Саломатлик — ғанимат неъмат

“Gazeta.uz”нинг Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига асосланиб берган хабарига кўра, 2022 йил 22 апрелгача “Док-1 Макс” сиропини қабул қилган болалардан 21 нафари шифохонага оғир аҳволда ётқизилиб, улардан 18 нафари вафот этган.
Шунингдек, сироп барча болаларга шифокорнинг тавсиясисиз, ота-оналарнинг ўз ихтиёри билан шамоллашни даволаш мақсадида ўзбилармонлик билан қўллангани; вафот этган болаларга шифохонага тушгунга қадар таркибида парацетамол бўлган бу препарат уй шароитида 2-7 кун мобайнида кунига 3-4 маҳал 2,5-5 мг дан ичирилгани аниқланган. “Табиийки, бу дозировка болалар учун белгиланган меъёрдан анча ортиқ”, — дейилган Вазирлик хулосаларида.
Ўнлаб болалар нобуд бўлганидан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрганишларни бошлади. Маълум бўлдики, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи дори-дармонларни текшириш ва уларни рўйхатдан ўтказиш масъулияти юкланган ташкилотлар томонидан текширилмасдан сотувга чиқариб юборилган, унинг таркибида этиленгликоль борлиги кейин аниқланган. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида мунтазам, кенг ёритиб борилган бўлса-да, “дард устига чипқон” дегандек, янаям ачинарлиси, аламлиси шундаки, препаратни ота-оналар томонидан ўзбошимчалик билан, айрим ҳолларда шифокорлар тавсияси билан шамоллаган болаларга ичириш давом этиб, бунинг оқибатида қарийб икки йил давомида болалар ўлимлари қайд этилиб, нобуд бўлганлар сони 2024 йил бошларида 68 нафарга етди; оғир ва енгил даражада ногирон бўлиб қолганлар сони ҳам оз эмас.
Дорилар кўпайиб, касалликлар камайдими?
…Болалик пайтимизда шаҳар ва қишлоқларда бир-иккита дорихона бўларди, асосан, марказда. Энди бўлса, айниқса, катта шаҳарларда, туман марказларида каттаю кичик, узун-қисқа кўчаларнинг қай бирига йўлинг тушса, албатта, рўпарангдан “Дорихона” чиқади. Айрим жойлар ҳатто “Дорихоналар шаҳарчаси”га айланган. Дори-дармонларнинг асл вазифаси, моҳиятидан келиб чиқиб хулоса чиқарсак, бундай вазиятда аҳоли орасида касалликлар кескин камайиши керак эди…
Тиббиёт фанлари доктори, экология бўйича Халқаро сертификат соҳиби, халқаро маърузачи Луи Броуер шундай таҳлилий далиллар келтиради: Швейцария аҳолиси 1930-1990 йилларда эллик фоизга кўпайди. Вазият ўзгармай қолган тақдирда бу даврда касалликлардан одамларнинг нобуд бўлиши ҳам эллик фоизга ортиши керак эди. Аслида, ўрганилаётган давр доришунослиги ва дори ишлаб чиқаришнинг тараққиёти ҳақидаги маълумотларга қараганда, бу кўрсаткич анча камайиши мантиққа тўғри келади. Бироқ…
Берндаги Федерал статистика маркази далилларига кўра, 1910 ва 1960 йил маълумотлари солиштирилганда, ярим аср оралиғида Швейцарияда аҳоли сони икки баробар, саратон касаллиги туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони эса тўрт баробар ортди. Бошқа касалликлар асорати оқибати билан ҳам худди шундай манзара кузатилган. Яна эътиборли рақамлар: айни шу мамлакатда 1930 йил билан 1991 йил статистик маълумотлари солиштирилганда, транспорт ҳалокати, қотилликлар ва бошқа бахтсиз ҳодисалар туфайли вафот этганлар аҳолининг кўпайиш даражасини ҳисобга олганда, 85% га камайган. Бу йиллар давомида транспорт воситалари ва уларнинг тезлиги қанчалик ошганини изоҳлаш шарт эмас.
Дорилару дорихоналарнинг кўпайиб боришига нисбат берилса, касалликлар ва уларнинг оғир асоратлари, оқибатлари геометрик прогрессияга мос ўсиб бораётгани янгилик бўлмай қолди. Кўп хасталиклар “ёшариб” кетди, ирқу миллат танламай қўйди. Бунинг асосий сабаби — нафақат дунё экологияси, балки дунё ичра “дунё”лар бўлган инсон жисми экологиясининг бузилиши эканлиги ҳақида олимлар бонг урмоқдалар.
Ҳар вужуд — бир олам
Шифокорлар эътирофича, ўтган асрнинг 70-80 йилларидан бошлаб одамларда “Қайси шифокор беморга кўпроқ дори-дармон тавсия этса, у ҳақда “тажрибали ва билимдон” деган тасаввур пайдо бўла бошлади.
