Озарбайжонга кўнгил кўзи билан қараган олим
Олмос УЛВИ,
филология фанлари доктори, профессор,
“Дўстлик” ордени соҳиби
Озарбайжоннинг нуфузли адабий нашрларидан бири “525-чи газет”да филология фанлари доктори, профессор, “Дўстлик” ордени соҳибаси Олмос Улвининг адабиётшунос олим, профессор Адҳамбек Алимбеков ҳақидаги “Озарбайжонга кўнгил кўзи билан қараган олим” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Ўзбек адабиёти ҳақида кўплаб адабий тадқиқотлар муаллифи Олмос хонимнинг мақоласини айрим қисқартишлар билан эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.
2013 йили Озарбайжон Фанлар академияси мухбир аъзоси, профессор Нушоба Арасли билан бирга Алишер Навоий хотирасига бағишланган халқаро илмий анжуманга таклиф этилдик. Бизни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи, профессор Адҳамбек Алимбеков кутиб олди ва Тошкент яқинидаги “Дўрмон” ижод уйига олиб борди. Хушҳаво боғдаги шоир ва олимлар маконининг фусункор муҳити, турли-туман серҳосил дарахтлар, анвойи гуллар ва бу гўзалликдан жўшган қушларнинг “чаҳ-чаҳ”и бизни сеҳрлаб қўйди. Нушоба хоним сўлим табиат қўйнида яратилган боғдан ҳайратда қолганини яширмади: “Бундай гўшада яшаб туриб ижод қилмаслик, ёзмасликнинг ўзи гуноҳ”. Классик анъанага кўра, боғнинг тўрт томонидан тиниқ сувли ариқлар оқар, бу эса ўзгача завқ бағишларди.
Биз бу гўзал масканда атиги бир кун бўлдик, эртасига илмий анжуманда иштирок этиш учун Тошкентга келдик. Сафаримиз давомида бизга чексиз меҳмондўстликни намоён қилган бу инсон ўз самимияти, олижаноблиги билан хотирамизда чуқур из қолдирди.
Суҳбат давомида Адҳамбек Алимбеков Озарбайжонни қардошлик муҳаббати билан севишини, бу ўлка ўзининг тарихи ва жуғрофияси билан кўнглидан жой олган туркий Ватан эканини эътироф этди. Кейинчалик у Озарбайжонга бир неча бор келди. Тўғри, бизнинг қўлимиздан у қилган ишларнинг юздан бири ҳам келмаган бўлса-да, биргаликда қатнашган китоб тақдимотлари ва анжуманларда унга ўз ҳурмат-эҳтиромимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик.
Бу йил илм-маърифат соҳиби бўлган профессорнинг 70 йиллиги нишонланади. Ушбу қисқа тавсиф орқали у билан яхшироқ танишасиз, деган умиддаман.
Адҳамбек Алимбеков 1954 йил 11 апрелда Чимкент вилояти, Бугун туманининг “Қўштегирмон” қишлоғида таваллуд топган. 1971 йили Ҳамза номидаги 30-ўрта мактабни олтин медаль билан тугатиб, Тошкент Давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирган. 1976 йилда университетни имтиёзли диплом билан битириб, аспирантурада таҳсилни давом эттирган. 1982 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган ва филология фанлари номзоди илмий даражасини олган. Аспирантурани тугатгач, университетда ўзбек ва жаҳон адабиётидан дарс берган. Кўплаб мақола ва дарсликлар, монографиялар, адабий рисолалар муаллифи Адҳамбек Алимбеков 1996 йилда доцент, 2022 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлган.
Адҳамбек Алимбеков 1976 йилдан бери адабий жараёнда фаол иштирок этиб келмоқда. У телевидение ва радиода адабий, маданий-маънавий мавзудаги дастурлар олиб борган олимлардан бири. Ўзбек адабиёти ва жаҳон адабиётининг қиёсий таҳлили, адабий алоқалар, замонавий ёзувчи ва шоирлар ижодига бағишланган ўнлаб илмий мақолалар муаллифидир. Халқаро илмий анжуманларда ўзбек адабиётининг бугунги даврдаги тараққиёти, Ўзбекистонда жаҳон адабиётини ўрганиш бўйича қизиқарли маърузалари билан иштирок этган. Хусусан, Алишер Навоий ижодини Шарқ мамлакатларида ўрганишга бағишланган мақолалари олимлар томонидан эътироф этилган.
Унинг “Юлдузнинг беш қирраси”, “Латиф шеърият”, “Турк адабиёти”, “Сўз чамани ичра наво кўргузиб” номли илмий монографиялари, Озарбайжон ва қозоқ адабиётлари ҳақидаги “Қардош туркий халқлар адабиёти” тўпламлари, турк адабиётига бағишланган ўқув қўлланмалари, “Ишқ асири бўлган жон”, “Билиб айтилган сўз”, “Эзгуликка эш кўнгил”, “Чингиз Айтматов — дилдошимиз” сингари рисолалари илмий доираларда мутахассисларнинг диққатини жалб этди. Адҳамбек Алимбековнинг мақолалари озарбайжон, турк, қозоқ, қорақалпоқ, инглиз, рус, араб, панжоб тилларида эълон қилинган. Бадиий ижод билан ҳам жиддий шуғулланган Адҳамбек Алимбековнинг “Япроқ ҳикоялар” тўплами 2017 йили нашр этилган.
У ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга таржима қилишда фаол иштирок этмоқда. Корейс тилида “ХХ аср ўзбек шеърияти намуналари”, “ХХ аср ўзбек ҳикоялари”, “Зулфия шеърияти”, инглиз тилида “Қалбим сизга интизор”, рус тилида “Кўнглим дарёси” номли ўзбек насри ва шеърияти антологиялари тузувчиси ва тарғиботчиси.
Кейинги йилларда у Шарқ таржимашунослиги тарихига, ўзбек таржимонлари, умуман, таржимашуносликка оид китоблар (масалан, “Шарқ халқлари адабиётидан таржималар”, “Таржима масалалари”) тузувчиси ва тақризчиси сифатида ҳам танилди.
Ҳозирги кунда профессор Адҳамбек Алимбеков Тошкент давлат шарқшунослик университетида таржимонларнинг янги авлодини тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Озарбайжонга қалбан боғланган маърифатпарвар олим ва педагог, қадрдон биродаримиз Адҳамбек Алимбековни қутлуғ ёши билан самимий муборакбод этиб, унга ижодий зафарлар тилаймиз.
Озарбайжон тилидан
Шаҳло ҚОСИМОВА таржимаси.