“Туронбанк”: Самарали меҳнат, натижа, сарҳисоб ва режалар

Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал тус олиб, аҳолини камбағалликдан чиқариш, тадбиркорликка ўргатиш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча жабҳаларида бўлаётган ўзгаришлар, банклар тизимида ҳам жадал амалга оширилмоқда. Иқтисодиётнинг глобаллашуви жараёнида соҳанинг қон-томирлари саналган банкларни тез суръатларда ривожлантириб боришни даврнинг ўзи талаб этаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Маълумки, Ўзбекистон молия бозорида 33 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки Республика бўйича алоҳида ўринга эга. Банк доимий равишда ўсиб, ривожланиб, барқарор молия муассасаси сифатидаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаб келаётгани ҳам сир эмас. У ўзининг 21 та банк хизматлари маркази ва 70 дан зиёд офислари орқали 622 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ўтган 2023 йилда тижорат банки фуқароларнинг молиявий эҳтиёжларини қондириш, бизнес эгаларининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, янги маҳсулотларни амалиётга татбиқ этиш бўйича самарали ишларни олиб борди. Бу ҳақда куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.

Анжуманда “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки бошқаруви аъзолари, ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Дастлаб,  “Туронбанк” АТБ Бошқарув раисининг ўринбосари Шаҳло Ибрагимова молия муассасасининг ўтган 2023 йил якунлари ва асосий кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига банкнинг жами капитали 1 трлн 897 млрд сўмни ташкил этган. Айни шу даврда активлар 15 трлн. 939 млрд. сўмга етиб, 23,8 фоизга ошган. Шунинг­дек, ўтган 2023 йилда юридик ва жисмоний шахслардан жалб қилинган депозитлар миқдори 4 трлн 661 млрд сўмга етди. Бу ўтган йил билан солиштирганда 33,5 фоиз кўп демакдир. Жами кредит қўйилмалари эса 11 трлн 894 млрд сўмни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ўсгани эътиборга молик.

Шаҳло ИБРАГИМОВА,

“Туронбанк” АТБ Бошқарув раисининг ўринбосари:

– Банкимиз томонидан ҳисобот даврида бизнес эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида банк томонидан 3 трлн 202 млрд сўмлик кредитлар ажратилди. Шундан кичик бизнес субъектларига 1 трлн 437 млрд сўм, аёллар тадбиркорлигига 86 млрд сўм, ёшларнинг стартапларини амалга ошириш учун 82 млрд сўм ва бошқа қатор йўналишларга маблағлар йўналтирилди. Йирик корпоратив мижозларнинг истиқболли бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун эса Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Туркиянинг Эксимбанки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Хитойнинг Эксимбанки, Германиянинг “АКА” банки, Чехиянинг CSOB банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик янада фаоллаштирилди.

Улар орқали “Қишлоқ хўжалиги”, “Чорвачиликни ривожлантириш”, “Озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш”, “Тўқимачилик ва текстиль”, “Мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш”, “Туризм”, “Хизматлар соҳаси” ҳамда “Ҳунармандчилик” каби ўнлаб йўналиш­ларга хорижий кредит линиялари ўзлаштирилди. Хусусан, ҳозирги кунга қадар 1000 дан ортиқ лойиҳаларга 270 млн АҚШ долларлик маблағ ажратилди.

Чиндан ҳам банк ҳар вақт ўз мижозлари учун энг яхшисини, унумлисини, бир сўз билан айтганда, қулай, тезкор, ортиқча қоғозбозликдан холи хизматларни таклиф қилиши билан бошқа банклардан ажралиб келган. Бу борада сўз кетганда, эндигина ўз бизнесини бошлаётган тадбиркорлар учун банк томонидан яратилаётган қулайликларни алоҳида эслаб ўтиш жоиз.

Элдор ВАҲОБОВ,

 “Туронбанк” АТБ чакана бизнес департаменти директори:

– “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки ўтган 2023 йилда эндигина ўз бизнесини бошлаётган ёки капиталлашув даражасини ошириш истагида бўлган кичик бизнес субъектлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам бир қатор манфаатли хизматларни таклиф этди.

Хусусан, “Айланма маблағларни тўлдириш”, “Ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш”, “Микрокредитлаш”, “Инвест лойиҳаларни ривожлантириш”, тендер савдоларида қатнашишлари учун “Банк кафолати”, “Экспорт амалиётларини бажариш” ҳамда қуёш панеллари учун “Eko panel” номли хизматлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, юридик шахсларнинг бўш турган сармояларини юқори фойда билан хавфсиз кўпайтириш мақсадида миллий валютада 20 фоиздан, хорижий валютада эса 7 фоиздан депозитлар таклиф этилмоқда. Қолаверса, ишбилармонларимизнинг вақтлари ва маблағларини тежаш мақсадида, банк томонидан улар учун ҳисоб-рақамларга масофадан хизмат кўрсатувчи махсус “TuronBusiness” мобил иловаси, “SMS ва Internet banking” хизмати ҳамда “One Touch” сингари инновацион дастурлар ҳам ишга туширилган. Бугунги кунда мазкур қулайликдан қарийб 48 минг нафар юридик мижозлар фойдаланишмоқда.

Шунингдек, анжуман давомида ўтган 2023 йилда жисмоний шахсларга кўрсатилган хизматлар, таклиф этилган янги маҳсулотлар бўйича ҳам маълумотлар берилди. Унга кўра, “Туронбанк” АТБ томонидан жисмоний шахсларга умумий ҳисобда 1 трлн 612 млрд сўм миқдоридаги кредитлар ажратилган. Уларнинг 343 млрд сўми 1 598 нафар мижозга ипотека кредитига, 8,2 млрд. сўми 284 нафар мижозга истеъмол кредитига, 336 млрд. сўми 25 минг 569 нафар фуқарога микроқарзга, 906 млрд сўми 5 минг 695 нафар мижозга автокредитга, 18,3 млрд сўми 2 минг 41 нафар талабаларга таълим кредитига ва 74 млрд сўми 13 минг 809 нафар мижозга  онлайн микроқарзга расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, 2023 йил якунлари бўйича “Туронбанк” АТБ кассаларига 1 трлн 552 млрд сўмга тенг аҳоли омонатлари жалб этилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ўсган. Бунинг натижасида мижозларга қулай ва манфаатли бўлган миллий валютада “Ipoteka”, “Ustivor”, “Imkoniyat plus”, “Maksimum onlayn” ҳамда хорижий валютада “Optimum” омонатлари тақдим этилгани таъкидланди.

Қолаверса, нақд пулсиз ҳисоб-китоб­ларни кенгайтириш ва пластик карточкалар эмиссиясини кўпайтириш бўйича 2023 йилда 599 минг 162 дона миллий валютадаги пластик карточкалар муомалага чиқарилган бўлиб, шундан 371 минг 710 донаси “UzCard” ва 227 минг 452 таси “Humo” тизимидаги пластик карточкалар ҳисобланади. Шу билан бирга, “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки 3 мингга яқин “Visa” ҳамда 15 минг 299 та “MasterCard” халқаро пластик карточкаларини ҳам фуқароларга очиб берган. Мазкур пластик карточкалардаги пулларни нақдлаштириш, кирим қилиш ва бошқа амалиётлар учун бутун Респуб­лика бўйича 144 та “UzCard”, 132 та “Humo” ва 63 дона валюта айирбошлаш хусусиятига эга банкоматлар ишлаб тургани ҳам сўзимизнинг тасдиғидир.

Шу ўринда яна бир жиҳатни қўшимча қилиш лозим. “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда 2022 йилда банкнинг янги “MyTuron” мобиль иловасининг янгиланган талқинини ишлаб чиққан эди. Янги дизайн, замонавий интерфейс ва кўплаб банк хизматларини ўзида жамлаган иловани 2023 якунлари бўйича 150 мингдан ортиқ фойдаланувчилар юклаб олишган ва идентификациядан муваффақиятли ўтишган. “MyTuron” мобиль иловаси бир неча дақиқа ичида онлайн микроқарз олиш, “UzCard”, “Humo”, “Visa” ва “Mastercard” пластик карталарига буюртма бериш, “Humo Virtual” картасини бепул очиш каби кўплаб қулай вазифалари билан мижозларнинг ишончига эришган.

Анжуманда ОАВ вакиллари билан савол-жавоб ҳам ўтказилди. Уларнинг саволларига банк раҳбарияти томонидан атрофлича жавоблар берилар экан, бугунги кунда мижозлар учун таклиф этилаётган ва оммалашиб бораётган банк маҳсулотларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, бирламчи ва иккиламчи бозордан хонадон харид қилиш истагида бўлган мижозлар учун 10 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга, йиллик 16 фоиздан бошлаб, ҳеч қандай расмий даромадсиз, 416 млн сўмгача ипотека кредити ажратилмоқда экан. Албатта, шартлар сиз танлаган уй ва унинг бошланғич тўловига қараб ўзгариши мумкин.

Қолаверса, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббус­ларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бизнесга биринчи қадам” номли кредит тури ҳам ишлаб чиқилганлиги айтилди. Унинг доирасида фуқароларга 5 млн сўмгача бўлган молиявий кўмакни ҳеч қандай бошланғич тўлов ва гаровларсиз, шунчаки суғурта полиси ёки учинчи шахс кафиллиги билан олишлари мумкин бўлади. Агарда улар ўз бизнесларини янада кенгайтириш истагида бўлсалар қўшимча яна 300 млн сўмгача мик­рокредит ҳам ажратилади. Фақатгина бунда кўчар, кўчмас мулк ёки автотранспорт воситаси гаров сифатида тақдим этилиши лозим.

Қолаверса, мижозларга “Истеъмол кредити”, “Микроқарз”, “Расмий даромадсиз микроқарз”, “Саёҳат учун кредит”, “Соғлиқни сақлаш учун кредит” ва “Таълим кредити” каби маҳсулотлар ҳам тақдим этилмоқда. Улар ҳақида батафсил банкнинг www.turonbank.uz расмий сайтида танишишингиз мумкин.

Эътиборга молик жиҳати, “Туронбанк” акциядорлик тижорат банки мамлакат молия бозоридаги ўз ўрни ва имижини янада мустаҳкамлаб, жисмоний ва юридик шахсларга кўплаб янги хизмат ва маҳсулотларни тақдим этаётган ишончли молия муассасаларидан биридир. Айтиш мумкинки, энг илғор ва яхшиларидандир.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

 

Реклама ҳуқуқи асосида

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − seven =