Ижод байрами

Ҳар бир халқнинг ўз суйган, ардоқлаган шоири бўлади. Замонлар ўтган сари шоирнинг ижоди, шахси аста-секин халқ ҳаётига кириб, унинг тафаккурига сингишиб боради ва халқ қалбининг ажралмас бир узвига айланади.

Ажиниёз Қўсибой ўғли қорақалпоқ халқининг ана шундай ватанпарвар шоири эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 16 июль куни “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳамма ижод аҳлини, халқимизни беҳад қувонтирадиган, маданий ва адабий ҳаё­тимизда катта воқелик бўлди. Қарорни ўқиб, беихтиёр ҳаяжонга тушасан, мамлакатимизда Мўйноқдан тортиб Марғилонгача, Термиздан тортиб Тошкентгача, мактабларда, маҳаллалар, олий ўқув юртлари, ижод мактабларида қорақалпоқ халқининг жонфидо шоири Ажиниёз Қўсибой ўғлининг шеър­лари жаранглайди, унинг ижоди теранроқ ўрганилади, иншолар ёзилади, фильмлар олинади, олий ўқув юртларида, Тошкентда ва Нукусда шоир ижодига бағишланган анжуманлар ўтказилади. Давраларда унинг қўшиқлари янграйди. Шоирнинг шеърий китоблари нашрдан чиқарилади. Ажиниёзнинг “Танланган асарлар”и ўзбек тилида Тошкентда 1962 йилда босмадан чиқарилгани эсимда… Хуллас, Ажиниёз таваллудининг 200 йиллиги юртимизда ҳақиқий адабиёт, ижод байрамига айланади! Бу муҳтарам Президентимизнинг маънавиятга, адабиётга мунтазам равишда катта эътибор бериб келаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.

Ажиниёз Қўсибой ўғли адабий меросидан бизга юзга яқин шеър ва достонлари етиб келган. Шоир шеърларида меҳнаткаш халқ қувонч-ташвишлари, ватанпарварлик, инсонпарварлик руҳи гупуриб туради. “Керак”, “Бўлади”, “Бўлмаса”, “Яхши”, “Йигитлар” каби асарларида Ажиниёзнинг келажакка умид туйғулари, фалсафий қарашлари акс этган. Шоир айтишув жанрида ҳам моҳир ҳисобланарди. Унинг “Қиз Менгеш билан айтишув” асари халқ орасида кенг ёйилган. Таниқли қорақалпоқ ёзувчиси Караматдин Султонов 1967 йилда шоирга атаб “Ажиниёз” романини яратган. Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ”Ажиниёз” операси либреттосини маҳорат билан битган эди.

Ажиниёз Қўсибой ўғли ижодига назар ташлар экан, ўз-ўзидан қорақалпоқ мумтоз адабиёти вакиллари Жиен Жиров, Кунхўжа Иброҳим ўғли, Бердақ Қарғабой ўғли ва уларнинг қаламига мансуб “Хуш бўлинг, дўстлар”, “Ҳой йигитлар, йигитлар”, “Улоғим”, “Юрагимда кўп доғим”, “Ўроқчилар”, “Оқ қамиш”, “Чўпонлар”, “Бой боласи”, “Эл билан”, “Менинг болам” сингари эл ичида машҳур қорақалпоқ шеъриятининг ёрқин намуналари, “Улуғ тоғ”, “Хонавайрон халқ”, “Аҳмоқ подшо” каби йирик достонлари ёдингга келади. Зеро, Ажиниёз Қўсибой ўғли юқорида номлари келтирилган шоирлар қаторида турадиган сиймодир.

Ажойиб адабиёт байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти лауреати,

Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =