Тақдирланган журналистларнинг дил сўзлари

АРАФА КУНИДАГИ ТОНГ

Инсон ҳар тонг уйғонганида, Яратганга шук­роналар айтиб, элу юртга тинчлик, омонлик тилаб ният қилади. Ҳар ҳолда менинг ёшимдаги одамларнинг кунлик тилаги шу. Бугунги тонг, айни арафа куни ҳам шундай ниятлар билан ёришди. Касб байрамимиз бўлгани учун дўсту биродарларни, устозларни табрикладим. Куннинг иккинчи ярмига борганда хушхабар эшитдим.

Камтарин хизматларимиз инобатга олиниб, муҳтарам Президентимиз Фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланибман. Фармон матнини ўқиётиб, давлатимиз раҳбарининг биз журналистларга бериб келаётган эътиборининг амалдаги натижаси экани шууримдан ўтди. Албатта жуда ҳаяжонландим.

Босиб ўтилган ярим асрлик журналистик фао­лиятим, тунларни тонгга улаб битилган мақолалар кўз ўнгимдан ўтди. Касбимиз хайрли ва шарафли,  элу юрт манфаатини кўзлаб ишлайдиган касб. Журналист қаламига таяниб кун кўрадиган жамоа. Унинг байрами эътироф. Шундай катта эътирофга лойиқ кўрилганимизнинг ўзи бахт.

Олдинда шарафли меҳнат жабҳаси турибди. Бор билим ва имкониятларимизни мамлакатимизда Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган, маъно ва мазмуни инсон манфаатига қаратилган туб ислоҳотларни оммага тарғиб қилишга сарфлаймиз. Бу йўлда барча ҳамкасбларимизга омад тилайман.  Менга берилган мукофот ҳамкасбларимга берилган катта эътиборнинг рамзидир.

Сўз орқали инсон, жамият, юрт учун меҳнат қилиш нақадар шарафли эканлигини яна бир бора юракдан ҳис қилдим.

Ўктам  МИРЗАЁРОВ,

“Гулистон” ва “Театр” журналлари

бўлим муҳаррири,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

 

КАМТАРОНА МЕҲНАТИМГА ЮКСАК ЭЪТИБОР

Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Албатта, сўнгги йилларда мамлакатимизда журналистларнинг эмин-эркин фаолият олиб бориши, ахборот, ундан фойдаланиш, уни таҳлил қилиш ва тезкорлик билан тарқатиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Жамиятимиз ҳаё­тининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олмоқда”.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фик­рини шакллантиришга, аввало, журналистлар қодир бўлади.

Ўзим фаолият олиб бораётган Адлия вазирлиги тизимида ҳам бу борада, жумладан, сўз ва матбуот эркинлигини қонунларимизда мустаҳкамлаш, ОАВ вакилларининг мафаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўп­лаб ишлар йўлга қўйилди.

Инсон ўз меҳнатининг самарасини кўрса, кучига куч, қувончига қувонч қўшилади. Давлатимизнинг юксак мукофоти мени рағбатлантириш билан бирга, янада ғайрат билан ишлашга ундайди. Камтарона меҳнатларимга берилган ушбу нуфузли давлат мукофоти нафақат менга, балки бутун тизимимиздаги ходимларга берилган ишонч деб биламан.

Севара УРИНБАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

Ахборот хизмати раҳбари – жамоатчилик билан алоқалар бўлими

бошлиғи,“Шуҳрат” медали соҳибаси.

ЭЪТИРОФДАН БОШИМ КЎККА ЕТДИ

Куни кеча Чилонзор туманидаги 163-сонли умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларга битиргани учун қизим Хонзода олтин медаль билан тақдирланди. Бундан қанчалар қувонганимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Ота учун фарзандининг ютуғи, муваффақияти нечоғлик буюк қувонч эканлигини шунда ҳис қилдим. Фарзандимга тенгдош ўғил-қизларнинг ёниб турган кўзларида ғайрат-шижоатни, билимга ташналик ва юксак орзу-мақсадлари сари интилишни кўриб ғурурландим.

Қизимнинг исм-фамилияси  олтин медаль олган ўқувчилар рўйхатида ўқилганда, у саҳнага чиққанида ва эришган ютуғини олиб ёнимга келганида қандай ҳолатга, ҳаяжонга тушганимни таърифлашим жуда қийин. Бу катта бахт эди.

Буни қарангки, омад, хурсандчилик, эътироф деганлари келса қўшалоқ келар деганлари рост экан. Ҳаммаси эзгу ниятга боғлиқ бўлса керак. Ўзим Президентимизнинг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ  “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Бахтдан, қувончдан, юксак эътирофдан бошим кўкка етди.

Матбуот соҳасидаги салкам 30 йиллик фаолиятим давомида кўплаб газета-журналлар билан ижодий ҳамкорлик қилдим, бирон мавзуда мақола ёзиб беринг, дейишса, буни қўлида камтарона қалами бор журналист сифатида инкор этишни ўзимга эп кўрмадим. Мақолам чиққан ҳар бир газета-журнални қаердан бўлса ҳам топиб ўқишга одатландим. Муҳими, мен ёзган мақола яхшиликка хизмат қилсин, кимгадир фикр-мулоҳаза юритишга ундасин, деб қалам тебратдим. Бугун эса ана шу меҳнатларимнинг самарасини кўриб турибман.

Суюндик МАМИРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

бош мутахассиси, “Шуҳрат” медали соҳиби

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 1 =