“Туронбанк”нинг Нукусдаги лойиҳалари!

Ўзбекистон молия бозорида 33 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки бугунги кунда республика бўйича ўзининг 21 та банк хизматлари маркази ва 70 дан зиёд офислари орқали 622 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг қамровли трансформация жараёнлари натижасида банк фаолиятида рақамли технологиялар жорий этилиб, мижозларга янада қулай ва тезкор бўлган таклифлар тақдим этилмоқда. Бу ўзгаришларни “Туронбанк” акциядорлик тижорат банкининг ҳар бир бўлинмасида сезиш мумкин.

Хусусан, 33 йилдан буён қорақалпоқ халқига беминнат хизмат қилиб келаётган “Туронбанк”нинг “Қорақалпоғистон Республикаси” банк хизматлари маркази сўзимизга исботдир. Айни вақтда у ўзига қарашли 4 та ихчам ва самарадор банк хизматлари офиси орқали жисмоний ва юридик шахсларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириб келмоқда.

ОАВ вакиллари иштирок этган пресс-тур тадбирида ушбу марказ билан ҳамкорликда ўз фаолиятини ривожлантириб келаётган ишбилармонларнинг муваффақиятли ло­йиҳалари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Дастлабки манзил — Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида жойлашган “Kardar academy school” хусусий мактаби бўлди. 2016 йилда ўқув маркази сифатида иш бошлаган корхона Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган шароитлар натижасида 2020 йилда йирик таълим муассасасини ишга туширди. Бугунги кунда мазкур замонавий мактабда бош­ланғич ва катта синфлар мавжуд бўлиб, уларда 330 нафар бола таълим ва тарбия олмоқда. Аҳамиятли жиҳати, ушбу хусусий мактаб математика, информатика ва инглиз тили фанларини чуқур ўргатишга ихтисос­лашган бўлиб, бу ерда Буюк Британиянинг “Cambrindge Assessment” методикаси орқали таълим берилади. Ўқувчиларга кун давомида 3 маҳал сифатли маҳсулотлардан тайёрланган иссиқ овқатлар бериб борилади. Асосий дарслардан сўнг эса “Ментал арифметика”, “Шахмат”, “Инглиз тили”, “Рақс”, “Хитой тили” каби тўгараклар ташкил этилган. Хусусий мактабга 60 нафар таж­рибали педагог жалб этилган бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизи олий тоифали ўқитувчилардир. “Туронбанк”нинг “Қорақалпоғистон Республикаси” банк хизматлари маркази билан ҳамкорлик эса мактабнинг янада ривожланишига туртки берди. Албатта, бу каби ишларни амалга оширишда Давлатимиз раҳбарининг “Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, пресс-тур давомида ОАВ вакиллари хусусий мактабни яратган тадбиркорнинг навбатдаги лойиҳаси, яъни “Kardar” номи остида турли хилдаги эшик ва ромлар ишлаб чиқараётган корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Берилган маълумотларга қараганда, 2012 йил Нукус шаҳрида иш бошлаган “Kardar” бренди ёғоч ва темир эшик-ромлар, юмшоқ мебеллар ва темир буюмлари ишлаб чиқариш, шунингдек, каленный ойнага ишлов бериш фаолияти билан шуғулланади. Қарийб 2 гектар майдонда бугун 10 дан ортиқ ишлаб чиқариш бўлимлари мавжуд бўлиб, умумий ҳисобда 300 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Темир, тахта ва шишанинг 100 дан ортиқ турлари мавжуд. Йилига 20 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1,5 млн. АҚШ доллари бўлиб, шундан 1 млн. АҚШ доллари “Туронбанк” “Қорақалпоғистон Республикаси” банк хизматлари марказининг кредити ҳисобланади. Молиявий кўмак эвазига Хитой Халқ Республикасидан замонавий ускуна ва технологиялар олиб келинган. Маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Банк лойиҳалари орасида журналистларни қизиқтирган яна бир корхона бу Нукус шаҳридаги энг тажрибали ва таниқли хусусий таълим муассасаси “Kinderland Nukus” хусусий боғча ва мактаб лойиҳаси бўлди.

2014 йилда кичик бинони ижарага олиб, 12 нафар бола ва 4 нафар педагог билан иш бошлаган хусусий боғча бугунга келиб, ўзининг шахсий кампусида 350 дан зиёд болаларга таълим ва тарбия бермоқда. Яъни, “Kinderland Nukus” нафақат боғча, балки хусусий мактабга ҳам айланди. 1 синфдан 11 синфгача бўлган босқичларда 170 нафарга яқин болалар ўқитилмоқда. Шунингдек, яна 150 нафари боғчада тарбияланаяпти. Уларга 20 нафарга яқин педагог таълим бермоқда. Уларнинг барчаси олий тоифали мутахассислар ҳисобланади.

“Kinderland Nukus” лойиҳасининг асосчиси ва раҳбари Нигархан Алланазарованинг сўзларига кўра, 2017 йилда “Туронбанк” “Қорақалпоғистон Республикаси” банк хизматлари маркази билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасида корхона янги бино сотиб олиш, уларни таъмирлаш ва зарурий жиҳозлар билан таъминлаш имкониятига эга бўлди. Нафақат боғча, балки мактаб фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Умумий ҳисобда 2017 — 2023 йиллар давомида банк томонидан “Kinderland Nukus” лойиҳасига 3,6 млрд сўмлик кредит ажратилди.

Пресс-турнинг сўнгги манзили Нукус шаҳридаги саноат зонасида жойлашган, қурилиш учун шиша толасидан тайёрланган замонавий саноат тўрлари (сетка) ва шиша тола маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Asadbek Glass Fiber” корхонаси эди.

Бу манзилдаги лойиҳанинг умумий қиймати 1 млн. АҚШ доллари бўлиб, бугунги кунда корхона кунига 2000 квадрат-метр, йилига эса 600 000 квадрат-метр шиша толасидан қурилиш сеткаси тайёрламоқда.

Корхона раҳбари Бахрам Аллабергеновнинг таъкидлашича, одатда, бундай мустаҳкам зичликдаги қурилиш тўрлари юртимизга Хитойдан импорт қилинган. Яратиб берилган шароит ва молиявий кўмак натижасида бу маҳсулотлар энди ўзимизда маҳаллийлаштирилмоқда. Бунинг замирида эса Давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаяпти.

“Туронбанк” АТБ

Ахборот хизмати.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 7 =