“Туронбанк”нинг таълим кластери ёхуд талабалигидаёқ маош олаётган ёш банкирлар

Республикамиздаги салоҳиятли молия муассасаларидан бири ҳисобланган  “Туронбанк”нинг ёшлар лойиҳаси ҳақида эшитганмисиз? Бу лойиҳа ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг амалий иқтидорларини ошириш мақсадида ташкил этилган. У бугунги кунда  400 нафар талабани қамраб олганлиги банк масъулларининг ёш кадрларни қўллаб-қувватлашга астойдил бел боғлаганидан далолат беради. Бу ҳали ҳаммаси эмас! Юқори балл билан талабаликка эришган 100 нафар ёшлар эса “Туронбанк стипендияси” совриндори бўлишди. Бу ҳақда куни кеча “Туронбанк” томонидан ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

 

30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган анжуманда банк раҳбарияти, масъуллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

Дарҳақиқат, мамлакат тараққиёти ва имижининг янада мустаҳкамланиши, ҳар бир соҳага янгилик ва ўзгаришларнинг кириб келишида ёшларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга.  Дунёнинг энг ривож­ланган давлатлари ҳам асосий эътиборни доимо мазкур қатлам фаоллигига қаратишади. Сабаби, ёшлар бу инновация, ғоя ва ечимларнинг битмас-туганмас манбаидир.

— Юртимизда мамлакат аҳолисининг қарийб 60 фоизини эгаллаган ёшларнинг, замонавий чақириқларга мос, жаҳон миқёсидаги илмларни чуқур ўзлаштирган авлод сифатида тарбияланишини энг олий мақсад дея белгилангани бежиз эмас. Уларнинг таълими, бандлиги ва муносиб даромадга эга бўлиши эса олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадига айланди, – деди “Туронбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова. – Айни шу йўлда давлатимиз раҳбари олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграция жараёнларини йўлга қўйиш, соддароқ қилиб айтганда, йирик таълим кластерини яратиш бўйича илғор ташаббусни илгари сурди.

Маълумот учун: айни вақтда “Туронбанк” АТБда жами 1486 нафар ходим меҳнат қилаётган бўлса, шундан 515 нафари, қарийб 36 фоизи 30 ёшгача бўлган навқирон ўғил-қизлардир. Ушбу қатламнинг қизиқиш ва интилишларини янада рағбатлантириш, билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш мақсадида банк томонидан бир неча босқичдан иборат махсус стратегия ишлаб чиқилган.

Шуни яна алоҳида қайд этиш лозимки, “Туронбанк” биринчилардан бўлиб битирувчи курсларда таҳсил оладиган талабаларни махсус тест синовлари ва шахсан банк Бошқарув раисининг суҳбатидан ўтказиб, ишга жалб қилиш тизимини йўлга қўйган. Уларнинг ишлаши ва таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида шарт-шароитлар яратилган. Бугунги кунда ходимларининг 36 фоизини навқирон ўғил-қизлар эгаллаган молия муассасасида ёшлар билан ишлаш бўйича ноодатий тизим ва яхши тажриба шакл­ланган.

Улардан бири сифатида турли форматдаги доимий учрашувлар, яъни шахсан Бошқарув раиси билан очиқ ва самимий мулоқотни эслашимиз мумкин. Бу бир пиёла чой устида ёки очиқ табиат қўйнида ўзаро фикр алмашиб, муаммо ва камчиликларни муҳокама этиш, ғоя ҳамда ташаббусларни рўёбга чиқариш учун энг қулай майдондир. Албатта, бу ташаббус ва лойиҳаларнинг замирида давлатимиз раҳбарининг “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламалдир.

“Туронбанк” АТБ томонидан ёшлар учун тайёрланган самарали лойиҳаларнинг яна бири, молия ва иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган иккинчи ҳамда учинчи босқич талабаларини махсус тест синовлари асосида ишга (амалиётга) жалб этишдир. Бу орқали улар назарий билимларини амалиётда қўллаш, тажриба ошириш, муайян маош олиш ва ўқишни тамомлагач, етук мутахассис сифатида ўзлари учун аниқ иш жойини нақд қилишлари мумкин бўлади. 2018 йилда бошланган мазкур эзгу ташаббус ортидан айни вақтда 300 нафарга яқин талабалар “Туронбанк” АТБнинг турли бўлинмаларида фаол меҳнат қилишмоқда. Бу эса молия муассасаси учун ўзаро кооперацияни йўлга қўйиш орқали салоҳиятли кадрлар захирасини яратиш имконини беряпти.

Ҳа, давлатимиз раҳбари илгари сурган мазкур ғоянинг амалий мисолини “Туронбанк” АТБ фаолиятида яққол кўриш мумкин. Айни вақтда молия муассасасида меҳнат қилаётган ходимларнинг йирик қисмини ёшлар ташкил этаётган бўлса, уларнинг салкам 100 нафарга яқини қуйи ва юқори бўғин раҳбарлари ҳисобланади. Яъни, Бошқарув Раиси ўринбосаридан, департамент директори, бошқарма ва бўлим бошлиғларигача ёш мутахассислар ҳисобланади. Аҳамиятлиси, яқин ўтмишда Ўзбекистонда ёш кадрларни масъул лавозимга тайинлашга хизмат қилувчи бу каби аниқ бир институционал тизим яратилмаган эди. Мазкур ўзгаришлар давлат даражасига молик масалаларни ҳал этишда ёшларнинг салоҳияти, азму-шижоати, интилишидан унумли фойдаланишда ас қотади.    

Сир эмаски, ҳар бир ташкилот ўз ривож­ланиш стратегиясини яқин уч ёки беш йилга мослаб белгилайди. Унда, албатта, бозор имкониятлари ҳамда шу майдонга мос келувчи кадрлар базасини яратиш бирламчи вазифа сифатида туради. “Туронбанк” АТБ ҳам “Digital – banking” форматида ишловчи рақамли молия муассасасига айланиш баробарида интеллектуал жиҳатдан мукаммал, замонавий фикрлайдиган ёш банкирлар захирасини шакллантириш мақсадида “Туронбанк стипендияси” эксклюзив лойиҳасига ҳам старт берди. Ушбу мотивацион ғоянинг аҳамияти шундаки, унинг доирасида бутун Республика миқёсидан молия ва иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган энг иқтидорли, ўз билими билан ОТМга юқори балл тўплаб қабул қилинган 100 нафар ёшлар танлаб олиниб, ўқиш якунига қадар тўлиқ эътиборга олинди. Яъни, улар учун юқорида айтилганидек, ҳар ойлик махсус стипендия жорий этилиб, тўлов – конт­ракт пуллари ҳам тўлаб берилди.

Эътиборли томони шундаки, банк раҳбарияти томонидан бир қатор масъулиятли раҳбарлик лавозимларига, олий маълумотли иқтидорли ёш кадрларни қўйиб, уларга ишонч билдириш билан бирга, ўрта – махсус маълумотга эга ёш кадрларни иқтисодий таълим йўналишдаги олийгоҳларнинг кечки ва сиртқи бўлимларида ўқитиш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Шу билан бирга улар доимий равишда “Туронбанк” эътиборида бўлиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, молия муассасаси томонидан ўтказиладиган турли тадбирлар ва семинарларда иштирок этиб, таътил вақтларида бемалол банкда иш ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлишмоқда. “Ўқишни тамомлаганимдан кейин қаерда ишлайман?” деган савол уларни қийнамайди. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг бор диққат-эътиборларини билим олишга қаратади, бундай ёшлар эса албатта етук мутахассис даражасига кўтарилиши, банк ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши аниқ. Айни пайтда талабалар таълимнинг 3 – босқичидан бошлаб “Туронбанк”да ишлашлари мумкин.

Ушбу ташаббусни ҳуқуқий жиҳатдан мус­таҳкамлаш бўйича “Туронбанк” АТБ ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Миллий тадқиқот университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Тўғри ёндашув. Хориж тажрибасига ҳам назар солсак, кўплаб мамлакатларда касбий тайёргарлик бўйича давлат идоралари ва таълим муассасалари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун, Сингапурда иқтидорли кадрларни жалб қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизмати соҳасида меҳнат фаолиятини бошлашга қарор қилган энг яхши ўрта мактаб битирувчиларига давлат грантлари ажратилади. Грант совриндорлари тўрт йиллик бошқарув менеж­ментини ривожлантириш мутахассислиги бўйича дастур орқали тегишли таълим олишади.  

