Оҳларим етгаймикин сенга бориб?..

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраевни ёд этиб

 

Негадир, хонандалардан “кумир”им – йўқ. Эҳтимол, бу ашула айтишга лаёқатим камлигидандир. Чунки ўзим рубоб ё дутор чалиб, кўпроқ завқ олсам керак-да. Лекин Ҳожи Абдулазиз Расулов, Ҳалима Носирова, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Берта Давидова, Ботир Зокировлар овози ва ижросида ажиб гўзаллик, ҳеч кимникига ўхшамаган ўзига хослик, баландпарвоз ифода деб ҳисобламасангиз, илоҳий бир жозиба борлигини ич-ичдан ҳис қиламан. Уларнинг ашула ё қўшиқларини эшитсам, баъзан Аллоҳнинг шундай қудратига қойил қолганимдан беихтиёр йиғлагим ҳам келади.

Талабалик йиллари афсонавий хонанда, Шерали Жўраев ҳақида кўп баҳслашардик. Унинг саҳнада ўзини ҳаддан ташқари эркин тутиши, кутилмаганда ўнг қўлини тордан бўшатиб, созни чап қўлида осилтириб олиши, мусиқани хоҳлаганча бузиб, ҳатто, тўхтатиб қўйиб, ашула ўртасида декламацияга ҳам ўтиб кетиши мумкинлиги ва ҳоказолар юзасидан кўп тортишганмиз. Очиғи, камина кўпинча унинг танқидчилари сафида бўлар эдим.

Йиллар ўтди. Ҳофиз тинмай ўзини ўстирди. Умр бўйи халққа хизмат қилди. Тўхтамай янги-янги йўллар, ғоялар, оҳанглар, усуллар, услублар излади. Эл-улуснинг кўнглига кирди. Шуни исботладики, ҳар ким ҳам хонандаликда у эришган юксакдан-юксак даражага кўтарила олмайди.

Бугун эса баҳс-мунозарага ҳожат йўқ. Шундай буюк санъаткоримиз орамиздан кетди. Энди унинг ижодига ялпи ҳолда баҳо бериш мумкин.

Хўш, у нималар қилди?

Сўзга ошуфта эди. Хонандаликни мусиқа ва овоз орқали элга фикр айтиш воситаси, деб ҳисоблар эди. Хонандани бевосита мафкуравий соҳа вакили, деб билди. Халққа мусиқа ва овоз орқали ғоя беришни мақсад қилди. Оммани шу ғоялари ортидан эргаштирди. Ахир у сўзини тушунмаган ҳолда бирорта ҳам қўшиқ айтгани йўқ. Шеърнинг сўзини тушуниш у ёқда турсин, ҳатто, сўзини тушунтирмасдан туриб ҳам бирорта ашула ижро этмади.

Бу фикримизни теранроқ тушуниб олиш учун мумтоз ашулалар ижро этадиган айрим хонандаларни кузатинг. Неча фоизи шеърни тушуниб айтади? Бир хонанда:

– Навоийнинг “Қоши ёсинму дейин…” деб бошланадиган ғазалини севиб ижро этиб келяп­ман-у, лекин шу “мудейин” деган сўзни ҳеч тушунолмайман-да, – деган экан.

Ҳолбуки, эски ўзбек тилида “мудейин” деган сўз – мутлақо йўқ. Бундаги “-му” ҳозир “-ми”га айланган сўроқ қўшимчаси, “десаммикан” маъносидаги “дейин” эса – бугун ҳам тилимизда мавжуд, ҳатто, баъзи шеваларимизда жуда фаол қўлланади ҳам.

Ҳофизнинг мусиқани баъзан “бузиш”и, ҳатто, уни бир неча сония тўхтатиб қўйиб, дек­ламацияга ўтиб кетиши замирида ҳам, аслида, ана ўша сўзни тингловчига обдон етказишга бўлган кучлидан-кучли илинж ётади.

Шеърни кўп ўқир эди. Чунки ашула учун матнни ўзи танлаши керак       эди-да.

Баъзи қўшиқчиларга шеър тутқазсангиз, бир ўқиган бўлади-да:

— Ака, бунинг сўзлари қўшиққа тушмас экан, — деб қўлингизга қайтариб беради. “Хўш-хўш?! — дейман ичимда,   – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси-ку аруз вазнида, яъни қўшиққа мос оҳангда битилган, лекин Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидаси қўшиқ учун ёзилганми? Шерали Жўраев шуни ҳам мумтоз бир қўшиққа айлантирди-ку!”.

Очиғи, бу икки қўшиқни халқимиз Ўзбекис­тонимиз ўз мустақиллигига эришганига қадар худди бир миллий мадҳия янглиғ қабул қилди.

Ҳофиз билан кўп кўришмаганмиз. Лекин баъзи хотираларим йўқ эмас.

Шерали Жўраев қаттиқ қатағонга, тақиққа учраган кезлар. Камина ҳам меҳнат қиладиган “Тафаккур” журналида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Ҳофиздан ҳам материал олдик. Мақсадимиз – шуни чиқарсаг-у, секин-секин у кишига йўл очилса. Қаёқда, цензура ўтказмади.

Ўша кезлари Алишер Навоий театрида Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси навоийхонлик тадбирини ўтказди. Навоийшунослардан Суйима Ғаниева билан камина қисқа-қисқа маъруза қилган бўлдик. Кейин Шерали Жўраев шоир ғазалларидан куйлади. Залдан ўша тақиқ йиллари яратилиб, эл орасида жуда-жуда машҳур бўлиб кетган “Гулбадан”ни илтимос қилишди. Театр саҳнасидаги ижрочи тўппа-тўғри қиблага қараб туради. Тўғрида эса давлатимизнинг энг катта идораси жойлашган. Ҳофиз:

Оҳларим етгаймикин сенга бориб?.. –

деган сатрни айтар экан, қўлларини чўзиб, ўша катта идорага ишора қилади-да, зимдан каминага қараб қўяди.

Бугун яширмайман: ўшанда ич-ичдан у киши учун қаттиқ ачинганман.

Ҳар ҳолда, каминанинг қатъий хулосаси шуки, ижодкорга “сиёсатчи” деб қарамаслик, бу тоифа кишиларнинг асосий фазилати уларнинг эркинлиги эканини асло унутмаслик керак экан.

Ўзи ўша тадбирга хонандани чақиришдан мақсад ҳам ахборотда уни кўрсатиб юбориш, шу тариқа “тақиқ”ни очиб юборишга йўл очиш илинжи бўлган.

Бировга ортиқча раҳм қилаверсам, онам раҳматли уришиб берар эдилар: “Қўй, ҳар кимнинг раҳмини Худо есин, сен кўп раҳм қилаверма, Яратганнинг қаҳри келар экан…” – дердилар.

Онам рост айтган эканлар: 2010 – 2016 йиллар каминанинг ўзи ҳам шу ҳофизимиз кўп заҳрини тотган тақиқдан озгина тотиб кўришига тўғри келди. Ўшанда у кишини яна ҳам кўпроқ тушунган бўлдим.

Шукрки, 2016 йил охирларидан ҳофиз учун кенг йўл очилди. Телевидениеда бир навоийхонлик кечаси ташкил этилди. Унда навоийшунос мутахассис бир ғазални қисқа шарҳлайди, кейин у ижро этилади. Орада Шерали ака:

– Мен отамга: “Нега менга “Алишер” деб от қўймагансиз? Ўшанда, эҳтимол, Навоийдай машҳур бўлиб кетармидим? – деганман, – деди.

Шунда шарт олдимизда турган микрофонни олдим-да:

– Мусулмон Шарқи мумтоз бадииятида “тарди акс” деган санъат – бор. Унда сўзларнинг ўрни ўзаро ўзгартириб қўлланади. Масалан, шоир аввал “Шерали” дейди, кейин “Шер” билан “Али” сўзларининг ўрнини алмаштириб ишлатади, “Алишер” бўлади. Сиз ҳеч армон қилманг: “Шерали” – “Алишер”– дедим.

Бу лутф ҳофизга маъқул тушди. Залдагилар ҳам қарсак чалиб юборди.

Тақиқни ҳар ким ҳар хил қабул қилади. Биров бутунлай, биров вақтинча Ватанни тарк этади. Биров дарҳол мухолифатга қўшилиб, давлатни ёмонлашга ўтиб олади. Бошқа биров тушкун бўлиб, бор ижодини ҳам бой бериб қўяди. Шерали Жўраевнинг ижоддан тўхтагани, иғво-ғийбатларга қўшилгани, сиёсатни ёмонлаганини эшитмадик. Очиғи, кейинги пайт­ларда унда ўз тақдирини Аллоҳнинг иродаси сифатида талқин этишга мойиллик кучайган эди. Яратган унинг кўнглида ажиб бир сўфийлик ҳам пайдо қилган эди. Бунга талай мисолларим бор. Аммо ҳозир уларни айтишнинг ўрни эмас.

Бир гал 14 февралда уйида Навоий ва Бобур руҳини ёдга олиб, бир эҳсон давраси ташкил этди. Пойтахтимизнинг таниқли-таниқли зиёлилари йиғилган эди. Камина Навоий ижоди, унинг чиғатой тилида ёзилгани, дунёдаги туркий тиллар қарлуқ-чигил, қипчоқ ва ўғуз гуруҳларига бўлиниши, лекин ўзбек халқининг ана шу уч катта гуруҳ бирлигидан иборатлиги ҳақида гапирдим. Кейин таниқли навоийшунос Олимжон Давлатовдан ҳофизимизнинг 70 ёшликларида ёзилиб, бир газетада босилган шеъримни ўқиб беришини илтимос қилдим. Олимжон шеърни аввал акага кўрсатиб олди.

– Менга ноқулай, ҳозир чиқиб кетаман, кейин ўқиб берасиз, – дебдилар. Шундай қилинди ҳам.

…Мана, бугун Шерали Жўраев орамизда йўқ. Ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам, бир гапни айтаман: маҳалламизда ўшандан буён ҳар куни ё у, ё бу ҳовлида овоз кучайтиргични энг баланд нуқтасига бураб қўйилган ҳолда ана шу афсонавий хонанда қўшиқлари янграб турибди.

Санъат ўлмайди! Ҳақиқий санъаткор ҳам! Демакки, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳам!

Келинг, яхшиси ўша ҳофиз хонадонида ўқилган шеърни сиз ҳам бир ўқиб кўринг.

 

                              БАДИҲА

 

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев таваллудининг 70 йиллигига

 

Бахшиликнинг айби шуки, дил дафъатан

Шеър тўқийди шапир-шупур – бадиҳатан.

 

Бошқаролмай қолар сўзнинг елганини,

Айтиб ташлар шунда тилга келганини.

 

Тингланг энди, бахши кўнгил бир жўшди-да,

Сўзни сўзга, гапни гапга бир қўшди-да.

 

Қандай замон бошланганин билмаганлар,

Уйғонинглар, бунга назар қилмаганлар.

 

Зиёлини элдан тўсиб бўлмас экан,

Тўсган билан чин зиёли ўлмас экан.

 

Кечирди Ҳақ Ҳавво, Одам Атоларни,

Нима бўлар кечирсак биз хатоларни?!

 

Пичоқ санчиб, уни буткул сўймадилар,

Лек саҳнага чиқишга ҳам қўймадилар.

 

Қизғандилар элнинг меҳру вафосидан,

Қўрқмадилар бир дил чеккан жафосидан.

Сой бўйида зилол сувга етмади-ку,

Бошқалардек юртин ташлаб кетмади-ку.

 

Ё ҳеч қачон элига тош отмади-ку,

Севган она Ватанини сотмади-ку!

 

Чорак аср ўксик юрак тоза тўйди,

Ўз сабридан, қаранг, буюк   ҳайкал қўйди.

 

Худо элга бир бағри кенг даҳо берди,

Ниятига лойиқ унга сахо берди.

 

Бу ҳофизга яна саҳна тўри бўлди,

Куйлагани ашуланинг зўри бўлди.

 

Садо қайтди, етиб юрт ҳар дарасига,

“Ўзбегим” деб тортган асл наърасига.

 

Тақиқларнинг чорак асри ортда қолсин,

Ютқазгани йилларининг ҳаққин олсин.

 

Балосини ёғдирмасин энди бошга,

Етмишини ҳисоблайлик қирқ беш ёшга.

                                                               2017.06.09.

 

Султонмурод ОЛИМ,

Тошкент амалий фанлар

университети профессори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =