Болага эътибор бор(ми?)

“Бугунги безорилар ўн-ўн беш йил илгари эътиборсиз қолдирилган болалар”. Кимдир телеграмда жойлаган  ушбу сўзлар таъсиридан беихтиёр ҳушёр тортдим. Нақадар аччиқ ҳақиқат. Одамни ўйлантирадиган, идрок этилиши  билан хижолатга қўядиган, ҳар қандай баҳонага ўрин қолдирмайдиган ҳаққоний гап. Ҳақиқатан, ҳеч ким ўз-ўзидан ёмон йўлга кирмайди. Демак, улар катталар томонидан маълум вақт назоратсиз қолдирилган. Катталар эса биз – фарзанди бор ота-она, невараси бор кекса авлод вакиллари. Пенсия ёшида бўлганим учун, қайд этилган  аччиқ ҳақиқатга ўзимни кўпроқ дахлдор ҳис қилдим. Нега? Чунки болаларнинг ота-оналари рўзғор ташвиши, иш билан овора.  Болани кун бўйи тўғридан-тўғри назорат қилишга уларнинг имконияти бўлмаслиги мумкин. Лекин мактаб ёшидаги неваралари бўлган  отахон ва онахонларнинг аксарияти иш билан банд бўлмаган аҳоли тоифасига киради.  Улар невараларига етарли эътибор беришяптими?

Бу борадаги аҳволни нуронийларнинг ўзидан сўрасангиз,  асосан, ижобий баҳо оласиз. Яъни, улар ҳар куни неваралари билан бирга, эрталаб жигарбандларининг уйғонганини кўришади,  мабода чойхонага чиқишмаса, бир дастурхон атрофида тушлик, кечки тановулни  ҳам биргаликда ўтказишади. Яна нима қилишади? Бирга суҳбат қуришадими? Бирор бир масалада баҳслашишадими? Лоақал, болалар тафаккурини бойитадиган бирор-бир илмий ёки бадиий китобни муҳокама этишадими, умуман, биргаликда маълум вақт китоб  мутолааси билан машғулми улар? Агар йўқ десак, невараси келажагига бефарқ бўлмай, шу ишларни амалга ошираётган кўплаб нуронийлар шаънига туҳмат тошларини отган бўламиз. Лекин айрим кекса авлод вакилларининг бундай юмушларни одат қилганини кўрмаганман, эшитмаганман.

Нуронийлар билан учрашганда ўзаро суҳбатдан олдин ўзимча қисқагина ижтимоий сўров ўтказаман. Масалан, ўсмир ёшли  невараси бор отахон ёки онахонга  мурожаат қилиб,  невараси  шу кунларда қандай китоб ўқиётганини сўрайман. Дарҳол жавоб берилмаганидан маълум бўладики, кексаларимиз  невараларининг қандай китоб ўқиётгани билан унчалик қизиқишмайди. Билимга эга бўлиш, тафаккурни кенгайтириш фақат китоб орқали амалга ошишини эътиборга олсак ва унга,  асосан,  ёшликдан бошлаб эришиб борилмас экан, кейин кеч бўлиши муқаррарлигини билган ҳолда нега бу эзгу ишни ўз вақтида бажармаймиз?  Ёки балоғат ёшига етгунга қадар бирор бир касб-ҳунарни боласига ёки неварасига ўргатиш борасида барча ота-она ёки бобо-буви  бош қотиряптими? Албатта, мактаб ёки баркамол авлод марказларида турли тўгараклар бор, дейишингиз мумкин. Лекин қоғоздаги рақамларга қараб эмас, ўша даргоҳга бориб, ҳақиқий аҳвол билан бир танишинг-чи, машғулотларда нечта бола қатнашаётганини кўриб, қандай хулосага келаркансиз?

Бола кун бўйи назоратда бўлиши керак, деган фикрдан йироқмиз. Лекин бола вақтни қандай ўтказиши доимий назоратда бўлиши керак.  Вақтни нимага сарфлашни, ундан унумли фойдаланиш  кераклигини ҳамма бола ҳам билмайди. Бу эса  олтиндан қиммат бўлган дамлар беҳудага совурилишига олиб келади.  Озгина эътиборлироқ бўлиб кузатсангиз, ҳақиқий ҳолат  шундай эканига гувоҳ бўласиз. Хўш, бу аҳволни ўнглашнинг чораси борми? Аввало, ҳар қандай бола суҳбатлашишни яхши кўришини катта ёшдагилар англаши  керак. Болаларнинг ҳаётий тажрибаси кам,  дунёқараши тор бўлгани учун улар билан гаплашиш катталарга қизиқ  эмас. Лекин бу мулоқот катталар учун эмас, унга  болалар муҳтож эканини эсдан чиқармайлик. Бола билан яқин бўлишнинг  бошқа йўли йўқ. Фақат бу мулоқот шундай бўлсинки, ундан  бола зерикмасин, ўзаро суҳбатдан ёшига мос маълумот оладиган бўлсин, вақти қизиқ ўтишига сабаб бўлган бу маънавий яқинликни яна истасин, қўмсасин. Боланинг  ҳали кўп нарсага ақли етмайди. Ёшлик салоҳиятини,  имкониятини эътиборга олган ҳолда уни суҳбатга тортган маъқул, яъни  ёшига нисбатан муносабатда бўлмоқ лозим. Ана шунда унинг суҳбатдошига,  ҳатто сирдошига айланасиз. Бола – неварамиз,  агар у яхши тарбия топса, етарли билимни ўзлаштирса, эрта элига, юртига ярайдиган, энг асосийси, ўзини, оиласини, ота-онасини боқишни эплайдиган инсонга айланиши муқаррар.

Бир болага етти маҳалла ота-она, деган нақл бежизга айтилмаган. Ҳар бир бола, у уйда бўладими, кўча-кўйдами, катталар томонидан доимий эътиборда эканини сезса, бошқалар олдида ўзини қандай тутиш масъулияти шакллана бошлайди, айтадиган гапини, қиладиган ишини ўйлаб амалга оширадиган бўлади. Боланинг ножўя ҳаракатини кўриб, уни эътиборсиз қолдириш хулқининг бузилишига олиб келади ва келгусида вақтида олди олинмаган бу нуқсон кўпчиликни ташвишга солиши муқаррар. Бу ташвишнинг илдизига эса қачонлардир ўзимиз эътиборсизлик сувини қуйган бўламиз. Юқорида қайд этилган сўзлар мудом ёдимизда бўлиши керак: “Бугунги безорилар ўн-ўн беш йил илгари эътиборсиз қолдирилган болалар”.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ,

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 9 =