Ишсизлик — энг катта муаммо

Бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири ИШСИЗЛИКдир. Бу жамиятимиздаги кўплаб инсонларнинг яшашга бўлган иштиёқини сустлаштириб келмоқда.

Мамлакатимизда ишсизларнинг сони шунчалик кўпки, сиқилганингиздан ҳеч қаёққа сиғмай қоласиз. Энг ёмони эса бу муаммо кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар куни ишсизликдан қийналиб бошини қайси деворга уришини билмай азобланаётган юртдошларимиз оз эмас.

Ҳатто қўлида қўш олий маълумотга эга бўлиб, муносиб иш ахтариб юрган ҳамюртларимиз ҳам талайгина. Ҳар куни эрта тонгдан мардикор бозорига бориб “мен бугун қандай иш қилиб пул топарканман” дея ич-этини еб юрганларни-ку қўяверинг. Мамлакатимиздаги ишсиз одамлар ҳам шу азиз юртнинг фуқаролари. Шундай бўлса-да, бу инсонларнинг дардини эшитадиган одам борми? Ҳамма ўзи билан ўзи оворадек. Амалдорларнинг бу ҳолатларга лоқайд бўлиб бораётганини тасвирлашга сўз йўқ, қалам ожиз. Агар бир бор четдан назар солинса, аҳолимизнинг фаол қатлами ҳам дунёга ружу қўйганига гувоҳ бўламиз. “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор”, деганлари рост экан-да!

Энг ачинарлиси шундаки, муҳим бўлмаган ишларга ёпишиб қолаётганимизда. Масалан: Гендер тенглиги ҳақида соатлаб баҳс қилинади, лекин мардикор одамларнинг аксарияти аёллардан иборатлиги четда қолиб кетаверади.

Ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди.

“Бизни хўрлашмоқда, алдашмоқда. Паспортларимизни олиб қўйишган. Уч ой текинга ишлаб берасанлар деб мажбур қилишмоқда. Илтимос, ёрдам беринг­лар”, деб илтижо қилишади кимларнингдир пуч гапига ишониб Россияга ишга кетган бир гуруҳ ҳамюртларимиз.

Яна бир гуруҳ одамлар: “Ярим йилдан буён фақат овқатга ишлаймиз. Пулимизни беришмаяпти. Ҳужжатларимизни ҳам олиб қўйишган. Ҳеч ким ёрдам қилмоқчи эмас” дея “баёнот” беради.

Турли тармоқлардаги бундай “оҳ-воҳ”ларни эшитиб, юрак эзилади. Агар шу бечораларга иш бўлганда эдими ўзга юртларда сарсон-саргардон, хор бўлиб юрармиди деб ўйлайсан. Ҳаммаси ишсизликдан.

Куни кеча Россия Президенти Владимир Путин юртимизга давлат ташрифи билан келганидан ҳамма хабардор. Ўзбекистон ва Россия етакчилари ҳар томонлама ўта муҳим ва кўплаб келишувларга эришди. Шулардан бири меҳнат муҳожирлари масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Энди Россияда ишлаётган ўзбекистонликларни ҳимоялаш учун ҳукумат барча чораларни кўришини Россия Президенти алоҳида таъкидлаб ўтди. Очиғи, бу гап­дан жуда хурсанд бўлиб кетдим! Гарчи, менинг бирор қариндошим ёки яқиним Россияда меҳнат муҳожири бўлиб юрмаган бўлса ҳам. Ахир ким бўлса ҳам улар менинг ҳам юртдошим, миллатдошларим-ку!

Ғиёсиддин АСРАНОВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

Халқаро журналистика факультети  талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + seven =