Дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари

Қўқон шаҳрида Озарбайжон ҳунармандчилигига оид миллий кўргазма очилди

Дунёда тили, урф-одатлари, маданияти, ҳатто ташқи кўринишидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжон халқларини ана шундай халқлар қаторига бемалол қўша оламиз. Ҳар икки миллат вакиллари бир-бирини таржимасиз тушуна олади. Турмуш тарзимиз, анъана ва урф-одатларимиз, халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда муштарак жиҳатларни кўплаб учратиш мумкин.

Бу икки буюк халқни асрлар, минг йиллар мобайнида бир-бирига боғлаб келган ўхшаш жиҳатлар ҳам бор. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш “Авесто” китоби, шунингдек, халқ оғзаки ижодининг ўлмас дурдоналари саналган “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб”, “Дада Қўрқут” достонлари ана шу азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир. Ўзбек мусиқасининг гултожи саналган нодир мақомларимиз ва бетакрор Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди.

Маълумки, қадим ва навқирон Қўқон шаҳрида Халқаро Ҳунармандчилик фестивали доирасида Халқаро Ҳунармандчилик музейи очилган эди.

Куни кеча эса Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг лойиҳаси билан Қўқон шаҳридаги мазкур музейда Озарбайжон миллий ҳунармандчилиги, қўл меҳнатига доир намуналар жойлашган доимий бурчаги — миллий стендининг очилиши ўтказилди. Маданий тадбирда Фарғона ви­лояти Қўқон шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат вакиллари, зиёлилар, олий таълим муассасаси талабалари ва журналистлар иштирок этишди.

Дастлаб уни кириш сўзи билан очган Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги юксак савияли муносабатлар, сўнгги йилларда йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳақида гапирди. У Қўқон шаҳрининг қадимий тарихи, бу ерда ҳунарманд­чилик, қўл меҳнати санъатининг кенг ривожланганини ва ҳар икки йилда бир марта бу шаҳарда ўтказиладиган Халқаро Ҳунармандчилик фестивали доирасида 70 дан ортиқ ўлка ҳунармандларининг иштирок этганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, эндиликда музейда Озарбайжон ҳунармандчилигига оид экспонатларнинг ҳам доимий равишда намойиш қилиниши дўстона муносабатларнинг амалдаги тасдиғи эканини билдирди.

— Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг муваффақиятли йўлга қўйилгани, маданий алоқаларнинг кучайиши борасида қилинган ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин, албатта. Қўқон шаҳрида яратилган музейда “Ҳайдар Алиев йили” муносабати билан Озарбайжон қўл меҳнатига, ҳунармандчилигига оид қизиқарли экспонатларнинг кўргазмаси ҳар йили бу шаҳарга ташриф буюрувчи миллионлаб туристларнинг ва анъанавий тарзда ўтказиладиган фестиваль иштирокчиларининг орасида миллий маданиятимизнинг кенг тарғиботига имкон яратиши шубҳасиздир, — деди Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг директори Самир Аббосов.

Ҳунармандчилик музейида яратилган Озарбайжон бурчагида 130 йиллик тарихга эга Озарбайжоннинг Қорабоғ гилами, халқимизнинг каштачиликка мансуб энг қадимий тури – такалдуз (каштачилик намунаси), ипакдан тикилган аёллар бош кийими – калағайилар (узун рўмол тури), ёғоч ўймакорлиги асосида тайёрланган тарихий Ичаришаҳар ва Шуша қалъасининг тасвирлари акс этган портретлар, Озарбайжон байроғи акс этган харитамиз, миллий кийимдаги қўғирчоқлар, миллий нақшлар билан безатилган ва халқимизнинг бой маданиятини акс эттирган экспонатлар, махсус дизайн асосида мисдан тайёрланган қадимий чироқнинг макети ва бошқа экспонатлар ўрин олган. Бундан ташқари миллий бурчакда улуғ йўлбошчи Ҳайдар Алиевнинг ёғочга чизилган расми ва имзоси, Озарбайжон миллий мусиқа асбоблари ва рақслари, халқ ўйинлари – кураш санъати, гилам тўқиган Озарбайжон аёли, муғом (мақом) ижро этган учликни акс эттирувчи ёғоч ва пластмассадан тайёрланган махсус макетлар ҳам бор.

Кўргазма доирасида Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси билан ўзбек тилига таржима қилинган мумтоз адабиёт намояндалари – Низомий Ганжавий, Имомаддин Насимий, Муҳаммад Фузулий, Мулла Паноҳ Воқиф, Хуршидбону Нотавон ва бошқаларнинг асарлари ҳам тақдим этилди.

Озарбайжон ҳунармандчилигига, қўл меҳнатига доир ушбу кўргазма дунёдаги озарбайжонликларнинг бирдамлик куни ва Янги йил байрамига қадар давом этади. Кўргазма тугагач, ундаги барча экспонатлар доимий равишда Ҳунармандчилик музейи инвентарига топширилиши кўзда тутилган.

Чиндан ҳам, ўзбек халқининг озар қардош­ларимизга бўлган эҳтиромини жуда кўп мисоллар ёрдамида кўришимиз мумкин. Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб кўча ва хиёбонлар, маданий-маърифий муассасалар озарбайжон халқининг буюк фарзандлари номи билан аталади. Хусусан, пойтахтимиздаги кўчалардан бирига озар халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг номи берилган. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Озарбайжон миллий маданият маркази биноси олдида буюк давлат ва сиёсат арбобига ёдгорлик ўрнатилган. Умуман, халқларимизни бирлаштириб турган яқинлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик нақадар қадимий бўлса, унинг истиқболи ҳам шу қадар боқийдир.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 3 =