Кўҳна воҳанинг янги қиёфаси

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигига

ёки Самарқандга сайқал бераётганлар

Самарқанд воҳаси нафақат ўзининг ноёб тарихий, маданий ёдгорликлари, балки танти, бағри кенг, меҳнатсевар одамлари билан ҳам маълум ва машҳур. Айни кунларда воҳанинг қайси тумани ёки маҳалласига борманг, боғларда етиштирилган сархил мевалар йиғиштириб олинаётганининг, кенг ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик ишларининг, турли дастурлар доирасида ишга туширилаётган янги-янги корхоналар, ижтимоий соҳа объектларининг устидан чиқасиз. Фидокорона меҳнати, тадбиркорлиги билан ризқини топаётган бу одамлар эртанги кунига ишонч билан қараб, қадим юртнинг янги қиёфасини яратмоқдалар.

Ошаётган экспорт салоҳияти

Айни пайтда “Оҳалик олтин боғи меваси” масъулияти чекланган жамияти кластерининг Жомбой филиалига қарашли интенсив боғларда олма мевалари йиғиштириб олинмоқда.

Учинчи йилдирки, бу ердаги 360 гектар майдонда ҳам ички, ҳам ташқи бозорда харидоргир бўлган олма дарахтининг серҳосил “Pink Lady” нави етиштирилмоқда.

— Бу йил ҳар гектардан ўртача 40 тоннадан, келаси йили эса 50 тоннадан мева олишни мўлжаллаяпмиз, – дейди филиал мудири Зафар Тоҳиров. — Бу ерда мингга яқин мавсумий ва 46 нафар доимий ишчи меҳнат қилади, улар учун тушлик ва транспорт бепул. Ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 2 миллион сўмдан 3,5 миллион сўмгача. Бундан ташқари, жорий йилда Грециядан келтирилган пистанинг янги навини етиштиришни бошладик.

Самарқандда ўтган йили озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бағишланган халқаро конференция доирасида ташкил этилган сўнг­­ги ярмаркада мазкур кластернинг филиал ва фермер хўжаликлари фаол иштирок этиб, хорижий истеъмолчилар билан 10 дан ортиқ шартнома имзолади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни пайтда мазкур кластер нафақат вилоятимиз, балки республикамизда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

Самарқанд вилоятидан ташқари “Оҳалик олтин боғи меваси” масъулияти чекланган жамияти кластери томонидан Тошкент, Жиззах ва Бухоро вилоятларида қарийб тўрт минг гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилди.

Эътиборли жиҳати, мазкур кластерда нафақат маҳсулот етиштирилмоқда, балки уларни халқаро андозалар асосида қайта ишлаб, қадоқлаш ҳам йўлга қўйилган. Бу эса маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш имконини бермоқда. Масалан, жорий йилда кластер томонидан Россия, Тожикистон ва Қозоғистонга 25 миллион 841 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.

— Олма ва ўрик концентратларига ҳозир жаҳон бозорида талаб катта, – дейди “Оҳалик олтин боғи меваси” масъулияти чекланган жамияти кластери раҳбари Олим Солиев. — Шу боис ўтган йили замонавий қадоқлаш ускуналари ёрдамида концентрланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Қолаверса, ҳозирда қовунларимизга харидорлар кўп. Маҳсулот дастлаб музлаткичда тегишли ҳароратда сақланади. Кейин қадоқланиб, махсус автомашиналарда хорижий ҳамкорларга етказилади.

Кластер тизимидаги корхона ва фермер хўжаликларида 600 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи доимий иш билан таъминланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Мавсумий ишчилар сони эса 3,5 минг кишига етади.

— Бундан ташқари, жамоамиз хорижий ҳамкорлар билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда, – дейди О.Солиев. — Хусусан, хорижлик мутахассислар томонидан боғларни парвариш қилиш, ҳашаротлар зараркунандаларига қарши курашиш бўйича мунтазам маслаҳатлар бериб келинмоқда. Кластер боғлари Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Самарқанд, Жомбой ва Нуробод туманларида жойлашган.

Йил охиригача компания экспорт ҳажмини 30 миллион долларга етказишни режалаштирмоқда. 10 минг тонна сиғимга эга совиткич ускуналари эса бу ерда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли сақлаш имконини беради.

Кимёвий воситалардан воз кечилган

Самарқанд шаҳрининг кўркам гўшаларидан бири “Боғибаланд” маҳалласи анжирзорлари билан машҳур. Бу ерга ташриф буюрган сайёҳлар пишиб етилган меваларни ўз қўллари билан териб олиб истеъмол қилиш имконига эга.

