Икки қардош ва жондош эл

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6-7 июнь кунлари Туркияга расмий ташрифи доирасида халқларимиз ва давлатларимиз ҳақидаги: “Бир миллат, икки давлат” деган янги ифода қайта-қайта янгради. Бунинг замирида икки қондош, қардош, диндош халқ онг-тафаккурида ажиб бир яқинлик, меҳр-муҳаббат ва ўзгача ҳис-туйғу пайдо қилди.

Ё фикр, ё шукур

Дунёнинг ўнта давлатида бўлганман. Бир муддат Ташқи ишлар вазирлигида масъул вазифада ишлаган, иккинчи даражали иккинчи котиб дипломатик мартабасига эга бир ўзбек зиёлиси учун бу жуда кўп ҳам, унча кам ҳам эмас, албатта.

Эҳтимол, ўн беш-йигирма йиллардан кейин Ўзбекистонимиз аҳли учун узоқ ё яқин чет элга бориб келишнинг у қадар эътибори қолмас. Лекин, ҳозирча зиёлиларимизнинг хорижга сафарга бориб келишининг алоҳида ўрни ва аҳамияти бор деб ўйлайман. Ахир зўр бир мақолимизда: “Бирни кўриб, шукур қил, бирни кўриб, фикр қил!” — дейилади. Ҳар бир давлатга сафар амалда ниманидир кўриб, фикр қилишга, ниманидир кўриб, шукур қилишга ундайди.

Шукур қилиш учун ҳам, фикр қилиш учун ҳам сафарга чиқмоқ керак.

Ҳам жисман, ҳам фикран.

Жумабозор

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида Пайшанба қишлоғи бор. Пастдарғом туманида эса “Жумабозор” деган жой учрайди. Нега буларнинг оти шунақа? Чунки қадимдан бозорлар кўчиб юрган. Ҳафтанинг етти кунида етти жойда бозор бўлган. Пайшанба куни бозор бўладиган қишлоқ аввал “Пайшанбабозор”, кейин-кейин қисқартирилган ҳолда “Пайшанба” дейилиб кетган.

Пойтахт Анқара шаҳрининг Кечиўран илчаси(тумани)га қарашли биз қўнган Бағлум мавзесидаги “Кавказ” маҳалласида усти ёпиқ айвонлардан иборат очиқ бозор бор экан. Ҳар жума куни бу ерда мева-сабзавот савдоси ташкил этиларкан. Жума куни бозор, асосан, пешин намозидан кейин қизир экан. Дарвоқе, яқин жойда масжид ҳам мавжуд. Пешингача бориб, бу ердаги пештахталарга уйилган маҳсулотларни кўрган одамни ваҳима босади: “Шунча маҳсулотни ким олар экан?” — деб ўйлайсиз-да бошида. Пешингача, очиғи, сотувчиларга раҳмим келди. Чунки сотилмаса, шунча маҳсулотни яна йиғиштириб, қайтариб олиб кетиш керак. Эртагача унинг тармевалиги қолмайди-да. Аммо бозор намозшомга қараб шундай қизир эканки! Одамлар ишдан қайтгач, халталарини кўтариб, тўппа-тўғри бозорга қараб югурар экан-да. Бузилмайдиган кўп маҳсулотларнинг бир ҳафталигини жамлаб олишар экан.

Намозшом чоғи қизиқчилик учун яна бозорга бордим. Ишонмайсиз, тоғ-тоғ уйилган маҳсулотларнинг таги кўриниб қолибди. Баъзи пештахталар бўшаб ҳам бўлган. Очиғи, энди сотувчиларга ҳавасим ҳам келди. Ҳар қанча чарчаган бўлмасин, уларнинг кечки бозор маҳали маҳсулотлар арзонлашганини эълон қилаётгандаги завқ-шавқини кўрсангиз. Чўнтак пулга тўлган-да.

Ҳаммага тенг байрам

Дарвоқе, ўтган аср бош­ларида тилимизда аҳолининг катта қисмини англатадиган “йўқсил” сўзи ҳам фаол қўлланган. Бу сўз ҳозирги турк тилида ҳам фаол. Бу йилги Қурбон ҳайити арафасида “Кавказ” маҳалласида бир плакат кўрдим. Унда: “Kurbanlarınız Yoksulların Bayramı olsun!” — деб ёзиб қўйилган. Шундоқ ҳам тушунарли бўлса-да, таржимасини келтирай: “Қурбонларингиз камбағалларнинг байрами бўлсин!” Бу — қурбонликларни муҳтожларга тарқатинг­лар, деган даъват, аслида. Бу гапда “Қурбон ҳайити — мўмин-мусулмонлар байрами. Бу айёмда мусулмонлар қурбонлик сўйиб тарқатиб, энг ночор оилаларга ҳам байрамона шодлик улашадилар” деган маъно ҳам бор. Чунки бу қутлуғ айём Туркияда ҳам, шубҳасиз, ҳаммага тенг байрам ҳисобланади. Ҳақиқатан ҳам, Қурбон ҳайити инсонларни ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, саховат ва ҳамжиҳатликка чорловчи улуғ айёмдир.

Текин автобус

Туркия 2022 йили Қурбон ҳайитини тўққиз кун дам олиш куни сифатида нишонлади. Анқарадан кўплар ё туғилиб ўсган вилоятига, ё денгизли ҳудудларга дам олишга кетди. Пойтахтда шунинг дастлабки тўрт кунида автобуслар ҳамма учун бепул бўлди. Автобус кираси ўша пайтда биздаги 4 минг сўмга тўғри келишини ҳисобга олсак, бу давлатнинг аҳолига катта ҳиммати ҳисобланади. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, 6 миллионли бу улкан шаҳарда бир ерга бориш учун кўпинча, бир неча автобусга чиқишга тўғри келади.

Тилдаги фарқларимиз

Ўтган ўн тўрт аср мобайнида тилимизга арабчадан ниҳоятда кўп сўз кириб келди. Олимларнинг аниқлашича, Навоий асарларида ишлатилган жами 26 мингдан ортиқ калиманинг 26 фоизи айнан арабча. Ҳозирги замон ўзбек тилида ҳам арабий сўзлар тахминан шунча фоизни ташкил этса керак. Бу жиҳатдан биз қирққа яқин туркий тил орасида биринчи ўринда турамиз. Чунки турклар Мустафо Камол Отатурк ўз ҳукмронлиги замони(1923-1937)да арабий ва форсий сўзларни тилдан сиқиб чиқариш сиёсатини юритган. Бутунлай сиқиб чиқара олишмаган, албатта. Аммо кескин камайтиришган. Тилимизни бугунги турк лисонидан узоқлаштирган сабаблардан бири ҳам шу. Усмонлилар давридаги турк тили бизга анча яқин эди.

Шеърсевар ҳайдовчи

Анқарада шеърсевар ҳайдовчилар ҳам топилади. Бир ҳайдовчи машинаси бортига иккита ҳикмат битиб қўйибди. Иккаласига ҳам қойил қолмай иложингиз йўқ.

Биринчиси вазнан расо бўлмаса ҳам, мазмунан кучли, қофияси оҳорли ва жозибадор:

Fazla bakma, nazar edersın, güzalim,

Gel, beraber gezalim.

Мазмуни:

Кўп қарама, кўзинг тегади, гўзалим,

(Ундан кўра), кел, бирга кезайлик!

Иккинчиси жуда кучли ифодаланган, у таржимасиз ҳам ҳар қандай мусулмон туркий миллат вакилига тушунарли, чунки унда қўлланган тўрт сўз ҳам, асли, арабчадан кириб келган:

Zalime merhamet — mazluma zulüm.

Таржимаси:

Золимга марҳамат — мазлумга зулм.

Ўлмас ҳикмат! Шундай эмасми?

Тилнинг алкаш-чалкаш нуқталари

Тил — муттасил равишда ривожланиб боришга маҳкум. Чунки ҳаётда тинимсиз янгиланишлар юз бераверади-да. Кириб келган ҳар бир воқеа-ҳодиса, тушунча ва ҳаракатга ном бериш керак.

