Маёқ иситмайди, йўл кўрсатади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қулман Очилга мактуб ўрнида

…Ортиқ бу юкни кўтариб бўлмайди.

Отам Тошкентдан қайтадиган куни эрталабдан темирйўл ёқасига чиқаман. Уйимиз шундоқ вокзалнинг рўпарасида. Тошкент-Термиз йўналишидаги поезддан тушган одам ўндан зиёд темирйўл қаторини тикка кесиб бу тарафга ўтса, бизнинг кўча бошланади (ҳозир ҳамма томони иҳоталаниб, одам ўтмасдай қилиб қўйилган. Темирйўлнинг тақиқланган жойидан ўтиш ўта хатарли. Йўналишларнинг ҳаммаси ҳам бўш бўлмайди. Муайян муддат ва мақсадга кўра тўхтаб турган вагонларнинг баъзан тагидан, баъзан устидан ўтишга тўғри келади).

Хуллас, мен бу тарафда ўтириб, отамни кутаман. Мана, тепловоз чинқириб, мен кутган поезд вокзал ҳудудига кириб келади. Орадан чамаси ўн беш дақиқа ўтиб, отам кўринади. Қўлида дипломат. Яна бир-иккита елимхалта. Рельс ҳатлаб йўлнинг ярмида отамга пешвоз чиқаман. Қўлидаги юкни оламан. Қисқа салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашамиз. Уйга кириб борамиз. Сингилларим, укам отамни ўраб олади. Дипломат, елимхалталар очилади, совға-салом тарқатилади. Менга бу қизиқмас. Отамнинг оғзидан кўз узмай, қулоғимни динг қилиб ўтираман.

— Қулман бовангникида бўлдик, — отам катта одам билан гурунглашаётгандай менга гапиради, — ўғлингиз ғайрат қилиб ўқисин, тил ўргансин, келиб, ўқишга кирса, журналистикада йўлини топиб кетишига ўзим қарашаман, деди.

Отам пешонаси терлаб қайноқ аччиқ кўк чойдан ҳўплаганча гурунгни давом эттиради. Қимир этмай ўтираман. Гап равиши сафар билан боғлиқ бошқа воқеаларга уланади. Шундаям қўзғалмайман. Қулман бовам ҳақида нимадир ўтиб кетишини истамайман. Ниҳоят, отамизнинг бироз мизғигиси келади. Ўшанда тураман. Тураман-у, ғойибдан келган куч ва шавқ таъсирида ярмини чанг босган китоблару ашқол-дашқоллар эгаллаган, на қазноқ ва на кутубхона аталадиган хонага ўзимни ураман. Бир сакраб ҳужра бурчагидаги курсига чиқиб ўтириб оламан. Дарс столим устида турган тарихгами, адабиётгами оид китобни очиб, келган жойидан шиддат билан ўқий бошлайман. Беш-ўн бет ўқигач, хаёлга чўмаман: ана, Тошкентга бориб ўқишга кирсам, марра меники. Қулман бовам – катта одам. Катта таҳририятларга ишга киришимга ёрдам беради. Албатта, менам қараб турмайман. Ғайрат қилиб ишлайман. Уялтириб қўймайман бовамни…

Миямга келган фикрлардан ширин орзиқиш вужудимни эгаллайди. Бальзак Париж­га борган илк кезлари ижара хонадон балконига чиқиб, “Париж, ҳали пойимга тиз чўкасан”, деб хитоб қилади. Менинг ичимдаги ҳайқириқ ҳам уникидан кам бўлмайди: “Ҳали бутун Тошкент кимлигимни билиб қўяди…”. Ва яна китоб устига мук тушиб, мутолаани давом эттираман…

 

* * *

Отамнинг Қулман бовам ва фарзандлари ҳақидаги гурунги давом этади:

— …Обид Қозоғистонга қатнаб, савдо қиларкан. “Вей, амаки, бир гал бозорга кириб қарасам, челаклаб бир нарса сотишвотти. Кўзимга ғалати кўринди. Мундооқ яқинлашиб қарасам, қўлсоат. Ўшани челаклаб сотишвотганакан…”

— …Ўтирсам, Озод келиб, “Амаки, амаки, менга математикадан савол беринг”, дейди. “Хўп, қани айтгин-чи, бешта эчкининг ўнта қулоғи нечта бўлади?” деб сўрадим. Роса изланди. Жавобини тополмади. Охири ошхонада овқат қилаётган онасидан сўрайди: “Ойи, сиз этинг, бешта эчкининг ўнта қулоғи нечта бўлади?” “Амакинг этвоттила-ю ўнта бўлади, деб. Бешта эчкининг қулоғи ўнта бўлади-да, болам”. Бир пайт оғзи қулоғида бўлиб кириб келади: “Амаки, амаки, топдим, бешта эчкининг қулоғи ўнта бўларкан…”

Қишлоқдаям шу гурунг. Кенжа амаким ўсмоқчилаб сўрайди: “Қулман акаям яхши юрибдими? Гаплашяпсизми?” Отам тасдиқ маъносида бош ирғайди. Гапга катта амакимнинг ўғлиям қўшилади: “Ҳалиям ЎзАдами?” Иккисиям фермер бу одамларнинг Қулман бовам билан нима иши бор? Журналистикага боғлиқлиги бўлмаса… Сал ғашим келади. Уларнинг гапи эмас, ўзини Қулман бовамга дахлдордай ҳис қилиши ғашимга тегади. Бироқ улар ичимдагини билмайди. Қулман Очил ҳақидаги гурунгларни худди энг яқин кишиси ҳақидаги суҳбатдай шавқ билан, фавқулодда эътибор билан эшитади.

Йиллар ўтаверди. Тошкентга бориб, журналист бўлиш орзуси шууримда тобора мус­таҳкамланди. Қарорим қатъийлашди. “Касбим — фахрим” мавзусидаги иншоларда журналист бўлмоқчи эканимни дадил, иккиланмай ёздим. Орзуларимни журналистика, Тошкент билан боғладим. Лекин Қулман бовам ҳақида ёзмайман. У — менинг сирим. Ҳеч ким билиши керакмас. Алалхусус, 9-синфда ўқиётганимда қарийб бутун мактаб менинг тимсолимда бўлғуси журналистни, ижодкорни кўрар эди, десам, муболаға бўлмайди. Қайси тадбир бўлса, камина даврага таклиф этилади. Бўйнимни даканг хўроздай чўзиб, маҳаллий газеталардан бирида чиққан шиғиримни ўқиб бераман. Қарсаклар, олқишлар янграйди. Мен тавозе билан даврани тарк этаман. Ўзим билмаган ҳолда кун сайин ичимда журналист образи камолга етаётган эди.

“Оз қолди. Ҳадемай Тошкентга бораман. Журналистикага ўқишга кираман. Қулман бовамни кўраман. Челаклаб қўлсоат сотиладиган жойларда тужжорлик қилган Обид ака билан танишаман. Математик топишмоқларни ечишга иштиёқманд Озод билан ошна тутинаман. Қандай маза ўзинг билган одамлар билан танишиш!..” Академик лицейда ўқиб юрган кезларим ҳам, дарсдан кейин қишин-ёзин репетиторга қатнаганимда ҳам фикрим ўзгармади. Орзуларим бўйимга қўшилиб чўзилди, холос.

 

* * *

Аммо… Минг афсус! Тестдан йиқилдим. Мен чиққан нарвонни кимдир туйқусдан оёғим тагидан олиб қўйгандек бўлди. Гўё ҳавода бир муддат муаллақ қолдим-у, шиддат билан пастга қуладим. Отам таскин беради. “Қўшимча ўринга қабул қилишаркан, албатта, журфакда ўқийсан!..” Бахтим кулади, қўшимчага кираман. Бир семестрнинг дарсини қишки таътилда ўқиймиз. Иккинчи семестр бошланади. Қиш билан баҳор ўртасида фасл талош намхуш кунларнинг бирида отамдан ишхона телефон рақамини олиб, Қулман бовамни излаб йўлга тушдим. Қидира-қидира Тошкенти азимнинг қоқ марказидаги оврупоча услубдаги ҳашаматли иморатнинг дарвозаси олдига келдим. Эшик олдидаги қўриқчилар кимнинг олдига келганимни сўради. Мен Қулман бовамнинг — ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари Қулман Очилнинг олдига келганимни айтаман. Қўриқчи ажабланиб, менга бошдан-адоқ синчиклаб қарайди: бу жипириқининг бош директор 1-ўринбосари билан қандай боғлиқлиги бор? Кимгадир қўнғироқ қилади. “Хўп бўлади, ўтказиб юбораман”, дейди. Қўлидаги детекторни энгил-бошим, портфелим узра юргизиб, ичкарига имо қилади: “киравер”.

