Устозларга таъзим
Соҳага кириб келишимда адиб Абдулла Жалил муҳим роль ўйнаганлигини мамнуният билан таъкидлашни истардим. Ўшанда мактабда ўқиб юрган пайтларим эди. 9 “А” ва 9 “Б” синф ўқувчилари ўртасида “Ўткир зеҳнлилар” мушоираси ўтказилди. Шу янгиликни ёритиш мақсадида кичик хабар ёзиб Тўрақўрғон туманида чиқадиган “Машъал” (ҳозирги “Давр”) газетасига юбордим. Мақолам тез орада босилиб чиқди. Мана шу хабар тақдиримни бутунлай ўзгартириб юборди, десам, муболаға эмас. Чунки аввал ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилгандим.
Бу касбга меҳр уйғотишда Абдулла аканинг хизмати беқиёс. Олий таълим даргоҳини кечагина тамомлаган таҳририят адабий ходими ўз вазифасини бажариш билан бирга ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳам вақт топиши осон бўлмагандир. Чунки ҳали ғўр, хабар ёзишни ҳам эплай олмайдиган мактаб ўқувчисини заҳматли касбга йўллаш, унда келажакда зўр журналист бўлишга ишонч уйғотиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди ахир.
Ўшанда менга ўхшаганлар кўп эди. Ҳар гал таҳририятга мақола кўтариб борганимда Абдулла ака вақт топиб суҳбатлашар, зарур тавсиялар беришдан чарчамасди. Бизга эса газетада чоп этилган ҳар бир мақола ўзгача завқ, мотивация ато этганлигини сўз билан ифодалаш қийин.
Орадан ярим асрдан ҳам кўпроқ вақт ўтди. Сиртдан бўлса ҳам Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомладим. Вилоят радиосида, Ўзбекистон телевидениесида, газеталар таҳририятларида ишладим. Абдулла ака билан устоз-шогирд мақомидаги дўстона алоқаларимиз, ижодий ҳамкорлигимиз йиллар сайин мустаҳкамланиб борди. Устоздан кўп меҳр кўрдим, қимматли маслаҳатлар олдим.
Бугун жуда кўп эслайман Абдулла акани. Чунки меҳридарё инсон изидан бориб кам бўлмадим. Баъзида ёшлар келажагига умид билан қараш, уларни қўллаб-қувватлаш жуда-жуда муҳимлигини устоз тимсолида яққол кўрдим.
Абдулла ака ҳаётларининг сўнгги дақиқаларигача маслаҳатгўй ва мададкорлик мақомини аъло даражада уддаладилар.
Ҳар қалай, соҳада бугунги даражага етишимда Абдулла ака каби таниқли журналистларнинг ҳиссалари беқиёс эканлигини асло ёддан чиқармайман. Иброҳимжон Юсупов, Йўлдош Эгамбердиев, Ғуломжон Акбаровлар газетачиликда, Обиджон Жуманазаров, Носиржон Жўрабоевлар радио соҳасида, Хайрулло Мурашев, Дилдора Аҳмедовалар телевидение йўналишида камол топишимда хизмати сингган устозларимдир. Айни пайтда ҳозирги давр адабиёти ва журналистикасининг таниқли вакили Содиқ Сайхун билан бир сафда хизмат қилаётганимдан бахтиёрман. Айниқса, болаликда шу касбга қизиқиш уйғотган ва ўз ортидан эргаштирган ҳамқишлоғимиз, Тўрақўрғондаги биринчи дипломли журналист, меҳнат фахрийси Ҳамид ака Фозиловдан бир умр миннатдорман. Ўз навбатида қимматли маслаҳатлари ва амалий ёрдами билан ҳар томонлама қўллаган таниқли журналист, серқирра ижодкор Нурбек ака Абдуллаевдан ҳам миннатдорман.
Йиллар ўтди. Бугунги кунда ўзим ҳам устозлар ёшидаман. Ёшлар келажагига умид билан қараш, ўз иқтидорини юзага чиқариш учун далда, зарур маслаҳат бериш ва амалий ёрдам кўрсатиш қанчалар муҳимлигига ўз фаолиятимда яққол амин бўлдим. Шу сабаб ушбу қоида бугун фаолиятим мезонига айланган.
Абдулла ҒОЗИЕВ,
“Шифокор ва ҳаёт” газетаси муҳаррири,
“Жасорат” ва “Соғлом турмуш” медаллари соҳиби.