Ёшлар эл ишончини оқлайди

Ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳаётимиз интернет билан чамбарчас боғланиб бўлди. Ер курраси геосиёсий муносабатлар, низолар, ахборотлар, мафкуралар оқимида ўзгариб турибди. Халқининг тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш, миллатнинг маънавий, мафкуравий бойликларини сақлаш ҳар доимгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда доим фикран уйғоқ бўлиш талаб этилади.

Ўзбеклар — азалдан уйғоқ миллат. Уйғоқлик бизнинг томиримизда, жонимизда, сийратимизда бор. “Авесто”да шундай ёзилган: “Эрта тур, ният қил, амал қил!”

Буюк тарихимизга боқинг. Дунёни уйғотган бизнинг боболаримиз эмасми! Бедорлик тожини кийган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз етти иқлимга ҳукмдорлик қилди. Султон Мирзо Улуғбек осмон тоқига нарвон қўйди. Мудраб ётган тамаддун бешигига уйғонмоқ саодатини берган Мусо Муҳаммад Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Насир Форобий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хожа Аҳрор Валий, Баҳоуддин Нақшбанд каби боболаримиздир. Абу Али ибн Сино оламнинг дардига даво бўлганини дунё тан олиб турибди-ку! Биз тарбиялаётган йигит-қизлар ана шундай улуғ ва уйғоқ мутафаккирларнинг авлоди эканлигини унутмаслиги шарт.

Ўтган йили 22 декабр­­да Президентимиз раислигида бўлиб ўтган Рес­публика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масала эканлиги бот-бот таъкидланди.

Бугун дунёга назар солиш жуда осон. Қўлимизда телефон, ижтимоий тармоқнинг хоҳлаган сайти, канали орқали истаган мафкуранинг тарғиботини кўриш мумкин. Бу эса айни пайтда хавфли ҳамдир. Ёвуз ниятли кимсалар ўз ғояси атрофига миллатидан, динидан қатъи назар одамларни жамлаб дунёга эгалик қилишни истамоқда.

Ҳозир одамларда, айниқса, ёшларда ахборотга ташналик кучли. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги, шов-шувли, таҳликага солувчи, баъзида ўта нафратланарли хабарлар бизнинг менталитетимиз, қадриятларимизга асло мос келмайди. Буни ҳам мамлакатимиз раҳбари куйиниб, ташвиш билан айтиб ўтдилар:

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш, албатта, осон бўлмаяпти”.

Минг шукурки, бугун Ўзбекистон жаҳон айвонида сиёсий позицияси билан юксак нуфуз ва мавқега эгадир. Аммо давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган унинг маънавий қиёфасидир. Президентимиз бу борада жуда ҳам таъсирли чақириқни ўртага ташладилар:

“Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими?

Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунё­­да “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бў­йича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларнинг пировард натижаси аслида шу, бизнингча. Яъни янги, тараққий этган, дунё билан бўйлашган Ўзбекистон аталмиш давлатнинг ватанпарвар, эл-юрт ишига фидойи, миллатини, давлатини ҳар қандай вазиятда ҳам ҳимоя қиладиган, ривожлантирадиган, уни асраб-авайлайдиган, қадрияти, аждодлари, маънавий-маърифий, илмий, бадиий мероси билан фахрланиб, унга садоқат кўрсатадиган авлодни тарбиялашдир.

Президентимиз бу йўналишда ҳам Ўзбекис­тоннинг аниқ мақсадлари борлигини қатъият билан айтди:

“Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.

Президентимиз бошланган йилимизга “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном беришни таклиф қилди. Эътибор қаратсак, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказида эртанги келажагимиз бўлган ёшлар сиёсати устуворлигини кўрамиз. Бу сиёсат бир йил билангина чекланиб қолмасдан тизимли равишда давом этаётгани барчамизга аён.

Мамлакатимиз раҳбарининг шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз, деган пурмаъно фикрлари биз устозлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Айниқса, бебаҳо бойлигимиз – инсон саломатлигига эътиборни кучайтириш, тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида қўйган вазифалари тиббиёт тизими учун дас­туриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Андижон давлат тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлардан иборат катта жамоаси доимий ўқиб-ўрганишда, илмий изланишда. Биргина ўтган 2023 йилдаги фаолиятимизни таҳлил қиладиган бўлсак, институт жамоаси ва талабалари учун ҳар жиҳатдан самарали бўлди дея бемалол айта оламан.

Таълим даргоҳимиз бугунги кунда 60 дан ортиқ хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Хусусан, Корея Католик университети, Ҳиндис­тон “Savitribai Phule Pune” университети, “Dr.D.Y.Patil Vidyapeeth, Pune” университети, Германия (ГИЗ), Россия Қозон Федерал университети, А.В.Вишневский номидаги миллий тиббий тадқиқот жарроҳлик маркази, Алмазов номидаги юрак жарроҳлик маркази, Ўзбек-Америка тиббий ассоциацияси билан “Case Western Reserve” университети, Туркия Эге университети стоматология ва тиббиёт факультетлари, Соғлиқ билимлар университетлари билан аниқ режалар асосида тизимли ишларни йўлга қўйганмиз.

Шу ўринда мамлакатимиз ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари узоқ йиллардан буён давом этиб, йилдан-йилга равнақ топаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Икки мамлакатнинг илм-фан, хусусан, тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам алоҳида эътирофга молик. Боиси, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббиёт йўналишида кенг кўламли алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, коронавирус пандемияси даврида ушбу мамлакат мутахассислари ўзбек шифокорларининг яқин ҳамкорига айланган эди.

Ушбу дўстона алоқалар бугун ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 22-23 январь кунлари Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон – Хитой таълим форуми ҳам икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида янги ҳамкорликларни амалга ошириш имкониятини яратди.

Форумнинг биринчи кунида Андижон давлат тиббиёт институти ва Хитойнинг Вуҳан университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, Иммунология ва Эпидемиология соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Форумнинг иккинчи куни Тианжин шаҳрида ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Тианжин шаҳрида жойлашган олий таълим муассасалари ўртасида турли соҳаларга доир 40 та икки томонлама шартнома имзоланди ва тўғридан-тўғри мулоқот орқали қатор келишувларга эришилди.

Мазкур тантанали тадбир давомида Андижон давлат тиббиёт институти ва Тианжин Хитой халқ табобати университети (Tianjin University of Chinese Traditional Medicine) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда Хитой тажрибаси асосида институтда Халқ табобати йўналишини ривожлантириш, доривор ўсимликларни ўрганиш юзасидан ишларни амалга ошириш масалалари кўзда тутилган. Ушбу имзоланган келишувлар асосида 2024 йил учун тегишли йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Хитойнинг шифохона қурилмалари етказиб берувчи энг йирик Миндрай (Mindray Medical International)  компанияси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда компания томонидан радиология кафедраси ва клиник лаборатор диагностика кафедраларига асбоб-ускуналар тақдим этиш юзасидан келишувга эришилди. Хусусан, компания томонидан институтимизга 1 та УТТ ва 1 та Комплект лаборатория анализаторини беғараз олишга келишиб олинди.

Беижинг (Beijing silk road culture development) компанияси билан 2024-2026 йиллар оралиғида Хитойдан 30 нафаргача талабаларни Андижон давлат тиббиёт инс­титутига ўқишга жалб этиш юзасидан келишув амалга оширилди. Ушбу ҳамкорликлар натижасида институтга ўқув мақсадларида жами 150.000 долларлик маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Институтимиз Ҳиндистон давлатида 3 та, Жанубий Кореяда 1 та ваколатли офисига эга. Бу институтга хорижлик талабаларни жалб этиш ва абитуриентларни қизиқтирган саволларига шу давлатларнинг ўзида тўлиқ жавоб олишларига имкон беради.

Ўтган йилда 40 га яқин халқаро ва респуб­лика илмий-амалий анжуманларига мезбонлик қилдик. Институтга хорижлик мутахассисларни жалб этган ҳолда маъруза ва амалий машғулотлар ўтиш яхши ташкил этилган, 8 нафар хорижий мутахассис ишга қабул қилинган. Шунингдек, 58 нафар профессор-ўқитувчи хорижий давлатларда малака ошириб қайтдилар.

Институт ходимлари томонидан йил давомида 10 та докторлик, 44 та фалсафа докторлик диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинди. Шунингдек, илмий фаолиятда муносиб изланишлар олиб бораётган талабаларимиз ҳам ўзларининг ютуқлари билан биз устозларни қувонтирмоқда. Улар орасида номдор стипендия соҳиблари, нуфузли илмий олимпиадалар ғолиблари борлиги бизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Science box” илмий маркази ташаббуси билан бир нечта халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Илмий тадқиқотчи” халқаро илмий-амалий танловида хамда “Илмий тадқиқотнинг ўрни: муаммо ва ечимлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда институтнинг иқтидорли талабалари фаол иштирок этиб диплом ва кўкрак нишони билан тақдирланди. Акушерлик ва Гинекология фанидан халқаро талабалар иштирокидаги фан олимпиадасида 6 нафар иқтидорли талаба-қизлар 1-ўринни қўлга киритди.

Бу каби истеъдодли, билимли талабаларимизнинг муваффақиятлари ҳақида яна кўп­лаб мисоллар келтириш мумкин. Албатта, ютуқлар ўзимизники. Бироқ биз бу билан чегараланиб қолмаймиз. Изланиш, ўқиб-ўрганиш доимий вазифага айланган.

Институтимизда 1554 ўринли 4 та талабалар турар-жойи мавжуд. Унда ҳозирги кунда 1550 нафар йигит-қизлар яшайди. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва тўғри тақсимлашлари учун шароитлар муҳайё ва турли машғулотлар ташкил этилган. У ерда маънавий таҳдидларга қарши курашишда ёшлар маънавиятини ва ижтимоий фаоллигини юксалтириш мақсадида “қизил”, “сариқ”, “яшил” тоифаларга ажратиш бўйича институт психологи, тарбиячи педагог, факультет деканларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари, тьюторлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари ижара уйларда истиқомат қилаётган йигит-қизларимизнинг юриш-туриши, тарбияси, нима билан машғул эканлиги доимий назоратимизда.

Биз тиббиёт соҳасига малакали ва билимли кадрлар етиштириб бериш баробарида эртага келажагимизни бемалол қўлига топшира оладиган ўз фикрига эга, юрт қувончу ташвишига елкадош ва дахлдор бўлган ёшларнинг тарбияси зиммамизда эканлигини бир лаҳза ҳам ёддан чиқармаймиз. Шогирдларимиз одамларни танасидаги дардлардан халос этиш билан бирга, уларнинг онгу шуури саломатлиги учун ҳам жавобгардир.

Яна бир жиҳатга тўхталишни истардим. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарор қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг сифатли ва ҳам­ёнбоп дори-дармонлар таъминоти борасида талаблари ва бу борада Андижон вилояти ҳокимининг топшириқларига асосан беморларга тавсия этиладиган дори-дармонларни тартибга солиш тадбирлари бошланди.

Қиммат турувчи, халқни чарчатган, келиб чиқиши аён эмас ва жимжимадор дориларга пул сарфлашни тўхтатиш, унинг ўрнига сифатли маҳаллий дориларга ўрин бериш кун тартибига кўтарилди. Ахир, ўтган йили биргина шамоллаш учун тавсия қилинган хориж дорисини қабул қилган гўдакларнинг қанча азоб чеккани, қанчасининг умри хазон бўлгани барча учун катта сабоқ бўлди. Бундай нохуш ҳолатлар юз бермаслиги учун тизимда жиддий ўзгаришлар олиб бориш тақозо этилмоқда.

Энди пала-партиш дори тавсия этишга барҳам бериш вақти келди. Шунингдек, шифокорлар ва турли фармкомпанияларнинг ўзаро “манфаатли” ҳамкорлигига ҳам нуқта қўйиш шарт. Тиббиёт муассасаларидаги дори фирмалари календарлари, ёрлиқлари, эсдалик буклетлари ва бошқа реклама жиҳозлари беморни чалғитмаслиги керак. Бугун битирувчи талабаларимиз ўқишдан узилмаган ҳолда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатмоқда. Иш жараёнида мана шу жиҳатларга эътибор қаратишларини уқтиряпмиз. Чунки мана шу Ватанда яшар эканмиз, фаолиятимизнинг ҳар лаҳзасида унга дахлдор эканимизни ҳис қилиш бурчимиздир.

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори,

тиббиёт фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 7 =