Бутун вужудимни ҳаяжон чулғаб, маҳобатли бинога қадам қўяман. Тимирскилана-тимирс­килана қўриқчи айтмиш хона эшигини иккиланиб енгил тақиллатаман: ишқилиб, иш тиғиз пайти безовта қилиб қўймайманми?! Ўзимга базўр эшитилган тақиллаган товушдан сўнг ичкаридан “Киринг!” деган хитоб чиқади. Овоз дўриллоқ, ўта шиддатли ва залворли. Авайлаб эшикни очиб, мўралайман. “Келинг!” Хона тўрида салобат билан ўтирган одамнинг хайрихоҳ товушидан дадилланиб, ичкарига қадам қўяман:

— Ассалому алайкум!

— Ваалайкум ассалом!

Қорамағиздан келган, полвонкелбат, қошлари бароқ киши ўрнидан туриб менга — талабага пешвоз чиқади:

— Эээ, келинг.

Қўшқўллаб кўришаман.

— Қани ўтиринг-чи.

Дуога қўл очади:

— Қани, илоҳо омин…

Мезбонга зимдан қарайман: Қулман бовам шу одам экан-да.

У ёқ-бу ёқдан гаплашамиз. Отам ҳақида сўрайди. Яна баъзи нарсалар… Дарвоқе, жиянлари ҳам халқаро журналистика факультетида ўқир экан. Расмини ҳам кўрсатади: Қулман бовамга ўхшаган — қорамағиздан келган, дунёни ўзгартиришга бел боғлаган шиддати, жиддияти нигоҳидан сезилиб турган йигит. Суҳбат бошдан-охир эсимда қолгани йўқ. Муҳташам идора ва мезбоннинг салобати туфайлими ёки кучли ҳаяжон сабабми, қулоғим батанг битиб, хаёлим пароканда бўлиб кетганди. Шунинг учун фақат саволларга жавоб берардим. Бу орада син-сумбати Қулман бовамникидан қолишмайдиган, худди унинг сингари чеҳраси очиқ, нурли киши кириб келади-ю жавоб бериш масъулиятидан бир муддат қутуламан. Гап-авзойидан билдимки, у киши ҳам шу идорада ишлайди, бош директорнинг яна бир ўринбосари.

…Шундай қилиб, биринчи учрашув жуда шукуҳли, танишув руҳида ўтганди.

 

* * *

Орадан уч йил ўтиб кетди. Мен бу паллада “Туркистон” газетасида ишладим. 4-курсга ўтиш арафасида диплом иши ёзиш баҳонасида газетадан ишдан бўшадим. Янги ўқув йилининг икки ойини амалиётда ўтказишимиз керак эди. Ҳеч иккиланмай, амалиёт қоғозини ЎзАга ёздирдим. Бовам билан бамаслаҳат, албатта. Ўша пайтда ҳам бу идорага кириб-чиқиш қийин эди. Менга эса махсус икки ойлик рухсатнома ёзиб берилди.

