Мурувватда меҳр бор

Мамлакатимизда ҳар соҳада ташаббус кенг қулоч ёзди. Буни бугунги ўзгаришлардан ҳам билиб, сезиб, ҳис қилиб яшаяпмиз.

Инсон фикрлаши асносида жонзотлардан фарқ қилади, деган гапни кўп бор эшитганмиз. Ва унинг ҳиссиёт қўрғони — юраги уриб турар экан, яхшилик ва эзгулик қилишдан, меҳр-саховат улашишдан чарчамайди. Гарчи бу сана йилда бир маротаба нишонланса-да, мазкур йўналишдаги эзгу ишлар, эътибор ва ғамхўрликнинг эътирофини биз мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ҳар куни кўришимиз мумкин.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунё миқёсида ногиронлар ҳаёт тарзини яхшилашга эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983-1992 йиллар Халқаро ногиронлар ўн йиллиги этиб белгиланган эди.

Мазкур ўн йиллик якунида, 1992 йил 14 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида эътироф этилган. Шундан буён ҳар йили мазкур сана доирасида ногиронлар дуч келаётган муаммоларни чуқурроқ анг­лаш, шундай масалаларни ҳал этиш, уларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқини ҳимоялаш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган тадбирлар уюштирилади, моддий кўмак ажратилади.

Бу борада мамлакатимизда ҳам тизимли хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу тоифа инсонлар имконияти соғлиғи билан боғлиқ муаммо сабаб чекланган. Шу боис ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида уларнинг фаоллигини таъминлашга катта эътибор қаратилади.

Бугунги кунга келиб дунёда 1 миллиарддан ортиқ инсон, яъни ҳар етти кишидан бири ногиронликнинг муайян туридан азият чекади. Уларнинг 100 миллиондан ортиғи болалар. Умуман, ер юзида нуқсони бор фуқароларнинг 80 фоиздан кўпи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Демак, сафимиздаги имконияти чекланганларнинг ҳар томонлама тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш зарур.

Маълумки, ногиронларнинг соғлиғини сақлаш, уларга таълим, иш бериш, жамиятда тўлақонли иштирок этиш имконини тақдим этиш осон эмас.

Шунга қарамасдан, сўнгги бир неча йил давомида ногирон болалар ва катталар имкониятини кенгайтириш бўйича ижобий тенденция кузатиляпти. Шу ўринда мамлакатимизда ҳам ногиронларга эътибор юқори эканини алоҳида таъкидлаш керак.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар бир киши таълим олиш ҳуқуқига эга ва давлат ўрта махсус таълимини бепул олиши мумкин. Ўрта мактабга кириш имконияти ногиронлиги бўлмаган кишилар учун 99,8 фоизни ташкил этса-да, ногиронлиги бор кишилар учун бу кўрсаткич 84 фоизга тенг.

Миллий миқёсда ногиронлиги бўлган кишиларнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2016 йилги Ўзбекис­тон Президенти сайловида эркинликка эришиш борасида муайян ўзгариш қайд этилган. Сайлов участкалари ўзаро зич биноларда ташкил қилинган, “брайл” алифбосида сайлов бюллетенлари тайёрланиб, ногиронлар ўз уйида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган.

2017 йил ногиронлар ва сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, сиёсий партияларга турли сайловларда ногирон номзодларни ҳам кўрсатиш мажбурияти юклатилди. Зеро, ногиронлиги бўлган кишиларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиши инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция доирасида мажбурият ҳисобланади.

Жамиятимизда фуқаролар дини, эътиқоди, соғлиғи, ижтимоий аҳволи ва жинсидан қатъи назар тенг ҳуқуқлидир. Саломатлигида муаммо ёки нуқсон бор кишилар, асосан, ногирон ёшлар меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож. Уларни мунтазам равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам конституцион, ҳам инсоний бурчимиздир.

Муқаддас ҚОСИМОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 5 =