Отасидан воз кечишни талаб қилишган…

“Халқ душмани”нинг қизи тамғаси остида не-не ноҳақликларга, туҳматларга учраган жадидлик ҳаракатининг фаол аъзоси, маърифатпарвар Абдурауф Фитратнинг қизи Севаргул Караматуллахўжаева бугун табаррук ёшда

Жадидлар ва уларнинг оилалари, фарзандларининг тақдири кўпчиликка қизиқ.

ХХ аср ўзбек адабиёти, фани ва маданиятининг йирик вакили, жадидлик ҳаракатининг фаол аъзоси, қомусий билим соҳиби, олим, ўткир тилшунос, бетакрор драматург ва шоир, жанговар публицист, биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитрат (адабий давраларда Фитрат домла деб ҳам аталади)нинг қизи, инглиз тили бўйича етук мутахассис Севаргул Караматуллахўжаева билан суҳбатлашганимда, 90 ёшни қоралаётган табаррук онахоннинг нафақат чет тили, балки ўзбек адабиёти бўйича ҳам билимдон ва ҳозиржавоблигига гувоҳ бўлгандим. Айниқса, унинг юксак салоҳият соҳиби бўлган отаси ҳақидаги хотираларидан жуда таъсирлангандим.

Онахоннинг айтишича, Фитрат домла давлат ва жамият арбоби сифатида жуда банд бўлишига қарамай, оилапарвар бўлиб, қизининг тарбиясига алоҳида эътибор қаратар, бўш пайтларида у билан суҳбатлашиб, қизиқишлари ҳақида сўраркан. Отаси Севаргулнинг келажакда зукко, билимдон, китобни, адабиётни суйгувчи бўлишини, шу билан бирга ўзи каби чет тилларни ўрганишини истар экан. Лекин, афсуски, бундай қувончли дамлар узоққа бормаган. Давр ҳукм этган шум тақдир туфайли қизалоқ 7-8 ёшларидаёқ суюкли отасидан айрилди… Миллат фахри бўлган, қадим юртга, элга ойдин келажак яратишни орзу қилган ота қатағон қурбони бўлди. Севаргул опа бутун умр ана шу армон билан ота меҳрини қўмсаб яшади. Бошқача қилиб айтганда, замоннинг бешафқат синовлари боис эрта улғайди.

Севаргул ая отасиз қолгани етмагандек, “халқ душмани”нинг қизи тамғаси остида даврнинг катта тўсиқларига, ноҳақликларга учради. Ўша қийинчилик­лар туфайлими, у иродали, бардошли бўлиб ўсиб-улғайди. Суҳбатдошим шу ноҳақ тамғани деб ўша алғов-далғов йилларда олий таълимда билим олишига, илмий иш қилишига, диссертация ёқлашига ҳам қаршилик қилишгани, ҳатто унга отасидан воз кечиш талаби ҳам қўйилганини ачиниш билан эслайди. Лекин у сира ортга чекинмади, отаси васият қилганидек ўқимишли, билимдон бўлишга интилиб яшади, олий таълим масканида ўқиди, инглиз тили бўйича малакали мутахассис бўлиб етишди. Чет тиллар инс­титути (ҳозирги Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети) проректори даражасигача етди (гарчи илмий унвони бўлмаса-да, шундай масъулиятли вазифага лозим топишган экан). Шуниси эътиборлики, Севаргул ая пенсияга чиққач ҳам бошқа кексалар қатори уйда бекор ўтирмади, кўп йиллар (қарийб 90 ёшигача) АҚШнинг Ўзбекис­тондаги элчихонасида ёш мутахассисларга инглиз тилидан дарс берди. Ишдан сўнг оилада ҳам устозлигини давом эттириб, набираларига сабоқ берди.

Севаргул Караматуллахўжаеванинг 3 нафар фарзанди, 4 нафар набираси, 8 нафар эвараси бор. Улар ҳам зиёли, ўқимишли, аксарияти чет тили мутахассислари. Улар боболари Фитрат домланинг васиятларига ҳамиша амал қилишни ўзлари учун шиор қилиб олишган. Чунки хонадонда ул зотнинг номи ҳар куни тилга олинади, хотиралари ёдланади. Ҳаммаси китобхон, адабиётни севишади. Катта ўғли Шоаҳмад ака ўз соҳаси бў­йича етук мутахассис. Кичик ўғли Шаҳзод оиласи билан Канадада яшайди. Набиралари ҳам нуфузли даргоҳларда фаолият олиб боришади. Афсуски, онахоннинг қизи бир неча йил аввал оламдан ўтган.

— Ҳар йили ойижонимнинг таваллуд кунларини оиламиз аъзолари, яқинларимиз даврасида нишонлаймиз, — деди келини — Шоаҳмад аканинг рафиқаси, журналист, таржимон Васила Насриддинова (камина Васила билан 70-йилларда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида бирга ўқиганмиз. Х.П.) — Имкони бўлса, хорижда ўқиётган, яшаётган фарзандлари ва набиралари ҳам келишади. Бундан икки йил аввал кўпчилик бўлиб ўтказгандик. Ойижонимнинг шогирдлари ҳам ташриф буюришганди. Бу йил апрель ойида ойижоним 95 баҳорни қаршилайдилар. Саломатликлари яхши, бардам. Китоблар, газета ва журналларни ўқишни канда қилмайдилар, матбуот нашрларини, ижтимоий тармоқларни кузатиб, дунёдаги янгиликлардан бохабар бўлиб борадилар. Шу ёшларида ҳам кичик набираларига инглиз тилини ўргатадилар. Узоқроқдагиларига телефон орқали топшириқлар бериб, билимларини синовдан ўтказадилар. 12 ёшли набирам тилни жуда қунт билан ўрганаяпти. У ҳазиллашиб: “Мен инглиз тилини ўқитувчимдан яхшироқ биламан, чунки бувим менга зўр ўргатадилар, улар катта устозим”, дейди. Фарзандларим ва набираларим ҳам оиладаги илмга интилиш борасидаги анъанани давом эттиришмоқда. Энг катта набирам Беҳруз Россиянинг Кемерово шаҳридаги университетнинг охирги курсида ўқийди. Фарангиз набирам эса Туркиянинг Бурдур шаҳридаги университетни туризм йўналиши бўйича битирди. Яна бир набирамиз Фаррухбек Американинг Канзас штатидаги университет битирувчиси. У режиссура, актёрлик ҳамда сиёсатшунослик йўналишларида таьлим оляпти. Мумтоз набирам Германия пойтахти Берлиндаги нуфузли университетни биоинформатика йўналиши бўйича битирди. Уни Германиядаги нуфузли илмий тадқиқот институтига ишга таклиф қилишган, яқинда фаолиятини бошлайди.

Ҳа, билимдон бувининг фарзандлари, набира ва эваралари ҳам ўқимишли, билимга чанқоқ, дунёнинг қаерида бўлишмасин, миллатнинг юзини ёруғ қилиб, катта жадид боболарининг руҳини шод этиб юришибди.

Яқинда пойтахтдаги кўргазмалар залида катта бобомиз, миллат фахри бўлган инсон Абдурауф Фитратга бағишланган бир тадбирда иштирок этдим, — деб гапини давом эттирди Васила ҳожи она. — Шу куни Фитрат домлага бағишланган маърузалар тингладик. Айниқса, Александр Жумаев деган тадқиқотчи олим жуда ажойиб фикрларни айтди. Тадбирдан олган таассуротларим ҳақида ойижонимга сўзлаб бердим. Оиламиз номидан Президентимиз ва ҳукуматимизга жадид олимлар, ижодкорлар, жумладан, Абдурауф Фитратга берилаётган эътибор ва эътироф учун миннатдорчилик билдираман.

Яқинда яна Севаргул аянинг ҳузурида — фарзандлари хонадонида бўлдим. Табаррук онахон билан ҳол-аҳвол сўрашгач, ортиқча безовта қилмай, оила аъзолари билан суҳбатлашдим. Абдурауф Фитрат ҳақидаги янги маълумотлардан бохабар бўлиб, уларга тегишли буюмлар, оилавий альбомдаги суратларни томоша қиларканман, жадид боболаримиз ҳақидаги тасаввурларим янада бойиди.

Айни пайтда миллат тақдири учун курашган жадид боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятига, Ватан ҳамда миллатимиз тақдири, келажаги йўлидаги саъй-ҳаракатларига, амалга оширган хайрли ва ибратли ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилнинг охирида – 22 декабрь куни бўлиб ўтган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз айнан шу мавзуга тўхталиб, маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши, жадид боболаримизнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг эканлиги ҳақидаги фикрларни айтдилар.

Бу борада ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарор жадидчилик ҳаракати асосчиларининг ҳаёти ва тақдири, фаолияти, ижоди кўпроқ ўрганилишига кенг йўл очди.

Холида ПАРДАБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =