Тарих тахтидаги маликалар қисмати

ёхуд адиба қаламининг сеҳрли замзамалари

Шаҳодат Исахонова… Адабий иқлимда бу ном илк бор оғизга тушганида биз журналистика факультети биринчи курс талабалари эдик. Ёш адибанинг қаламидан тўкилган, бу зиддиятли дунёнинг юзига тутилган кўзгуда кўринган тимсоллар ҳар қандай қалбни ўзига ром этарди. Ўқувчилар диққатига ҳавола қилинаётган ҳикоя­ларидан қулоқларингизга бир сеҳрли куйдек оқиб кираётган оҳанглар бу кўҳна дунёнинг мастона шивирлашлари билан уйқашиб кетарди. Ҳикояларнинг фавқулодда ечими юрагингизни титратиб юборар, тубсиз хаёллар қаърига тортиб кетар, мудраб ётган ҳисларингизни уйғотар, қалбингизни симиллаган оғриққа тўлдириб юборарди.

Адибанинг “Кечиккан бахт” ҳикояси бу дунёда ҳамма нарсанинг омонат эканлиги, агар инсон ўз бахти учун вақтида курашмаса, у ҳовучингиздаги олтин қум зарралари мисол йўқликка сочилиб кетишига гўзал бир ишора эди. Унда ёш, ниҳолдек титроқ, ғунчалардек ҳаёли ва тортинчоқ, бу дунёни фақат бахтдан иборат деб билган аёл қалбининг бир нафасда совуқ урган, қовжираган, қийғос очилиб, борлиқни муаттар насимга тўлдирган оламининг заволга юз тутиши шундай ҳаққоний ва моҳирона тас­вирланган эдики, бундай тасвир фақатгина аёл кўзи билан оламни кузатаётган, сўзни қисмат деб билган истеъдоднинг қўлидан келиши мумкин эди. Раҳматли Тоғай Мурод билан бир куни оиламиз даврасида Шаҳодатхон ҳақида сўз кетганида, унинг қаламидаги ўзига хос тасвирлар жозибаси ҳақида тўхталиб, “Шаҳодатнинг ҳикоялари келгусида қийғос гулга кирадиган боғнинг илк меваларидир. Улар тотли ва ҳаётбахш. У мард ва истеъдодли адиба”, — деган эди.

Мана, йиллар ўтиб, истеъдодли адиба Шаҳодат Исахонованинг ижод боғи кўзни ва кўнгилни қувонтириб, шовуллаб турибди. Кўп заҳматлар, бедор тунлар, наср оламининг кўзга кўринмас парда ортидаги илоҳий олами эпкинларини ҳис қилиш ва қаламга олиш… Тарих тахтида виқор ва фусун, теран илм ва донишманд­лик, беназир ҳусн ва оқилалик тимсоли бўлиб ўтирган аждодларимиз бўлган улуғ аёлларимиз руҳи билан рўбарў келиш ва мулоқотга киришиш… Ернинг, турмуш ташвишларининг зил қанотларини қайириб, самонинг кўз ёшдек илиқ ва ёқимли томчиларини туйиш…

Булар оддий сўзга сиғмайдиган ҳолатлардир. Ҳақиқий ижодкор қалби ва теран нигоҳи эса дунёга ана шундай тансиқ ва шифобахш, аччиқ ва оғриқли, нурли ва фожиали тилсимларни етказиб беради. Шаҳодат Исахонованинг кейинги йилларда яратган, бадиий маҳорат ёғдулари каби қалбни шуълалантирган тўрт романи тўртта Турон маликалари қисмати ҳақидаги залворли асарлардир. Ўйлаб қоламан: адиба ўз олдига қўйган ижодий режа залвори тарихнинг улуғвор тоғлари елкасида турган ва келажак авлод билиши, унга бус-бутунича етказиш олий бурч бўлган буюк ҳақиқатлардир. Мактаб дарсликларида берилган маълумотларни янада тўлдириш, она Ватан тимсолини теран анг­латиш, миллий томирларимиз, қадриятларимизни бор бўй-басти билан кўрсатиш ва уни танитиш — ҳар бир ижодкорнинг фарзандлик бурчидир. Ҳар бир инсон ўз тарихини таниса — Ватанини танийди. Шу маънода, адиба Шаҳодат Исахонова ана шундай шарафли, бироқ машаққатли меҳнатга қўл уриб, тарих билан рўбарў бўлди. Табиийки, ўсиб келаётган қоракўзларимиз улуғ момоларининг қиёфасини кўз олдида гавдалантириш учун сўздан жавоб излайди. Адибани узоқ йиллар қизиқтириб келган кўҳна мозий сирлари соҳибалари — эркакларнинг етим қовурғасидан яратилиб, бу дунёнинг юкини биргалашиб елкалашган гўзал ва қудратли зотлар — она Ватан тимсоли бўлган ҳукмдорлар, фозилалар, забардаст олималар, шоиралар қисмати… Массагетлар ҳукмдори Тўмарис ва дунё саҳнасида шуҳрат топган улуғ аёллар тақдири… шулар жумласидандир.

Ҳазрат Амир Темурнинг жон таслим қилишдан олдинги сўнгги васияти: “Заифаларни қўрингиз”, — деган сўз бўлган экан. Жумлаи олам аҳлига қаратиб айтилган сўз, аслида. Нозик хилқатнинг дунёни бошқаришга-да қодир бўлган қудрати ҳақида бу сўз…

Улуғ Амир Темур ҳазратлари ёнида туриб, кўпинча сафарларда бирга бўлган малика Бибихоним қандай аёл эди? Тарихий манбаларга таяниб, адиба унинг сўздаги сиймосини шундай латифлик билан чизади. “Шаҳзодаларнинг дунёвий, диний, фалсафий билим олишлари мажбурий эди. Бу вазифа буюк Амир Темур салтанатининг бош маликаси Бибихоним зиммасида эди.

Бибихоним — 1341-1346 йиллар Мовароуннаҳр (Чиғатой улуси) тахтига ўтириб, тўрт йил ҳукмронлик қилган 22-хон жўжинажот шаҳзода Султон Қозонхон Ясовурхон ўғлоннинг қизи — Сароймулк­хоним ўтган йили кузда пайғамбар ёшига тўлган бўлса-да, ҳали қариликка бўй бермаган, қомати тик, ёноқлари билинар-билинмас бўртиб турган, оппоқ кулча юзлари ажинсиз, бодом қовоқлари устидан ҳилолдек эгилган қошлари ингичка ва қора эди. Қўнғир қорачиқли, хиёл қисиқ кўзларининг нигоҳлари жиддий, лаб­лари кичик, лекин қалинлиги учун гапирганда истараси янаям иссиқ кўринар, шу боис табассум қилганда мулойим тортарди. Овози сокин ва оҳангли, нафасидан таралаётган сўзлар суҳбатдошининг кўнглига оқиб кираётган каби уни бир зумда ўзига эл этарди.

Улуғбек Мирзо ота-онасидан йироқда доимо бобоси ва бибиси тарбиясида улғаяётгани учунми, Бибихонимга суяниб қолган, ҳозир ҳам худди бўталоқлардек ортидан эргашиб бормоқда эди.”

Улуғбек Мирзонинг бўталоқлардай эргашиб юриши… Улуғ аёл, меҳрибон бувижон Сароймулкхоним — Бибихоним ортидан… Эҳтимол, буви-ю набира тунлари ой шуълаларида порлаб ётган, юлдузлар жилва қилган самога соатлаб тикилиб ўтирган бўлса, ажаб эрмас. Эҳтимол, Улуғбекнинг ёш идрокининг ипак шуълалари улуғ Аёл боис кўк тоқига чирмашгандир?! Ҳар ҳолда, бу менинг ожиз тасаввурларим… Аммо асарга жуда ярашиб турган бу жумла адибанинг бизнинг қалбимизга нозик ишоратидир, балки?

Шаҳодат Исахонова романларини ўқиб, бир нарсага амин бўлдимки, адиба уларни яратиш жараёни олдидан тарихнинг ўқувчига маълум ва маълум бўлмаган далилларини чуқур ўрганиб, аввал ҳам ушбу мавзуда ёзилган манбалар билан синчиклаб чоғиштирган. Янги-янги манбаларни излашга ҳаракат қилган. Бадиий асарлардаги ҳар бир лавҳа, шаҳарлар тарихи, улар қурилишидаги тарихий аниқлик манбалари кўрсатиб ўтилиб, ўқувчи учун ҳам ёқимли таассурот уйғотган. “Бибихоним” тарихий романининг бош­ланишида Самарқанд шаҳри тарихи, Амир Темур ҳазратлари томонидан яратилган улуғ ва латиф боғларнинг шоирона тасвири ёки тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Амир Темур ҳижрий 801 йили (милодий 1399) Бағдод шаҳрини бир йил ичида қайта тиклаш хақида фармон бериши, муҳандислар томонидан зудлик билан тайёрланган мукаммал лойиҳа асосида кўпгина турар-жой бинолари, бозор, майдон, ҳаммомлар қурилиши, боғ-роғлар, боғчалар, хиёбонлар бунёд этилиши, Аракс дарёсидан каналлар чиқарилиб, шаҳар сув билан таъминланиши, Боилкон қўрғон-шаҳри қайтадан қурилиши, шаҳарнинг узунлиги икки юз минг тўрт юз газдан иборат айланма мудофаа девори қайта тикланиши ҳақидаги маълумотлар жуда қизиқарли бўлиб, адибанинг қизғин ижод жараёнларини кўз ўнгингизда гавдалантиради.

