Самарқанд, Регистон: “Шарқ тароналари” давом этади!

Дунё халқлари санъат усталарини 1997 йилдан буён Самарқандда бирлаштирган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали яна кўҳна шаҳарга қайтмоқда.

Дарҳақиқат, мусиқа, қўшиқ инсон қалбида энг нафис туйғуларни уйғотувчи, кишини руҳлантириб, эзгу ишларга бошловчи қудратли куч. Тил, миллат танламайдиган наволар таржимонсиз, ҳеч бир воситасиз инсон юрагига кириб боради. Дилларни дилларга, элларни элларга боғлайди. Тинчликни, маданиятни, маънавиятни тарғиб этади, инсонийликни улуғлайди.

Жорий йилнинг 25-30 август кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон кентда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.

Турли миллат ва элатларни санъат орқали бирдамликка чорлайдиган, дунё халқлари миллий куй ва қўшиқлари тараннум этиладиган мусиқа анжуманида шу пайтгача сайёрамизнинг барча қитъаларидан вакиллар иштирок этган. Жорий йил ҳам қатнаш­чилар аввалги йиллардагидан кам бўлмаслиги кутилмоқда. Бу йилги фестиваль ҳам анъанага мувофиқ бетакрор Регистон майдонида ўтказилади.

“Шарқ тароналари” фестивали охирги марта 2019 йилда ўтказилганди. Маданият вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, фес­тиваль COVID-19 пандемияси сабабли тўхтаб қолган эди.

Жорий йилги фестивалда дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 300 нафардан зиёд вакил қатнашиши кутилмоқда.

“Фестиваль ўтказилишидан асосий мақсад — миллий мусиқа санъатида эришилган ютуқларни кенг оммага татбиқ қилиш, миллатларнинг маданият ва анъаналарини асраш ҳамда ривожлантириш, созандалик ва хонандалик йўналишидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунинг­дек, халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, дўстлик ва ўзаро бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишдан иборат. Бугунга келиб “Шарқ тароналари” нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсидаги машҳур фестиваллар қаторидан ҳам жой олиб улгурди. Иштирокчилар ва фестивалда қатнашиш истагини билдираётган давлатлар сонининг йилдан-йилга ошиши ҳамда дастур савия­сининг юқорилаб бораётгани бунга яққол мисолдир”, — дейилади Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Тадбир дастурига асосан, фестивалнинг очилиш маросими 26 август куни бўлиб ўтади. 27-28 август кунлари “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. 27−29 август кунлари соат 19:00 да фестивалга ташриф буюрган иштирокчилар ўртасида кўрик-танлов ўтказилиб, халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари баҳоланади. 30 августда халқаро анжуманнинг ёпилиш маросими бўлади ва ғолиблар тақдирланади.

Танлов низомига кўра, ғолиблар иккита йўналиш бўйича аниқланади, улар ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

“Гран-при” — 10 000 АҚШ доллари (халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ, муносиб номзод топилмаганда

“Гран-при” берилмайди);

I ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2×5000 — 10 000 доллар;

II ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2×3500 — 7000 доллар;

III ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 3×2000 — 6000 доллар.

Шунингдек, ташкилотчи, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил ҳайъат аъзолари ҳамда мухлислар эътирофига сазовор бўлган қатнашчилар “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинациялар бўйича махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 1 =