Зомин – дунё мақомчиларини чорламоқда

Мақом – бутун дунёда эътироф этилиб, юқори баҳоланадиган санъат. У бағрикенглик, инсонпарварликни тарғиб қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда ана шундай пок туйғуларни тараннум этувчи мақом санъатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ жорий йилда мазкур халқаро анжуман иккинчи марта ўтказилмоқда.

Ундан кўзланган мақсад ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришдан иборат.

Жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманида YUNESKO ва AYSESKO шафелиги остида “II Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказилади. Нуфузли тадбирда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда.

Анжуман доирасида “Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, халқаро ҳайъат томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари учта номинация: “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” бўйича баҳоланади. (Маълумот учун, халқаро танлов ҳакамлар ҳайъати аъзолигига АҚШ, Озарбайжон, Миср, Туркия, Ўзбекистон, Ҳиндистондан ҳакамлар рўйхати шакллантирилган.)

Маданият вазирлиги ахборот хизматининг бизга тақдим этган маълумотига кўра, ғолиблар ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қу­йидаги миқдорда пул мукофотлари билан тақдирланади:

“Гран-При” — 15 000 АҚШ доллари;

1-ўрин — қуйидаги номинациялар бўйича:

— яккахон ижрочи (хонанда ёки созанда) — 10 000 АҚШ доллари;

—       ансамбль жамоаси учун — 10 000 АҚШ доллари.

2-ўрин — қуйидаги номинациялар бўйича:

— яккахон ижрочи (хонанда ёки созанда) — 7 000 АҚШ доллари;

—       ансамбль жамоаси учун — 7 000 АҚШ доллари.

3-ўрин — қуйидаги номинациялар бўйича:

— яккахон ижрочи (хонанда ёки созанда) — 5 000 АҚШ доллари;

—       ансамбль жамоаси учун — 5 000 АҚШ доллари.

Шунингдек, Зоминсой мажмуасида ҳудудларнинг ўзига хос маданияти ва санъатини намойиш этиш учун респуб­ликамизнинг 14 та ҳудуди ўз павильонларини ташкил этган. Табиийки, тўрт кунлик анжуман давомида меҳмонлар, иштирокчилар ҳамда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳудудларга ажратилган павильонларда халқаро мусиқа ярмаркаси, мақом санъатига оид турли кўргазмалар, жумладан, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео диск­лар, китоблар, фотосуратлар намойиши билан ҳам яқиндан танишадилар.

Маълумки, биринчи халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилнинг 6–10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида ўтказилган эди. Унда жаҳоннинг 75 мамлакатидан яккахон хонандалар, фольклор жамоалари, дипломатик корпус вакилларииштирок этганди.

Юртбошимизнинг ёш авлодни санъатга ошно этишга қаратилган мазкур ташаббуслари мамлакатимизда мақом санъатини янада ривожлантириш борасида ҳам янги уфқларни очади. Зотан, бугун мусиқа сирларини қунт билан ўрганаётган ёш иқтидор соҳибларидан келгусида халқимизнинг ноёб маданий хазинасини янада бойитадиган, унинг обрў-эътиборини бундан-да оширадиган истеъдодли мақом усталари, санъатшунослар етишиб чиқишига шубҳа йўқ.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 10 =