Кўп қаватли яшаш уйлари бизда шўро даврида пайдо бўлди. Унгача “уй” ёки “ҳовли” деганмиз. Ифодали қилиб “ватан” ҳам деб атаймиз. Фарғона водийсида “эшик” ҳам дейишади. Хўш, кўп қаватли уйни нима дейишимиз лозим? Унинг ичидаги ўзимизнинг алоҳида, оилавий турар-жойимиз, яъни квартирамизни-чи?

Адабий тилда аҳоли яшаши учун қурилган бундай баланд бинони “кўп қаватли уй” деймиз, ичидаги алоҳида оила яшаши учун мўлжалланган қисмини эса “хонадон” деяпмиз. Аммо, афсуски, иккаласи ҳам унчалар ўрнига тушган ифода эмас. Исботи — халқ ўзаро сўзлашганда бу атамаларни қўлламаяпти-да. Оқибатда адабий тил оммадан ажраб қоляпти. Ишонмасангиз, Тошкент шаҳридаги эълонларни кузатинг. “2 хонали дом сотилади”, деб ёзилади. Бу кўп қаватли уйнинг таркибидаги 2 хонали яшаш жойи сотилишини билдиради. Ҳолбуки, рус тилида: “Продаётся 2-х комнатный дом”, дейилган бўлса, бу 2 хонадан иборат ҳовли сотилишини англатади. Чунки уларда “дом” дегани — “ҳовли” дегани-да. Агар кўп қаватли уйнинг таркибидаги 2 хонали яшаш жойи сотилишини билдириш керак бўлса: “Продаётся 2-х комнатная квартира”, деган эълон берилади. Демак, рус тилида бу бир-биридан фарқ қиладиган тушунчалар “дом” ва “квартира” сўзлари орқали фарқлантирилади. Маъқул — аниқ-тиниқ, тушунарли.

Бухорода омма кўп қаватли уйдаги бир оилага мўлжалланган алоҳида яшаш қисми, яъни квартирани “микрорайон” дейди. Аввал у “микрорайондаги уй” бўлган, кейин-кейин қисқариб, “микрорайон” бўлиб кетган-да. Бир бухоролик Тошкентдан ҳовли сотиб олмоқчи бўлиб, эълон бўйича борибди. “Алмаштирсак-чи, шу ҳовлингизга 2 та микрорайон бераман”, дебди. “Менинг ҳовлим подшонинг саройи эмас-ку сизга, 2 та микрорайон берсангиз”, дебди тушунмай ҳовли эгаси.

Бу узундан-узун мулоҳазалардан кўзланган мақсад шуки, тилимизда ана шу икки тушунчани аниқ-тиниқ билдирадиган ифода топилиши ва унинг эл тарафидан омматан қабул қилинишига эришиш зарур. Шу маънода турклар бу масалада яхши ечим топишган экан: ҳовлини “mustaqıl ev”, кўп қаватли уйни “apartmana”, кўп қаватли уйдаги бир оила яшашига мўлжалланган қисм(“квартира”)ни “apartmanadakı ev” дейишар экан.

Айтганча, уй-жой олди-сотдисидаги биздан фарқ қиладиган яна икки жиҳатни ҳам қистириб ўтсам, ортиқчалик қилмас. Биринчиси — кўп қаватли уйлардаги хонадонлар сотилиши ҳақидаги эълонларда “1+1”, “1+2”, “1+3” ва ҳоказо ёзувлар ҳам бўлар экан. Бу “1 меҳмонхона (зал) ва 1 ётоқхона”, “1 меҳмонхона (зал) ва 2 ётоқхона”, “1 меҳмонхона (зал) ва 3 ётоқхона” маъносини англатар экан. Иккинчиси нархлар аввал турк лирасида ва кейин еврода (долларда эмас!) кўрсатилар экан.

Тизза қайдалигини биласизми?

Анқара — тоғу қирлар устига қурилган шаҳар. Бу жиҳатдан Эрон пойтахти бўлмиш Теҳронга ўхшаб кетади. Бироқ бу ер яна ҳам тоғлироқ жой.

