Замонавий тиббиёт
Эрталабки нонушта пайти Ната эри Корзухинга диққат билан тикилди, сўнгра безовталанган ҳолда бошини ушлаб:
— Нега бунчалик сарғайиб кетдингиз? — дея сўради.
Корзухин рафиқасининг дабдурустдан айтган гапига ҳайратланиб:
— Сарғайиб? Нега сарғаяр эканман? — деди.
— Билмадим, тўғриси. Жуда сарғайиб кетибсиз, азизам. Бу туришингиз менга ҳеч ёқмаяпти.
— Хўп, — дея тўнғиллади Корзухин. — Бошқа бундай бўлмайди, албатта, шифокорга кўринаман, хавотирланма!
Корзухин суҳбатни шу жойида тўхтатиб ишига кетди. Орадан икки кун ўтгач, аёли яна хавотир билан сўз очди:
— Ўлай агар, яна сарғайибсиз… Озроқ кўкарибсизам, шекилли. Жигарранг вискини эслатяпти афтингиз.
Корзухин бу сафар қўрқиб кетди.
— Нималар деяпсан? Ё тавба… Мана текширув варақаси.
— Балки, бу кўп ичаётганингиздандир. Бошқа шифокорга учрашиб кўрарсиз.
— Нима фарқи бор, ҳаммаси ҳам бир гўрда шифокорларнинг.
— Ана керак бўлса! Ундай деманг, бизнинг шифокорларимиз ҳамиятли, яхши инсонлар. Истасангиз, қишда мени даволаган шифокорни чақираман, қўли енгил эди жуда. Ҳозироқ унга мактуб ёзаман бугун кечгача етиб келинг деб, хўпми?
— Тўғрисини айт, хотин, ростданам сарғайиб, кўкариб кетибманми?
— Ўлай агар, аҳволингиз яхшимас. Баттар кўкарибсиз.
— Ахир эрталаб кўзгуга қарадим. Ҳаммаси жойида эди.
— Шунақа денг… — дея афсусланди аёл. — Демак, хотин ёлғон гапиради, қаёқдаги кўзгуга ишониш мумкин-а? Кўзгуга қарадим денг? Бўлди, тушундим, сиз эрталаблари сизга қаҳва дамлаб берадиган, кечқурун ширин овқатлар қиладиган, ўзининг ширин бўсалари билан ҳар кеч сийлайдиган одамга эмас, ана шу ойнага ишонасиз…
— Бўпти, хўп-хўп, шифокор чақирамиз.
Кечки овқат тугар-тугамай шифокор етиб келди.
— Салом, Наталья Павловна. Мактубингизни олибоқ оёғимни қўлимга олиб етиб келдим, эрингизни албатта даволаймиз, ахир у сизнинг борлиғингиз, кўзларингиз нури, шундайми?
Текширув жараёни узоқ давом этмади. Шифокор Корзухиннинг оёғидан болғачаси билан урди, юрагини тинглади, кейин тилини диққат билан кўздан кечириб:
— Сизга ичиш мумкин эмас! — деди. — Бу муқаррар ўлимга олиб келади.
— Нималар деяпсиз, доктор? — деди ранги оқариб кетган Корзухин. — Бирор чора топинг, бу нима деганингиз?
— Хўш, одатда, нималар ичасиз?
— Қиттай-қиттай ароқ, баъзида шампань ёки ликёр…
— Сизга спиртли ичимлик умуман мумкин эмас, шу жумладан, шампану ликёр ҳам…
— Буларсиз яшашнинг нима қизиғи бор, муҳтарам доктор?
— Қизиқ нарсалар кўп. Агарда кўпроқ руҳингизни тинчлантириш билан шуғуллансангиз, ҳаммаси жойига тушади.
— Хўп бўлади, ҳал қиламиз буни, доктор, — дея ваъда берди Корзухин авзойи бузилиб.
* * *
— Севгилим, биласизми, ухлаётганингизда тинмай йўталасиз…
— Бўлиши мумкинмас, мен тинч ухлайман.
— Сизни алдашдан менга нима наф, ишонинг, кечалари бетиним йўталяпсиз. Мени ухлашга қўймаяпсиз.
— Ишонмайман, агар шундай бўлса нега ўзим сезмадим?
— Жавоби жуда оддий: чунки ухлаётган бўласиз. Балки бунинг сабаби чекишдандир… Ҳеч ташламадингиз, ташламадингиз-да чекишни, шу сигареталарингиз кўзимга тап тортмас душмандек кўринади, тўғриси. Бўлди, етар шунча қийналганингиз, бугун шифокор чақирамиз, у сизни кўриб, даволаб қўйсин, ахир менга кераксиз.
— Ғалати ишлар бўляпти… Кеча ишхонада мендан: “Ахир касал эдингиз, қандай қилиб дарров тузалиб кетдингиз?” деб сўрашди.
— Шундайми? Кўрдингизми, агар даволанмаганингизда ишхонадагилар сизга бундай ёқимли гаплар айтишмасди, кўкариб-сарғайиб юраверардингиз. Одам теранроқ ўйлаши керак… ҳатто балиқ ҳам чуқурроқдан ўзига уй ҳозирлайди. Ўша балиқ учун у муз остида бўлса-да, курашавериб чарчадим, тўғриси, бироқ барибир хавотирдаман…
— Бўлди, тушундим. Чақир ўша шифокорингни, чақир!
Шифокор ғиз этиб етиб келди-ю, яна Корзухинни кўрикдан ўтказди. Ната тўғри айтган экан. Доктор уни бу сафар деярли кўриб ўтирмади, ташхис қўйди:
— Ўҳҳў! Чекишни ташламасангиз… Олдинда сизни жуда катта балолар кутяпти.
— Қанақа бало экан у?
— У ёққа равона бўласиз, — деди шифокор бармоғи билан тепага ишоралаб.
— Айтмоқчисизки, — дея пичирлади Корзухин паст овозда, — агар чекишни ташламасам, кафангадо бўламан, кейин энг тепа қаватдан уй олишга мажбур бўламан, шундайми?
— Мен асфаласофилинни назарда тутяпман, — деди шифокор жиддий оҳангда.
Корзухин оғриқдан лабини тишлади, кейин столдан сигаретасини олиб, ёниб турган каменга улоқтирди.
— Яшанг, биродар! — деди шифокор шанғи овозда. — Энди тишингизни дарҳол олиш керак.
— Тишингизни? — пичирлади Корзухин. — Тишим… керакмасми?
— Йўқ, сизга ҳозирча улар керак эмас. Ишонаверинг.
* * *
Орадан тахминан бир ҳафта ўтгач, шифокор яна Корзухинларникига ташриф буюрди.
— Наталья Павловна менга қўнғироқ қилди, кечалари алаҳсираётган экансиз…
— Ўлай агар, алаҳсираётганим йўқ. Тавба, нега алаҳсирар эканман?
— Ҳозир кўрамиз, текширамиз. Хавотирланманг. Қани, кўйлагингизни ечинг… Хўш-хўш… Айтсам, ҳушингиздан кетманг фақат, сизда асаблар билан боғлиқ ўта жиддий касаллик бор.
Корзухин шифокор билан бирор-бир тижорий шартнома имзоламоқчи эмасди, бироқ хавотирда эди.
— Нима қилай, айтинг, илтимос? Нима қилсам тузаламан? Худо ҳаққи…
— Хўш, жавоб беринг-чи, уйга неччида келасиз?
— Тунги уч-тўртларда. Ишдан чиқиб клубга бораман, чунки…
— У клубда ошна-оғайнилари билан карта ўйнайди, — дея қўшиб қўйди аёли Ната.
— Нима? Ахир бу ўз жонига қасд қилиш билан тенг-ку! Мен даволамайман бошқа сизни. Тўғрисини айтинг, ўзи соғлиғингизни озгина бўлса ҳам ўйлайсизми?
— Ўйлайман…
— Унда бу жин ургур клубу карталарни йиғиштиринг! Ҳар куни соат ўн иккидан олдин ухланг. Айтганча, уйқуга ётишдан олдин муздай сувда чўмилишни ҳам унутманг. Албатта, тузалиб кетасиз!
— Хўп бўлади… — деди Корзухин ўксиниб. — Бугундан бошлаб шундай қиламан…
* * *
…Шифокор Корзухинни доимгидек бамайлихотир кўрикдан ўтказди. Сўнгра орқасига мушти билан уриб сўради:
— Оғрияптими?
— Албатта, оғрияпти.
— Хўш, шу ерими?
— Оҳ! Ҳа, шу ери.
— Асаблар, асаблар, асаблар. Улар бузилган, дарҳол тинчлантирмоқ жоиз. Хўш, айтинг-чи, мусиқани яхши кўрасизми?
— Опереттачалик эмас, тўғриси.
— Йўқ, у тўғри келмайди. Жиддий, чинакам бадиий, асабларни тинчлантирувчи мусиқалар тинглашингиз керак. Ҳим… Шундай! Эшитишимча, эртадан Вагнер опералари бошланармиш. Ўша сиз учун жуда фойдали. Албатта, боринг!
— Сал қолса, эсимдан чиқарди! — дея қичқирди Ната қўлларини силкитиб. — Яқин дугоналаримдан бирида чегирмада билет бор экан шунга. Ўзиям икки кишилик… Вагнер — жудаям ажойиб-да!
— Илтимос, каминани ҳам бир эшитсангиз, — деди ҳаяжонланиб Корзухин. — Эҳтимол, Вагнердан кўра осонроқ йўли бордир бирорта. Масалан, оддий операми… ё циркми…
Доктор Корзухиннинг қорнига мушти билан уриб, яна саволини такрорлади:
— Оғрияптими?
— Бошқа нимаям бўларди?
— Кўряпсизми, бу яна бир мисол. Бу ердаги оғриққа ҳам Вагнердан бошқа чора йўқ. Цирк дейсиз-а камига… Ахир бу ревматизм билан оғриган беморга йўтал дорисини беришдай гап. Тавба, тузалиш ниятингиз борми ўзи? Тиббиёт, биродар, шундай соҳаки… Ҳим… Ҳим…
Хуллас, шифокор Корзухинларникига уни кўришга тез-тез келиб турадиган бўлди, у оилавий шифокорга айланди, десак ҳам бўлади. Кунларнинг бирида кўрикни якунлаб, Корзухинга ташхис қўяр экан, хўрсиниб:
— Бу сафар иш жиддий, — деди.
— Гапирсангиз-чи, мени қийнаманг, нима бўлибди ўзи? — дея сўради Корзухин хавотирланиб.
— Мотор!
— Ё тавба, шунақа касаллик борми? Балки, психомотордир?
— Йўқ, шунчаки мотор. Сизга извошга чиқиш тақиқланади, сизда чуқур мия чайқалишини аниқладим. Эшитяпсизми? Кўкрак-қорин ҳам асоратлари бор. Сизга мотор керак!
— Гапимни эшитинг! — деди Корзухин аччиқланиб. — Доктормисиз ўзи? Беморни текшириш услубингиз тўғрими? Шубҳасиз, ажойиб. Дейлик, у касал. Майли. Сиз уни кўрасиз ва рецепт ёзасиз. У шунга биноан дорихонага боради. Ўлай агар, шу пайтгача бирорта одамнинг шифокор рецепти бўйича автомобиль эҳтиёт қисмлари дўконига югуриб кирганини эшитмаганман!
— Сиз жисмоний даволаш усулини унутиб қўйяпсиз, — деди шифокор оҳиста.
— Бу қанақа мусиқа бўлди тағин?
— Механотерапия.
— Бунча қўрқинчли… — дея қовоқ солди. — Мен, эҳтимол, кўкрак-қориндаги оғриқларни йўқотиш учун велосипед оларман, ҳар ҳолда, арзонроқ, ахир машина бошқа гап.
Шифокорнинг қошлари чимирилди:
— Биродар, мен гомеопат эмасман. Агар даволаш усулим ёқмаса, тузалишни истамас экансиз, бемалол, гомеопатга мурожаат қилишингиз мумкин. У соғайиб кетишингиз учун тикув машинасини ёзиб берса ҳам ажабланмайман. Марҳамат, бемалол!
У сўзини тугатди ва қарсиллатиб эшикни ёпиб хонадан чиқиб кетди.
— Бу одам билан ҳамкорлигимиз яхши кетяпти, — дея пичирлади аёл у чиқиб кетаётганида.
* * *
Кузнинг ажойиб кунларидан бири эди…
Корзухин кечки овқатни тановул қилиб ухлашга ётди, бироқ кўзлари юмилмади. Хаёлида турли касалликлар, вируслар, докторнинг сўнгги пайтдаги ташхислари, бошига тушган барча бахтсизликлар чарх урарди. Сўнгра ўрнидан туриб кийинди, ғамгин, ҳаётдан ранжиган алфозда майда қадам билан рафиқаси томонга одимлади.
Аёлининг хонасидан овоз келарди. Қия очилган эшик олдида туриб, икки одамнинг суҳбатига қулоқ тутди:
— Доктор, шундай қилмасангиз бўлмайди.
— Асло йўқ! Нима сўраётганингизни ўзингиз ҳам тушунмаяпсиз… Ахир одам чегарани, қачон тўхташ кераклигини ҳам билиши лозим.
— Биринчидан, ҳали чегарадан чиқмадим. Иккинчидан, бу охирги илтимосим. Бажаришингиз шарт! Эшитяпсизми, доктор? Шу меҳмонхонамизни яшилга бўятиб берсангиз бўлди. Ахир қип-қизил ранг умуман тушмаган унга.
— Ахир бунинг иложи йўқ. Қандай қилишни ҳам билмайман.
— Бир йўлини топинг, билмайман. Ахир бу сизнинг касбингиз, бизнесингиз, шунинг учун ҳам шифокорсиз.
— Йўқ, бу менинг эмас, қурувчиларнинг иши.
— Дийдиёни тўхтатинг, нимадир ўйлаб топинг! Унга қизил ранг зарарлигини айтинг… Қон босимини оширади денг… Ё қон томирларини кенгайтирадими… Хуллас, шундай нимадир…
— Бу ғирт бемаънилик! Ахир у тентак эмас, буни тушуниб қолади, нима дейман ахир?
— Шунчаки тушунтиринг, меҳмонхонанинг қизил рангда бўлиши саломатлик учун хавфлилигини айтинг…
— У бунинг ёлғонлигини билиб олади…
— Шундай касалликни ўйлаб топингки, у меҳмонхонамизни яшилга бўятсин, қизил рангдан умуман йироқ юрадиган бўлсин…
— Наталья Павловна… Худо жазомизни беради. У мотордаёқ тушуна бошлади ҳаммасини. Агар у буларнинг барчаси ёлғонлигини билиб қолгудай бўлса, сизни ҳам, мени ҳам соғ қолдирмайди. Ўйлаб иш қилайлик… Тўғри, бошидаги тақиқларни тушуниш мумкин, ичиш, чекиш, қимор ўйнаш… Бироқ Вагнер тутуриқсизлик, мотор ҳақидаги ташхис шунчаки лоф! Буларнинг бирортасида маъно, мантиқ йўқ.
— Майли, охиргиси шу. Меҳмонхонани яшилга бўяймиз, бўлди.
— Бошқа нарса сўрамайсиз-а?
— Сўрамайман!
— Хўп. Шу охиргиси, унутманг! Бошқа ёлворсангизам рози бўлмайман… Худо қўлласин!
* * *
Шифокор ва Ната биргаликда Корзухинни излаб ётоқхонага боришди, аммо уни у ердан топишолмади.
Ахийри уни аёли нолиётган меҳмонхонадан топишди. У қизил диванда коньяк ичиб, сигарета чекиб ўтирарди.
— Оҳ, доктор! — деди у сармаст алфозда. — Салом! Ҳозир нима дейишингизни биламан, бизнинг қизил рангдаги меҳмонхонамиз каминанинг соғлиғи учун зарарли, шундайми? Айтганча, хона деворлари ҳам таъмирлашга муҳтож. Ҳа-ҳа-ҳа… Эскирган машина эса умримни қисқартиради, хўш, тўғрими? Биласизми, айни пайтда беморингиз нима истаяпти, ҳозироқ клубга бориш, хумордан чиққунча қимор ўйнагиси келяпти. Айтганча, Вагнер… У жуда ажойиб, худди сиздек. Муҳтарам доктор, агар ҳозироқ тузалмас ва аҳмоқ беморингиз Корзухиннинг уйини тарк этмасангиз, у янги бир касалликка йўлиқиши, ошқозони бузилиши ёки инсульт бўлиши ҳеч гап эмас. Очиғи, сизни бошқа кўролмасликдан чуқур афсусдаман! Нимаям дердим… Ҳаммасини тушундим. Бутунлай соғайдим, ишонинг. Энди марҳамат қилиб бу ердан даф бўлсангиз!
Рус тилидан
Раҳмат Бобожон таржимаси.