Асарни ўқиш жараёнида Бибихоним теран ақли, шарқона одоби ва ҳаёси, бағрикенглиги, давлат бошқарувидаги сиёсий тафаккури билан ўқувчини ҳайратга солади. Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг аёл тафаккури ва салоҳиятини нақадар қадрлаши, талотўп дунё зиддиятларига ечим топишда унга суяниши асарда жуда гўзал талқин қилинган: “Амир Темурнинг чеҳраси ёришиб, Бибихоним томон юзланди. Бибихоним Алмалиқийнинг сўзини тасдиқ ишораси ила ифода этаркан, сўзламакка тутинди.

— Шундай, ҳазрати олийлари, мактуб сўнгида Султон Аҳмад Жалойир ва қора Юсуф Туркманлар ила боғлиқ сўровингизда зикр этилди.

Маълумингизким, элчи Манглий Буғаи ҳожиб жаноблари келтирған мактубда Носир Фараж уларни тутиб, зиндонбанд қилғонлиғи хусусинда сўз кетмишди…

— Кўп ва хўб яхши, бибим… — Бибихонимнинг сўзини бўлиб миннатдорчилик изҳор этди Амир Темур. — Уларниг тақдиру аъмолларини ҳам бизға қўйиб бериш­лариға шаъма эттингизми?

— Шундай, ҳазрати олийлари! Ҳар иккисини ҳам элчимиз Абдуллоҳ Коший жаноблари бирлан борғон навкарларимиз илкига тайин этдим.”

“Туркий маликалар”нинг ҳам шарафли, ҳам фожиавий қисмати, тож-тахт учун кураш, сарой хонимларининг чегара билмас фитналари, жангу жадалларда дарё-дарё тўкилган қонлар, оддий халқнинг қалбидаги ушалмас армонлари бадиий асарда ғоят маҳорат билан тасвирланиши ўқувчи қалбини ўзига ошуфта қилади. Маликаларнинг ғоят кучли иродаси, матонати, мамлакат миқёсидаги ҳайратомуз иштироки, гулдан-да нозик шоирона қалбининг таҳқир тиғларида тилиниб, умрига якун ясалиши қалбни ларзага солади. Бибихонимга заҳар берган кимсанинг ҳам итдек хор бўлиб ўлиши “қайтар дунё” ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни ёдга солади.

Яна савол туғилади: малика Гавҳаршод бегим қандай аёл эди? Истеъдодли адиба таназзулга юз тутиб бораётган темурийлар давлати инқирозидан қалби изтиробга чулғаниб, бир нафас хаёлга чўмган маликанинг кўнглидан кечган туғёнларни моҳирлик билан шундай ифодалайди:

“Шаҳзодаларни ўйласа, Гавҳаршод бегимнинг фиғони фалакка ўрлаб, юраги сиқиларди. Улар на соҳибқиронга, на хоқони саидга ўхшашди. Ҳатто аёл боши билан салтанат посангисини қирқ йилдан ошиқ Шоҳрух мирзо билан бирга тутишган Гавҳаршод бегимга ҳам тортишмади. Ҳали болалик чоғларида раҳматли қиблагоҳи Ғиёсиддин Тархон қўлида қилич ўйнатиб, от чоптирадиган Гавҳаршод бегимни ўғлонларига ўрнак қилиб кўрсатарди.

— Эгачингиз қиз бола бўлса ҳам анда улуғ бобомиз Кучлукхоннинг сиёғи бор! Саманни қандай бошқаришини кўрдингизму?! Ҳақиқий найман баҳодирлари тулпорни ана шундай елдирадурлар! Қаранг, тулпор тамоман анинг итоатинда! Чунки отга ёшнинг фарқи йўқ, ул жонивор учун чавандознинг салоҳияти қадрли. Салоҳиятли чавандозлар отини ҳам, ўзини ҳам асрайдур. Отини ҳам, ўзини ҳам асрай билган одамгина дунё тизгинини қўлда тута биладур! Агар эгачингиз ўғлон бўлиб туғилганинда эрди… Улуғ бобомиз киби найманларнинг сардори бўлурди! Найманлар ўр, жангари эса-да, мард, адолатли, жасоратли, энг асосийси, бир сўзли қавмдур. Алар сотилмайдур, хиёнат қилмайдур, ор-номус учун ўлимга тик борадур! Аларни Чингизхон ҳам енга олмаган. Йўқса, найманларнинг саксон фоиз элини мўғуллар қириб ташлашган. Барибир бўйсундира олишмаган. Шундин сўнг, Чингизхон аларнинг жасурлигига қойил қолиб, ўзига эш қилган, салтанатининг нонини бўлишган ва аларни махсус “Тархон” унвони бирлан сийлаган… — ҳаяжонланиб найманларнинг “Тархон” унвони-ю унинг даражаси, ҳатто ўлимга ҳукм қилинган тақдирда ҳам неча маротаба кечирилиши ҳақида фахрланиб, қайта-қайта сўйларди Ғиёсиддин Тархон.

Ғиёсиддин Тархон башорат қилганидек, Гавҳаршод бегим “сардор” бўлмаса-да, Яратганнинг инояти билан унга маликалик насиб этди. Ҳукмдорнинг завжаларидан бири ёки шунчаки ёстиқдоши эмас, балки унинг машаққатли ҳаёт йўлидаги содиқ йўлдоши, қўш қаноти бўлди…”

Аёлнинг тилсимли кучи ҳар қайси замон ва маконда ҳам жамият тараққиёти учун нақадар муҳимлиги ушбу бадиий бўёқларда ҳаққоний ўз ифодасини топган. Маликанинг мамлакат ободлиги учун ўз ҳукмдорининг қанотида туриб, амалга оширган савобли ишлари заргарона қалам билан қалбимизга кириб боради.

“Нодираи даврон ёхуд амирнинг тавқи лаънат тўни” романида халқимизнинг қалбида асрлар мобайнида ардоқланиб келаётган, шеърлари қонимизга сингиб кетган Ҳўқанди латиф маликаси шоира Нодирабегимнинг руҳий оламига дуч келамиз. “Мақсад на эди, келдинг жаҳона, Кайфиятини баён этиб кет”, деган сатрлари ёдимиздан ўтади. Академик шоир Ғафур Ғуломнинг “Момойи гису набурида” номли ёнишларини азоб билан хотирлаймиз. Юпунгина кийинган Увайсий онамизнинг Нодирабегим теграсида парвона мисол ўртанишлари, ҳур фикрат эгаларига қилинган тазйиқлар, бедаво дардга чалинган амир Умархоннинг ўлим олди тавбалари… китобхонни беихтиёр ўз комига тортиб кетади. Ҳуснда беназир, ақл-заковатда беназир, садоқатда беназир маликанинг гуноҳи нима эди? Замон учун аёл муҳаббати, аёл закоси шунчалар беқадр эдими? Воқеалар шиддати қалбни ғалаёнга солади. Амир Умархоннинг биродаркушлигу хунрезликлари, ахлоқсизликлари, майхўрликлари Аллоҳ қаҳрига учрайди. Қарғиш олган бутун бир авлод ҳалокатга юз тутади. Адиба бемор амир Умархон билан Нодирабегим орасида бўлган суҳбатда олинган қарғишни эслатади. Адибанинг зулм кўрган қалбларнинг ноласи учун осмон эшиклари ҳамиша очиқ эканлигига қилган бу ишораси китоб қўлига тушган ҳар бир инсонни ўйлашга мажбур қилади:

“— Оғангиз… Элга зулм этган гуноҳкор эркан, лек анинг норасидаларининг айби не эрди? Аларни нечун қатл эттирдингиз? Тошканд ҳокими Шералихон энди 18 ёшга тўлиб эрди! Қолғон икки ўғлонлари эрса бизнинг фарзандларимиз Муҳаммадалихон бирлан Султон Маҳмудхонлар киби энди бир мучал ёшга етган бир гўдак эрдилар-ку! Шундай мурғак инсонларга, бунинг устига, жон-жигарларингизга, жиянларингизга бул қадар аянчли қисматни қандай раво кўрдингиз, олампаноҳ?!