Иккинчи учрашув анча жиддий, салмоқли кечди. Қулман бовам тавсия, маслаҳатлар берди. Маҳаллий ахборотлар таҳририятидаги бир опага бириктирилдим. Опа тинмай кўчада — тадбирма-тадбир юраркан, аранг бир ой деганда кўришдик. Икки-уч кун опанинг олдига амалиётга қатнадим, бир-икки тадбирга биргаям бордим. Яшириб нима қиламан: ўзим бениҳоя қунтсиз бўлганим учун амалиёт ҳам ўлда-жўлда бўлди. Шундай тентираган кунларимнинг бирида Маҳаллий ахборотлар таҳририяти бош муҳаррири Ғулом Мирзо чақириб қолди. Бордим. Ака гапни узоқдан бошлади. Отам билан бирга ишлашгани, мен негадир амалиётда суст қатнашганимни айтди. Қулман бовамнинг ишончини оқламаётганим ҳам писанда қилинди. Кейин мени у киши чақираётганини айтиб, ёнига юборди.

Демак, бовам ҳам мендан катта умид қилиб юрган, мен эса… Майли, бошга тушганини кўз кўради. Уям Ғулом акага ўхшаб панд-насиҳат қилса керак. Шундай ўйлар билан бовамнинг хонасига кириб бордим.

— Ассалому алайкум! — қироат билан салом бердим.

— Отасининг Тошкентда қўша-қўша уйи, супермаркети бор одамгина сизга ўхшаб лаллайиб юради.

Ўҳҳ!..

— Нега шунча пайтдан бери ҳеч нарса ёзмадингиз?

Савол берувчининг нигоҳига дош беролмай, бир нарсалар деб ғўлдирадим. Нигоҳ эгаси аёвсиз янишда давом этди:

— Мақола дегани, нима, сизга бадиий асармидики, илҳом келишини кутиб, Дўрмонда дев­зира ош еб ёзсангиз…

Ўша куни бошига гурзи егандек сездим ўзимни. Қолган гаплар қулоғимга кирмади. ЎзАдан қандай қилиб отилиб чиққанимни билмайман. Ичимдан хўрлик ўкирик бўлиб томоғимга тиқиларди. Нимага ундай дейди? Отамнинг қўша-қўша супермаркети бўлганида шу ерларда тентираб юрармидим?! Бас, бошқа бу ерга келмаганим бўлсин!

Ўша куниёқ отамга қўнғироқ қилдим: “Ошнангиз маъқули йўқ одам экан. Ҳеч ким айтмаган гапларни айтди…” Отам индамади. Чурқ этмай эшитди… Лом-мим демади.

 

* * *

Тақдир яна “Туркистон” газетасига етаклаб олиб борди.

Қарийб ўн йилча Қулман бовам бор жойга яқин йўламадим. ЎзА биносига яқин — ҳамкасблар мақтаган емакхоналарга ҳам бормадим. Аввалига ғазабдан бино бўлган ўжарлигим вақт ўтиши билан хижолат ҳиссига ўрин бўшата бошлаган эди. Кўча-кўйда бовамга йўлиқиб, кўз кўзга тушишидан ўзимни олиб қочаётган эдим.

Бу орада Қулман ака бир-икки умумий танишларга, ЎзАга ишга кириш учун суҳбатга борган ҳамкасбларимга “Бир қадрдон акамизнинг ўғли бор эди, яхши юрибдими?” дегани қулоғимга чалинди. Шу гапларни эшитганим, ақлим аввалгига нисбатан тўлишгани сари Қулман ака ўз вақтида жуда тўғри ва аниқ танбеҳ берганига иқрор бўла бошладим.

Охири бир куни чидолмай, отамга ёрилдим:

— Ота, Қулман бовам ўшанда тўғри айтган экан.

Отам ҳеч иккиланмай, тўхталмай, бундай деди:

— Тўғри айтганини ўшандаёқ билгандим.

— Унда нега ўшанда айтмадингиз?

— Чунки сен ҳақиқатни қабул қиладиган ҳолатда эмасдинг. Мана, ўзинг англабсан, бу — жуда яхши.

