Амир Темур ва Тўхтамишхон
Тўлқин ҲАЙИТ
(эссе)
Соҳибқирон Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши жанги ҳақида ўқиб чиқдим. Амир Темур бу жангда еттита усулни қўллаган экан. Жасорати, ўз аскарларини мардонавор тарбиялаши билан бирга, жангларни ҳам ўзи бошқарган. Ўзим учун бу янгилик бўлди. Кейин кимдир шу жанг усулини ўргангани билан қизиқдим. Ҳеч ким ўрганмаган экан. Энг аввало, боболаримизнинг усулларини ўрганишимиз керак.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Чиндан ҳам, бу тарихни ўрганиш керак.
Турон султони Соҳибқирон Амир Темур билан Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон ўртасида содир бўлган жанг шунчаки оддий воқеа эмас, унинг замирида Амир Темур шахси, ҳарбий маҳорати, инсонийлиги, шунингдек, садоқатли сафдошлари, баҳодир жангчиларининг юксак маънавий қирралари, ўзга халқларни янги мўғул-татар асоратидан сақлаб қолгани ва бошқа эзгу ишлари мужассамки, уни ўрганиш, таҳлил этиш, қиёслаш бизга жуда катта маънавий-ахлоқий давлатчилик сабоқларини беради, зеро, дунёни адоват эмас, адолат қутқаради, қолаверса, гап кучда эмас, кўп жиҳатдан бандасининг ҳақиқатига ҳам боғлиқдир. Агар шундай бўлмаганда, ҳарбий жиҳатдан устун бўлган Тўхтамишни енгиш асло мумкин эмасди.
КУЧ ВА АДОЛАТ МАСАЛАСИ
Агар дунёдаги ҳарбий кучлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, кўрамизки, куч ва адолатни бирлаштиришда Искандар — Александр Македонский ҳам, Атилла ҳам, Наполеон ҳам, Чингизхон ҳам тўла мақсадларига етолмадилар ва шу тариқа замонлар оша бу масала асрлар елкасида оғир юкдай осилиб тураверди. Зеро, Соҳибқирон Амир Темурга донишманд Зайниддин Тойободий томонидан “Рости-русти” деган улуғ ҳикмат битилган олтин узукнинг совға қилиниши беҳуда эмасди. Жисмоний олам билан руҳий дунёнинг уйғунлигига эришишни иноят деб қараш керакми ёхуд бу ўринда асосий омил инсоннинг ўзими? Албатта, бу саволга жуда кўплар жавоб излаб кўришган ва ўз хулосаларини ҳам беришган. Модомики, биз бой тарихимизнинг ўтмиш мафкураси тақиқ этган энг нозик қирраларига бугун халқимиз нуқтаи назари билан баҳо беришга интилаётган эканмиз, Амир Темур даҳосининг руҳоният билан боғлиқ жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтишимизга тўғри келади. Чунки буюк ҳукмдорнинг барча саъй-ҳаракатларида само ва Ер қонунларидан ташқари чиқмаслик кўзга ташланади, хусусан, унинг Тўхтамишхонга кўрсатган оталарча илтифотлари, унинг ҳатто бир неча хиёнатларини ҳам кечира билиши замирида жуда катта моҳият борки, буларни тилга олмасдан ўтиш мумкин эмас.
Ўтмиш салтанатларнинг тарихидан маълумки, ғалаба учун жанговар мунтазам армия, замонавий қурол-яроғлар, етарли маблағ, пухта тактика ва стратегия, энг билимдон саркардалардан иборат кучли марказ, яъни бош қўмондоннинг ҳақиқий ишончи ва суянчи бўлган ақлли “мия” ва яна бошқа нарсалар жуда-жуда зарурлиги яхши маълум. Аммо барибир, улардан фарқли ўлароқ, Соҳибқирон Амир Темурнинг енгилмас жиҳати, Аллоҳга ёққан хислатлари, саъй-ҳаракатлари нималардан иборат бўлганига диққат қилмоқ зарурдир:
унинг биринчиси ва энг муҳими — инсонга муҳаббатдир. Чунки халқ қудратли куч, унга меҳрингни берсанг, ўзи сени бошига кўтаради ва ҳар сўзингга “лаббай”, деб жавоб беради. Амир Темурда шу хислат бор эди. У энг оғир лаҳзаларда ҳам, 27 давлатни бирлаштириб, буюк ҳукмдор даражасига етганда ҳам ҳатто энг қуйи табақа аскарининг муаммоси, дардига шерик яшади, чунончи, жанглари тафсилотларини кўздан кечириб, хулосага келдимки, унинг қатъий қоидаси мавжуд бўлган. Масалан, у аскарларини ҳалок этган ҳар қандай душманни дарҳол қаттиқ жазолаган, жанг майдонида мардлик кўрсатган сарбозларини эса дарҳол мукофотлаган, ҳатто ҳалок бўлганларининг оиласига ёрдам қўлини чўзган. “Навкарларининг ўз ҳукмдорига муҳаббати, садоқати бениҳоя юксак эди” (Маҳкам Абдураҳмонов. Темур ва Тўхтамиш. Тошкент, Ғ.Ғулом, 2000, 16-б., 80в.). Бу мақтов эмас, буюкларнинг ҳақиқатини ҳам тан ола билиш керак. Уларда зиддиятли ҳолатлар, баъзи хатолар, табиий зарурат туфайли ноўрин хатти-ҳаракатлар бўлиши табиий, аммо барибир, Амир Темурга ўхшаган ҳукмдорлар дунёда бармоқ билан санарлидир. Тарихимизда шундай ҳукмдор ўтгани биз учун шараф, албатта;
иккинчи жиҳати — инсон эҳтиёжи бўлиб, Амир Темур бу борада очкўз ҳукмдорларнинг хатосини такрорлаган эмас. Зеро, ҳар бир инсон эҳтиёжи ҳар қадамда, айниқса, ҳукмдор учун биринчи масаладир. Шу боис ҳам Амир Темур ҳар бир аскари эҳтиёжини ўзининг ҳар қандай манфаатидан устун қўя биларди. Лозим пайтларда аскари, дўсти, ўзга ҳукмдорлардан ҳеч нарсасини аяган эмас: масалан, етти йиллик юришга отланганда, ҳар бир аскарининг етти йиллик маошини олдиндан бергани ҳам бор ҳақиқат. Бундай ибратли жиҳатлари шунчалик кўпки, уларни санаб адоғига етолмайсиз;
учинчи омил шуки, Амир Темур ўз қўшинида шу даражада адолатни ўз ўрнига қўйган эдики, унинг барча тадбирлари, ўйлари, орзуларининг муваффақияти ана шу одиллигининг натижаси эди, десак, янглишмаймиз. Муаррих Натанзий ёзадики, Амир Темур мамлакатда адолат ўрнатишда шу қадар жидду жаҳд қилган эдики, керак бўлса, фил пашшага салом берарди. Клавихо ёзадики, унинг беҳисоб аскарлари, усталари юзлаб чодирлардан чаққонлик ила катта шаҳар барпо этарканлар, ҳаракат пайтида бирор бақир-чақир, шовқин-сурон эшитилмас, ҳар бир киши ўз ишини билиб, пухта бажарар эди. У зот ҳар бир юришининг ва жангнинг стратегиясини ипидан-игнасигача жиддий ишлаб чиқар, яъни жанг тақдири олдиндан ҳал қилиб қўйилган бўларди. Ҳар бир жангчиси шиддат билан жанг қилиб, элу юрт берган нон ҳақини оқласа, беэътибор қолмаслигини ҳам яхши билар, қариб қолса, давлатдан нафақа олиб, доимо иззатда бўлиши нақд эканини ҳам ёдидан чиқармасди.
Хуллас, Соҳибқирон Амир Темур куч ва адолатни бирлаштирган зот эдики, ҳақни айтганда, бугун ҳам унинг “Куч — адолатда” шиори жуда ёқимли жаранглаб, қалбга соф инсоний туйғуларни ошно этади. Унинг Тўхтамишхонга бўлган муносабатида ҳам биз юқорида санаган ва яна тилга олмаган барча эзгу хислатлари намоён бўлади, очиқ кўзга ташланади.
