Бир тош кўрсанг йўл ўртасида…

(Истеъдодли шоир Назар Шукур ҳаёт бўлганида бу йил 70 ёшни қарши олар эди)

Шеър ва шеърият ҳақида, унинг абадиятга дахлдор эканлиги тўғрисида, чинакам шеърнинг умри уни яратган истеъдодли шоир умридан минг бора узун эканлиги мавзусида жуда кўп гаплар, фикрлар, иқтибослар, битиклар борки, уларни ўқиб, буюк япон адиби Рюноскэ Акутагаванинг машҳур “Инсон умри Бодлернинг бир сатрига арзимайди” деган ҳукми-хулосаси барча замонлар учун ўз оҳорини йўқотмаган гўзал бир талқин деган хулосага келасан.

Мен бу фикрнинг тўғрилигига Назар Шукурнинг шеърларини ўқий туриб, яна бир бор ишондим. Назар Шукур (1954-1985) ҳаёт бўлганида бу йил 70 ёшни қаршилаган бўларди. Унинг “Кўкдаги умр” илк китоби 1984 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилди. Ҳаётидан сўнг “Қишлоқ йўлларида” (1985), “Вақт хиёбонида” (1992), “Видо” (2004”), “Мени кечир, муҳаббат” (2005), “Сен қайтмасанг” (сайланма, 2007), “Осмон ташбеҳлари” (2016, сайланма) китоблари ўқувчилар қўлига тегди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 2021 йили “Баҳор соғинчи” тўплами нашр қилинди.

Назар Шукур оламни шеърнинг беназир нигоҳи билан идрок қилган, қай бир вақт бўлмасин, унинг шеърларини ногаҳон ёки атайлаб ўқиган ҳар қандай сўз мухлисини ана шу беназирлик водийсига бошлаб кетадиган бетакрор шоир эди.

Унинг шеърларини ўқир эканман, дафъатан, чинакам инсоний изтироб, олам ва одам дардларига бирлашиб кетган улуғ бир ҳамдардлик ҳар бир сатрида ловуллаб турганини ҳис этдим.

Шеърдан-шеърга ўтганим сари яна бир фикр хаёлимни чулғай бошлади; яшалиши лозим бўлган ва яшаб ўтилган умр билан ана шу яшалган вақт давомида яратилган шеър умрини солиштирсангиз, лаҳзалар, дақиқалар, кунлар, ойлар ва йиллар, эҳтимол, асрлар ҳам тўхтаб қолгандек бўлади.

Назар Шукурнинг шеърлари вақтни тўхтатган, негаки улар бугун, айни шу кунларда ёзилгандек ҳароратли, тилсимли, туғёнли, дарднок, таскинбахш, ҳамдард ва ҳаётбахш туйғуларнинг тирик тимсоли бўлиб кўнглингизга кўчади ва кўчаверади, кўчаверади…

Эҳтимол, истеъдоли шоирларнинг бу оламда эришган бир ҳовучгина бахт ва саодати ҳам шундадир.

 

Ой кулади беун, бежаранг,

Юлдузларда пок тортинчоқлик.

Тун қўйнида ухлар чирой, ранг,

Тун қўйнида ухлар узоқлик.

 

Ғарқ тилсимлар қаърига жаҳон,

Эшитилмас шовқинлар саси.

Ташланади менга ногаҳон,

Сукунатнинг ваҳший шарпаси!

 

Олам ва инсон туйғуларининг яхлитлигини “тун, чирой, ранг, тилсим, шовқин ва сукунат” сўзлари орқали саккиз мисрада яхлит бир фикр остида жамлаб, бетакрор бир манзара яратиш шоир истеъдодининг намоён бўлишидир.

Шоирнинг яна бир саккизлиги дунё яралгандан бери инсоний муносабатларнинг энг оғир, энг жароҳатли, энг изтиробли кечмиши саналган хиёнат ҳақида.

 

Тўлиб йиғлар оқшом бечора,

Кўтаролмай қувғин бошини.

У гулларга дейди ёлвора:

“Билсин қуёш тўккан ёшимни!!!”

 

Соғингандан жиққа ҳўлмиз деб,

Гуллар ҳар тонг сўзга очар лаб.

Шўрлик туннинг ёшлари билан

Ишонтирар қуёшни алдаб!

 

Алданган қуёш — алданган инсон дил изтиробларининг шунчаки тимсоли десак, биз ўзимизни ҳам бироз алдаган бўламиз.

Бу ерда энг асосий гап телбадил оқшом ва маккора тонг гулларининг бешафқат ва аянчли тақдирининг абадийлиги, такрорийлиги ва туганмаслигида. Олам ва одам қисмати шундай эврилишлар чангалзоридан ўтади деган хулосага келишимизда.

Шоирнинг ҳаётни бор бўйи-басти, ками-кўсти, тўкилган-тўкилмаган оҳори-ю, бор соддалиги ва тўпорилиги, рости-ёлғони билан кўрсатган, йўқ, кўрсатмаган, балки сўзнинг ирфоний қудрати билан санъат ҳодисасига айлантирган шундай шеърлари борки, бу шеърлар ўзининг адабий-бадиий қудрати билан абадиятга дахлдордир.

“Норой момо фалсафаси”, “Машраб ва ҳақиқат”, “Шукур Қурбон”, “Миркарим Осим”, “Оқсоқолнинг набирасига айтгани”, “Нишон аканинг этиги”, “Хонсулув холанинг қўшиғи”, “Онамга мактуб”, “Отамнинг хати” шеърлари чинакам истеъдод ва илҳом меваси бўлиб дунёга келганлиги, уларда қаламга олинган мавзу ва унинг теран моҳияти, бу изтиробли ўйлар тасвирининг назар шукурона шеърий талқини миллий адабиётимиз саҳифаларида ҳеч қачон эскирмайдиган адабий ҳодисадир.

 

Сени дуруст дердим ўғиллар ичра,

Камтар, ақлли деб қишлоқ мақтарди.

Уларнинг айтгани келмади сира,

Ўғлим, сен олисдан бахтни ахтардинг.

 

Қишлоқдан кечдингми тўкмай деб терни,

Сув урган тўғонинг эслаб чимларин.

Сени заб талантли ва эсли дерди,

Алдаган экан-да муаллимларинг?!

 

Тут, толлар экканман, соясида, кел,

Ёзиб ёт шеърингни, мол боқма, майли.

Сени тўй-азада кўриб турсин эл,

Наҳотки, қишлоқда илҳом келмайди?!

 

Хўп, соғ бўл, айтдим-да кўнглимда не бор,

Дарвоқе, кийим-бош олдингми қишга?

Не дердим, гап уқмай қўл урдинг такрор

Ота-боболаринг қилмаган ишга…

 

Бу шеър “Отамнинг хати” деб номланади, у ўтган асрда, аниқроғи, 1982 йилда ёзилган. Лекин ундаги ичкин инсоний гина ҳарорати бугун айтилаётгандек, ундаги самимият ва некбинлик бугуннинг гапидек, ундаги сўз залвори ва бетакрорлиги бугун ёзилгандек таассурот уйғотади.

Назар Шукур қайси бир мавзуда шеър ёзмасин, шеъриятда ўзи забт этган чўққидан бир нав бўлсин пастга тушмаган. Бу шоир истеъдоди ва иқтидори ботиний қудратининг ҳеч ким инкор қилолмайдиган ҳақиқати.

Лекин шу ўринда айнан мен ўзим англаган яна бир қатъий фикр борки, Назар Шукур шеъриятини вақт ва замонларнинг долғали чиғириқларидан омон олиб ўтадиган бир мавзу борки, бу муҳаббат мавзусидир.

Назар Шукурнинг инсон қалби ва ундаги минг бир алвон туйғуларининг минг бир товланишларини азоб ва изтироб, умид ва ишонч, ўтинч ва истиғфор мулки аро олиб ўтадиган шеърлари — севган ва севилган юракларнинг мангу порлоқ маёғи бўлиб қолади.

 

Бир тош кўрсанг йўл ўртасида,

Тепиб ўтма, ёр, қилиб ҳазар.

Сени кутиб оёқ остида

Ётар тошга айланиб Назар.

 

Топмас эди шеърларим сайқал,

Ёр, бермасанг ишқинг билан зеб.

Сенга тиклаб сўзлардан ҳайкал,

Имзо чекдим “Назар Шукур” деб.

 

Сени кўздай асрамоқ учун

Жисми билан интилиб нурга,

Гирдингдаги нарсалар бугун

Айлангандир Назар Шукурга!

 

Адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошнинг қуйидаги эътирофлари ҳам фикр ва қарашларимизга монелик қилмайди: “Шеърият бу… эътироф ё исён, ё тарсаки, ё ўпичдир”, — дейди Расул Ҳамзатов. Шоирнинг туйғулари қандай руҳий ҳолатга дуч келишига қараб тинимсиз ўзгариб туради. Айни бир нарса-ҳодиса айни бир ижодкорга ҳаётининг турли дамларида тамомила турлича таъсир қилиши мумкин. Чунки ижодкор олам ва унинг ҳодисаларини, биринчи навбатда, сезимлари орқали идрок этади. Инсоннинг ҳиссиётига эса нотурғунлик хосдир. Шунинг учун ҳам одамнинг бир замонлар жондан кечиб талпинган нарсасидан, вақтлар ўтиб, зада бўлиши мумкинлиги табиий ҳолдир. Шу маънода Назар Шукурнинг “Кенглик” деб аталмиш шеъридаги:

 

Кенглик!

Бағринг тўрт девордай тор,

Вужудимга боряпсан ботиб.

Сиғмаяпман мен сенга зинҳор,

Тол тагида ёрни йўқотиб, —

 

мисраларини мантиқсизлик, ўзини инкор этиш деб эмас, балки “Тол тагида ёрни йўқотгач, нафақат кенглик, балки бутун дунё­­га сиғмай кетаётган ошиқ йигит ҳолатининг теран ифодаси сифатида қабул қилиш тўғри бўлади”.

Шоирнинг йирик асари — “Най” достони ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Урушнинг инсоният қавми учун битмас-туганмас оғир оқибатлар туғдириши, нафақат иқтисодий таназзул, балки миллатлар тотувлиги бузилиши, меҳр-муҳаббат ришталарининг узилиши, она замин тўлғоқларининг даҳшатли фарёдлари акс этганки, огоҳлик қўнғироғи десак янглишмаймиз.

Назар Шукур шеърияти — ўзи бир пайтлар башорат этгандек тилсим қаъридаги унутиш ва унутилишдан холи — безавол овоздир. Минг афсус­ки, у ҳаётни жуда эрта – 31 ёшида тарк этди. Бу унинг қисмати экан. Аммо у узоқроқ яшаганида эдими, шаксиз ўзбек шеърияти яна қанча бетак­рор шеърлар, достонлар билан бойиган бўлар эди.

Аммо кўнгил билан яшайдиган, кўнгил туйғуларини муқаддас ва мукаррам биладиган кўнгил соҳиблари бор экан, Назар Шукур шеърияти ҳам яшашда давом этади.

Темирпўлат ТИЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 14 =