“Адабий лайлатул қадр”

10 апрель — Абдулла Қодирий таваллуд топган кун

 

Биласиз, жадидлар эл болаларини ўқимишли қилиш учун янги мактаб яратаётганда, юрт қаддини кўтармоқ истаб миллат фарзандларини чет элларга ўқишга юборишганда, халқни саводли қилиш учун газета-журналлар чиқаришганда ўзлари ва бойларни хайрия юмушларига жалб қилганлар. Бугун ҳам шундай ишлар давом этяпти. Хусусан, куни кеча пойтахтимиздаги Абдулла Қодирий уй-музейида адиб таваллудининг 130 йиллигига бағишлаб ўтказилган сарлавҳадаги ном — “Адабий Лайлатул қадр” дея аталган кеча шундай хайрли тадбир бўлгани билан эсда қолди.

Дастлаб, уй-музейнинг шинам ҳовлисида кенг жамоатчилик вакиллари учун “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Беллашувда адабиёт, санъат ва бошқа соҳа вакилларидан иборат “Сиз ўшаму?!”, “Asaxiy.uz”, “Забаржад Медиа”, “Муштум”, “Тошпўлат тажанг”, “Кучли журналистлар”, “Беруний издошлари”, “Шарқшунослар”, “Катта ўйин”, “Жулқунбой”, “Oyina.uz”, “Закий” жамоалари қатнашди. Инчунин, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари — Маъмура Зоҳидова, Саъдулла Қуръонов, Мансур Жумаев, Дилмурод Дўст, Жавлон Жовлиев ва камина “Жулқунбой” жамоаси бўлиб ўйинда фаол қатнашдик. Шахсан илк марта бундай заковат баҳсида қатнашаётган эдик. Бошқалар ҳам шундай эди, чоғи. Шуни ҳисобга олсак, 24 та саволдан 8 тасига тўғри жавоб бериб, ёмон натижа кўрсатмадик. Баъзан тўғри жавобимиз бўла туриб, нотўғрисини белгилаб ҳам қўйдик. Заковатда билим билан биргаликда, мантиқий фикрлаш катта роль ўйнар экан. Аслида аксар тўғри жавоблар бизга берилган тарқатма материалларнинг ичида эди. Қолаверса, саволларнинг кўпи Абдулла Қодирий ижоди ва у билан боғлиқ бўлди. Бу ижодий беллашувда қатнашган иштирокчиларга жуда ёқди, албатта.

“Заковат” натижаларига кўра, “Забаржад Медиа” жа­моаси 1-ўринни, “Шарқшунослар” жамоаси 2-ўринни, “Сиз ўшаму?!” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди. Ғолиб ва иштирокчиларга ҳомийлар томонидан китоблар ва бошқа қимматбаҳо совғалар берилди.

Абдулла Қодирий ижод мактаби ўқувчилари томонидан қўйилган саҳна кўринишлари, ёзувчи ижодидан ўқилган шеърлар, Қодирий мактаби ўқитувчилари томонидан адиб шеърлари асосида айтилган қўшиқлар кечага янада мазмун бағишлади.

Шундан сўнг музей фондини қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия аукциони ўтказилди. Натижада 15 000 000 сўм маблағ тўпланди. Бу пуллар музей фаолиятини янада яхшилашга сарфланади. Ким ошди савдосига қўйилган қимматбаҳо китоб ва санъат дурдоналарининг аксари сотиб олинган харидорлар томонидан уларнинг истакларига биноан яна музей фондига қайтарилди. Ушбу буюмлар таг­лавҳасига совға қилган кишининг исми-шарифи ёзиб қў­йиладиган бўлди.

Абдулла Қодирий уй-музейи кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 100 га яқин китоблари топширилди. Китобларни музей директори Хондамир Қодирий қабул қилиб олди.

Ушбу тадбирга Абдулла Қодирий ижод мактаби ва уй-музейи мезбонлик қилди. Инчунин, мактаб директори Ҳилола Назирова буларнинг ҳаммасига бош-қош бўлди.

Шуни яна алоҳида айтиш жоизки, бугун 10 апрель ўзбек романчилигининг пешвоси, улуғ ёзувчи Абдулла Қодирий таваллудига 130 йил тўлди.

Тадбир якунида меҳмонларга ифтор дастурхони ёзилди.

Фозил ФАРҲОД

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − nine =