Ён, чироғим, тонгга қадар ён!

Суратда: Шуҳрат таниқли адиблар Миртемир ва Ибройим Юсупов билан.

(Эссе)

Беназир адиб Абдулла Қодирий “Мозийга қайтиб иш кўрмак хайрли экани” ҳақида ёзганди. Шу фикр ҳикматига суяниб, фақат жуда олис мозий эмас, яқин тарихимиз сабоқларидан ҳам ибрат олмоқ қанчалар муҳим ва ибратли эканини Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишганинг сайин чуқурроқ ҳис этасан.

Алимов Ғулом Аминжон ўғли (Шуҳрат) 1918 йил 19 апрелда Тошкент шаҳрининг Хастимом маҳалласида таваллуд топди. Муаллифнинг 75 йиллик ҳаёти — ақлини таниганидан кетма-кет уланган ҳаётий синовларни мардлик, бағрикенглик, сабр-қаноат, ирода, адолат тантанасига ишонч билан енгиб яшаш — жасорат йўли бўлди, дейиш мумкин.

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида у ҳаётга қалби тўла муҳаббат, бутун борлиғини сирли шеърият қамраб олган, олам гўзалликларига мафтун, кўзларида дунё тиниқ, шаффоф нурларга йўғрилгандек жилваланган, эртанги кунни энтикиб, ҳая­жонланиб кутаётган хаёлпараст, ранглардан кўзи қамашадиган, юксак мақсадлар қанотида учиб бораётгандек… бир сўз билан айтганда, ҳавасманд, ғайратли, орзулари юксак шоир бола эди.

Катта авлод ижодкорларининг аксарияти эътироф этганларидек, Шуҳрат ўша йиллардаёқ адабиётимизнинг таниқли вакилларига айланган Ғафур Ғулом, Ойбек, Усмон Носирларнинг назарига тушиб қолган, бу устозлар шеъриятга яхши бир шоир кириб келаётганидан қувонган эдилар.

Ҳа, Шуҳрат адабиёт гулшанига қайноқ, шаффоф, ўтли туйғулар билан муҳаббат, гўзаллик, ёшлик куйчиси бўлиб кириб келди. Ёш шоир қалбидан шеърларига кўчган халққа, Ватанга, она табиатга, ҳаётга муҳаббат нечоғлиқ самимий, теран экани ўша даврдаёқ йигитнинг азму қарорида синалди: инсоният бошига кулфатлар ёғдирган Иккинчи жаҳон уруши бошланган кунларда у эрксевар, адолатсевар ўғлонлар қаторида фронтга жўнаб кетди. Ўша пайтларда республика матбуотида унинг шеърлари тез-тез чоп этиларди, ижоди адабий доираларда илиқ эътирофларга муносиб бўлиб қолганди.

Кавказ тоғларида немис қўшинлари нефть захираларини эгаллаш учун қаттиқ кураш олиб борарди. Шуҳрат фронтнинг мана шу ҳудудларидаги даҳшатли жангларда қатнашди. Тоғ сўқмоқларида, довонларда ўлим билан юзма-юз курашди.

Қонли жангларнинг тала-тўфонида унинг қалбига адолат ғалабасига ишонч, шеърият сози куч-қувват бағишлади. Жанглардан нафас ростлаш мумкин бўлган ғанимат лаҳзаларда шеърлар ёзди, республика матбуотига юбориб турди.

Озмунча жанглар қилмадим мен,

Озмунча қонлар кечмадим.

Неча бора ўқ есам ҳам,

“Бас, етар жанг”, демадим.

Энг оғир дамларда ҳам

Бахт-саодат юлдузидан

Ҳеч умидим узмадим.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад шундай хотирлайди: “Яшаб ўтган йилларимизнинг энг бахтли дамларини эслаймиз ва уни умр деб атаймиз. Аммо шу умр бўлса, айрилиқлар, маҳрумликлар, йўқотишлар билан ўтган изтиробли йилларимизни нима деб атаймиз? Айрилиқ, чекиниш, изтироб дамларида инсон битта мақсад билан яшайди. Тўсиқларни бузиб ўтиш, чекинишларга, туҳматларга қарши кураш жараёнида тобланиб боради. Ҳаётда ўз ўрнини топишга интилади. Лекин ҳаёт ҳаммамиздан кўра Шуҳратни кўпроқ ва кескинроқ синади: у букилмади, синмади. Юксак иродаси уни омон сақлаб қолди”.

