Умрлар бўладики…

9 май — Хотира ва қадрлаш куни

…Қариганда асл ҳақиқат гавҳарини топишни истасанг, ёшликда улуғлар изи тупроғини кўзингга тўтиё қил.

Алишер НАВОИЙ

Эртага 9 май. Хотира ва қадрлаш куни. Бу қутлуғ кун юртимизнинг ҳар бир оиласида, ҳар бир маҳалласида, ҳар бир шаҳар ва қиш­лоғида каттаю кичикнинг қалби қадр-қиммат, иззат-икром, меҳр-оқибат, соғинч ва эҳтиром туйғулари ила ёлқинланиб, ўзгача бир шукроналиг-у улуғворлик руҳида ўзига хос байрамга айланади. Бу улуғ кун ҳар биримиз ва бутун халқимиз учун муқаддас ва азизлиги билан, чорак асрдирки, ўзбекнинг бебаҳо инсоний хислат ва фазилатларга йўғрилган ўзлигини, бетакрор миллий қадриятларига, урф-одат ва анъаналарига содиқлигини ёрқин намоён этиб келмоқда.

Бу байрам инсонпарварлиг-у ватанпарварлик ришталарининг чамбарчас боғланганлиги, ўтмиш ва бугун ўртасида чуқур илдиз отиб бораётганлиги, эзгу ниятларимиз-у олижаноб мақсадларимизга камарбаста бўлаётганлиги билан ҳар биримизга илҳомбахш ғурур бағишлайди. Бирни кўриб фикр, мингни кўриб шукр қилишга ундайди. Ён-веримиз-у ортимизга қараб, эшитганларимиз-у кўрган-билганларимизни ақл тарозисига қўйиб, ўзимизнинг эътиборсизлиг-у лоқайдлигимиз туфайли нималарнидир баҳона қилиб, кексайиб қолган-у бемор ётган яқинларимиз ҳол-аҳволидан хабар олмаганимиз, ҳеч бўлмаганда, телефон орқали салом-алик қилиб, кўнгилларини кўтарадиган икки оғиз илиқ гап айтмаганимиз, бунинг устига, бир қадам нарида мангу уйқуда ётган жигарларимиз-у дўст-биродарларимиз ёдимизга тушиб, беихтиёр чуқур хўрсиниб қўямиз. Бошимизни тебратиб, афсусланамиз. Ҳатто шоир Мақсуд Шайхзоданинг:

 

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!

“Салом” деган сўзнинг салмоғин оқланг.

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,

Уни тиригида бир соат йўқланг! —

 

сатрлари қулоғимиз остида бонг ургандек бўлиб, уялганданми, бошимизни хам қилиб, хайрли ва савоб ишни кимдан, нимадан бошлаш кераклиги ҳақида ўйлай бошлаймиз. Буларнинг ҳамма-ҳаммасини Хотира ва қадрлаш куни ёдимизга солиб, ақлимизни пешлаб, куч ва иродамизни қувватлаб, йўлга чорлайди.

Ана, янги кун ҳам юз очди. Бобо қуёш олис тоғлар ортидан бош кўтариб, оламаро баҳорий нурларини ёғдира бошлади. Дўппи кийган ўзбегим турнақатор бўлиб қабристон томон юрмоқда. Қўлларда каттагина елим халта. Ичида супурги, хокандоз, кичкина сатил ва яна бир нималар. Қўлларда турфа ранг даста-даста гул. Оталар ёнида ўғиллар, акалар ёнида укалар, оналар ёнида қизлар, опалар ёнида сингиллар… Бугун улар бу фоний дунёни тарк этган ота-оналарининг, ҳаётдан эрта кўз юмган туғишганларининг қабрларини тозалаб, Қуръон тиловат қилиб, руҳларини шод этмоқ учун боришмоқда. Бугун барча қабристонлар хас-хашакдан, ёввойи ўт-ўланлардан халос бўлиб, гулларга бурканади.