Малакали кадрлар тайёрлаш тизимини комплекс ривожлантиришга қаратилган бу каби лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошиши учун “Туронбанк” АТБ олийгоҳларда махсус ўқув экспериментал база сифатида “Смарт ўқув хоналар”ни ҳам йўлга қўйган. У орқали банкнинг етук мутахассислари молия ва иқтисодиёт йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун очиқ дарслар ташкил этиб, амалиётдаги иш услублари билан уларни яқиндан таништиришмоқда. Бу назария ва амалиётнинг ижобий уйғунлашишига катта ҳисса қўшяпти, десак муболаға бўлмайди.

Билдирилган ишонч ва яратилган имконият албатта ўз натижасини беради. Президентимиз ҳар сафар ёшлар ҳақида фикр билдирар экан, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув раҳбарлари орасида креатив фикр­лайдиган, масъулиятни ўз зиммасига олувчи, ташаббускор ёш кадрлар бўлиши кераклигини таъкидлайдилар. Бу механизм эса “социал лифт” тушунчасини қоғозда эмас, амалда ишлаши, тизимларнинг янгиланишига олиб келиши шубҳасиз.

Ҳозирги кунда Марказий Осиёда энг ёш халқаро гроссмейстер сифатида танилган, 44– шахмат олимпиадаси ғолиби ва “Ўзбекистон ифтихори” медали соҳиби Жаҳонгир Ваҳидов “Туронбанк” АТБ брендининг расмий элчиси сифатида фаолият бошлаган. Таниқли ёш спортчи билан тузилган ҳамкорлик доирасида молия муассасаси мамлакатимизда шахматнинг янада ривожланишига ҳисса қўшса, ўз ўрнида Жаҳонгир Ваҳидов банк таклиф этаётган кенг турдаги хизматлар, ишлаб чиқилаётган янги маҳсулотларнинг оммалашишида кўмаклашади. Бир сўз билан айтганда, ёш шахматчи “Туронбанк” маркетинг стратегиясининг ажралмас қисмига айланиб, корпоратив имижнинг асосий қаҳрамони бўлади.

Шундай қилиб, “Ёшлар куни” муносабати билан ўтказилган анжуманда бир қатор ёшлар сўзга чиқишди. Жумладан, “Туронбанк” АТБ брендининг расмий элчиси (амбассадор), 44-шахмат олимпиадаси ғолиби, “Ўзбекистон ифтихори” медали соҳиби Жаҳонгир Ваҳидов, “Туронбанк стипен­дияси” совриндори, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Ҳаётхон Муҳаммаджонова, ўқиш давридаёқ банк тизимига ишга кириб, бугунги кунда раҳбарлик лавозимига эришган “Туронбанк” АТБ Юридик департамент директори Фахриддин Маҳмудовлар ҳам банк томонидан ёшлар билан ишлашнинг янгича механизми ҳамда доимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдиришди.

— Ҳақиқатан ҳам ёшлар бу хазина, уларнинг билими, янгиликларга интилишдаги шижоати тўғри йўналтирилса, юқори натижаларга эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам “Туронбанк” АТБда ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, дунё молия бозорида рўй бераётган тенденциялардан ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида турли семинар-тренинглар ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилади, — деди “Туронбанк” АТБ Юридик департамент директори Фахриддин Маҳмудов. — Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги қарори ижросини таъминлаш масаласига ёшлар нуқтаи назаридан “Туронбанк” АТБда алоҳида эътибор қаратилган. Молия муассасасининг энг фаол ва ташаббускор ёшлари билан мана шундай учрашувлар, давра суҳбатларини ўтказиб туриш анъанага айланган.

Шубҳа йўқ, бу каби кенг қамровли ишлар, ташаббуслар натижаси яқин келажакда ўз самарасини беради ва савияли, илмли кадр­лар тайёрлаш йўналишида муносибларни саралаб беради. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, биз маърифат борасида “илиги тўқ” халқмиз.

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли,

“Hurriyat” мухбири.

Реклама ҳуқуқи асосида

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − seven =