Муносиблар эътироф этилди

“Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танлови республика босқичи ғолиблари тақдирланди

 

Шу кунларда юртимиз бўйлаб улуғ айём — Мустақиллик байрами шукуҳи кезмоқда. Мазкур қутлуғ сана муносабати билан мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, фестиваль ва кўрик-танловлар ўтказиляпти.

Истиқлол шодиёнаси арафасида журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, тасвирий санъат усталари ҳамда киноижодкорлар ўртасида ўтказиб келинадиган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ҳам анъанавий тадбирлардан бирига айланган. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамига бағишлаб ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда энг муносиб ижодкорлар тақдирланди.

Куни кеча Ёшлар ишлари агентлигининг анжуманлар залида ўтказилган тантанали тадбирда журналистлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари, киноижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи, “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танлови ташкилий қўмитаси раиси Холмурод Салимов мазкур танлов натижалари бўйича қисқача маълумот берди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур кўрик-танлов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош ташкилотчилигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Нуфузли танловда ижодий ишлар “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг энг яхши материаллари”, “Интернет журналистикаси”, “Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун”, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фото ва дизайн ишлари”, “Кино санъати асарлари” номли 7 та номинация бўйича қабул қилинган эди.

Жами 300 нафардан ортиқ ижодкордан, яъни журналистлар, ёзувчи-шоирлар, кино санъати, тасвирий санъат усталари, фото ва дизайн ишлари бўйича мутахассислардан 2100 дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушган, “Интернет журналистикаси” номинацияси бўйича топширилган материаллар салмоғи барча йўналишлардан-да кўпроқни ташкил этгани таъкидлаб ўтилди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ана шу ижодий ишларни мавзунинг долзарблиги, таҳлилий ёндашув, асарнинг бадиийлиги, мустақиллик ғоясининг ифодаси, талқиннинг ўзига хослиги каби мезонлар асосида беш баллик тизим бўйича баҳолади. Ҳакамлар ҳайъати маълум қилишича, ғолибларни аниқлашда танқидий-таҳлилий руҳдаги материалларга жиддий эътибор қаратилган.

Айтиш керакки, танловга тақдим этилган материалларда Мустақиллик берган имкониятлар, истиқлол ва ҳурлик саодати ва албатта, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси изчил ёритилганини кўриш мумкин. Шу билан бирга жамиятимизда учраб турадиган айрим муаммолар ҳам қайд этилиб, уларнинг сабаблари чуқур таҳлил асосида кенг очиб берилганини  ибратли ҳолат дейиш мумкин.

Тантанали тақдирлаш маросимида еттита номинация бўйича 1-ўринни эгаллаган ғолибларнинг ҳар бири 10 000 000 сўм пул мукофоти ҳамда диплом-плакетка, 2-ўринга муносиб кўрилган иштирокчиларнинг ҳар бири 8 000 000 сўм пул мукофоти ва диплом-плакетка, 3-ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг ҳар бири 6 000 000 сўм пул мукофоти ҳамда диплом-плакетка билан тақдирландилар. “Босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари” ҳамда “Интернет журналистикаси” йўналишлари бўйича 2-ўрин соҳиблигига эса икки нафардан номзод ғолибликка лойиқ топилди ва мукофот миқдори улар ўртасида тенг тақсимланадиган бўлди.

Тадбирда таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.

Ўз мухбиримиз.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − seven =