Текис жойда яшайдиган одам тиззаларини кам эслайди. Анқарада оёқларингиз эмас, тиззаларингиз юраётгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Тиббий статистикадан-ку хабардор эмас­ман, лекин, назаримда, бу шаҳар аҳлининг тиззаларига туз тўпланмаса ҳам керак. Чунки баландликка ўрлаётганда ҳам, пастликка энаётганда ҳам тиззага куч тушади.

Дарвоқе, тоғларда яшайдиган ўзбекларимиз тепага чиқишни “ўрламоқ”, пастга тушишни “энмоқ” феъли билан ифодалашади. Очиғи, камина туғилиб ўсган, фақат текисликдан иборат Бухоро вилоятида бу сўзларни ҳеч ким ишлатмайди ҳам, аксарият аҳоли тушунмайди ҳам. Анқарада автобусдан тушишни “инмак” феъли билан ифодалашар экан. Тошкентда, Фарғона водийси вилоятларида: “Автобусга чиқдим”, дейилади. Шу адабий меъёрга айланган ҳам. Бухорода: “Автобусга миндим”, дейилади. Тошкент ё Фарғона водийси вилоятларида “минмоқ” сўзи “уловни бошқармоқ” маъносини ифодалайди. Масалан: “У автобус минади”, дейилса, “У автобус ҳайдайди”, маъноси тушунилади. Бироқ Анқарада: “Otobusa bın!” — дейишар экан. Худди Бухорода юргандек ҳис қилдим ўзимни. Чунки Бухорода ҳам: “Автобусга чиқ!” ўрнига: “Автобусга мин!” дейилади-да.

Тоғли шаҳар эканининг яна бир белгиси шуки, бу ерда “кўча”ни “sokağ”, яъни “сўқоқ” калимаси ифодалар экан. Бу биздаги “сўқмоқ”нинг кейинчалик қисқарган шаклидан бош­­қа нарса эмас. Айтмоқчи, Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги бир тоғли қишлоқ айнан “Сўқоқ” дейилади. У ҳам асли “Сўқмоқ” бўлган. Мана сизга таппа-тайёр этимология! Тоғли ерда аввал сўқмоқ бўлган, кейин унинг атрофига уйлар солиниб, бизнинг тасаввурдаги кўчага айланган.

Шуни ҳам қистириб ўтайки, биздаги “қиш­лоқ” сўзи ўрнига турклар “koy” (“кўй”) калимасини ишлатишади. Биздаги “кўча” сўзи ҳам, аслида, “кўй+ча” тарзида ясалган. Айтганча, “иссиқ”ни булар “sıjjak” дейишар экан. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Cижжак” қишлоғи номи ҳам, эҳтимол, шу сўздан олингандир?

“Арабмисиз?..”

Анқара кўчаларида турли ирқ ва миллат вакилларини кўрасиз. Аммо бир тил ҳукмрон. Зангилар ҳам туркча гаплашади. Қойил-э! Суриядан келган арабларнинг аксарияти ҳам аллақачон бу тилни ўрганиб олган. Бусиз илож йўқ-да.

Анқара кўчасида суриялик бир 11-12 яшар болакай каминадан:

— Арабмисиниз? — деб сўради.

Буғдойрангдан ҳам тўқроқ бўлган бир бухоролик беш-олти кун Анталияда денгиз бўйида қуёшда тобланганидан кейин арабнинг ўзгинаси бўлади-қолади-да. Тўғрими? Анталиянинг Аланясида бир ўзим тенги араб амаки ҳам бошқача меҳр билан салом берган эди. “Алик” олдим. Анчагача оғзимга қараб турди. “Арабча гапирармикан?” деб кутди-да.

— Араб аралашроқман-у, афсус, арабчани билмайман-да, — дедим.

Лекин бугунги ўзбек адабий тилидаги ҳар тўртта сўзнинг бири арабча. Ҳар биримиз бу лисонни бир қадар биламиз, деб ҳисоблайверинг.

Ижтимоий тармоқлар ривожланган бир замонда Туркия пойтахти ҳақида бошқа маълумотларни келтириб, вақтингизни олиб ўтирмайман.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 3 =