Барҳаёт руҳлар навоси

Сўз – соз – овоз вобасталигида яраладиган дилнавоз асар – қўшиқ (ашула) ҳар доим харидоргир. Таассуфли жойи шундаки, унинг умри бир марталик ҳам бўлиши мумкин ёки абадиятга муҳрланиб колиши ҳам бор гап. Яқинда шундай ҳол рўй берди: “Зангори экран”да бир кошонадан концерт намойиш этилаётган эди. Мухлислар доимий ижрочиларни лоқайд кузатардилар. Бирдан ёмғир томчилагандек рез билан мусиқа бош­ланди, кейин у сокин давом этувчи навога уланди-да, хонанданинг жозибадор овози янгради:

Дилимнинг армон косаси лим тўладир кечалар…

Бу кўшиқ бутунлай бошқача эди, бу янги кўшиқ эди. Ҳамма ҳушёр тортди, нафас чиқармай охиригача тинглади. Чинакам санъат ҳаммани сеҳрлаб қўйганди. Қўшиқ ижрочиси Озода Ёрова ўша оқшом минглаб қалбларни кашф этди. Хушовоз хонанда билан мухтасар суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

 

— Озодахон, “Кечалар” қўшиғингизнинг муваффақиятини нимада, деб биласиз?

 

— Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов яратган бу асарни ижро этганимдан ўзим ҳам мамнун бўлдим. Қўшиқ мумтоз услуб билан замонавий оранжировканинг бирлашиб кетишидан яралган, бир сўз билан айтганда, бугунги тингловчига ёқадиган оҳанг ўзимизнинг қадимий мусиқамиздан сув ичгани қўшиқнинг муваффақиятини таъминлаган. У миллий анъаналаримизнинг замонавий талқинидир. Қолаверса, шеърнинг маъноси менинг руҳий ҳолатимга яқин эди, мен сўзларни қалбим, юрагим билан талаффуз қилдим.

 

— Ҳақиқатан, қўшиқнинг ютуғида биринчи омил — ижрочи. Сиз бир ой ёки бир йилда бу даражага етмагансиз.

 

— 1996 йилда консерваторияни тугатиб, Паркентдаги мактабларда мусиқадан дарс бердим. Классика, мақом руҳиятим,табиатимга яқин, шу туфайли йўллар мени мақомчилар ансамблига олиб келди. Бу даргоҳда жуда катта мактабни ўтадим. Мақомнинг шундай сеҳри борки, унга ошиқ бўлгандан сўнг кетиб қола олмайсиз. Мақом миллий қўшиқчилигимизнинг энг юқори даражаси. Менинг назаримда, мақом ҳали ўзининг барча имкониятларини намоён эта олгани йўқ, шунинг учун ҳам у куйланмаган қўшиққа ўхшайди. Бироқ кўплаб устозларимиз бу нодир санъатга бор умрларини бағиш­ладилар. Устозим Эсон Лутфуллаев олтита “Сараҳбор”нинг ҳаммасини ижро этаман, деб олдига ҳаётий мақсад қўй ган эди. Ҳақиқатан, мақсадига етди, “Шашмақом”нинг жами муқаддимасини ўз услубида куйлади.

Шунингдек, Фаттоҳхон Мамадалиев, Орифхон Ҳотамов бу борада мактаб яратиб кетишди. Бугун уларнинг ўрни жуда билинаяпти (жойлари жаннатда бўлсин). Мақом ҳали тўла кашф қилинмаган қўшиқ, унда кишини ўйлантириб қўядиган теранлик, ғайратлантирадиган шиддат, эзгу туйғуларни кучайтирадиган маҳзунлик ва латофат мужассам. У халқимизнинг барҳаёт навоси бўлиб янада юқори даражаларга кўтарилиши лозим.

— Мақомни юракдан севишингизга ишондик. Энди мулоҳазаларимизни бош­­қа ўзанда давом эттирсак. Замонавий эстрадага муносабатингиз қандай?

 

— Эстрадага муносабатим, ҳурматим мақомдан кам эмас. Ҳозир бу жанрда изланиш­лар кетаяпти. Ана шу изланишлар бизнинг тарихий илдизларимизга таянса, яхши асарлар яратиларди. Қадим-қадимдан халқ томошалари, сайлларида ҳузурбахш наволар янграган, улар мақомлар даражасида беназир бўлган. Бугун қайси санъаткор шу ҳақиқатни тан олаётган бўлса, у муваффақиятга эришаяпти.

 

— Тўғри. Яхши асарлар қаторида баьзан ҳиссиз, тузсиз, бетайин хиргойилар пайдо бўлиб қолаяпти. Уларнинг тўқсон тўққиз фоизи қизнинг йигитдан ёки йигитнинг қиздан шикоятидан иборат. Бир аёл сифатида ва санъаткор сифатида бундай “асар”лар сизга қандай таъсир этади?

 

— Кўпчилик қатори ғашимни келтиради. Қўшиқчиликда муҳаббат талқини энг юқори даражада бўлиши лозим, қолаверса, бу санъатнинг ўзи муҳаббатдан туғилган. Севги-муҳаббат қўшиқлари бу сеҳрли оламнинг англанмаган қирраларини кашф қилиб, изтиробда юрган дилларга таскин бериши лозим. “Беқасам тўнлар кийиб бунча мени куйдирасиз” – мана шу мисранинг ўзи тугал бир қўшиқ, ундан ҳаё, нафосат, дард, соғинч уфуриб турибди. Ёки ошиқнинг ҳолати “Юзингни бир кўрай десам, қўлингни пардалар қилдинг” деган сатрда қандай гўзал ифодаланган?! Ҳозирги кўплаб қўшиқларда нафис туйғулар шунчалар дағал аксланадики, уларни тинглаб, ўша хонандага раҳминг келиб кетади. Гўё кимдир адашиб чаманзорга кириб қолган-у, гулларни аёвсиз пайҳон қилаётгандек туюлади.

 

— Қўшиқ мавзуларининг торайиб кетаётгани ҳам ташвишли-да…

 

— Ҳа, негадир аксарият қўшиқ деганда фақатгина икки жинснинг оҳу войини тушунадиганга ўхшайди. Ёши 40 дан ўтиб қолган хонандаларнинг одам ўсмирлигида кечирадиган туйғуларини қўшиқ қилиб куйлаши жуда эриш туюлади. Ҳолбуки, қўшиқда инсон кечириши мумкин бўлган ҳар қандай руҳий ҳолат оҳангга солиб куйланиши мумкин: имтиҳон арафасидаги талаба, йўлга чиққан ўғил ёки ҳар бир касб эгасининг ўз ички туғёни бор-ку, нега шуларни қўшиқ қилиб бўлмайди? Ўзим шундай асарлар яратилишига ишонаман, уларни жон-жон деб куйлашга тайёрман.

 

— Демак, мухлислар сиздан янги дилбар қўшиқлар кутиб колади. Бу йўлда омад ёр булсин.

 

Ҳ. МУҲАММАДИЕВ суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − three =