Ёнғиннинг олдини олайлик

Ёнғин халқ хўжалигига катта моддий зарар келтиради. У бир неча дақиқа ёки соат ичида жуда катта миқдордаги халқ бойликларини ёндириб, кулга айлантиради. Ёнғин вақтида ажралиб чиқадиган тутун, карбонат ангидрид ва бошқа зарарли ҳид ва газлар кўп миқдорда атмосферага кўтарилиб, нафас олиш учун зарур бўлган ҳавонинг таркибини бузади. Бундан ташқари, ёнғиннинг энг ёмон оқибатларидан бири шуки, унда кўплаб инсонлар жароҳатланади, ҳатто ҳалок бўлиши мумкин.

Буларнинг ҳаммаси ишлаб чиқариш жараёнида меҳнат муҳофазасини таъминлаш билан бирга, ёнғин хавфсизлигига ҳам қатъий риоя қилишни тақозо қилади.

Ҳозирги пайтда саноат корхоналарида ёнғин хавфини камайтириш борасида бирмунча ишлар амалга оширилган, ишлаб чиқариш цехлари хавфсиз ишлайдиган электр ускуналар билан жиҳозланган. Саноат корхоналари бино ва иншоотларини қуришда тез ёнувчан қурилиш материалларидан фойдаланилмаяпти. Ўт ўчиришнинг механизациялашган ва автоматлашган системалари тобора кенгроқ қўлланилмоқда.

Лекин ёнғин чиқишининг олдини олишда, ўт ўчиришда асосий масъулият кишилар зиммасига тушишини ва улар бу борада тўлиқ хавфсизлик талабларига риоя қилишларига боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз керак. Саноат корхоналарида бундай тадбирлар тартибли равишда, ёнғин техникаси ҳақидаги низом, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар асосида олиб борилиши керак.

Республикамизнинг ҳар бир фуқароси жамоат ва давлат мулкини кўз қорачиғидай сақлаш ва асраб-авайлаш, уни бойитиш ҳақида қайғуриши лозим.

Шу боис саноат корхоналарида ёнғин муҳофазасини ташкил қилиш ва ёнғин чиқишидан огоҳлантириш, ўт ўчириш техникаси ва қуролларини, алоқа ва ўчириш воситаларини шай ҳолатда сақлаш, ёнғин чиққан тақдирда, уни ўчиришда фаол қатнашиш, халқ мулкини асраб-авайлаш борасида тарғибот ва ташвиқот ишлари мунтазам олиб борилмоқда.

А.АШИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси МБ ЁХТТЕ 1-бўлинмаси бошлиғи, капитан.

С.САИДАКБАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси МБ ЁХТТЕ 1-бўлинмаси кичик инспектори, кичик сержант.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + sixteen =