Дарҳақиқат, умрни гаровга қўйиб ҳаёт-мамот жангларига кириш инсон учун энг оғир синовлардан. 1940 йилда армия сафида хизмат қила бошлаган Шуҳрат уруш бошлангач, фронтга жўнатилди. 1943 йилда жангларнинг бирида оғир яраланиб, госпиталга тушди. Узоқ даволанди, лекин жароҳатлар асорати буткул тузалиб кетиши қийин бўлди, шунинг учун она Ватанга қайтарилди. Ижодий жараёнга ўзини урди. Вафо, садоқат, муҳаббат мавзуидаги шеърларининг мухлислари кундан-кунга ортиб борарди. У Тошкентга кўчиб келган ҳарбий госпиталларга бориб, ярадор жангчиларга; қишлоқларга бориб, фронтдаги жигару жондошлари, тақдирдошларидан хат-хабар кутаётган ота-оналар, аёлларга уларнинг кўнглини кўтарадиган, дилларига таскин бағишлайдиган шеърларини ўқиб берарди.

Йўлларингда чечак учраса,

Яшнаб турса, бил, ўша менман.

Боғларингда чаман барқ урса,

Нур уфурса, бил, ўша менман.

 

Эрта баҳор келиб қалдирғоч

Салом деса, бил, ўша менман.

Баҳор қадаб бошингга гултож,

Еллар эсса, бил, ўша менман.

 

Чанқовингни қондирса булоқ

Бағрин очиб, бил, ўша менман.

Тунлар йўлинг ёритса чироқ

Шуъла сочса, бил, ўша менман.

 

Кетолмайман ҳеч сендан йироқ,

Инонма сен менинг қабримга!

Аслида, мен севган кунимоқ

Кўмилганман сенинг қалбингга!

“Шеъриятимизда реалистик ҳақиқатни романтик жўшқинлик билан омухта қилиб, гўзал ва нафис лирик асарлар яратган шоир Шуҳрат умуман ўзбек поэзиясини ўртамиёначилик савиясидан олиб чиқиб, юқори кўтаришга астойдил хизмат қилган меҳнаткаш, истеъдодли, изловчи шоирлардандир”, деган эди Ўзбекистон халқ шоири Мақсуд Шайхзода.

* * *

Маҳоратли адиб 1947 йилда уруш хотираларига асосланган “Шинелли йиллар” романини ёза бошлади. Ижодга шу қадар берилиб кетдики, у ҳафта-ўн кунлаб кўчага чиқмасди; кечасию кундузи тўлиб-тошиб ёзарди. Дўстлари баъзан учратиб қолишганда, Шуҳратнинг чарчаган, ҳорғин, аммо қилаётган ишидан ғоят мамнун эканини юз-кўзлари, сўзларидан дарҳол ҳис этишарди. Шундай шахду шиддат шахсга сиғиниш даврининг деворига урилди: ижодкор сохта далиллар билан совет тузумига душманликда айбланди, тиканли симлар ортига бадарға қилинди, сўнгги боблари ёзилаётган “Шинелли йиллар” романи ёзув столида қолиб кетди… Беш йиллик хорлик, сарсон саргардонлик, машаққатлардан кейин она тупроққа қайт­­ди. Шуҳратни ҳар қандай вазиятда ижод, эзгу ниятлар ифодаси бўлмиш бадиий асарлар ёзиш нияти тарк этмади, қўллаб-қувватлади. У маҳкумлик йилларида қўли оғир меҳнатда бўлса-да, қалбида “Шинелли йиллар” романини якунлаб, “Олтин зангламас” романини пишитиб қўйганди.

“Шинелли йиллар”нинг бош қаҳрамони Элмурод сиймосида адиб шахсини кўргандек бўламиз. Урушнинг бошидан охиригача қанчадан-қанча қирғинбарот жангларда қатнашган бу фидойи, мард инсон образини муаллиф меҳр ва ифтихорига йўғириб олгандек…

— “Шинелли йиллар” романи воқеаларининг барчасини ўз кўзим билан кўрганман. Персонажларнинг кўпчилиги билан ёнма-ён жанг қилганман. Ҳатто китобда уларнинг номлари ҳам ўзгартирилмаган. Элмурод, Зебо, Марьям, Ягудин, Лариса, Махалов, Мурзин, Данилченко… кўрган-кечирганларимиз ўтган уруш хотиралари бўлиб қолсин, — деган эди Шуҳрат муаллим.

Устоз фронтда, суронлар йиллар гирдобида ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни қоғозга тушира туриб, уларни битта асарга жойлаб бўлмаслигига ишонади ва уни икки китобга бўлади. Биринчи асарини 1947 йилда тугатганини ўзи айтади.

Аммо ҳушёр китобхон романнинг сўнгида “1947-1957” йиллар деб ёзилганини фаҳмлайди.

Гап шундаки, шахсга сиғиниш йилларининг азобини кўпгина қаламкашлар қатори Шуҳрат ҳам татиган. Йўқ ердаги айблар, асосан, туҳматнинг кучи билан, яна очиқроқ айтилса, “учлик судлов” томонидан йигирма беш йилга ҳукм қилинади. Ҳақни ҳаққа, ноҳақни ноҳаққа ажратадиган замон келгач, 1955 йилда унинг бегуноҳ эканлиги исботланади.

Сибирь, Қозоғистоннинг шимолида захмат чекиб юрган кезлари ҳам бу роман у кишига тинчлик бермайди. Тошкентга қайтган заҳоти романнинг иккинчи қисмини ёзишга киришишга аҳд қилади. Озодликдан маҳрум қилинишидан олдин Ўзбекистон давлат нашриётига қўлёзмасини ташлаб кетади. Қайтиб келгач, суриштирса, нашриёт раҳбариятидан бу китобни кўрмаганлигини эшитади. Ана диққатбозлик, ана асаббузарлик!

Фавқулодда домла билан учрашиб қолган нашриёт бош бухгалтери Касабов: “Менда бир китобинг турибди, русчаси ҳам бор”, дейди. Бу “Шинелли йиллар”нинг биринчи қисми эди. Асар қайта ишланади, тўлдирилади, 1957 йилда битади.

Ўша пайтда негадир яхши деб топилган асарлар дарҳол рус тилига таржима қилинар эди. “Воениздать” нашриётида чоп этилган китобга П.Вершигора, Э.Казакевич каби номдор ёзувчилар тақриз ёзишади. Айниқса, Вершигора: “Армиямизда кўп миллатли роман йўқ, Шуҳратнинг романи бунга тўлиқ жавоб беради”, деб уни юксак баҳолайди.

Роман Г.Соловьев таржимасида илк бор 1959 йилда Москвада рус тилида катта нусхада босилиб чиқади, у кейин яна икки қайта эълон қилинади. Уларнинг умумий адади ярим миллиондан ошиқ нусхани ташкил этади. Айни шундай муваффақият 1960 йилда чоп этилган ўзбек тилидаги нашрида ҳам кузатилади. Умуман, ушбу асар бир неча хорижий тилларга таржима қилиниб, барисида мисли кўрилмаган муваффақиятга эришган эди. Чунки бу асар ўзининг баркамоллиги, ўқишлилиги билан ўқувчилар қалбини ишғол қилган, китобхонларнинг севимли асарига айланиб кетган эди.

…“Қози муттаҳам бўлса, дардингни кимга айтасан?” Адолатсиз тузум “доҳий”лари ҳаёт ҳақиқатларини доим яшириш, пинҳон тутиш учун ҳақгўйларни туҳматлар, қамоқ, сургун, ўлим жазоси билан қўрқитдилар, жазо машиналари миллат ойдинларининг бошида қилич ўйнатди. 1950 йилларда “тройка” қарори билан ноҳақдан 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган бир гуруҳ ижодкорлар орасида Шуҳрат ҳам бор эди. Миллатчиликда, “озод ва бахтиёр” совет тузумини қўллаб-қувватлаш ўрнига ўтмиш аждодларини тарғиб этишда айбланган бу зиё­лилар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, мутафаккир тарихчилар Хондамир, Мирхонд кабиларни таълим даргоҳларида ўқитиш бў­йича алоҳида дастурлар тайёрлаш, ўқув соатларини кўпайтириш, яъни бу тарихий шахслар ҳақида ёшларга кўпроқ маълумот бериш, уларни тарғиб этишни кучайтириш ташаббуси билан чиққандилар.

Шунинг учун ҳам Шуҳрат яна бир неча йил умрини қамоқхоналарда ўтказди.

Собиқ тузум истибдодларини бошдан кечирган Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло шундай деганди: “Шуҳрат ҳаётда ҳам, ижодда ҳам чеккан машаққатларини бошқа бирорта ўзбек ёзувчиси кўрмаган. Унинг энг юксак инсоний фазилати шундаки, ижодкор ҳар қандай маломат, хўрлик, бўҳтонлар чангалида, ҳа, худди шундай, қаддини хам қилмади. Дардкаш излаб, ҳар кўринганга тақдиридан нолимади. Метин ирода билан, ўз инсонийлигини йўқотмай ижод қилди.

Ҳақиқат ва ҳалолликнинг бир кун ғолиб чиқиши ва қаҳрамонликнинг машаққатлари тўғрисида кўпроқ китобларда ўқиймиз. Ёзувчи Шуҳрат эса ҳалоллик, ўзининг ҳақлигига ишонч, инсоний ғурур каби ажойиб фазилатли кишиларнинг орамиздаги тирик намунаси эди”.

* * *

Қуйида ёзувчи Шуҳрат ҳақида унинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдларидан айримларининг фикрларини келтириб ўтмоқчимиз. Уларда буюк қалб, улуғ инсон, юксак иқтидор соҳиби ҳақида юракдан айтилган гапларга дуч келасиз:

Одил Ёқубов: “Шуҳрат ака сўнгги йиллари, ҳатто касалга чалинган чоғларида ҳам қаламини қўлдан ташламади. Шуҳрат ака адабиётга ҳам, театрга ҳам шуҳрат келтирган асарлар яратиб қолдирди”.

Абдулла Орипов: “Азамат акаларимиздан эди Шуҳрат домла. Устозларимиз Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир ва Шайхзодалардан кейин ижод яловини кўтариб турган ғайратли бу адиблар қаторидан жой олди”.

Шоислом Шомуҳамедов: “Шуҳрат аканинг ирода ва матонатига қойил қолар эдик ва Айюб пайғамбар қисмати эсга тушар эди. Улуғ Фирдавсийнинг қуйидаги мисраларини ўзига ҳаётий шиор қилиб олгандек эди гўё:

Дона тортган чумолига берма озор,

Жон шириндир, ўшанда ҳам жон ширин.

Бу гапларга бутун умр амал қилди, бирор кимсага озор бериш у ёқда турсин, барчага фақат меҳрибонлик қилган эди устоз”.

Ҳаким Назир: “Тушкунлик, нолиш нималигини билмаган, табиатан оптимист бўлган Шуҳрат ака ўз ижодий тажрибасини ёшлар билан ўртоқлашишда обдан сахийлик, тантилик намунасини кўрсатар эди”.

Иброҳим Раҳим: “Бутун умрини заҳматда, ижодий меҳнатда ўтказган ва меҳнатсиз туролмайдиган ижодкор Шуҳрат касалхоналарда бетоб ётган пайтларида ҳам қўлидан қаламини туширмади. Хасталик туфайли тили зўрға айланаётган пайтларда ҳам лирик шеърларини битиб, янги асарлар ёзди”.

Нуриддин Муҳитдинов: “Абдулла Қаҳҳор ва Шуҳрат ўртасида мустаҳкам алоқа бор эди. Энг истеъдодли, маҳсулдор адиб саналган Абдулла Қаҳҳор тил устаси эди. У кишининг Шуҳрат билан дўстлиги чин дўстлик эди. Бир-бирига ҳавас қилгудек яқин эди. Икки ижодкорнинг суҳбатидан кўп марта баҳраманд бўлганман. Уларнинг аскияси, шўхлигига ҳавасим келар эди”.

Пўлат Мўмин: “Шуҳрат акани илк кўрганлар ҳайратда қолишар эди. Бу шоирни чинакам эъзозлаш эди. У шеър ўқиганда одамлар жон қулоғи-ла тинг­лашарди, одамлар тинглаб, англаб маза қилишарди. Шеърлари тингловчиларнинг дардларини оларди гўё, завқ улашарди уларга”.

Шукур Холмирзаев: “Шуҳрат ака биз ёшларга кўп насиҳат қилар эди, тўғри йўлга бошлар эди. Ўзлари айтгандек: “Турмада онт ичганман, омон чиқиб борсам, ёшларни биздай бўлмасликка ўргатишим керак. Мен бугунгача мана шунга ҳаракат қилиб келдим”, деган эдилар”.

Фахриддин Умаров: “Шуҳрат ака беназир ижодкор эди. Мен у кишининг рубоийларини Бобурга таққослайман. Ўша тиниқликни, ўша ўт-оловни Шуҳрат аканинг рубоийларида кўраман”.

Усмон Азим: “Шуҳрат ака бировларнинг гапиришига тақлид қилмас, бироқ бир замонлар кечган воқеаларни айрича бир завқ билан ҳикоя қилар эдики, эшитган одам баайни китоб ўқиётган каби лаззат олар эди. У киши миллатчиликда айбланиб, қамалиб чиққан бўлса ҳам, чўчишни билмас эди. Ўша пайтда ҳамма ҳам кўпчиликнинг орасида, масалан, Чўлпон ҳақида баралла гапиравермасди. Аммо Шуҳрат ака ҳеч нарса билмагандек, зўриқмасдан, атрофга алангламай, овозини пасайтирмасдан — шоир ҳақида бемалол тўлиб-тошиб сўзларди…”

Ўткир Ҳошимов: “Шуҳрат ака урушда қон кечди, инсон боласи чидаши қийин бўлган азобларни кўрди, совет юрти учун жонини фидо қилди ва эвазига… эллигинчи йилларда “сиёсий душман” сифатида Сталин ГУЛАГига тиқилди! Инсон учун, айниқса, қалби нозик ижодкор учун бундан ортиқ адолатсизлик бўлиши мумкинми? Адиб шунда ҳам дод демади. Ёлғон-яшиқ шиорлар эмас, инсон қисматини ҳалол тасвирловчи асарлар ёзиш кераклигини ҳис этди ва шундай китоблар ёзди”.

Шундай. Ҳақ қарор топиб, маҳкумликдан озод этилгач, Шуҳрат шахсга сиғиниш даврининг фожиаларини акс эттирган “Олтин зангламас” романини ёзди. Ўз даврида Ойбек, Абдулла Қаҳҳор романлари даражасидаги асар деб баҳоланган бу романнинг китобхон қўлига тегиши ҳам осон бўлмади. Чунки бу асарда ҳаётий ҳақиқатлар шахсга сиғиниш даврининг фожиалари акс эттирилган эди. Адибнинг жасорати, қатъияти, қалам олдидаги масъулиятига садоқатини кўрингки, ҳаётининг неча йилларини тош деворлар ортида ўтказишига сабаб бўлган тарихий ижтимоий оғриқ, дардлар ва уларнинг оқибати ҳақида мазкур асарда ҳикоя қилди. 1967 йили роман дастлаб “Шарқ юлдузи” журналида, сўнг­­ра китоб ҳолида нашр этилди. Адабиётда ҳаётнинг барча соҳалари ижобий бўёқларга бўяб акс эттирилаётган ўша даврда бундай роман ёзишга ҳар ким ҳам журъат этолмасди. Олтмишинчи-етмишинчи йилларда “Олтин зангламас”дай асар билан майдонга чиқиш учун катта жасорат керак эди. Роман катта шов-шувларга сабаб бўлди. “Наҳотки бу сирли муаммони очиқ-ошкор айтиш мумкин бўлса? Энди Шуҳратнинг қисмати нима бўларкин?” деганлар ҳам бўлди. “Олтин зангламас” романининг яратилиши фақат ёзувчининг эмас, балки китобхон, адабиёт, ижодкорларнинг умумий ютуғи эди.

Аслида, ёзувчининг дилида борини тўлиқ ифодалашга замон йўл бермаганини бир шеърида шундай ифодалайди:

Мен олам китобин бир-бир варақлаб,

Кўп нарса тушундим, кўп нарса билдим.

Замину замону оқимга қараб

Ўнтадан биттасин ошкора қилдим.

Шуҳратнинг Ватанга садоқат, инсон учун киндик қони тўкилган тупроқдан бошқа жойлар асл ватан бўлмаслиги, Ватандан айро умр мусибату армонларда кечишини ифодалаб ёзилган “Жаннат қидирганлар” романи ҳам китобхонларга етгунича айрим шахсларнинг бўҳтонларига учради. Аммо 1968 йилда босилиб чиққанидан кейин мухлисларнинг севимли асарларидан бирига айланди.

Ҳа, Ватанда яшаб Ватан, миллат, она халқ, қондошу жондошлар қадрига етмаган, халқу Ватаннинг фақат ёруғ кунларидан баҳраманд бўлиб, синовли онларида бошини панага олгувчилар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Ана ўшандайлар ҳаёти билан солиштириб таҳлил этилса, Шуҳрат домла каби инсонлар ҳам “Жаннат қидирганлар”нинг асосий ижобий қаҳрамони, деса бўлар.

Адиб ижодда ҳам, ҳаётда ҳам инсонийлик талабларига содиқ қолди. Юқорида Шуҳрат “тройка” қарори билан 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинишига Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, мутафаккир тарихчилар Хондамир, Мирхонд кабиларни таълим даргоҳларида ўқитиш бў­йича алоҳида дастурлар тайёрлаш, ўқув соатларини кўпайтириш, яъни бу тарихий шахслар ҳақида ёшларга кўпроқ маълумот бериш, уларни тарғиб этишни кучайтиришни қўллаб-қувватлагани сабаб бўлганини айтгандик. Қаранг, шундай айблов билан қамоқда ўтириб, 1955 йилда оқланиб чиққан Шуҳрат бир йил ўтиб туғилган ўғлига Хондамир, ундан кейинги фарзандига Бобур деб исм қўяди. Кейинчалик набираларга Комрон, Темур, Боту, Ҳумоюн, Мирхонд деб исм қўйишади.

* * *

Яқинда “Академнашр” Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг ҳибсдаги ҳаёти тўғрисида мўъжаз китобни чоп этди. Таниқли адиб Мирзо Кенжабек адибга котиблик қилган ушбу асарда домланинг 50-йиллар қатағони давридаги машаққатли қамоқ ҳаёти акс эттирилади. Ўша машъум замонда йигирмага яқин кўзга кўринган ўзбек зиёлилари ҳибс қилинади, улар махфий суд қилиниб, узоқ муддатларга сургунга жўнатилади.

Халқимизнинг севимли ижодкорларидан — Шукур Холмирзаев ва Усмон Азим дастаги билан Шуҳрат муаллим хаста ҳолига қарамай Мирзо акага бошидан кечирган воқеаларни эринмай гапириб берган, уларни қайд этишда ўзига хос мушкулликлар бўлгани ҳам рост. Қайд этиш жараёни 1988 йилда бошланади. Шуҳрат домла бу қиссанинг нашридан умидвор эди. У киши ҳаётлигида бир парчаси газеталарда босилди, холос. Асар ўтган йили тўлиқ ҳолда 35 йилдан кейин дунё юзини кўрди.

Ушбу асардан айрим қайдлар: …Адиб ҳуқуқ идоралари томонидан таъқибга олинади. Бир кун ёмғир шивалаб тургани учун уйга қайтишда такси тутади. Рус йигити эпчиллик қилиб, ундан олдин машинага минмоқчи бўлади, ёзувчи бунга йўл қўймайди. Тортишиб ўтиргандан кўра, муаммо милицияхонада ҳал қилинишига ишонишади иккиси ҳам.

Навбатчи миршаб раҳбарига: “Маст безорини тутдик”, деб ҳисобот беради. Домла бор-йўғи бир финжон пиво ичгани тўғрисидаги гапига эътибор ҳам қилишмайди. Ўша кеча милиция қамоқҳонасида қолади… Эртасига Ёзувчилар уюшмасида миршабхонадан келган ҳужжат асосида у “Шарқ юлдузи”дан ишдан ҳайдалади…

Кейинги сафар Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрига қариндошларининг уйига таъзияга боргани учун яна сохта далиллар билан милицияга тушади. Гўёки “Қирғизистон орқали Хитойга қочиб кетиш”га уринган эмиш.

Бундай ҳолатда, албатта, жиддий тергов олиб борилади. Терговчи Суханов деган кимса адибдан барча антисовет фаолиятини айтиб беришни талаб қилади. У ўзига емак чақиртириб, овқатлана туриб, сўроқни давом эттиради. Шуҳрат ака эса: “Тушликдан ҳам, кечки овқатдан ҳам маҳрум бўлган эдим, жуда овқат егим келар эди”, деб хотирлайди.

— Иқрор бўлсанг, сенга ҳам овқат бераман. Қайсарлик қилиб тураверсанг, борадиган йўлинг фақат битта: лагерь!

Тергов давом этар экан, асоссиз, мантиқсиз гумонлар кишини зада қилиб юборади. Саволлар ўша-ўша, жавоблар ҳам деярли ўша-ўша.

“Антисовет ташкилотига қачондан аъзосан? Бош­лиғинг ким? Рус оғаларга қарши кайфият сенда қачон пайдо бўлган? Такси талашиб турганингда мақсадинг нима бўлган? Хитойда киминг бор? Ёзувчилардан яна кимлар бу ташкилотга аъзо? Қандай тарзда иш олиб боргансанлар? Бу антисовет ташкилотига ўзинг шахсан кимларни тортгансан? Аввалги халқ душманлари билан алоқанг қандай эди?” ва ҳоказо.

Адиб баъзи-баъзида ҳибсхонага виқор ва салобат билан Бош прокуратуранинг алоҳида ишлар бўйича ўринбосари Бропков кириб қолади, деб эслайди. Хўжакўрсинга маҳбуслардан ҳол сўраб, шарт-шароитни назорат қилган ҳисобланади. Аҳволни айтсангиз, парво қилмайди, гўё ҳамма иш қонуний кетаётгандек.

Сабри тўлган ёзувчи инсон қиёфасидан узоқ бўлган, ўша қаттол даврнинг ялоқхўрларидан бири Суханов устидан арз қилиб, ички ишлар вазири ўринбосари Қурбонов қабулига киради.

— Сени терговчи урмаган бўлса ҳисобга ўтмайди, агар унинг ўзи урса ёки қўпол муомала қилса, бизга айтасан!

— Қўполлик қилади, сўкади.

— Гувоҳинг борми?

— Ҳибсхонада қанақа гувоҳ бўлсин!

— Демак бу гапинг ҳам ёлғон. Бизда уриш, сўкиш йўқ!..

Икки йиллик ана шундай хўрлик, азоб-уқубатли қамоқдан кейин суд бошланади. Судланувчилар орасида Ҳамид Сулаймон, Мирзакалон Исмоилий, Шукрулло сингари таниқли инсонлар, жами саккиз киши бор эди.

Суд иши йигирма кунга чўзилади. Ўзи нари-бериси билан икки кунлик иш, ҳакамларнинг мақсади жиноят кўламини бўрттириб кўрсатишдан иборат эди.

Қўйилган айблар: Файзулла Хўжаев, Акмал Икромовнинг мақсад ва ғоялари, кейинроқ эса Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Усмон Носир тўғрисида саволлар берилади. Судланувчиларни қамалиб ёки отилиб кетган бу ойдинларга сафдош сифатида айблашга уринишади.

Суд жараёнида адибни Муҳитдин Комилов бош­чилигидаги советларга қарши “Миллий истиқлол” ташкилотининг аъзоси, деб исботламоқчи бўлишади. Судда “раҳбар”нинг ўзи иштирок этади.

— Унинг гувоҳлик беришича, мен ва Саид Аҳмад бу ташкилотда фаоллик кўрсатган эканман, — дей­ди Шуҳрат ака.

Шуҳрат домлага қўйилган айблардан яна бири Чўлпоннинг “Соз” китобидаги “Соз” шеърига ўхшатиб, аруз вазнида шеър ёзгани эди. Айбловномада айтилишича, айбнинг биринчиси Чўлпонга ўхшатиб ёзган бўлса, кейингиси Шуҳратнинг арузда ёзгани эди. Аруз вазни рус шеъриятида йўқлиги боис бош­­қа халқлар наздидаги бу мумтоз санъат гўё эскилик сарқити ҳисобланар, бу вазнда ёзган шоирлар гўё эски даврларни қўмсаган бўлиб чиқар экан.

Терговчилар гуруҳининг бир йилдан ортиқ уринишларидан натижа чиқмагани бир сари, судда ҳам ҳеч қандай мантиқий далиллар ҳисобга олинмай, судланувчилар 25 йилга қамоқ жазоси оладилар.

Қиссада, шунингдек, Тошкентдаги ва Қозоғистондаги турмалардаги оғир вазият, хўрликлар, камситишлар батафсил ёритилади. Зиёлиларнинг маҳкум қотиллар, порахўрлар, қароқчилар билан бир камерадаги “ҳаёти” берилади. Ойдинларнинг ўша замон қамоқларида йўқ бўлиб кетаётгани, мамлакатнинг хароб бўлаётгани, алдовга асосланган тузум барпо бўлгани тўғрисида гап боради.

Асарда бошқа миллат маҳкумлари билан Шуҳратнинг бўлиб ўтган суҳбатларига ўрин бериладики, бу лавҳалар ҳам ўқувчининг диққатини ўзига тортади. Масалан, грек йигити Прокакишнинг “Грецияга — Ватанимга кетаман”, дегани учун ватан хоини сифатидаги қамоққа тушгани таъсирли ҳикоя қилинади.

Дер исмли немис йигитининг қисмати ҳам ачинарли. У гўёки ўзи ишлаётган Чирчиқдаги махсус заводни портлатмоқчи бўлган эмиш…

Хўжалик-молиявий иши билан қамалган Лешчанс­кий Абрам Исроилович китобда бадавлат маҳбус деб таърифланади. У Киров номидаги Истеъмол моллар комбинатининг раҳбари бўлиб ишлаган кезларда алиф мойи ишлаб чиқаришдаги беш миллион камомади учун 150 минг рубль пора тўплаш ва беришдаги машаққати баён қилинади.

Туркистон легионида хизмат қилганлар ҳам адиб билан бир турмада бўлган эканлар…

“Озод қалб” асарида диққатимни тортган яна бир нарса бор, унда устознинг 60-йилларнинг охирида Туркманистон сафарида лагерда орттирган дўсти Журменек бахши билан қаршилашиш эпизоди келтирилади.

— Биз совет билан келишиб олдик: у менга тегмайди, мен унга тегмайман! Тегса ўзидан кўрсин! Қўрқув ҳам, ҳадиксираш ҳам йўқ: “нари борса, бир ўлим-да!”…

Мард инсон эди у. У унвонлар, мукофотлар, мақтовлар учун ялтоқланмади, дўст танлашда ҳам ҳақиқий инсоний фазилатларни қадрлади. Виждони буюрган ишни қилгани учун ҳамиша эркин ва боши баланд юрди.

