғриғи қиёматгача,

Юрагим ярасин ялайди тамуғ.

Сенинг озорингдан ўтаман лекин,

Жонингга бир куни ҳаққим қалар чўғ.

Ёнаркан, ачишса руҳингда куюк,

Бўғзингга тиқилса олган нафасинг.

Сени таъқиб этса виждон деган юк,

Синар бахт деб қурган қора қафасинг.

 

Ўшанда кўзингни очар бу ҳаёт,

Ўшанда англарсан бари-барини.

Ўшанда ўзингнинг ичингга қайтиб

Кўрарсан надомат тасвирларини.

 

Унгача бошим хам, гарданимда юк,

Бир ғариб юрарман мен ерга қараб.

Умр бўйи чеккан изтиробларим,

Ажабмас, Худога этса муқарраб.

 

* * *

Юрагимни сотаман,

Тиккин борингни.

Нимаикинг бўлса ўртага қўйгин.

Дунёнинг энг мунир ёмғирларин қўй,

Латиф қор парчаларни тик юрагимга.

Олам-олам рангларни сана қуртдайин…

 

Юрагимни сотаман,

Тўпла борингни.

Ойни қўй ўртага, қуёшни ата,

Юлдузларни йиғиб харжла биттадан,

Қушлар, балиқларни нархла камига.

Соҳир табиати бор юрагимни

Сотаман,

Эвазига севгил руҳимни.

Учма чирияжак қошу кўзимга.

Севгил

Олмалардай қийғос гуллаган

Марварид-марварид орзуларимни.

 

Ол мендан,  юрак ол, бағишла ҳаёт,

Севги-ла яшамоқ нелигин англат.

Тақдиримда сенинг вожиб бўлмоғинг,

Балки излаганим — мустафо талъат.

 

Мовий тушлар улаш менга, азизим,

Зарғалдоқ жонимга бахтни тасвир эт.

Денгиз нафасига чайқа дилимни,

Шууримда оққуш тонгларни эрит.

 

Бу лола юракни сотаман сенга…

 

* * *

Нима бор бу кўнгилдай маҳзун?

Ва мен каби бахтига ташна?

Ўзим каби ўзимга душман,

Ва пушмондай вафодор ошна?

 

Яна ким бор мендай нотавон?

Орзулари — ёнган байроқлар.

Кўзин ёши равондан-равон,

Умидлари — сўниқ чироқлар…

 

Ким бор яна?..

Ва яна нима?..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − one =