Бундай имкониятни Боғибаландда жойлашган оилавий шартнома асосидаги фермер хўжаликлари тақдим этмоқда. Боғ номига мос равишда ҳақиқатан ҳам тепаликда, шаҳарнинг энг баланд нуқтасида жойлашган. Шунинг учун ҳатто ёз жазирамасида ҳам бу ерда салқин шабадани ҳис қилишингиз мумкин, негаки дарахтларнинг кўплиги ҳавони салқин қилади.

Шундай қилиб, сиз бемалол супачада ўтириб, кўк чойга буюртма беришингиз ва кўп асрлик дарахтлар соясида салқинликдан баҳраманд бўлишингиз, яқин атрофда оқаётган Обираҳмат дарёсининг шовқинини тинглашингиз мумкин. Агар сиз олтин анжирни татиб кўрмоқчи бўлсангиз, унда боғ бўйлаб юриб, соғлиғингиз учун хоҳлаганингизча ундан тановул қилишингиз мумкин.

Боғибаланд анжирларининг баъзилари уч юз ёшдан ошган. Машҳур “Бобурнома” асари муаллифи буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёзишича, Боғибаланд боғи буюк саркарда Амир Темур томонидан ўзининг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Окабегим шарафига барпо этилган. Шундан буён бу ерда анжир етиштиришнинг усуллари ва сирлари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Кўп асрлар давомида маҳалла аҳли фақат шу анжир етиштириш билан яшаб келади.

40 гектарлик боғда бугунги кунда 72 оила шартнома асосида меҳнат қилмоқда. Боғбонларнинг сўзларига кўра, айни пайтда бу ерда 10 минг тупдан ортиқ анжир дарахти бор.

Боғ ҳудудида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, унинг Самарқанд вилоятидаги бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ташаб­буси билан бир неча йил аввал сайёҳлар маҳалласи ташкил этилган эди.

— Бизнинг вазифамиз анжир боғларини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишдир, — деди боғбонлар етакчиси Рустам Муинов. — Анжирларга ишлов беришда ким­ёвий воситалардан умуман фойдаланмаймиз. Ҳар йили кузда биз дарахтларни совуқдан ҳимоя қилиш учун кўмамиз. Анжирлардан ҳар йили 28 тоннага яқин мева оламиз. Бу самарқандликлар учун жуда кўп. Шу боис респуб­ликамизнинг бошқа ҳудудларига ҳам маҳсулот етказиб берамиз.

Бу ерда ҳамма нарса сайёҳлар хизматида. Жумладан, агар кимдир палов ёки бошқа таом тайёрламоқчи бўлса, эгалари қозон, ўчоқ ва олов ёқиш учун қуруқ ўтин билан таъминлайди.

— Кеча бизга Швейцария ва Россиядан сайёҳлар ташриф буюришди, – деди Р.Муинов. — Улар меваларни ўзлари теришни жуда яхши кўришар экан. Чунки бозордан анжир сотиб олсангиз, бундай завқни туя олмайсиз.

Марказий Осиёдаги энг йирик корхона

Яқинда Каттақўрғон туманидаги Янгиҳаёт массивида йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг йирик цемент ишлаб чиқариш линияси “HENGYUAN CEMENT” ишга туширилди.

Лойиҳа Хитойнинг “ENERGY CHINA” энергетика гуруҳидан 351 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвес­тициялар жалб этиш ҳисобига амалга оширилди. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон қурилиш саноатини зарур маҳсулотлар билан таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим кенг кўламли вазифаларни ҳал этади.

— 38,5 гектар майдонда барпо этилган мазкур иншоотга Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилган, – деди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сафаров. — Бу ерда кунига 7,5 тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Заводнинг йиллик экспорт қуввати 82 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Маҳсулотнинг 30 фоизини Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Корхонада цемент ишлаб чиқариш тўлиқ қаттиқ ёқилғи — кўмирни ёқиш ҳисобига амалга оширилади. Бу энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини беради.

Янги корхонанинг ишга туширилиши, асосан, яқин туманларда истиқомат қилувчи 600 нафар қишлоқ аҳолисини доимий иш билан таъминлаш имкониятини яратди. Корхона ишчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида комбинат ҳудуди ёнида ётоқхона, спорт майдончалари, маданият уйи қурилди.

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан тадбиркорликнинг фаол қўллаб-қувватланиши, мазкур соҳа вакилларига кенг имкониятлар яратилиши, имтиёзлар берилиши натижасида Самарқанд иқтисодиётида ҳам ўсиш суръатларига эришилмоқда. Ўтган йил якунига кўра вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 5,9 фоизга ўсди.

Бунда саноатнинг улуши 1,8 фоизга, хизматлар соҳаси 1,5 фоизга кўпайди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,9 миллион сўмга ошди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 4 триллион сўмга ёки 19,4 фоизга ўсди. Тадбиркорлар сони 18 фоизга ошиб, 61 мингдан ортиқни ташкил этди. Йил давомида 59 та қўшма корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 750 дан ошди.

Эл суйган Элибой

Турмушимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлаб турган энг улуғ неъмат — нон ана шу фаровонлигимиз рамзидир. Жорий йилда ғалладан мўл ҳосил етиштирилганлиги иқтисодиётимизнинг муҳим бўғинларидан саналган аграр соҳада ҳам улкан ислоҳотлар олиб борилаётганлигининг натижасидир.

Бу борада ерларнинг унумдорлигини ошириш, деҳқонларнинг моддий манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай ижобий ишлар самарасини вилоятнинг Пастдарғом тумани “Умсин момо” фермер хўжалиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Юртимизда ерга, ўзи етиштираётган маҳсулотга эгалик ҳиссининг шаклланганлиги натижасида фермерлар иши самарали ташкил этилмоқда, – деди фермер хўжалиги раҳбари Элибой Таниев. — Шу туфайли ер, сув ва бошқа ресурслардан унумли фойдаланиб, пахта, ғалла ва бошқа экинлардан мўл ҳосил етиштиришга эришилмоқда. Ана шундай имконият самараси ўлароқ жорий йилда хўжалигимиз тасарруфидаги 60 гектарга яқин майдонда ғалла етиштирдик. Туманда биринчилардан бўлиб шартнома режасини уддаладик. Қилган меҳнатларимиз мевасини бермоқда. Гектаридан 80 центнердан ҳосил олишга эришдик. Айни кунларда 45 гектар ердаги ғўза парваришига ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. Техника воситаларимиз етарли, ишчиларимиз тажрибали, улар учун далада барча шароит яратилган. Ерларни меъёрида минерал ва маҳаллий ўғит билан озиқлантириб, сифатли суғордик. Шу боис ғўза ниҳоллари бақувват, яхши ривожланаяпти.

Инсон умри унинг яшаган йиллари билан эмас, қилган эзгу амаллари, меҳнати билан ўлчанади. 80 ёшдан ошган Элибой ака умрини деҳқончиликка бағишлади. У киши ўз фаолияти давомида кўплаб хайрли ишларни амалга оширди. Ўзи яшайдиган Оқманғит қишлоғидан 26 километр олисда жойлашган манзилда хўжалик ишчилари учун 5 та дала шийпони қуриб берди. Эски Анҳор каналига далани суғориш учун насослар ўрнатилди. Маҳалла ҳудудидаги йўлларни таъмирлаш, беморларга мадад бериш, қийналган оилаларга ёрдам қўлини чўзиш ва бошқа кўплаб хайрли ишларини санаб адоғига етиб бўлмайди.

Эл дардини ўз дарди деб билган Элибой ака бир неча бор вилоят кенгаши депутати сифатида ҳам жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этди. Эл эътиборини қозонди. Унинг самарали меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб рағбатлантириб борилди.

Жумладан, у киши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланди.

Элибой ака деҳқончиликдан ташқари чорвачилик ва боғдорчиликни ҳам намунали йўлга қўйган. Фарзандлари Муҳиддин ва Аслиддин ҳам фермерликни давом эттириб, меҳнатдан бахт топиш шарафига муяссар бўлиб келишаётир. Ахир инсон хаётининг мазмуни фақат рўзғор тебратиш, фарзанд улғайтириш эмас, балки давлат, мамлакат деб аталмиш улкан хонадонга фойда, наф келтириш ҳамдир. Буни биз Элибой ака сингари фидойи инсонлар хаётида кўришимиз мумкин.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси

Оқдарё туманида эса ҳудудий инвестиция дастурига асосан энг чекка “Жарқишлоқ” фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 90 ўринли мактабгача таълим муассасаси учун янги бино қурилиши ниҳоясига етказилди. Объект қурилишида, асосан, маҳаллий хомашёдан фойдаланилди.

— Бу ерда 42 нафар ишчи томонидан ичимлик суви тармоғининг қувурларини ўрнатиш, сўнгги бўяш ишлари якунланди, – деди “Самарқанд Чинор қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шерзод Эргашев. — Объектнинг умумий лойиҳа қиймати 4 миллиард 189 миллион сўмни ташкил этади. Ҳудудни ободонлаштириш, манзарали дарахт кўчатлари экишга ҳам катта эътибор қаратилди.

Шу тумандаги “Оқдарё” фуқаролар йиғини ҳудудида “Ўткир сарбон сервис” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 3-мактабнинг 250 ўринли ўқув биноларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари ҳам тугалланди.

— Жамоамиз ва фуқаролар йиғини аҳли “Ташаббусли бюджет” дастурида овоз бериши натижасида умумий қиймати 1 миллиард 130 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа билан қатнашиб ғолиб чиқди, – дейди мактаб директори Манзура Ширинбоева. — Мактаб реконструкция қилиниши муносабати билан машғулотлар вақтинча яқин атрофда жойлашган касб-ҳунар таълими муассасаси биносида ўтказилди.

Шу тумандаги Алишер Навоий номидаги фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Даҳбед” кўчасида ҳам “Брик фактор” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 747 хонадонли 5 қаватли ўнта уй бунёд этилди.

— Аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида биноларнинг биринчи қаватида савдо дўконлари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилди, – деди жамият раҳбари Маъмур Одилов. — Бинолар ҳовлисида болалар майдончалари, автотураргоҳлар қурилди. Шунингдек, бутун ҳудуд ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди.

Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида Самарқанд туманидаги “Қорасув” массивида 100 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча қурилиши бошланган эди. Айни пайт­­да Қорасув кўркам аҳоли яшаш манзилига айланди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 6 июнь куни Самарқандда Қатар амири билан ўтказган олий даражадаги учрашувидан сўнг Қорадарё бўйида 389 гектар ерда бунёд этиладиган “Ширин” массиви лойиҳаси билан танишиб, уни илғор шаҳарсозлик тажрибаси асосида такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Лойиҳага кўра, массивда кўп қаватли уйлар, мактаб ва болалар боғчалари, поликлиникалар, спорт майдонлари ва кўнгилочар мас­канлар бўлади. Йирик бизнес ва савдо маж­муалари қурилади. Массивни шаҳар билан боғловчи кўприк ва йўллар, инфратузилма ва коммуникация тармоқлари барпо этилади. Бу ишлар, албатта, вилоят иқтисодиёти барқарорлиги билан амалга оширилади.

“Ҳоким Ёзувчилар уюшмаси аъзоси…”

Статистик маълумотларга кўра, Жомбой тумани яшил ҳудудда жойлашган бўлиб, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича вилоятда Самарқанд шаҳридан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Хўш, туман меҳнат аҳлининг кейинги йилларда барча соҳаларда эришаётган бундай ютуқларининг сабаби нимада?

— Сабаби оддий. Бу ерда ҳеч ким Американи кашф қилгани йўқ. Фақат сўнгги йилларда айрим маҳаллий раҳбарлар томонидан уриш, дўқ-пўписа билан ишлашга ўрганиб қолган одамларга яхши муомала қилиб, уларни тўғри йўналтириш, уларга амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўғри тушунтириш кифоя қилаяпти, – деди туман ҳокими Қаюм Собиров. — Бугунги раҳбар аҳоли нимадан норозилигидан, жойларда қандай муаммолар борлигидан, уларни қандай ҳал қилишдан хабардор бўлиши керак. Арз билан келувчиларни салқин кабинетида кутиб ўтирмай, ўзи уларнинг олдига бориши, одамлар билан жойида учрашиши, барча масалаларни зудлик билан ҳал қилиши керак.

Айтиш жоизки, Қ.Собиров ҳоким бўлган илк кунларданоқ бу тартиб-қоидаларга ўзи қатъий амал қилади, кўпроқ халқ орасида бўлади, уларни тинглайди, оқсоқоллар билан маслаҳатлашади.

— Ҳокимимиз иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ишлари билан бир қаторда таълим, фан ва маданиятдан ҳам яхши хабардор, бадиий ижод билан шуғулланади, ҳикоя ва қиссалар ёзади, – дейди “Жомбой тонги” газетаси муҳаррири Исомиддин Пўлатов. — Қ.Собиров ҳаттоки тумандаги ижодий тўгаракларнинг машғулотларига боришга, ёш истеъдод соҳибларига маслаҳат беришга ҳам вақт топади. Ҳокимимиз ҳозирча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган республикадаги ягона раҳбардир. Юқори ички маданияти туфайли катта ва кичикка “сиз” деб мурожаат қилади. Ҳеч кимни хафа қилмайди.

Машҳуранинг машҳур гуллари

Машҳура Иноятуллаева асли Жомбой туманининг “Тут” маҳалласидан. Унинг отаси ҳунарманд эди. Онаси ҳамшира бўлиб ишлаган бўлса-да, иш жойида эрининг олдига бориб, бўш вақтларида унга ёрдам берарди. Шундай қилиб, улар тўрт фарзандни тарбиялаб вояга етказишди.

Оилада катталарнинг меҳнатга бўлган муносабати болалар тарбиясига ҳам ижобий таъсир қилди. Машҳура болалигидан гул ясашга меҳр қўйди. Ана шу иштиёқ туфайли қўшни “Журият” маҳалласига келин бўлиб тушганидан сўнг бекор юролмади. Турли хомашёлардан сунъий гуллар ясашни ўрганди. Ёш келинчак ҳалол меҳнати эвазига қишлоқдошлари ўртасида обрў-эътибор қозонди.

Ҳозир Машҳура уч фарзанди билан туғилган кун, тўй, турли байрамлар учун уйида чиройли гуллар ясайди. Маҳсулотлар жуда ҳам­ёнбоп.

— Қишлоқ шароити шаҳарникига ўхшамаслигини инобатга олиб, маҳсулот сифатига путур етказмаган ҳолда гулларимиз нархини иложи борича арзонроқ қилишга интиламиз, – деди М.Иноятуллаева. — Оила бюджетига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. Менинг учта шогирдим бор. Имтиёзли кредит олиб, етти нафар хотин-қизни шу соҳага ўргатмоқчиман. Шунда фаолиятимиз янада кенгаяди.

Вилоятда ишсизлик даражаси 6 фоизга камайди

Қайд этиш жоизки, вилоятнинг олис қишлоқлари, маҳаллаларида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда ишсизлик даражаси 6 фоизга камайди. Жорий йилда ушбу кўрсаткичларни янада яхшилаш борасида тегишли дастурлар асосида иш олиб борилмоқда.

Кейинги икки йилда ислоҳотлар жараёни билан танишиш, шунингдек, бир қатор халқаро форумлар ва олий даражадаги учрашувлар ўтказиш учун вилоятда бўлган Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди ва бу вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хусусан, туризмни вилоят иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айлантириш мақсадида бу ердаги муқаддас қадамжоларни обод қилиш, буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борадаги ишлар натижасида Самарқанд халқаро аэропорти модернизация қилинди, эшкак эшиш канали атрофида кўп тармоқли туристик марказ бунёд этилди, Имом Бухорий мажмуаси реконструкция қилинмоқда. Бу жараёнда инфратузилмани янгилаш, замонавий турар жой массивлари бунёд этиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 200 гектардан ортиқ майдонда бунёд этилган “Silk Road Samarkand” туристик маркази қисқа фурсат ичида Самарқанднинг янги туризм дарвозаси сифатида танилди.

Қўрғоннинг майизи энди Хитойга жўнатилади

Яқинда Хитой давлатидан Қўшработ туманига бир гуруҳ инвесторлар ташриф буюриб, туманнинг иқлими, табиий муҳити билан яқиндан танишиш, туманга инвестициялар олиб кириш мақсадида жойларда ўрганиш ишларини олиб боришди.

Дастлаб хитойлик инвесторлар Қўшработ туманининг “Хонназар” маҳалласида жойлашган “Қўшработ ТЗБ” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар билан яқиндан танишди. МЧЖ раҳбари Салимжон Мавлонов ушбу МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва хорижга экспорт қилиш борасида юқори натижаларга эришиб келинаётганлиги, эндиликда эса Қўшработ тумани ҳудудида жойлашган эркин иқтисодий зонасидан ажратилган ерга 13 млн доллар эвазига қайта ишлаш заводи ва фабрикалар қуриш режалаштирилганлигини маълум қилди.

Хитойлик инвесторлар, шунингдек, Қўшработ туманининг “Қўрғон” маҳалласида жойлашган “Оқтепагаза” фермер хўжалиги томонидан хорижга экспорт қилинаётган майиз навларини кўздан кечиришди. Фермер хўжалиги раҳбари Бозорбой Худойқуловнинг таъкидлашича, айни вақтда 15 киши доимий меҳнат қилаётган хўжаликда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ва қуруқ меваларни қадоқлаш орқали хорижга экспорт қилиш кўрсаткичи йилдан йилга ўсиб бормоқда. Ушбу фермер хўжалиги ва хитойлик инвесторлар ўртасида 5 млн долларлик шартнома имзоланди.

Тадбиркорлар ҳамда фермерлар хитойлик инвесторлар билан соҳалар кесимида ўзаро тажриба алмашиш асносида улар билан истиқболли режалар тузиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олишди.

Ёрмамат РУСТАМОВ

Бахтиёр Мустанов ва

Соҳиб Сайфуллаев олган суратлар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 2 =