Қалбим, жисмим, руҳим ўзбек,

Фикри-зикрим, туғим ўзбек.

Бағрим очиқ, тилим ширин,

Кўрса мени ким ўзидек.

Ҳукумат унинг меҳнатларини ўз вақтида қадрламагани, мукофотлар, унвонлар билан сийламаганига, балки, Шуҳрат катта йиғинларда совет халқи, халқимиз дейиш ўрнига “миллатимиз” сўзини кўп ишлатгани ҳам сабаб бўлгандир…

Аммо юртимиз Истиқлолга эришгандан кейин адибнинг меҳнатига катта ҳурмат, эъзоз кўрсатилди. 1993 йили ёзувчининг 75 йиллиги нишонланди. Ўзбекистон мустақилликка эришганига эндигина икки йилча бўлган, ҳали катта давлат мукофотлари таъсис қилинмаган пайтлар. Ўшанда адибга Ўзбекистон Президентининг “Фахрий ёрлиғи” берилди. Орадан икки ой ўтиб, 1993 йили улар оламдан ўтди. Вафотларидан сўнг 10 йил ўтиб, 2003 йили “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди…

* * *

…Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бошланган, саксонинчи йилларида ҳам тинмаган, кети узилмаган туҳмат зарбалари Шуҳрат домланинг жанг майдонида орттирган яралари асоратларига қўшилиб, адиб соғлиғини зимдан емирди. Аммо ёзувчи ҳеч қачон ноумид бўлмади, яхшилик тантанасига умидворлик йирик асарларидан тортиб, шеърларигача бош мақсад қилиб олинди.

Кечқурун шафақни ўғирлаб кеча

Эрталаб уфққа қайтадан сочди.

Кечқурун ўкинчдан хўрсинган ғунча

Эрталаб шод-хандон лабини очди.

 

Инсофдан кўчат эк, кўкарса агар,

Меваси ҳақиқат, ростгўйлик бўлар.

Дунёда ғам-ғусса, адоват тугар,

Ҳар умид косаси шодликка тўлар.

Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров: “Шуҳрат асарларида ҳаётга бу қадар яқинлик, бу қадар ҳаётийликнинг сири нимада эди?

Бу сирнинг калитини мен адибнинг ўзида, унинг ёрқин, азамат, девкор феъл-атворида, ҳаётга, одамларга, ўз ёзувчилик ва инсонлик қисматига бўлган ёндашувларида, қоядай мустаҳкам маърифатли принципларида ҳеч йўлдан оғмас, бўялмас, ўзгармас олийжаноб адолатида кўраман.

Шуларнинг яқинлигида у Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Авлоний, Мунавварқори, Чўлпон, Убайдуллахўжа, Усмон Носирларга келбати тортади”, дейди.

“Яхшиликни очиқ чеҳрали кишилардан кутинг­лар”, дейилади муборак ҳадиси шарифда. Замондошлари, шогирдлари, фарзандлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг ҳамиша очиқ чеҳра, бағрикенг, саховатли инсон бўлганини алоҳида эътироф этишади.

Ён, чироғим, тонгга қадар ён,

Ёруғингдан ёришсин жаҳон!

Ён, чироғим, қалбим кутар, ён,

Ён, чироғим, ором олсин жон!

 

Сен ёниб тур, мен қилай ижод,

Қарзим кўпдир элдан, юртимдан.

Умрим ўтгач, қараб ортимдан

Демасинлар: “Кўрди бўш ҳаёт”.

Ён, чироғим, тонгга қадар ён!

Энг улуғ, ёруғ тонглардан умидвор қалбнинг хотира, ибрат чироқлари ҳамон чарақлаб турибди.

Ушбу ёдномамизни эса Шуҳрат домланинг ибратга чорловчи қуйидаги сўзлари билан якунлашни лозим топдик: “Она юртга бўлган муҳаббат, миллий ифтихор кишидаги нозик ва муқаддас, азиз ва сўнмас ҳисдир. Буларнинг ўрнини на молу дунё, на шону шараф, обрў — йўқ, ҳеч нарса тўлдиролмайди. Шу олийжаноб ҳислар билан яшаган одам ноҳақликка, ҳар қандай оғир ва мусибатли кунларга бардош беради, улардан ғолиб чиқади ва муроду мақсадига етади, ҳаётда мамнун яшаб, қаб­рида ҳам оёғини узатиб ётади…”

Аброр ҒУЛОМОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 8 =