Чемпионлар юрти

Жаҳондаги энг машҳур спортчилар ҳам пайти келиб Ўзбекистонга йўл олганларида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Биз чемпионлар юртига боряпмиз”, дейишади”.

Чемпионлик сўзи қадимдан-қадим,

Тақалади кўҳна Юнонистонга.

Бугун ишғол этган шоҳсупаларни –

Дунё кўзи боқмиш Ўзбекистонга!

Ғарбий минтақанинг сара юртлари,

Дунё мўъжизаси бўлган Хитой ҳам,

Ортга олазарак қараб қўймоқда:

Қувиб етмоқдасан пойгада ўктам!

 

* * *

Барча соҳаларда ўтказилса гар,

Дунё танловлари, чемпионати.

Янги Ўзбекистон бўларди албат,

Ғолиблар супасин олтин қаноти!

Тарихий шаҳарлар рўйхатин тузсак,

Самарқанд, Бухоро, Хива пешқадам.

Буюк алломалар номин қайд этсак,

Юзлаб аждодларни билурмиз ҳамдам.

Бу дунё азалдан кўпкари майдон,

Кимдадир ақча мўл, кимдадир ори.

Қанча ўлкаларни айлади ҳайрон

Туркистон – Темурнинг асов тулпори!

Олимп ўлкасидан чиққан жаҳонгир

Искандар йўлига солинган тўғон.

Қонли қиличларда қўзғаб хавотир,

Чиқиб турар шундай ювошдан йўғон.

Пичоқнинг сопини чиқариб ўздан,

“Устоди соний”сан илм бобида.

Саҳиҳ ҳадислару “Тиб қонунлари”,

“Кўрагон жадвали” – ўлмас обида!

Алишер Навоий – “Малик ул-калом”

Низомий илкига панжа урган шер.

Саркардалар ичра ҳамон батамом

Танҳо қолмоқдадир Бобур отлиғ эр!

Муқаддас суралар этгандай такрор

Неки яхши, ёмон суяк сургайдир.

Буюклик кўрилса магар ким, қачон,

Уни яна такрор олам кўргайдир.

Палагимиз тоза эканким, мана

Бизларда намоён кўрингай бари.

Ҳар бир ўғил-қизда бўлмоқда ошкор

Тафаккур аҳлининг ноёб гавҳари.

Элимиз пешқадам миришкорликда,

Пахтаю шолиси, меваси билан.

Оламга машҳурдир қорақалпоғим

Серсуту тезчопар туяси билан.

Жаҳон шоҳсупасин этгаймиз ишғол,

Илму маърифатда, маънавиятда.

Бундай ғалабалар пойдевори шул:

Тоза қалбинг ила эзгу ниятда!

 

* * *

“Парижни бир кўриб ўлсам – армон йўқ!”

Айланиб юради шундай бир нақл,

Мана саккиз йилким Ўзбек диёри

Илғорлар қатори – ҳайрондир ақл!

Риодан бошланган зафарли қадам

Париж олимпида чўққига чиқди.

Барчиной издоши бўлган Диёра

Беш йиллик ғолибу мутлақдан ғолиб.

Икки бор чемпион бўлган ҳам биздан,

Ном олмоқ бошқадир, сақлаш бир бошқа:

Елкангга юртингнинг байроғин ёпиб,

Дафна чамбарини киймоқлик бошга!

 

* * *

Шахмат усталари беллашган чоғда,

Рустам Қосимжонов издошлари кўп.

Нодирбек, Жаҳонгир дунёга машҳур,

Олтин медаллари кўксида тўп-тўп!

Истеъдодли ёшлар Шахмат мактаби

Камолга етказар чемпионларни.

Дунёни ҳайратга солганда улар,

Қудратин кўрингиз Ўзбекистонни!

 

* * *

Мусо Хоразмий “Ал-Жабр” китоби –

Математиканинг олтин асоси.

Халқаро илм курашларида,

Ўзбек ёшларининг йўқдир қасоси!..

Оққан дарё мудом оққани мисол,

Аллома изидан боради ёшлар.

Илму маърифатда чемпион улар,

Хазина китоблар абад йўлдошлар.

 

* * *

Софликка андоза ўзбек олтини,

Зарафшон, Мурунтов, Олмалиқ зари.

Олимпчиларимиз қўлга киритган

Олтинлар соф чиқди ҳаддан ташқари.

Ғирромликка ётдир азалдан ўзбек,

Алданиб қолмаса, алдамас зинҳор.

Абадий дўстликда қош ила кўздек,

Берган саломидан бўлади изҳор.

“Юртим шарафини кўкка кўтаргум!”

Баҳодир Жалолнинг ичган онти бу.

Тош отганга мудом тутиб келган ош,

Қандай жавонмард эл, қандай танти бу!

Аслида халқимиз юраги олтин,

Тутгани зар бўлгай бунинг боиси.

Кифтингга ташлайди бир олам залвор

Шундай элу юртга фарзандлик ҳисси!

 

* * *

Дейдилар ниятинг бўлгайдир ёринг,

Ўзганинг ризқига бўлмас дахлимиз.

Ўттиз йилда кучи ортди диёрнинг,

Бир ярим баробар ўсди аҳлимиз.

Еттидан бирини Хизр деб олсак,

Саноқсиз дуога очилган қўллар,

Ҳақлимиз дунёга тик назар солсак,

Туташтирсак мовий уммонга йўллар.

Бугунги орзулар эрта чўзар бўй,

Мос эрур чинорнинг бўйи, илдизи.

Илоҳо, бошингдан аримасин тўй,

Она Ўзбекистон – эй, Шарқ юлдузи!

Тўлқин ЭШБЕК

12.08.2024 йил.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − twelve =