Отамнинг гапидан кейин кўнглим хийла тас­кин топди. Барибир хижиллик бор эди. Бу орада мен “Маърифат” газетасида ишлаётган эдим. Кунларнинг бирида бизнинг қаватдаги “Правда Востока” газетасида Қулман бовамни кўриб қолдим. У самимий кўришди, сўрашди. Гўё орамизда ҳеч гап бўлмагандек эди. Бовамнинг бундай тутуми виждоним олдидаги хижолатпазлигимни анча камайтирди. Шу-шу йўлакда кўришсак, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтардик. Мен ишлаётган бўлим мудири Ҳамза Абдуллаев Қулман аканинг олдига серқатнов бўлиб қолди. Бир куни бир даста қоғоз кўтариб кириб келди. Қизиқиш устунлик қилиб қарадимми ёки Ҳамза аканинг ўзи айтдими, эсимда йўқ, аммо билганим шуки, бу Қулман Очилнинг қисса ва ҳикоялар тўплами эди.

— Сизнинг саводингиз ҳақида сўради, яхши, деб айтдим. Менимча, имлосини кўргани сизгаям қўлёзма берса керак, — деди Ҳамза ака.

Тусмоли тўғри чиқди. Қулман ака чақириб қолди. Бордим. У ёқ-бу ёқдан гаплашган бўлдик. Кейин қораламаларини берди.

— Кўриб, фикрингизни айтинг, — деди у.

Бош ирғаб, қўлёзмани олиб кетдим.

Бир ҳафта маза қилиб мутолаа қилдим. Бир-иккита имло хатосини айтмаса, ҳеч қандай ўзгартириш киритмадим. Зотан кирита олмасдим ҳам. Чунки қарийб қирқ йилдирки, ижоднинг қора қозонида обдан қайнаган адиб олдида каминанинг сажияси ҳаминқадарлиги кундек равшан эди. Хўш, унда нега менга қўл­ёзма берди? Менимча, Қулман бовам ўртадаги хижилликни шу тариқа барҳам топтирмоқчи, узуқ-юлуқ салом-аликни ишончлироқ риштага айлантирмоқчидек эди. Бундан, табиийки, кўпроқ мен манфаатдор эдим. Шундан кейин бовам билан анча гурунглашдик. Асар қаҳрамонларининг прототиплари ҳақида гапириб берди. Отамнинг вафотидан сўнг Норқобил ака (Н.Жалил) билан Тошкентдаги қўноқхонамизга келиб, дилдан ачиниб, ҳамдардлик билдирди…

 

* * *

Қирқ ёшнинг соясига яқинлашиб, англадимки, маёқнинг вазифаси фақат йўл кўрсатиш. У ҳар қанча шуъла, ёғду таратмасин, иситишга хизмат қилмайди. Менинг дастлаб бола, сўнг ўсмир шууримга муҳрланган Қулман Очил феномени маёқ мисоли йўл кўрсатиб турган. Журналистикага кириб келишимга қопқа вазифасини ўтаган. Бахтим шуки, ўша маёқ эртароқ порлаб, болаликдан касб танловимни қатъийлаштирди. Ўсмирликнинг ички ғалаён ва талотўмларидан беталафот олиб чиқди. “Кичик хонадондан кенг жаҳонга олиб чиқадиган йўл энг оғир йўлдир”, деган эди файласуф адиб Робиндранат Тогор. Бунга қиёсан айтиш мумкинки, мамлакатнинг жанубий чеккасидан — Макондо мисоли бир чеккасини мудом қум бўрони ялаб ўтадиган жойдан шу ергача келишим осон кечгани йўқ…

Дарвоқе, Қулман Очил — катта устоз ҳақида бир сўз айтмоқчи бўлдим.

Лекин буни унинг қўл остида шогирд мақомида иш бошлаб, бугун мамлакатнинг нуфузли ОАВлари-ю расмий-норасмий идораларини гуллатаётган, забардаст қалами ва сўзи билан тарихга имзосини қўяётган ҳамкасбларимдан ўтказиб сўз айта олармидим? Билганим шуки, у ўзи ишлаган ОАВлар тимсолида журналис­тиканинг “планка”сини анча юқорига кўтариб қўйди. Менинг эса елкамда устоз айт­ган маслаҳатлар, ўгитлар. Уларни уддалай олсам эди, ишонаман, бундан раҳматли отамнинг руҳлари ҳам шод бўлур эди.

Хайриддин МУРОД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + eight =