Лечение — бу қадим рус сўзи саломатлик ҳақидаги илм маъносини билдиради. Шифо сўзида ҳам инсон жисмига фойдали, керакли деган маъно бор. Лекин кейинги ўн йилликларда бу сўзлар моҳияти амалиётда ҳам, назариётда ҳам бирон касаллик юзага келгандан сўнг тиббий таъсир кўрсатиш маъносига тенглаштирилди.
Кимёвий йўл билан олинган дори воситалари касалликка қарши қўлланилмоқда. Бунга асос дорини жониворларда синаб кўриб чиқарилган хулосалардир.
Физиолог Клод Бернар 1947 йилдан бошлаб жониворлар устидаги тажрибаларига асосланиб: “Бир-бирига ўхшаш ва ўхшаш бўлмаган жисмларда ташқи таъсир ёрдамида нозик, мураккаб ўзгаришлар ясаш ва кутилган натижага эришиш мумкин”, — деган фикрни ўзига аксиома қилиб олганди. Лекин йиллар ўтиши билан у: “Ҳар қандай жисмда ҳам ташқаридан бошқариш мумкин бўлмаган ички сабаб оқибатида юз берадиган ўзгаришлар, ўзига хосликлар бор, шунинг учун у билан муносабатда охирги натижага қатъий ишонч бўлиши шарт. Жонли мавжудот билан ишлаганда, ташқи таъсирлардан ташқари, ҳар бир жонзотнинг индивидуал, яъни ички оламининг хусусиятлари билан боғлиқ жиддий мураккабликлар юзага келишини ҳисобга олиш керак”, — дея ўзининг аввалги аксиомасига қарши фикрни тан олади.
Неча ўн йиллар давомида жониворлар устида тажрибалар олиб борган Клод Бернар “бешафқатлик” илми бўйича ҳамкасблари қуршовида ўлим тўшагида ётаркан, ўз ёрдамчисига: “Бизнинг қўлларимиз бўш, лабларимизда эса ваъдалар қолди, холос”, — деб шивирлаганди.
У умр бўйи ўтказган тажрибалари инсоният зарарига ишлашини англади. Унинг тарих олдида юзини ёруғ қилган ягона қутлуғ иши — хатосини тан олди. Бунинг моҳияти шуки, турли жониворлар устида олиб борилган тажрибалардан чиқарилган хулосани нафақат бошқа турдаги жонзотларга, балки айни тажриба ўтказилган жонивор қавмига ҳам бирдек кўр-кўрона қўллаш мумкин эмас экан.
Дори-дармонлар ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Дейлик, бизга оддийгина туюлган бош оғриғи босилиши учун қўлланиладиган бир дори ҳар кимга ҳар хил таъсир этиши мумкин ва асоратлари ҳам турлича бўлади. Сабаби, биринчидан, ҳар бир инсон танаси ўзига хос шароит ва имкониятларга эга бўлган олам; иккинчидан, бош оғриғини келтириб чиқарадиган бир неча сабаблар мавжуд. Ана шу ўзига хослик ва сабабларни аниқламасдан туриб ичилган дори оғриқнинг вақтинча босилишига сабаб бўлади, холос. Лекин вужуд экологиясини заҳарлайди.
“Тез-тез бошим оғрийди”, “Жиғилдоним қайнайди”, “Овқат ошқозонимда туриб қолгандай бўлади…”, “Бошим айланяпти”, “Қон босимим ошди” каби шикоятлар билан доимий равишда дори ичиб юрганлар касалликнинг илдизини қуритмагунча, ўзларини вақтинча тинчлантирадилар. Ноўрин қабул қилинаётган дори-дармон асоратсиз кетмайди.
“Нотўғри ичилган дори касаллик келтириб чиқаради ва инсон танаси фаолиятини бузади, — деб ёзади машҳур шифокор Жан Ростан. — Бунинг оқибатида биологик оғриқ кучаяди, сурункали тус олади. Саломатлик кескин ёмонлашади. Охир-оқибат шундай босқич бошланадики, даво излаб қабул қилинаётган дорилар касалликларни келтириб чиқарувчи манбага айланади, мижозларни атрофига оҳанрабодай тортади; мунтазам даволанишга эҳтиёжмандлар табақаси шаклланади. Инсоният ўз келажагини дори-дармонларсиз тасаввур қила олмайдиган, жамиятга нафи кам шахслардан иборат бўлиб қолишини истаймизми?”
Кейинги ўн йилликларда дори-дармон ишлаб чиқариш саноати айрим шахслар, мамлакатлар учун беҳад катта иқтисодий фойда топиш манбаига айланиб қолганини англасак, дорихоналарнинг “болалаб” кетгани, кимёвий дориларнинг янги-янги турлари келиб чиқаётгани сабаби ойдинлашади.
Дори қутиларимизда нималар бор?
ХХI аср муқаддимасида дунё дори ишлаб чиқариш саноати томонидан сотувга чиқарилаётган воситалар орасидаги 330 дан ортиқ кимёвий дорилар инсон саломатлигига исталмаган таъсир кўрсатаётгани аниқланган. Булар: жигар, қон босими, нафас олиш тизими, буйрак, буйрак усти бези, тери, ошқозон-ичак ва юрак-қон томир тизими, асаб, кўриш ва эшитиш қобилияти, ҳомиладорликнинг кечишига салбий таъсир этаётган дорилардир.
Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг хулосасига кўра, “Ҳамма касалликларни даволаш учун 200 хил атрофида дори етарлидир”. Аммо ҳозирги давр фармацевтика бозорида 10000 хилдан ортиқ дорининг сотилиши худди пашшага қарши атом бомбасини ишлатиш демак.
Дориларнинг аксарияти нимагадир “қарши” — ақлий ва жисмоний сиҳатликни табиий малҳамлар, витамин ва табиий тузларни истеъмол қилиш, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи орқали таъминлаш ўрнига бу дорилар худди заҳар каби танамизда ниманидир йўқотишга хизмат қилади. Масалан, антибиотиклар микроорганизмни генетик жиҳатдан ўзгартириб, мутант организмга айлантириб қўяди. Айнан шу сабабли ҳадеб дориларни қабул қилавериш бора-бора натижа бермай, аниқроғи, дорилар таъсир қилмай қўяди. Одатда, антибиотиклар уч хил вазифани бажаради: бактериялар ривожланишини тўхтатади, бактериялар ва касалланган тўқималарни бузади ва уларни йўқотади — булар дориларнинг тавсияномасида ёзилмайди.
Катталарнинг кимёвий дориларга “бошқоронғилиги” асоратлари камлик қилгандек… Вақтинча тинчлантириш, вақтинча иситмасини тушириш, томоғини даволаш… учун гўдаклар, ёш болаларнинг гулдек вужудини кимёвий дорилар билан заҳарлаб, касалликлар “гулдаста”сига айлантириш, афсуски, башарият ва унинг ажралмас қисми бўлган бизнинг халқимиз ҳаётида ҳам оғриқ нуқталаридан бирига айланмоқда. Йўл-йўлакай жамоат транспортида, аёлларнинг катта-кичик давраларида айрим оналарнинг: “Боламнинг иситмаси чиқиб турганди, томоғи (боши, оёғи…) оғриётганди. Боғча опасига дориси билан ташлаб келяпман”, қабилидаги гапларини эшитганмисиз? Озгина ўзининг эътибори, қарови, парвариши, иссиққина таомлари билан тузатиб олиши мумкин бўлган боласини камида 15-20 нафар боланинг орқасидан кун бўйи югурадиган “боғча опа”га ташлаб қўйиб, касалликни газак олдирганлар, жигарбанди вужудини нотўғри ва ўз меъёрида қўлланмаса заҳардек емирадиган дориларга топшириб қўйганларнинг аксарияти аччиқ оқибатларни билмасликлари рост.
Аброрхон МАҲМУДОВ, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази Болалар реаниматология ва интенсив даволаш бўлими шифокори:
— Тошкент вилоятидан 11 ойлик болани оғир аҳволда олиб келишди. Онасининг айтишича, 2-3 кундан буён боланинг бурни битган, йўталган, тана ҳарорати кўтарилган. Она боласига ҳар сафар тана ҳарорати кўтарилганда, шифокор тавсиясисиз “Ибуклин юниор” таблеткасидан бера бошлаган, касалликнинг 4-кунига келиб беморда ҳолсизлик, тана ҳароратининг пасайиб кетиши (гипотермик ҳолат), уйқучанлик, қўлу оёқлари, тананинг совиши, иштаҳанинг кескин пасайиб кетиши кузатилган. Ушбу шикоятлар билан гўдак аҳволи оғирлиги туфайли болалар шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Текширишлар натижасида беморда юқорида келтирилган шикоятлардан ташқари, юрак-қон томир тизими фаолиятида ҳам салбий ўзгаришлар юзага кела бошлагани, яъни юрак меъёрий ритмининг бузилиши — брадикардия ҳолати ҳам аникланди. Қилинган диагностика ва даво-муолажаларидан сўнг даволашнинг 4-5-кунларига келиб унинг аҳволида ижобий ўзгаришлар кузатила бошланди.
Дориларни (айниқса, тана хароратини туширувчи воситаларни) тартибсиз қўллаш болалар жигар фаолиятида, қон ивиш тизими фаолиятида кескин салбий ўзгаришларга сабаб бўлади, натижада турли хил қон кетишлар бола ҳаётига хавф солувчи асоратларга ҳам олиб келиши мумкин.
Дунё моли саломатликка етмайди
Бугун оламшумул биолог олимлар, тиббиёт амалиётчилари инсониятнинг саломатлиги таназзулга юз тутмаслиги учун нафақат атроф-муҳитни, балки одамлар жисми экологиясини ҳам имкон қадар тоза сақлашга даъват этмоқдалар. Буни англаганлар орасида тананинг касалликларга қарши курашиш қобилияти — иммунитетини кучайтириш, саломатликни тиклаш ва даволанишда табиий воситаларга эҳтиёжмандлар ортиб бормоқда.
Лекин қабулига келган беморларга қайсидир компаниянинг янги дори-дармонларини тарғиб қилиб ўтирган шифокорлар кам эмас. Бу янги маҳсулот инсоннинг ғанимат ва бебаҳо соғлигига зарар келтирмаслигига уларнинг етарли асослари бормикин? Уйимизда тўпланиб қолган кераксиз чиқит ва ахлатларни исталган пайтда ташқарига олиб чиқиб ташлаш мумкин. Лекин вужудга кирган кераксиз кимёвий модда тананинг қай бир аъзосига чўкади, уни емиради, фаолиятини меъёрдан чиқаради.
Сўзимиз аввалида келтирилган “Док-1 Макс” сиропи касридан жувонмарг бўлган болажонлардан айримларининг ота-оналари ҳам суд жараёнида “юракларини ёрдилар”: “…Боламнинг энг сўнгги кунлари жуда азоб билан ўтди…”, “…Боламнинг буйраги ишламай, ўпкаси ҳам ишдан чиқа бошлади. Фалажлик бошланиб, комага тушиб қолди…”, “…Онадан болани айирмасин экан…” Бу препаратнинг Ўзбекистонга келтирилиб, дорихоналарга тарқатилишида масъулиятсизлик, ўз бурчига хоинлик қилганлар жазоланишини истаганлар, талаб этганлар ҳам оз эмас. Қонун олдида ҳар ким қилмишига яраша жавобгарликка тортилди, жазосини олди. Аммо…
Бу чораларнинг бирортаси фарзанди бевақт оламдан ўтган ота-она бағридаги бир умрлик куюкка малҳам бўла олмайди. Шифокорларнинг, дорифурушларнинг, дори келтирувчиларнинг масъулиятсизлиги, ўз ишига номуносиблиги бир томон… лекин ҳаммамиз англашимиз шарт: гулмижоз фаришта — боласи озгина иситмалаб, озгина йўталиб, озгина ранги олиниб, озгина иштаҳаси бўғилган лаҳзаларда ҳамма ишини ташлаб, бемор дилбандини шифокорга олиб бормаган, мутахассис кўрсатмаси билан муолажа қилмаганларнинг дилини сира оғритгинг келмайди-ю… кўз олдингда ҳолсизланиб, оғриғу дарддан сарғайиб, дардини айтолмай кўзларингга мўлтираб нажот кутаётган жон риштасининг касали нимаданлигини чин мутахассисга олиб бориб аниқлаш, шунга кўра даволашни бошлашдан ҳам кўра муҳимроқ, зарурроқ, савоблироқ яна қандай иш бўлиши мумкин?! Ёнгинасидаги дорихонадан билимсиз-тажрибасиз ёки дорифурушликни пултопарликка айлантирган “учар”ларнинг “ўнг қўли”га айланган дори сотувчининг гапи билан дори олиб, уни боласига ичирганларнинг қисмати — аччиқ ибрат.
Ўзининг, оиласидаги ёш болаларнинг соғлик-саломатлигини асраб-авайлашда ҳар бир инсон аввало “ўзини топмаса”, ўзи ва вояга етмаган фарзандлари жисму руҳияти олдидаги масъулиятини англамаса, на Луқмони ҳаким ва на ХХI аср замонавий тиббиёти унинг ғанимат бойлигини тўла-тўкис асраб беролмайди.
Табобат бобокалони Абу Али ибн Сино, унгача ҳам асрлар давомида одамлар саломатлигига масъулликни зиммага олган зоти шарифлар халқу элига садоқат, фидойилик, ростгўйлик билан хизмат қилдилар. Худди ана шундай фазилатлар билан халқ саломатлигига умрини, билим ва тажрибаларини тикиб яшаётган шифокорлар бугун ҳам оз эмас. Миллатимизнинг келажак насли чин маънода баркамол, соғлом бўлиши учун давою муолажаларнинг энг тўғри, самарали йўлларини қўллашда, соғлом турмуш тарзини шакллантиришда тиббиётимизнинг ана шундай ойдинлари биринчи навбатда ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи, ҳам тарғиботчи бўлишлари шарт, деб ўйлаймиз.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими.