Хавфли касаллик шарпалари
ОИТС, яъни орттирилган иммунитет танқислиги синдроми тўғрисидаги дастлабки хабарлар XX асрнинг охирига келиб, Америка Қўшма Штатларида тарқалган. Аниқроғи, 1981 йилда Лос-Анжелес ва нью-йорклик гомосексуалистларда пневмоцистли пневмония касаллигининг 5 ҳолати ва Капоши саркомаси касаллигининг 26 ҳолати аниқланган. Ўтган асрнинг 80-йилларида янги касаллик сифатида “ОИТС” номи билан кириб келган касаллик бугунги кунга келиб дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилган.
ОИВ инфекцияси – одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган, яъни клиник белгиларсиз вирус ташиб юрувчиликдан иммун тизимининг оғир зарарланишигача олиб борадиган, узоқ давом этувчи сурункали юқумли касалликдир. ОИВ инфекциясини вируслар чақиради. Ушбу вирус организмнинг иммун тизимига масъул бўлган оқ қон таначаларини ҳалокатга олиб келади.
Натижада одам организми ҳар хил касалликларга, шу жумладан, юқумли касалликларга, ўсмаларга ва одам учун хавфли бўлган касалликларга берилувчан бўлиб қолади. ОИВ инфекцияси узоқ давом этувчи сурункали юқумли инфекциялар қаторига кирадиган касалликдир. Инсоннинг вирусни юқтириб олишга мойиллиги унинг жинси ва ёшидан қатъи назар бир хил ҳисобланади. Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) – иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимини шикастлаши натижасида оппортунистик инфекциялар, хавфли ўсмалар ривожланиб, асаб тизимини издан чиқарувчи ОИВ инфекциясининг сўнгги (терминал) босқичидир.
ОИВ ретровируслар оиласига кирувчи вирус. Ретро сўзи “тескари ёзув” маъносини англатади.
ОИВ инфекциясини ретровируслар оиласига кирувчи лентивируслар чақиради. Ленти сўзи узоқ давом этувчи, секин ривожланувчи маъносини билдиради.
Вирус беморнинг қон ҳужайраларида, қон зардобида, лимфа тўқималарида, уруғ суюқлигида, қин ажратмаларида ва она сутида кўплаб учрайди.
Кўз ёши, сўлак, тер, бурун суюқлиги ва қулоқ ажратмаси, пешоб, нажасда вирус миқдори (концентрацияси) кам бўлганлиги сабабли касалликни чақирмайди.
Маиший юқиш йўли ҳам инкор этилмайди. ОИВ билан зарарланган шахсларнинг устараси, педикюр-маникюр асбоблари, тиш чўткаси орқали юқиши ҳам мумкин.
Республика аҳолиси орасида ОИВ тарқалишининг дастлабки йилларида гиёҳвандлар ўртасида парентерал йўл орқали тарқалган бўлса, ҳозирги кунга келиб ОИВ инфекцияси жинсий йўл орқали тез-тез юқиши кузатилмоқда. Ҳозирда ОИВ билан зарарланган шахсларнинг 70 фоизидан кўпроғи ушбу йўл орқали касалликни юқтирган.
Жинсий йўл орқали инфекцияни юқтирган шахслар орасида бесоқолбозлар (эркаклар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар) ва бисексуалистлар (ҳам эркаклар, ҳам аёллар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар) вируснинг юқиши ва тарқалишида асосий роль ўйнайди, бетартиб ва ҳимояланмаган интим алоқалар эпидемияни ривожлантирувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, оилага садоқатли бўлиш, бетартиб жинсий алоқалардан тийилиш, хавфсиз интим алоқа тамойилларига амал қилиш энг асосий чоралардан биридир.
ОИВ билан зарарланган шахснинг қон қолдиғи бўлган тиббий ва нотиббий асбоб ва жиҳозлар инфекциянинг юқишида муҳим омил ҳисобланади. ОИВ билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари вируснинг юқишида муҳим ўрин тутади.
Шу муносабат билан тиббий ва маиший хизмат муассасаларига мурожаат қилганда, сизга ишлатиладиган тиббий ва нотиббий асбобларнинг софлигига ишонч ҳосил қилинг.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги муассасаларда тиббий муолажаларга ишлатиладиган бир марталик тиббий жиҳозлар беморнинг ёки унга қаровчи шахснинг кўз ўнгида очилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, беморларга кўп марта ишлатиладиган тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий жиҳозларнинг софлигини таъминлашни ташкил этиш муассаса раҳбари зиммасига юклатилган.
Ҳар бир инсон томонидан гигиена қоидаларига риоя қилиниши қон орқали юқадиган касалликларнинг олдини олишда муҳимдир. Устара, тиш чўткаси, маникюр ва педикюр жамламалари ҳар бир киши учун алоҳида бўлиши лозим. Барча фуқаролар тасодифан бошқалар ишлатган ўткир кесувчи жиҳозлар билан жароҳат олганда, дарҳол тиббий муассасаларга мурожаат қилиши ва ОИВ юқишининг олдини олиш мақсадида мулоқотдан кейинги профилактика курсини олиши лозимдир.
Кейинги 10 йилда антиретровирус профилактика курсини олган ОИВ инфекцияли ҳомиладорлардан туғилган болалар ўртасида ОИВ инфекцияси қайд этилмаган, яъни бу профилактика курсининг самарадорлигини кўрсатмоқда.
ОИВ инфекцияли оналар табиий йўл билан эмас, балки кесарча усулда кесиш орқали туғиши мақсадга мувофиқдир. Улар туғилган фарзандини кўкрак сути билан эмизмасликлари лозим. Чунки кўкрак сутида вирус юқори миқдорда бўлади. Бугунги кунда вируслар тажовузини босиб турадиган ўта фаол антиретровирус терапия курси мавжуд. Бу препаратлар организмдаги вируслар миқдорини камайтиради, ёндош ва ҳаёт учун хавфли бўлган касалликлар ривожланишининг олдини олади.
Касалликни эрта аниқлаш, уни ўз вақтида даволаш ҳаёт сифатини оширади ва бемор умрини узайтиради.
Энг аввало, инфекция юқишининг олдини олиш касалликни даволашдан кўра афзаллигини унутмаслигимиз лозим. Соғлом турмуш тарзини юритиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш саломатлигимизни сақлашнинг асосий гаровидир.
Ҳаракатдаги барча директив ҳужжатларда ОИВ инфекцияси пандемиясига қарши курашиш фақатгина тиббиёт ходимларининг бурчи эмас, балки бутун жамиятимизнинг асосий бурчи эканлиги белгилаб қўйилганлигини унутмаслигимиз лозим. Зеро, тиббиётнинг отаси Гиппократ “Инсон соғлиғи унинг хулқига боғлиқдир” деб бежизга айтмаган.
Самарқанд вилояти ОИТСга қарши кураш маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 1-сонли “ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фаолият кўрсатиб келмоқда.
Самарқанд вилояти ОИТСга қарши кураш маркази ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрининг Беруний кўчасидаги 12-уйда фаолият кўрсатмоқда. Марказда услубий, профилактик ва эпидемияга қарши ишларни ташкиллаштириш, эпидемиология-мониторинг, поликлиника бўлимлари, лаборатория мажмуаси ва аноним ҳамда ишонч хоналари фаолият кўрсатмоқда. Ундан ташқари, Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлараро, Ургут, Нарпай ва Иштихон туманлараро ОИВ лабораториялари аҳолига хизмат кўрсатади. Марказдаги барча бўлимларнинг фаолияти Марказ низоми асосида ташкиллаштирилган.
Профилактика ва эпидемияга қарши ишларни ташкиллаштириш бўлими марказдаги барча бўлимларнинг иш фаолиятларини жамлаб, тегишли ва юқори ташкилотларга умумий маълумотлар тақдим этади, марказнинг иш режаларини тайёрлайди, назорат қилади, маълумотларни Республика ОИТС марказига ва бошқа юқори турувчи ташкилотларга тақдим этиб боради, марказ фаолиятига боғлиқ ва директив ҳужжатлар ижроси юзасидан буйруқ лойиҳаларини тайёрлайди, ОИВ билан зарарланган онадан болага ОИВ инфекцияси юқишининг олдини олиш профилактик тадбирларини олиб боради, директив ҳужжатлар, хатлар, ариза ва шикоятларнинг ижросини таъминлайди, жорий ва архив ҳужжатларни юритиш ишларини олиб боради, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ОИВ/ОИТС касаллигининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишда, унинг ижросини таъминлашда иштирок этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, мамлакат Президенти Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг қарорлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги Ҳайъат йиғилиши қарорлари, кўрсатмалари, юқори соғлиқни сақлаш ташкилотлари раҳбарлари ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича тегишли ишларни ташкил этади. СЕО ва ЖХМ ва ДПМ мутахассисларига ОИВ инфекциясининг этиологияси, эпидемиологияси, патогенези, профилактикаси ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш бўйича амалий ва методик ёрдам кўрсатади. Тиббиёт ходимларининг ОИВ инфекцияси бўйича билим даражасини ошириш мақсадида ташкил этилган конференциялар, семинарлар, тренингларни ташкил этишда қатнашади ва уларнинг ўтказилишида иштирок этади. ОИВ инфекцияси бўйича услубий қўлланмалар ва йўриқномалар, плакатлар, буклетлар ишлаб чиқишда қатнашади. ОИВ инфекциясининг парентерал юқиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда ДПМларда ОИВ инфекциясининг шифохонада юқиши гумон қилинган ҳолларда эпидемиологик суриштурув ўтказишда қатнашади. Аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича муассаса, ташкилот ва идораларда маъруза, суҳбат, конференция, акция ва оммавий тадбирларни ташкил этишда иштирок этади. Хавфли гуруҳлар (инфекцион гиёҳвандлар, тижорат секс ходимлари, меҳнат мигрантлари ва ҳомиладорлар) орасида ОИВ инфекциясининг тарқалиш даражасини ўрганиш мақсадида ўтказиладиган дозорли эпидемиологик назорат тадқиқотларида иштирок этади. ОИВ/ОИТСнинг олдини олиш мақсадида Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб боради. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят даволаш профилактика муассасаларида ОИВ инфекцияси юқишининг олдини олиш ва профилактика тадбирлари бажарилиши устидан мониторинг ўтказади.
Иммунофермент таҳлил умумий қон таҳлилини аниқлаш қон зардоби ёки қон плазмасида ОИВ антителоларини аниқлашга асосланган. Бугунги кунда ИФА усулида текшириш учун тест-системаларининг 3- ҳамда 4-авлодидан фойдаланилмоқда.
Иммунофермент таҳлилда сохта манфий натижалар ҳам кузатилиши мумкин. Бунда организмда ОИВ вируси мавжуд бўлган ҳолда таҳлилда аниқланмаслиги мумкин. Организмда “иммунологик дарча” даврида, яъни ОИВ билан зарарланган шахсда касалликнинг эрта даврида специфик антителолар пайдо бўлмаган даврда аниқланади. ОИВ билан зарарланганларнинг 90-95 фоизида ОИВ антителоси 3 ойдан кейин; 5-9 фоизида 6 ойгача бўлган муддатда; 0,5-1 фоизида 6 ойдан кейин ҳам аниқланади. Иммун тизимининг бузилиши билан кечадиган соматик касалликларда, аутоиммун бузилишларда, онкологик касалликларда, юқумли бактериал ва вирусли касалликларда, ҳомиладорликда кузатилади.
Экспресс (тезкор) тест усули сўлак, қон зардоби ва плазмадаги ОИВ инфекциясига қарши ишлаб чиқарилган антителоларни тезкорлик билан аниқлашга қаратилган. Экспресс тест синамаларининг қулайлиги шундаки, бу синамалар қўлланилиши учун алоҳида ўлчов аппаратлари ҳамда алоҳида ўқитилган тиббиёт ходими талаб этилмайди. Шунингдек, таҳлил натижалари иммунофермент анализига нисбатан қисқа вақт ичида тайёр бўлади.
Иммуноблот (вестерн-блот) усули фақатгина ОИВнинг махсус оқсилларига нисбатан пайдо бўладиган специфик антителоларни аниқлашга асосланган. Иммуноблот усули ИФА мусбат натижаларни тасдиқлаш усули бўлиб, якуний ташхис қўйишда ишлатилади
Полимераза занжир реакцияси ПЗР – бу ўта юқори сезувчанлик реакцияси бўлиб, қонда ОИВ билан зарарланган ҳужайралардаги провирус ДНКсини топиш ёки қон плазмасида ОИВнинг геном РНКсини топиш мақсадида қўлланилади
Лаборатория намуналари махсус кийимда бўлган ва махсус тайёргарликдан ўтган масъул тиббий ходим томонидан махсус транспорт воситаси орқали амалга оширилади. Биоматериалларни ҳайдовчи ёки тиббий ходим бўлмаган шахслар ва жамоат транспорти орқали юбориш қатъиян тақиқланади.
Агарда қуйидагиларга амал қилинса, соғлом турмуш тарзи кечирилса:
— нотаниш, тартибсиз жинсий ҳаёт кечирувчи шахслар билан пала-партиш жинсий алоқага киришишдан сақланилса;
— нотаниш шахслар билан жинсий алоқа қилганда ҳимоя воситаларидан (презервативдан) фойдаланилса;
— жинсий алоқа орқали юқадиган касалликлардан ўз вақтида ва тўлиқ даволанса;
— парентерал муолажалар олганда фақат бир марта ишлатиладиган инструментлар-шприцлар ва игналардан фойдаланилса;
— фақат ОИВга текширилган қон ва қон маҳсулотлари ишлатилса;
— оператив-режимли тадбирлар чоғида резина қўлқоплардан фойдаланилса;
— бошқа кишининг қони билан бевосита алоқада бўлишига йўл қўйилмаса;
— терининг очиқ жойлари қон ва биологик суюқликлар билан ифлосланганда мўл сув ва совун билан яхшилаб ювилса;
— стерил бўлмаган игна, ўткир асбоблар билан тери бутунлиги бузилганда, қонаган жойдан қон оқиб чиқишига имкон бериб, зудлик билан тиббий ходимларга мурожаат этилса;
— шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинса – бировнинг соқол олиш асбобидан, тиш чўткасидан фойдаланилмаса, ОИТСга чалиниш хавфи йўқолади.
Самарқанд вилояти ОИТСга қарши кураш маркази ОИТСга чалинган шахсларнинг бевосита марказда ётиб даволанишини амалга оширмайди ва даволаш учун ўринлар мавжуд эмас.
Хуллас, хавфли хасталик шарпаларидан ҳамиша огоҳ бўлмоқ лозим. Унутманг, соғлиғингиз ўз қўлингиздадир.
Закир УМИРЗАҚОВ,
Самарқанд вилоят ОИТСга қарши курашиш
марказининг бош шифокори.