Ўзбекистоннинг муҳим қадамлари

Италия парламентида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва  икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 31 январь – 3 февраль кунлари амалий  ташриф билан Римда бўлди.

Делегация таркибидан Ўзбекистон адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов, “Юксалиш” миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ўрин олди.

Ташриф давомида Италия парламентида «Ўзбекистонда янги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар: Европарламент ва Италия билан ҳамкорлик ва мулоқотни чуқурлаштириш истиқболлари» мавзусидаги брифинг ташкил  этилди. Унда 30 дан ортиқ депутат, Италия парламенти сенаторлари, шунингдек, таҳлилий тузилмалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Малика Кадирханова брифинг иштирокчиларига Янги Ўзбекистонни ислоҳ қилиш стратегиясининг асосий йўналишлари, янгиланган Конституциянинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, Европа Иттифоқи, хусусан, Италия билан  кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини, гендер тенглигини таъминлаш, фуқаролик жамияти инс­титутларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш, хорижий инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилаётгани  таъкид­ланди.

Музраф Икромов ва Бобур Бекмуродов ўз чиқишларида,  Италия томони Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асосларини шакллантириш, шунингдек, ННТ фаолиятини такомиллаштириш ва сезиларли даражада соддалаштиришни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари қабул қилиниши ҳақида маълумот бердилар. Шу билан бирга, сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган натижалар алоҳида урғуланди.

Италия Депутатлар палатаси вице-президенти Этторе Розато ўз навбатида, сўнгги йилларда Италия – Ўзбекистон муносабатлари ривожланиш чўққисига чиққанини таъкидлади. Қайд этилганидек, Италия учун Ўзбекистон мудофаа, хавфсизлик, энергетика, таълим ва туризм соҳаларида муҳим ҳамкор ҳисобланади. Шунингдек, глобал муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон ва Италиянинг позициялари кўп жиҳатдан мос келади ёки жуда  яқин.

“Ўзбекистон раҳбарияти томонидан иқтисодиётни либераллаштиришнинг ушбу соҳаларида ислоҳотларни амалга ошириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасидаги жиддий қадамларни юксак қадрлаймиз”, – деди Этторе Розато.

Парламент Депутатлар палатасидаги “Италия-Марказий Осиё” парламент дўстлик гуруҳи раҳбари Фабрицио Бенцони маърузасида Ўзбекистонда 2023 йилда  ўтказилган  конституциявий референдум ва муддатидан илгари Президент сайловининг якуний натижаларини эътироф этди. “Ўзбекистон фуқаролик жа­мияти институтларини янгилаш борасида муҳим қадам ташламоқда. Расмий Тошкент конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, янгиланган Конституцияга гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир алоҳида нормаларни киритиш орқали Италия тажрибасини жорий этаётганидан жуда мамнунмиз”, – деди сиёсатчи.

Шунингдек, у мамлакатимизда давлат банклари ва йирик компанияларни хусусийлаштириш жараёнлари туфайли италиялик инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши кучайиб бораётганини таъкидлади. Унга кўра, Италия яқин келажакда мамлакатимизнинг 10 та асосий иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорлари қаторига кириш ниятида.

Италия парламенти Сенати аъзоси Марко Скуррия ўз чиқишида дунёда давом  этаётган турли  глобал муаммолар жараёнида Марказий Осиё давлатлари Европа давлатларининг қўллаб-қувватлашига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож эканига эътибор қаратди.

“Италия Марказий Осиёнинг мустақил сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлайди ва барча Европа Иттифоқи давлатларини минтақа мамлакатлари билан стратегик шериклик ўрнатиш учун самарали чоралар кўришга чақираман. Бугунги очиқ мулоқот шунчаки тадбир эмас, балки расмий Римнинг Тошкент билан стратегик шерикликни амалга ошириш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигининг тасдиғидир”, – деди у.

Ўзбекистон делегацияси  Италияга амалий  ташриф доирасида, шунингдек,  ушбу мамлакат парламент қўмиталари раҳбарлари, депутатлар, экспертлар ва таҳлил марказлари  вакиллари  билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Италия Сенатининг Ташқи ишлар ва мудофаа комиссияси раиси Стефания Кракси билан  кечган  мулоқот чоғида у Рим Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни  ҳар томонлама ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади. “Чунки Тошкент Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи  давлатлари ўртасидаги муносабатларни мус­таҳкамлаш жараёнларининг “локомотиви”га айланмоқда. Биз шунингдек,  икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги фаол ҳамкорликни ҳам олқишлаймиз”, — деди у.

Стефания Кракси, шунингдек, Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ вазият нуқтаи назаридан Италия томони Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги афғон ёшларини, хусусан, ушбу  мамлакат хотин-қизларини ўқитиш марказини ҳамда Халқаро транспорт ва логистика маркази орқали Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишни қўллаб-  қувватлашини билдирди.

Италия Халқаро ташкилотлар жамияти президенти Риккардо Сесса 2023 йил икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва дўстлиги туфайли икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим ва жуда самарали йил бўлганидан мамнунлигини билдирди. Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг июнь ойида Римга ва Италия Президенти Сержо Матарелланинг ноябрь ойида Тошкентга ташрифи муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқди.

У шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, оммавий ахборот воситалари эркинлигини ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган конституциявий ва маъмурий ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини  айтиб ўтди.

Бундан  ташқари, Риккардо Сесса “Марказий Осиё + Италия” форматининг аҳамиятини алоҳида  қайд этди. “Жорий йилнинг июнь ойида Римда Марказий Осиё давлатлари ва Италия ташқи ишлар вазирларининг учрашувини ташкил этиш, нафақат Италиянинг сиёсий ва иқтисодий доиралари, балки Европа Иттифоқининг барча давлатлари учун Марказий Осиё минтақасига янада катта қизиқиш уйғотишига  сабаб бўлади”, — деди у.

Мамлакатимиз вакиллари ташриф давомида Италия-Ўзбекистон дўстлик жамияти президенти Магда Педачи билан ҳам учрашув ўтказдилар.

Магда Педачи мулоқот аввалида 2023 йил ноябрь ойида Италия Президенти Сержо Матарелла бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрганини эсга олди.

“Мен ташриф давомида  Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётганига,  амалга  оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ва мамлакатининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганига  шахсан амин бўлдим”, — деди жамият раҳбари.

Осиё ва Африка учун Ўрта Ер денгизи институти бош котиби Винченцо Валенти билан ўтказилган суҳбатда 2023 йилда Тошкент ва Римда ўтган олий даражадаги саммитлар якунларига кўра, Италия-Ўзбекис­тон муносабатлари стратегик шериклик даврига қадам қўйгани таъкидланди.

“Мамлакатингиздаги жадал суръат билан давом этаётган ислоҳотлар  давлатингиз раҳбарининг сиё­сий иродаси ва Ўзбекистон халқининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли амалга оширилмоқда, — деди бош котиб. — Икки давлатда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун  ҳам улкан салоҳият мавжуд”.

 “Дунё”АА,

Рим шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =