Ўзбекистон Президенти мамлакатни ташқи дунёга очди

Парижда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мамлакатимиз элчихонасида “Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига янгича ёндашув” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Франция Сенати, Европа ва ташқи ишлар вазирлиги, маданият ва жамоат доиралари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги  мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.

Анжуман чоғида 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари чиқишларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида инсон ҳуқуқлари тўлиқ акс этгани, илғор жаҳон тажрибасига тўла мос келиши таъкидланди. Шунинг­дек, фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири сифатида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг гендер тенглигини таъминлаш тажрибаси  бўйича батафсил  тақдимот ўтказилди.

Франция сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, кўп қиррали ўзбек-француз ҳамкорлигининг турли жиҳатларига тўхталдилар.

“Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи вице-президенти, сенатор Андре Ришар ўз маърузасида Шавкат Мирзиёев Ўзбекис­тон Президенти этиб сайланиши билан мамлакатда инсон ҳаётининг барча жабҳаларида, биринчи навбатда, иқтисодиётда кескин ўзгаришлар юз берганини таъкидлади.

“Ўз моҳиятига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатни ташқи дунёга очди, республика иқтисодиётини фаол ривожлантирмоқда, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида катта ислоҳотларни амалга оширди. Ўзбекистонда 2023 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови натижаларига кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш кафолати сифатида қараш керак. Шунингдек, халқаро майдонда давом этаётган геосиёсий ноаниқлик шароитида Ўзбекис­тон сиёсати алоҳида эътиборга лойиқ. Тошкент мус­тақил, бироқ айни пайтда мутаносиб ташқи сиёсат юритаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.  Давлатингиз етакчисининг бундай ёндашуви туфайли Марказий Осиёда мутлақо янги дўстлик ва ишонч муҳити шакл­ланди. Бу Ўзбекистон Президентининг дипломатик муваффақиятидир”,  деди у.

Андре  Ришар Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигига тўхталар экан, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзининг энг яхши ривожланиш даврини бошидан кечираётганини алоҳида таъкидлади.

Сорбонна университети профессори Жан-Антуан Дюпра ўз чиқишида, Ўзбекис­тон иқтисодиётининг либераллашуви фонида француз бизнесининг қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди.

“Йирик француз компаниялари Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча шарт-шароит яратилган. Шу билан бирга, мамлакат қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш учун алоҳида салоҳиятга эга”,  деди у.

Термиздаги Франция археология мис­сиясига раҳбарлик қилган археолог Пер Лериче олимларнинг саъй-ҳаракатлари бу ҳудуд тарихи ва маданиятини ташқи дунёга очишга қаратилганини таъкидлади.

“Тадқиқотлар натижасида биз топган қадимий осори атиқалар Термиз музейида намойиш этилди. Бугунги кунда ушбу музей Ўзбекистондаги машҳур музейлардан бирига айланди”,  деди археолог.

Франциянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жан-Клод Ришард иштирокчиларга Франция-Ўзбекистон муносабатлари тарихи ҳақида маълумот берар экан, икки томонлама муносабатлардаги динамикликдан жуда мамнун эканлигини таъкидлади.

Давра суҳбати доирасида, шунингдек, Женева Дипломатик доираси президенти Ролан Блюмнинг “Ўзбекистон – Марказий Осиё дурдонаси” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

 “Дунё” АА,

Париж шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 3 =