Элпарвар инсон эди

Муйдин элпарвар номи билан Чироқчи халқига танилган бу киши Муҳиддин Нурматов бўлади. Муҳиддин Нурматов ўтган асрнинг 20-йилларида тумандаги Шўрбозор қиш­лоғида мулла Нурмат бобо хонадонида туғилди. У 15-16 ёшида Иккинчи жаҳон уруши бошланган даврда Кўкдала музофотида ўқиш-ёзишни биладиган, хат-саводи чиққан кам сонли саккиз-ўн кишидан бири бўлган. Ёш Муҳиддин ўзининг амакиси, ўша даврда бригадир бўлиб ишлаган Эшманбобога табелчилик қилган. Ўқимиш­ли бўлгани боис, ёшу қарини ўз домига бирдай тортаётган урушдан қолиши учун берилган махсус “Ордер” орқали фронтдан олиб қолинган.

Ҳамма эркаклар урушга кетганлиги туфайли амакиси Эшман оқсоқол иккаласи қишлоқдаги аёллар жамоасини ишлатган, каму кўстидан хабар олиб турган ва кеча-ю кундуз қўриқлаганлар.

Муҳиддин ўзига топширилган вазифаларни доим масъулият билан бажарган, ҳамма вақт халқ ғамида, халқнинг фаровонлиги борасида катта ишларга бош-қош бўлган. 1953 йилга келиб туман раҳбарияти томонидан у кишини Самарқанддаги уч йиллик раислар тайёрлаш мактабига ўқишга юборганлар. Ўқишни муваффақиятли битиргач, Эски Анҳор канали қазилишига масъуллардан бири сифатида жонбозлик кўрсатган.

1957 йилга келиб, Муҳиддин Нурматов Кўкдала совхози марказидаги энг катта бўлимга раис лавозимида иш бошлаган. Эски Анҳор канали бў­йига, яъни Шўрбозор қишлоғига яқин атрофдаги қишлоқлардан кўп оилалар кўчириб келтирилган ва бу ҳудуд эндиликда Пахтакор қишлоғи деб атала бошланган. Энди Кўкдалада биринчи марта пахта экиладиган бўлим ташкил қилинган ва яна бу бўлимга Муҳиддин Нурматов бошлиқ қилиб тайинланади.

Бутун масъулиятни ўз зиммасига олган Муҳиддин қуриб-қақшаб ётган ерни ўзлаштиришга киришади ва пахта экади. Аммо, барча уриниш­ларга қарамай, биринчи йили ҳосил чўғи раҳбарларни қаноатлантирмайди. Бироқ, кейинги йилларда агроном-ҳосилот Сапар Холмуродов, бригадирлар Наби Жамшидов, Тўхта Боймуродов, Тошназар Боллиев, Рўзи Ҳақбердиев каби билимли, фидойи бригадирлар ёрдамида пахтадан мўлжалдагидек ҳосил ола бошлайдилар. Натижада, Муҳиддин раис фахрий ёрлиқлар, медаллар, шунингдек, янги “Жигули” русумли автомашинаси билан тақдирланади.

Ўша даврларда Кўкдаланинг Пахтакор бўлими гуллаб-яшнайди. Пахтазор далалари тўртбурчак шаклида бўлиб, пахта даласининг тўрт томонига асосан тут дарахтлари экилган. Дала майдони Эски Анҳор каналидан келадиган сув билан тўла таъминланган. Бўлим пахтакорлари ердан мўл ҳосил олиб, пахта билан бирга давлатга пилла сотиш режасини ҳам 200 фоизга бажарган. Пилла етиштиришда, асосан, қишлоқ аёллари ишлаган ва олган иш ҳақига ўзларининг каму кўс­тини бутлаганлар.

1965 йилда Кўкдаланинг Пахтакор бўлими ҳамда Охунбобоев совхозининг Айритом бўлимлари ҳамда Косон туманидан Хардури ва Олатўн қишлоқлари қўшилиб, Файзулла Хўжаев совхози ташкил қилинган ҳамда Эски Анҳор қишлоқ совети ҳам ташкил бўлади. Муҳиддин Нурматов то умрининг охиригача шу қишлоқ советининг раиси лавозимида самарали ишлайди. У кишининг саъй-ҳаракатлари билан Шўрбозорда катта ўрта мактаб биноси, 80 ўринли болалар боғчаси ва қишлоқ тиббиёт пункти биноси қурилади.

Умуман олганда, Муҳиддин Нурматов элпарварлиги билан тарихдан муносиб ўрин эгаллаган. Эзгуликнинг умри боқий деганларидек, унинг хотирасини эл-улус илиқ сўзлар билан эслайдилар.

Турди ЖЎРАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =