Саид Исломхўжа қароргоҳи ва Саёдхоннинг боғи нега эътибордан четда?
Хоразм вилояти ҳокими “ўқимасин!”
- Саид Исломхўжанинг ёзги қароргоҳи ва дам оладиган иморати нега қаровсиз ҳолда?
- Хива хонлигининг бош вазири ҳақида ишланган фильм фақат “Ичонқалъа”да олинганлиги ростми?
- Саёдхоннинг боғи ҳақида нималарни биламиз?
Маълумки, мамлакатимизнинг энг қадимий шаҳарларидан саналган Хива милоддан олдинги V асрда барпо этилган. Олимлар Хива номини шаҳарнинг қадимий қисмида жойлашган Хивақ (Хейвақ) қудуғи билан боғлайдилар.
Аммо баъзи халқ ривоятларида Нуҳ пайғамбарнинг ўғли Сом бўлажак Хива ёнига келиб қудуқ қаздириб, шаҳарга асос солган дейишади. Энг қизиғи, Ичонқалъада Хейвақ қудуғи сақланиб қолганлиги ривоятларнинг ҳақиқатга яқинлигини намоён этади.
Хиванинг яна бир буюклиги шундаки, у ал-Хоразмий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Муҳаммад Раҳимхон (Феруз), Мунис, Огаҳий каби буюкларга бешик бўлган муқаддас заминдир.
Хива тарихида жуда кўп хонлар яшаб ўтишган ва уларнинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хивада жуда кўп хонлар ва вазирлар фаолият олиб боришган. Аммо фақат биргина бош вазирнинг номи абадийликка муҳрланганлигининг сабаби нимада?
Муҳаммад Раҳимхон II даврида ўзининг зукколиги, билимдонлиги, жуда кўп хорижий тилларни билиши ва бошқа хусусиятлари билан ўз ўрнига эга бўлган, тарихда чуқур из қолдирган Саид Исломхўжа ҳақида кинофильмлар ишланганлиги бу шахс ҳақиқатан ҳам ўз даврининг зиёлиси бўлганлигидан дарак беради.
Муҳаммад Раҳимхоннинг вазири бўлган Иброҳимхўжа вафотидан сўнг отаси ўрнига унинг севимли фарзанди — Саид Исломхўжа тайинланади. Болалигидан диний ва дунёвий билимларни эгаллаган 26 яшар Саид Исломхўжа юксак иқтидори туфайли хоннинг назарига тушади ва бош вазир лавозимида саройда ўз мавқеига эга бўлади.
Саид Исломхўжа хонликда саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги ишларини янада ривожлантириш, савдо-сотиқни тараққий эттириш, халқнинг саводини чиқариш борасида катта ишларни амалга оширади. Халқнинг тўкинликда фаровон яшаши учун солиқларни камайтириш борасида бош вазир ташаббуси билан муҳим қадам ташланади. Унинг саъй-ҳаракати туфайли Ичонқалъада энг баланд бўлган Исломхўжа минораси ва мадраса қад ростлайди. Янги заводлар бунёд этилади, жадидчилик мактаблари очилади. Вазири акбарнинг ташаббуси туфайли воҳанинг иқтидорли ёшлари Оренбург, Туркия ва Франция давлатларига ўқишга юборилади.
Исломхўжа янги ислоҳотларга бош бўлади, меъморий обидалар қурилишини йўлга қўяди. Вазирнинг яна бир янги режаси — Хивага темир йўл келтириш вазифаси бўлади.
Кўриниб турибдики, ёш бўлса ҳам катта ишларга бош бўлган вазир хоннинг энг ардоқли ва ишончли кишисига айланиб улгуради. Чет эллар билан савдо-сотиқни йўлга қўяди. Муҳаммад Раҳимхон II вафотидан сўнг тахтга чиққан ўғли Исфандиёрхон ҳам бош вазирга чексиз ҳурматда бўлади. Боиси, Саид Исломхўжанинг ташаббуси билан Нуруллабой қишки саройи қад ростлайди. Илк бор Хивада касалхона фаолияти йўлга қўйилади. Энг қувончлиси, хонликни ва шаҳар атрофини ёруғлик билан таъминлайдиган электростанциянинг фойдаланишга топширилиши, пахта тозалаш заводининг янги ускуналар билан жиҳозланиши, дорихона ташкил этилиши, аҳолининг узоғини яқин қиладиган почта, телеграф қурилиши ислоҳотларнинг бошланиши эди. Бош вазирнинг ўз маблағи эвазига Хоразмнинг бир қанча ҳудудларида замонавий мактаблар ташкил этилиши эса кўпчилик ёшларнинг саводхон бўлишларига замин яратади.
Янги Урганчда ўғил ва қиз болалар учун алоҳида мактаблар очиб, миллат фарзандларининг зиёли бўлишлари учун қилинган эзгуликлар асрлар ўтса ҳамки, унутилмасдир.
Саид Исломхўжага хонликни идора этишдаги хизматлари учун “Вазири акбар” унвони берилиши бежиз эмас эди.
Ўз-ўзидан аёнки, эзгуликлар бошида турган бош вазирнинг қилаётган ишлари унинг душманларига ёқмаслиги тайин эди. Шу боис қабиҳ ниятли кишилар Саид Исломхўжанинг жонига қасд қилишади…
Хизмат сафари асносида Саид Исломхўжа фаолият олиб борган ва чет эллик элчиларни ҳамда фуқароларни қабул қилган қароргоҳида ҳамда дам олиш уйида бўлдик. Надоматлар бўлсинки, бир пайтлар салобати ва ҳашамати билан дилларни мафтун этган иморатлар бугун қаровсиз қолиб кетган. Биноларнинг теварак-атрофи ташландиқ ҳолда ётибди. Назаримда, кенг хоналар, қаровсиз бинолар узра эзгулик элчиси Саид Исломхўжанинг нотинч руҳлари кезиб юргандек… Боиси, бугунги авлоднинг, масъулларнинг бепарволиги, лоқайдлиги туфайлими, бир пайтлар хорижлик элчилар ҳам кўз қамашар ҳашаматига мафтун бўлган иморатларнинг ҳозирги кунда ҳамон музейга айлантирилмай эътибордан четда қолиб кетаётганлиги, обод қилинмаётганлиги ачинарли ҳолат эмасми?!
Боши танасидан жудо қилинган бош вазирнинг кўркам сиймоси кўз олдимизда гавдаланади… Ажабо, оппоқ соқолли нуроний донишманд қиёфасида… Саид Исломхўжанинг нимадандир норозилиги нигоҳларидан кўриниб тургандек эди… Эли ва юрти учун эзгу мақсадлар йўлида белини маҳкам боғлаб, хайрли ишлар билан ўртага чиққан бош вазирни ватандошларининг хоинлиги, хиёнати, яхшиликларга нисбатан қилинган ёмонликлар марҳумни ҳамон азоблаётганини ҳис этиш қийин эмас.
Атрофда номсиз бир сокинлик ҳукмрон. Жимжитлик узра эл-улусни яхшиликлар сари бошлаган, аҳолининг ҳаловати, фаровонлиги учун фидойилик қилган бош вазир хотирасига тиловат қилиб, бир пайтлар халқнинг арзи тингланган, адолатли қарорлар қабул қилинган мўътабар даргоҳнинг муқаддас остонасидан минг бир ҳаяжон ва ҳайратлар билан ҳатлайман.
Ўзининг хайрли ва барокатли ташаббуслари билан халқ орасида кенг ҳурмат қозонган Саид Исломхўжа яшаган ва фуқароларни қабул қилган иморатнинг бугунги кунда негадир эътибордан четда қолаётганлиги кечирилмас ҳолдир. Мазкур муқаддас бинонинг пештоқига шундай ёзувлар битилган: “ISLOM XO‘JA YOZGI QARORGOHI ARXITEKTURA YODGORLIGI XIX ASR DAVLAT MUHOFAZASIGA OLINGAN”
Хўш, мазкур иморат давлат муҳофазасига олинган бўлса, нега қаровсиз ҳолга тушиб қолган? Наҳотки бу тарихий иморатни таъмирлаш, бу ерга саёҳатчиларни жалб қилиш, зиёратгоҳдек бир масканга айлантириш жуда қийин?
Ҳатто бир пайтлар деворга илинган ёзувнинг униқиб кетганлиги лоқайдликдан дарак бермайдими?
Иморатдаги бир-биридан гўзал хоналар бўм-бўш ҳолда ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бинонинг орқа томонидаги айвонга қалаштириб ташланган халталар бу мўътабар даргоҳнинг ҳуснини бузиб турганлиги яққол кўриниб турибди. Исломхўжанинг ўзи бош бўлиб қурдирган, аммо бугунги кунда ғиштлари тўкилиб, қаровсиз қолган ҳовузнинг саккиз бурчакли шакли ҳайратни оширади. 8 рақамининг сирлилиги нимада экан?
Бинонинг орқа томонидан тепага, иморатнинг томига чиқиладиган, тахтадан ишланган кунгурадор зиналарга ишлов берилса, саёҳатчиларнинг ҳайратини, қизиқишини ошириши турган гап. Бинонинг синган деразалари ўрнига фанер қоқиб қўйилганлигини кўрган кишининг юраги йиғлайди.
Ушбу муборак даргоҳ гўзал ҳолда таъмирланса, хорижликларни мафтун қиладиган музейга, муҳташам бир қадамжога айланиши турган гап.
Мазкур биноларнинг қўриқчиси Низомиддин исмли ходим Саид Исломхўжа худди шу жойда хориждан — Туркия, Германиядан келган элчиларни қабул қилганлигини таъкидлайди.
Ушбу иморатга туташ жойлашган яна бир икки қаватли бинода бош вазир яшаган экан. Жимжимадор айвончали, ғоят гўзал дид ва маҳорат билан қурилган бинонинг ёзда салқин, қишда иссиқ бўлишида қандай каромат ва сир-синоат яширин? Ушбу хоналарнинг баъзиларидан ўша пайтда совиткич сифатида фойдаланилган. Ҳатто ёзи жуда иссиқ келадиган саратон чилласида ҳам, қишнинг изғиринида ҳам турли хилдаги мевалар бус-бутун сақланган. Ерлик аҳоли ушбу биноларнинг деворлари лой пахсадан қурилиб, эни 2 ярим метрдан зиёд бўлганлигини таъкидлашади.
Айни пайтда бош вазир дам олиш уйининг икки хонасида “MADANIY MEROS OBYEKTLARI RESTAVRATSIYASI DIREKSIYASI” DAVLAT MUASSASASI XIVA MINTAQAVIY RESTAVRATSIYA MARKAZI” фаолият олиб бораётган экан.
Саид Исломхўжа истиқомат қилган хоналарни кириб кўрганимизда ўша давр руҳига монанд сақланиб қолган нақшлар, мозийни эслатадиган лавҳалар эътиборни тортди. Тепадаги нақшларнинг жозибадорлиги кишини ҳайратга солади. Асрлар ошса ҳамки, нурамай келаётганлиги — икки қаватли бинонинг ғоят пухта ва архитектура талабларига монанд қурилганлигидан дарак беради.
Биноларнинг олдида бир пайтлар гулзорлар барқ уриб гуллаган майдончалари бугунги кунда янтоқзорга айланганлиги кечирилмас ҳолатдир. Атрофига пишган ғиштлар терилган гулзорлар қовжираб, ҳеч нарса экилмасдан қолган. Қаровсиз бу ерларга гул, турли дарахтлар экилса, иморатларнинг янада файзли кўринишга эга бўлишини наҳотки ҳис қилмаймиз?
Таклифимиз: мазкур тарихий обидалар ўтган асрларга монанд ҳолда таъмирланиши, саёҳатчиларнинг келиши учун имконият яратилиши зарур! Саид Исломхўжанинг ёзги қароргоҳи ҳамон сақланиб қолганлиги ҳақида ролик ва рекламалар қилинса, албатта, хорижлик саёҳатчиларнинг юртимизга ташрифи янада кўпайган бўларди.
Дарвоқе, мамлакатимиз ижодкорлари иштирокида Хива хонлиги бош вазири Саид Исломхўжа ҳақида фильм ишланганлиги рост. Аммо негадир бу фильм фақат “Ичонқалъа”да олинганлиги таажжубланарли… Ахир Хивада бош вазирнинг ёзги қароргоҳи ҳамда дам оладиган уйи бўлгани ҳолда, воқеалар фақат “Ичонқалъа”да бўлиб ўтиши бироз сунъийлик туғдирмайдими?
Агарда мазкур фильм ушбу табаррук иморатларда олинганида, янада ишончлироқ ва табиийроқ яратилган бўлармиди…
* * *
Афсуски, гўзал Хива заминида бугун фақатгина Саид Исломхўжанинг ёзги қароргоҳигина эмас, балки бошқа қадамжолар ҳам хароб аҳволга тушиб қолган. Ана шундай обидалардан бири Саёдхоннинг боғидир.
Дарвоқе, Саёдхоннинг боғи. Биз бу ҳақда нималарни биламиз? Хива шаҳар ҳокими-чи, бу тарихий ва маданий масканларга келиб, бу жойларни обод қилишни ўйладимикин? Қайдам. Агар шундай бўлганида… аҳвол айни пайтдагидек ачинарли ҳолатда бўлмас эди-ку!
…“Саёдхон ва Ҳамро” достонини эшитмаган одам камдан-кам топилади. Машҳур санъаткор Комилжон Отаниёзов шундай куйлаяпти:
Кел, болам, истарлар сени,
Истагинг боғдадир боғда.
Болам, қазонгни олайин
Истагинг боғдадир боғда…
Моҳи мунаввардир юзи,
Шакардин шириндир сўзи.
Маматхон подшоҳнинг қизи
Саёдхон боғдадир боғда.
Қўшиқ давом этаверади. Эшитгувчи эса мусиқага мос тебраниб эшитаверади, эшитаверади. Қанийди, оҳанг тўхтамаса. Қўшиқ тугамаса… достоннинг охири бўлмаса…
Дарвоқе, хивалик, айниқса, саёдлик маҳалла кексалари айтган эътирофлар — уларнинг боболарининг боболаридан эшитганлари ҳақиқат эканлигига ишонамиз. Хивада хонлик қилган Муҳаммадшоҳнинг “узумнинг суви”дек гўзал Саёдхон исмли қизи бўлган. Хон қизига атаб 40 гектардан зиёд майдонга турли-туман мевали дарахт кўчатларини экиб боғ қилган ва тўрт қаватли чодра ҳовли қурдирган. Бу ерда малика Саёдхон 40 нафар канизак қизлар билан бирга сайр қилишган, дам олишган.
Биз Хивага сафаримиз давомида машҳур “Саёдхон ва Ҳамро” достонининг севикли қаҳрамони Саёдхоннинг боғига боришни ҳам ихтиёр этдик. Боққа кириш учун ўша даврларда ўрнатилган дарвозага илиб қўйилган ёзувни қизиқиш билан ўқиймиз:
“CHODRA HOVLI. ARXITEKTURA YODGORLIGI. 1871-YIL DAVLAT MUHOFAZASIGA OLINGAN”
Баланд пахса деворлар билан ўралган боққа киришингиз билан кўзингиз чаппар уриб гуллаган меваларга тушади. Йўлак бўйлаб юриб келар экансиз, ўнг ва чап томонда яшнаб турган боғларнинг завқидан ҳаяжонланасиз… Боларилар гулларга қўниб, асал йиғишга улгуриб қолишга шошилмоқда, капалаклар гулларнинг ҳидига маст бўлиб қувлашмачоқ ўйнамоқда…
Теварак-атроф шовқинлардан холи, сокин. Юриб келаверасиз… Йўлак адоғида, қаршингизда қадимий архитектурага монанд қурилган, аммо хароба бир бинога тўқнашасиз. Ажабо, бу қандай бино бўлди? Атрофда одам зоти йўқ. Бино ичига кириб, ташқарисидан ҳам аянчлироқ манзарага кўз тушади. Хоналарнинг поллари, деразалари қўпориб ташланган, шифт томининг лойи оқиб тушган, ўша ёриқлардан ҳар ер-ҳар ерда қуёшнинг нурлари тушиб турибди. Фақат тупроқ, кесаклар уюмига тўлган хоналар…
Ажабо, бир қараганда қадимий услубда қурилган бинойидек бино харобага айланаёзган. Иморат қурилган пайтида унинг олди ва орқа томонига ёғочдан ишланган қадимий нақшинкор устунлар ўрнатилганлигиданми, ҳалиям жозибасини йўқотмаган…
Ерлик аҳолининг айтишига қараганда, бу бино 1969 йилда Саёдхон боғининг ишчилари учун дам олиш хонаси сифатида қурилган экан. Мазкур ҳудудда яшаётган кексалар бу бинонинг фойдаланишга топширилиш тантанасида машҳур санъаткор Уллибиби Бойжонова иштирок этганлигини ҳикоя қилишади. Гўзал хотираларни сақлаётган бино нима учун қаровсиз қолдирилган экан? Баъзи ерлик аҳолининг фикрларига кўра, ушбу бинони қайсидир тадбиркор сотиб олганми ёки маҳаллий раҳбарларнинг эътиборсизлигими, хуллас, ташландлиқ аҳволга келиб қолганлиги ачинарли.
Бинони айланиб ўтар эканмиз, тўрт қаватли нақшинкор чодрага кўзимиз тушади. Беихтиёр ўша томонга шошиламиз.
Ажабо! Бу қандай гўзаллик бўлди? Бу кўшк, аслида, маҳоратли, тажрибали қурувчиларнинг маҳобатли ишларининг намунасидир. Неча асрларки, яшаб келаётган чодра. Саёдхоннинг кўшки… Муҳаммадхон қизига бўлган меҳри ва ҳурмати рамзи бўлган иморатни айланиб-айланиб томоша қиламан. Сўзлашга тил ожиз, беқиёс гўзалликдан ҳайратга тушаман. Асрларни кузатган гужумнинг соясига ташланган гиламчага чўккалайман. Қарийб ярим соатлар ўтгач, узоқдан икки эркак киши кўринади.
— Ассалому алайкум…
— Меҳмонни олиб келдим, — дейди хивача талаффуздаги киши. — Франциядан келибди. Саёдхоннинг боғини, Саёдхоннинг чодрасини кўришга қизиқибди…
Франциялик саёҳатчи йигит қўлини кўксига қўяди. Соф ўзбекча сўрашув.
Даниэл тарихий жойларни томоша қилишни хуш кўрар экан. У чодра тепасига чиқмоқчи бўлади. Аммо эшикнинг қулфлоғлик эканлигини билиб шашти қайтади. Архитектура ёдгорлигини айланиб-айланиб томоша қилади. Завқини яширолмайди. Табассум қилади. Эсдалик учун суратга олиб қўяман. Ним табассум билан яна қўлини кўксига қўйиб хайрлашган бўлади.
Ўзимча ўйлайман. Мана шу жойларни обод қилиб, музейга айлантиришнинг вақти келмаганмикан? Ёинки шу ҳудуддаги вайрона бинонинг қаровсиз қолдирилганлиги “Чодра ҳовли”ни кўришга келган саёҳатчиларнинг таъбини хира қилиши кундек аён эмасми? Нимага бунчалик бефарқмиз?
Ана шундай фикрларга боғланиб, гужумлар соясидаги гиламча устида анча ўтирдим.
Бир пайт узун бўйли, оқ сариқдан келган киши кўринди. Ушбу чодрага кўз-қулоқ бўлишни ўзининг инсонийлик бурчи деб биладиган, боғда экин-тикин қиладиган Ботир исмли ҳожи ота экан. Унинг зийрак нигоҳлари кўнглимдаги ўйларимни сезгандек бўлади:
— Юқорига, тепага чиқмоқчимисиз? — сўрайди ҳожи ота Чодранинг нақшинкор устунларига ишора қилиб.
— Мумкин бўлса…
— Ҳозир…
Отахон шундай дея чўнтагидан калит чиқариб, эшикка солинган қулфни очди.
Ичкарига кириб ҳайратим шошади… Биринчи қаватнинг зинаси тошдан, то тўртинчи қаватгача тахтадан қилинган нозик зиналар ёрдамида тепага кўтарилдим. Ҳар қаватда 2-3 тадан хоналар мавжудки, аммо ҳаммаси таъмирга муҳтож…
Ниҳоят, чодранинг тўртинчи қаватига кўтарилдим. Атрофни кузатиш ҳам осон, ҳам қийин. Кўзингиз тиниб кетади… Нақшинкор устунлар наққошларнинг маҳоратидан ва юксак иқтидоридан дарак беради. Фақат Хивага хос бўлган нақшинкор устун-ўралар моҳир наққошларнинг игна билан қудуқ қазигани каби машаққатли меҳнатининг меваси, одамнинг завқини оширади.
Бир пайт… қандайдир нозик саслар эшитилгандек бўлади. Секин қулоқ тутаман. Ана, қизларнинг кулгиси жаранглаётир. Қирқ канизак. Уларга жавобан Саёдхоннинг-да нозли кулгиси эшитилади гўё. Хоннинг севимли қизининг гулгун чеҳраси бетакрор гўзалликни намоён этади. Ўта мафтункор ораз… қирқ ўрим сочлар… Маликанинг бошида хоразмча тахя-дўппи. Дўппини айлантириб тикилган тангачалар ёнаётгандек кўринади. Шамчаларга қўшилиб дўппидаги товуснинг пати шамолда ҳилпирайди… Шу пайт Саёдхон ёнида қизлари билан кўшкка чиқиб келади. Ўзимни четга олмоқчи бўламан.
— Вой-эй, йиқилиб кетишимга бир бахя қолди…
Буни ким айтди, ўзимми ёки қизларми?..
Тахтадан нақшлар аралаш яратилган панжаралар тутиб қолади сояларни… Панжаралар узра пастга бир тутам кокиллар эгилади, шивирлашлар эшитилади. Сўнг куй чалинади.
Бир жарангли овоз келади:
Панжарадан мойил-мойил боққан ёр,
Ёр, қора кўзларинг на тилар маннан?
Ширин жоним ишқ ўтина ёққан ёр,
Ёр, қора кўзларинг на тилар маннан?
Ие, бу ким бўлди? Дарвоқе, Саёдхонга ошиқ бўлган йигит Ҳамронинг овозими? Бунча виқорли, бунча ўктам овоз…
Йигитнинг таърифу таснифи тамом бўлиши билан Саёдхоннинг нозли кулгиси эшитилади…
Хаёлми, тушми, бир лаҳзада йўқолди.
— Бу чодрада хоннинг қизи Саёдхон қирқ канизи билан дам олган, боғда сайр қилган, — ҳожи отанинг овози хаёлларимни тарқатиб юборди. — Бу чодранинг теварак-атрофи кўл бўлган. Шунақанги чуқур кўл бўлганки, чодрага қайиқда келишган. Худди мана шу эшикнинг олдигача келган қайиқлар… — ҳожи ота бобосидан эшитганларини ҳикоя қилади. Чунки унинг отаси ҳам, бобоси ҳам шу боғда боғбон бўлишган. — Бу ердаги малика ва канизларга қаровчи йигитлар ҳам шу қизлардек бўлишган… Хон саройидаги табиблар йигитлар қизларга ёмонлик қилиб қўйишидан ҳадиксираб, улар орасида даҳшатли жарроҳликни амалга оширишган…
Негадир йиғлагим келади…
— Мана бу эшикда арабча ёзилган сўз бор. Бу сўзни араб имлосини биладиганлар ўқий олмадилар. Фақат кўп йиллар олдин Арабистондан келган бир олим ўқиди ва шундай деди: “Эшикдаги ёзувнинг маъноси шуки, бу ердаги қирқ қиз ва малика яшайдиган бу чодра кўзлардан панада бўлган, қизлар ҳалол ҳолда сақланган деган мазмунни уқиш мумкин экан…”
Эшик жуда қадимий. Нақшинкор. Неча асрларни қаритган. Арабча имлода ёзилган сўзни силаб қўяман…
— Бу лойдан тикланган пахса деворларнинг эни икки ярим метрдан ҳам зиёд ҳолда қурилган, биринчи пахсани қўйишганида деворга уриладиган лойни от-аравада олиб чиққанлар. Аравалар девор устида бемалол юриб кетаверган. Шунинг учун ҳам қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Чодранинг биринчи қаватидаги хоналарида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашган…
— Бироз таъмирга келиб қолибди…
— Ҳа, ўғлим билан ўтган йили лойсувоқ қилган эдик… Савоб учун шу чодрага қараб тураман. Бўлмаса, аллақачон бузилиб кетган бўларди… Эгасиз бўлса, ҳеч нарса қолмайди…
Хоразмнинг миллий дарахти саналган 40 та гужум ерга тангадек қуёш нурини туширмайди. Гужумларнинг барглари майин эпкинда ҳилпирайди..
Гул экиш учун мўлжалланган, кафтдек кичик-кичик гулзорларга қараб фикр қиламан.
— Бу ерларга гуллар экиб қўйилса, анави харобага айланиб қолган иморат таъмирланса, сайёҳларнинг қадами узилмас эди, — дейман.
— Албатта, — фикримга қўшилади отахон. — Турмуш ўртоғим ҳар йили чиройли гуллар экади…
— Бу чодрани тиклаш пайтида пахса қуриладиган девор тагига қум тўшалган ва устидан тоғлардан келтирилган йирик-йирик тошлар ўрнатилганидан сўнг лойдан пахса девор урилган. Шунақа мустаҳкам қилиб қурилган бу чодра…
Отахон ҳикоя қилаверади. Хаёлимда ўтмиш жонланади…
Мақоламиз сўнгида мамлакатимизда маданий, тарихий обидаларга масъул идоралар ва Хоразм вилоят ҳокимлиги амалдорларига таклифимиз ушбудир: Хива хонлиги даврида бош вазир бўлган Саид Исломхўжа қароргоҳи ва Саёдхоннинг чодраси гўзал ҳолда таъмирланиши шарт! Франциядек давлатнинг фуқаросини қизиқтирган бу қадамжолар бошқа минглаб сайёҳларни ҳам жалб этиши мумкин. Қолаверса, нафақат сайёҳлар, ўз халқимиз, ёшларимизнинг ҳам севимли қадамжосига айланиши керак бўлган бу жойлар нима учун ҳозирги кунга қадар эътибордан четда, қаровсиз холда қолмоқда? Бундай бўлмаслиги учун эса масъуллар ўз вазифаларига сидқидилдан, виждонан ёндашишлари шарт ва зарур!
Хивада фақат “Ичонқалъа” билан кифояланиб қолаётган сайёҳларга Хива хонлиги бош вазири Исломхўжанинг қароргоҳини, Саёдхоннинг боғи ва чодрасини ҳам кўрсатиш кераклигини унутмаслик зарур.
Зеро, сайёҳликни йўлга қўйиш — мамлакат тараққиётини янада ривожлантиради.
Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА,
“Hurriyat” мухбири.