Аслида, қабристон ҳар доим тоза-озода туриши шарт. Бунинг учун ҳар бир қабр эгаси озгина эътиборли бўлса кифоя. Афсуски, айрим шаҳар ва қишлоқларимиздаги қабристонларнинг нохуш манзараларидан ташвишланмай бўлмайди. Айниқса, қор, ёмғир натижасида айрим қабрлар очилиб қолганлиги, ёдгорлик тошлари қийшайиб ётганлиги, атрофида қуриган шох-шаббалар-у ахлат уюмлари йиғилгани кишини ранжитмай қолмайди. Қишлоқ қабристонларининг кўплари ўралмагани учун сигир-бузоқлар-у қўй-қўзилар бемалол кириб-чиқаверади. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари мутасаддилари эса парвойи фалак. Қабристонларни обод қилиш, у ерда ётганларнинг руҳларини чирқиратмаслик гўёки уларга дахли йўқдек. Маҳалла ва қишлоқ фуқаролик йиғинларининг раислари эса қабристонни обод қилишдек савобли ишни ўзлари учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билмоқлари керак! Улар бугун кимлардандир ҳиммат кутиб, қўл қовуштириб ўтирадиган замон эмаслигини, вақт ёшларга ибрат бўладиган ташаббус ва фидойиликни талаб этаётганлигини унутмасликлари лозим. Савобли ишни ҳар ким ҳар куни қилиши кераклигига амал қилсалар, кам бўлмайдилар.

Халқимиз Иккинчи жаҳон урушида икки миллионга яқин юртдошимиз фашизмга қарши жанг­ларда мардонавор курашиб, уларнинг беш юз мингдан зиёди қаҳрамонларча ҳалок бўлганлигини, яна неча юз минг нафар юртдошларимиз ногирон бўлиб қайтганлигини ҳеч қачон унутмайди, унутолмайди. Бу рақамлар уни фашизмдан чексиз нафратланишга, ватанимизнинг ҳар бир қарич ерини ҳушёрлик билан қўриқлашга, огоҳ бўлиб яшашга, тинч-тотувлигимизни янада мустаҳкамлашда елкама-елка туриб олдинга ва фақат олдинга ҳаракат қилишга даъват этиб туради.

Ўзбек деган номга муносиб бўлиб фашист газандаларини тор-мор этишда катта жасорат ва матонат кўрсатиб, кўкси орден-медалларга тўлиб қайтган жангчи оталаримиз-у боболаримиз олдида ҳамиша таъзим қиламиз. Уларнинг эзгу ишларини давом эттиришга интиламиз, дунёдан ўтганларнинг хотиралари олдида бош эгиб, ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз. Улардек жасоратли бўлишга, юртимизнинг равнақи йўлида куч-ғайратимизни, билим ва тажрибамизни аямасликка сўз берамиз.

Эртага нуроний жангчиларимизни бағримизга босиб, борларига шукур қилиб, меҳру муҳаббат ила байрам билан муборакбод этамиз. Суҳбат қуриб, ибратли ҳикоялар тинглаймиз. Кекса қариндошларимиз-у беморларимизни йўқлаймиз. Бундай зиёратлар ҳам фақат Хотира ва қадр­лаш кунидагина ёдимизга тушмаслиги керак! Меҳр кўзда, деганларидек, борди-келди қанча кўп бўлса, шунча яхши. Акс ҳолда, элу хешчилик ўртасидаги масофа аста-секин узайиб, бора-бора бегоналашувга олиб келади. Бу ачинарли ҳолни ҳозир ҳам кўриш мумкин. Қариндош бўлган катта авлод борди-келдиси камайган сайин меҳр-оқибат ҳам сусайиб боради. Натижада ака-уканинг ёки опа-сингилнинг фарзандлари бир-бирларини танимайдилар. Кўришганда ўзларини бегоналардек тутадилар. Бу қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Бу масалада маҳалланинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” дейилгани бежиз эмаслигини ҳаёт ҳар қадамда, ҳар лаҳзада кўрсатиб турибди. Маҳалла одамларни бирлаштирибгина қолмай, уларни яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам ҳимматли-ю ҳамиятли, ҳамдам-у ҳамдард бўлишга, “Менинг маҳаллам — менинг ватаним!”, “Менинг ён қўшним — жон қўшним!” деган юксак инсоний туйғу билан яшашга ўргатиши ҳам инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Тўғри, одамлари аҳил, оқибатли, ҳавас қилгилиг-у ибрат олгулик маҳаллалар кам эмас. Лекин бундай маҳаллаларнинг тарғиботи-ю ташвиқотини етарли деб бўлмайди. Ваҳоланки, маҳалла Ватан ичра Ватандир. Унинг номи, ташкил этилган йили, тарихи бор. Ростини айтганда, кўпчилигимиз умримиз ўтаётган маҳалламиз тарихини билмаймиз. Демак, бундан фарзандларимиз ҳам бехабар. Маҳалласининг тарихини билмаган одам тумани (шаҳри), вилояти-ю давлатининг тарихи билан қизиқармиди?!

Мен пойтахтнинг Шароф Рашидов номли маҳалласида истиқомат қиламан. Бу қутлуғ даргоҳда кўпни кўрган, элу юртга таниқли бўлган, кенг дунёқарашли, чуқур билимли, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган инсонлар оқсоқол бўлиб ишлаганлар. Бугун улар орамизда бўлмасалар-да, номларини одамлар ҳозир ҳам ҳурмат билан тилга оладилар, қилган хайрли ишларини эслайдилар. Улар ишлаган йилларда маҳаллага давлат томонидан деярли эътибор ҳам, ёрдам ҳам берилмаган. Кўп қаватли уйлардан ташкил топган маҳалла идораси ва унинг шароити ўзига яраша эди. Раис билан котиб каталакдек келадиган хонада фаолият олиб борар, аммо маҳалланинг манфаати учун “йўқни йўндирар” эдилар. Одамлар ҳам аҳил, ҳам фаол эди. Кейин-кейин маҳаллага ҳокимият эгалик қилиб, уни ўз йўриғига солиб олди. Ҳокимнинг чизиғидан чиқмайдиган, қўлини кўксига қўйиб “лаббай” деб турадиганлар оқсоқоллик курсисини эгаллайдиган бўлишди. Раис маҳалла ва унинг халқига эмас, ҳокимга хизмат қилди. Ойлар ва йиллар “аскар ухлаяпти, хизмат давом этяпти” қабилида ўтаверди. Бугун ўшалардан бири маҳалланинг саройсифат замонавий янги биносида “кун ўтса бўлди” қилиб, яйраб ўтирибди. Бу жаноб Шароф Рашидовнинг йигирма тўрт йил респуб­лика раҳбари лавозимида ишлаб, унинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий тараққиётида улкан ҳисса қўшганлигини, Тошкент метроси қурилишининг ташаббускори ва ташкилотчиси бўлганлигини, таниқли ёзувчи сифатида “Кашмир қўшиғи”, “Комде ва Мудан”, “Коинот”, “Дил амри” қиссалари, “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қуд­ратли тўлқин” романлари ижодкори эканлигини, икки марта Меҳнат қаҳрамони деган юксак номга муносиб кўрилганлигини, буюк ­эъзозга лойиқлигини билармикан? Унинг асарларидан қайси бирларини ўқиганини айта олармикан? Ҳеч бўлмаганда, Хотира ва қадрлаш кунида уруш қатнашчиси бўлган Шароф Рашидовни хотирлаш, ҳаёти ва ижоди ҳақида адибнинг шу маҳаллада умргузаронлик қилган қизи, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Сайёра Рашидовадан қизиқарли хотира-ҳикоялар эшитиш маҳалла аҳли ва айниқса, ёшлари учун жуда зарур ва ғоятда фойдали эканлигини-чи?! Ёки бу Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўртага ташлаган танқидий фикр ва талабларига мос келмайдими?!

Севги, садоқат ва вафо рамзи бўлиб яшаган, шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа қатор тилларда янграб келаётган Ўзбекистон халқ шоираси, давлат мукофоти, халқаро Жавоҳарлаъл Неру ва “Нилуфар” мукофотлари лауреати, Ойдин Ҳожиева, Гулчеҳра Жўраева, Гулчеҳра Нуриллаева сингари қатор-қатор машҳур шоираларимизнинг устози Зулфияхоним, “Машъал”, “Тошкентликлар”, “Мангулик”, “Сенга интиламан”, “Бинафша” романлари, ўнлаб шеърий китоблари билан элга танилган атоқли ёзувчи, шоир ва драматург, давлат мукофотлари соҳиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом, машҳур киноактёр, “Ўткан кунлар” бадиий фильмида Отабек, “Улуғбек юлдузи”да Али Қушчи, кўп қисмли “Оловли йиллар” телевизион бадиий фильмида Ҳамза сингари қирқдан зиёд ролларни юксак маҳорат билан ўйнаган Ўзбекистон халқ артисти, халқ орасида “Отабек” номи билан шуҳрат қозонган Ўлмас Алихўжаев, таниқли ёзувчи, кинорежиссёр, кинодраматург “Чаён йили”, “Паймона” романлари, ўнлаб ҳикоя ва қиссалари, “Сурайё”, “Қиз ва йигит”, “Алангали соҳил”, “Қўқон воқеаси” каби қатор бадиий фильмлари билан ном қозонган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, давлат мукофоти лауреати Учқун Назаровлар шу маҳалланинг фахри эканлигини аҳолимизнинг неча фоизи билар экан? Бу улуғ инсонларнинг бадиий юксак асарлари ёшларимизнинг маънавиятли ва маърифатли бўлиб улғайишларида муҳим ўрин тутмайдими? Уларнинг асарларидаги ижобий образлар тарихимизни чуқурроқ ўрганишда, инсон номи мағрур жаранглашининг боисини англашимизда, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизнинг ҳаётимизда тутган ўрни беқиёслигини теранроқ тушунишимизда, мухтасар қилиб айт­ганда, ёшларимизни элпарвар-у юртпарвар, фидойи, ташаббускор, жасоратли қилиб тарбиялашда муҳим манба ҳисобланмайдими? Агар худди бугунгидек олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ бўлса, бугунги авлод ўз маҳалласининг машҳур кишилари ҳаётидан ибрат олмаса, уларнинг бадиий ва илмий асарларидан баҳраманд бўлмаса, эртага нима бўлади?! Қачонгача “ура-ура” қилиб, номигагина бесамар тадбир ўтказамиз? Қачонгача тўртта одамнинг расмини тиркаб, керакли жойларга ёлғон ҳисобот йўллаймиз? Қачонгача “мен сенга тегмай, сен менга тегма!” билан ўзимизни ёниб ишлаётган қилиб кўрсатамиз? Қачонгача?!

Билимдон, тажрибали, узоқни кўра олиш қобилиятига эга бўлган, бағрикенг, адолатли, ҳақиқатпарвар раҳбар ўз атрофига еб кетарга ҳозиру нозир тўртта кимсани эмас, ўзидан кучлироқ, мустақил фикрга эга бўлган, обрў-эътиборли, жонкуярларни йиғади. Афсуски, кўпгина маҳаллаларимиз оқсоқоллари бу каби талабларга жавоб бермайди. Бундай маҳаллаларда йиллар давомида бирон-бир йилт этган ўзгариш кўринмайди. Маҳалла жиловини ушлаб турган казо-казо идоралар мутасаддилари пастга тушиб, маҳалла раҳбари-ю унинг “атрофидаги”лар иштирокисиз одамлар билан мулоқот қилса, уларнинг муаммолари, ташвишу дардлари билан қизиқса, муз ўрнидан кўчиши аниқ! Аммо бунга уларнинг журъати етармикан?!

…Эртага Хотира ва қадрлаш куни. Кўпдан буён бемор ётган кекса отахон ва онахонларимиз, ака ва укаларимиз, опа ва сингилларимиз кимнингдир эшик қоқиб келишини, у билан бир фурсат бўлса-да, гаплашиб дардларини енгиллатишни истайдилар. Айниқса, ногирон ва қаровчиси бўлмаганлар маҳалладан кимдир йўқлаб келса, бошлари осмонга етади. Чеҳралари очилиб, диллари равшан бўлади. Буни “одамгарчилик” деймиз. Савобли иш қилиб, дуо олай, барака топай десангиз, одамгарчиликни қўлдан берманг, азизлар!

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университетининг

журналистика факультети ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − eight =