— Пушаймонмен, маликам… — Умархон бошини хонтахтага уриб йиғлаб юборди. — пушаймонмен!

— Оҳ… Бул пушаймонлиғ, дод-войлару оҳ-воҳлар, кўз ёшлари бирлан ювилса кошки эрди, — Нодирабегим бошини надомат билан чайқади. — Анинг тўлови, тавони оғир бўладир! Ё, Раб! Ўзинг кечир! Ўшал куни аммагинам не деб қарғаганини эслайсизму?

— Эслаймен, маликам… Ҳар куни эслаймен! Эсламасам, унутсам кошки эрди…

— Ё, Аллоҳ, ўшал нолалар ҳамон қулоқларим остинда жаранглаётир! “Менга бу кунни раво кўрганларнинг ўзлари ҳам, зурриёдлари ҳам қирчинингда қийилсун!” деб дуойибад этган эрдилар-а!

— Ҳа, қирчинимдан қийилмоқ фурсати етди, кеча табиблар бедаво дардга мубтало бўлганимни сўйлашди… Табиблар бир ойлик умрим қолғонини сўйладилар… Қазои қисматга рози бўлмоқдин ўзга иложим йўқ…”

Шундай… Умр карвони шу тахлит асрларни ортда қолдириб, кетиб боравераркан. Тарих эса ўзининг адолат қалами билан ўз зарварақларига кечмишни ёзиб бориб, бизни огоҳ қилавераркан.

Нодирабегим шундай ёзади:

 

На гул сайр айла,

                       на фикри баҳор эт,

Жаҳондин кеч, ҳаёли васли ёр эт.

 

Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,

Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт.

 

Узору қадду рафторингни кўрсат,

Чаман сарву гулини шармсор эт.

 

Лаби махмурдурмен жоми май тут,

Карам қил, соқиё, дафъи хумор эт.

 

Аналҳақ можаросин айладинг фош,

Кел, эй, Мансур, истиқболи дор эт.

 

Дури ашку ақиқи, хуни дилни,

Келу ёринг аёғига нисор эт.

 

Куйиб, эй Нодира, олам элиға

Муҳаббат шевасини ошкор эт.

 

Қуёшдек ловуллаб турган аёл қалби — малика Нодирабегим руҳиятини адиба роман саҳифаларига нурдек сингдириб юборади.

Амир Насрулло каби қалб кўзи кўр бўлган гумроҳлар тараққиётни жиловлаб, халқ онгини ўрта даражадан паст ушлаб турувчи, Нодираи даврон қатлига ҳеч иккиланмай муҳр босувчи кимсалардир. Аёлнинг ҳур қалби, тиниқ фикри ва истеъдоди, озод руҳияти учун ғов бўлган Амир Насрулло каби жоҳиллар миллат оналари, тарих олдида абадий гуноҳкор бўлиб қолди. Ўтмишнинг қора кунларини моҳирона қаламга олган Шаҳодат Исахонова аёл маърифати дунёларни жаҳолатдан қутқарувчи нур эканлигининг қалб таржималаридир.

Ўзбек адабиёти муҳташам, улуғ адабиёт. Забардаст шоир, ёзувчиларимиз, истеъдодли азамат ўғлонлари бор бу адабиёт қаҳкашонида Шаҳодат Исахонова каби аёл дунёсини тарих қатидан кафтларига оҳиста қўйиб бизга тутаётган гўзал ва дилбар, истеъдодли адибанинг борлиги ва пешқадамлиги ҳаммамиз учун қувончдир.

…Денгиз соҳилида узоқ ўтирганимда бир ҳолат мени ҳайратга солганди. Оппоқ қумли соҳилни бетиним юваётган тўлқинлар гўё пойгага шайланган гўзал арғумоқларга ўхшарди. Боши ва охири кўринмаётган денгиз, тўлқинга тўш бериб учаётган чағалайларнинг қанотларида сув томчилари қуёш нурида ярқирарди. Нима демоқчиман? Ҳассос қалби денгиздай теран адибамиз беором қалби қатидаги дурларни халқимизга — ўз ўқувчиларига бахшида қилди. Бу дурлар чағалай қанотидаги шаффоф томчиларни эслатди менга. Зеро, томчида қуёш акс этади. Тўлқинларнинг абадий қўшиғида эса сир бор, синоат бор. Адиба Шаҳодат Исахонованинг денгиздек қалбидан эса адабиёт яна бетакрор мўъжизалар кутиб қолади.

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + three =