Лазги парижликларни мафтун этди

Наврўз шукуҳи дунё аҳлини ҳам мафтун этмоқда. Париждаги машҳур маданий масканларидан бири – “Theatre de la Ville” теат­рида Наврўз байрамига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтди.

 Қайд этиш жоизки, ушбу театр ҳар йили Франция пойтахти аҳолиси ва меҳмонларини Наврўз байрами нишонланадиган мамлакатлар маданияти билан таништириб боради. Бу йилги тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Эрондан  келган санъаткорлар иштирок этди.

Ўзбекистон санъат усталари томонидан тақдим этилган “Хоразм оқшоми” дастурида Давлат филармонияси солисти, “Ниҳол” мукофоти соҳиби Дилноза Ортиқова, Давлат “Лазги” ашула ва рақс ансамбли хонандаси Дилмурод Отажонов, созанда Санъатбек Шукуруллаев ва Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли созандаси Тўлқинбек Тожиев томонидан ўзбек миллий куй ва қўшиқлари ижро этилди.

Ўзбекистонлик қўшиқчиларнинг чиқишлари  шу куни “Theatre de la Ville” театрига келган томошабинларда илиқ таассурот қолдирди ва  уларнинг давомий олқишларига сазовор бўлди.

Қувонарлиси, концерт якунланганидан сўнг, француз томошабинларининг таклифига биноан “Theatre de la Ville” фойесида ўзбек санъат  усталари лазгини қайтадан ижро этишди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат ансамбли директори Гулнора Мусаева ва раққоса Дилноза Ортиқова томонидан “Лазги” рақси бўйича маҳорат дарси ташкил этилди. Француз рақс ихлос­мандлари лазгининг тарихи ва турлари билан танишдилар, шунингдек, Дилноза Ортиқова кўмагида Хоразм рақсининг баъзи элементлари ва плас­тикасини ўргандилар.

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти      Фредерик Брессан:

— “Theatre de la Ville”да хоразмлик санъаткорлар иштирокидаги концертга ташриф буюрганимдан жуда хурсандман. Лазги рақси жуда ажойиб, айниқса, гўзал раққоса Дилноза Ортиқованинг  чиқишлари менда катта таассурот қолдирди. Ушбу концерт парижликлар учун Наврўз байрамига ҳақиқий совға бўлди. Ўзбекистон санъаткорларининг Францияга гас­троль сафарини уюштирганларга миннатдорлик билдираман.

Томошабин Жоуве Вилар:

— Парижликман, бугун Наврўз байрами муносабати билан ташкил қилинган концертни томоша қилиш учун ушбу театрга келдим. Ўзбек санъаткорлари ижросидаги қўшиқларни тинглаш, рақсларни томоша қилиш, ўзбек мусиқа мада­нияти билан танишиш имкониятига эга бўлганимдан бағоят хурсандман. Бугунги концерт мен учун ҳақиқий сюрприз бўлди. Катта раҳмат.

“Дунё” АА,

Париж шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 11 =