СОҲИБҚИРОННИНГ ИЛТИФОТИ
Катта амалдорларни қўя туринг, оддий киши ҳам қийин, мураккаб вазиятларга тушиб қолса, ўзига адолатли нажоткор излайди. Тўхтамишхон даврида ҳам мамлакатлар, ҳукмдорлар кўп эди, лекин унинг нима учун ёрдам сўраб айнан Амир Темур ҳузурига келганида жуда катта маъно бор. Чунончи, Ўрусхон томонидан кутилмаганда Тўйхўжа ўғлоннинг қатл этилиши уни жуда саросимага солиб қўйди. Отаси Тўйхўжа ўғлондек паноҳидан айрилгач, биринчи навбатда, ўзига илтифотли ҳамкор излаб, дунёнинг тўрт томонига кўз тиккани ҳам рост. Хўш, ўшанда кимнинг ҳузурига бош уриб бориши керак эди? Миср ё Румга, Чинга ёхуд фаранг қиролларигами?! Донишманд нўёнлар, юлдузни бенарвон забт этувчи кўрагонлари билан маслаҳат қилганда, барисининг фикри бир жойдан чиқиб: “Фақат Турон султони Амир Темур жонингизга ора кириши мумкин!” деган қарорда тўхташди. “Туронликлар бағри кенг одамлар, ҳатто остонасига ёрдам сўраб келган ғанимини ҳам юксак ҳурмат билан кутиб оладилар. Меҳмон улар учун атойи Худо”, деган гапларни ҳам айтишди. Ўзи ҳам эшитиб юргани борки, Амир Темур деган зот жуда илтифотли эмиш, ҳақ гапни айтса, ўзига дўст қилиб олиши аниқ экан.
Ўз навбатида, Амир Темур Жўжи улусида кечаётган воқеаларни зийраклик билан кузатиб борар, саноқсиз айғоқчилари, хуфиялари ҳам деярли ҳар куни бу улусда бўлаётган ҳар бир воқеани ўз пайтида етказиб туришарди. Чунки Шимолий Хоразм ва Оқ Ўрда Турон давлатига чегарадош бўлиб, мўғулларнинг узоқ мустамлакачилик сиёсатидан сўнг, қайта кўз очган мамлакат ҳукмдори учун уларнинг душман эмас, ҳамкор ва бир бўлиши ҳар жиҳатдан манфаатли эди. Бошқа томони, Мўғулистон (Шарқий Туркистон) ҳукмдори Қамариддин хавфи кучайиб, унга қарши юриш зарурати ҳам туғилган эди. Тўхтамишхоннинг келаётганини эшитгач, юришни орқага суриб, уни кутиб олишга тайёргарликни бошлаб юборди.
Низомиддин Шомий бу воқеани қуйидагича баён этган:
“Тўхтамишхон келганда, беклар уни Темурбек қабулига олиб киришди. Ҳазрати олийлари уни етарлича ҳурмат-эҳтиром билан қарши олди. Самарқандга боргач, унинг шарафига катта шоҳона зиёфат берилди. Унга ва йўлдошларига қимматбаҳо совға-саломлар улашди: тилла ва қимматбаҳо безаклар, мол ва газмол, от ва хачирлар, чодир, ноғора ва байроқ ҳамда жанговар қўшин берди. Ўтрор ва Саброн вилоятига ҳоким этиб тайинлади”.
Бундан кўринадики, Амир Темур унга ҳаддан зиёд илтифот кўрсатган. Тарихий воқеалардан биламизки, гоҳо шоҳ ота ўз ўғлини ҳам бунчалик сийламаган.
Хўш, Тўхтамиш шунча катта сийловга муносиб жавоб қайтара олдими? Йўқ, албатта! Ғаними бўлмиш Ўрусхон уни бир зарбадаёқ мағлубиятга учратди. Оқибатда Тўхтамишхон ҳеч бир уялмай, яна Амир Темур ҳузурига паноҳ излаб келди. Бошқа зиқна ҳукмдор бўлганда, шунча катта куч ва ёрдамини ҳавога совурган бундай кимсанинг боплаб адабини бериб қўйган бўларди. Аммо Амир Темур уни аввалгидан ҳам яхшироқ қарши олиб, ҳурматини жойига қўйди: яна катта қўшин бериб, “инъом этилган” вилоятларни эгаллашга юборди.
Лекин бу гал ҳам тақдир уни қаттиқ жазолади:
Тўхтамишхон ўзининг эски рақиби Ўрусхоннинг ўғли Тўхтақиядан чунонам зарба едики, бақо оламига жўнашига бир бахя қолди. Аммо ажали етмаган экан, Сирдарё бўйидаги қамишзорга кириб яшириниб, жон сақлади.
Амир Темур уни яна ҳурмат билан қарши олди ва қўшинини етарлича қурол-яроғ билан таъминлади.
Бу орада Ўрусхондан элчилар келиб, Тўхтамишни топширишни сўрашди. Лекин Амир Темур бир сўзли инсон бўлгани учун ўз иттифоқчисини ҳимоя этиб, уларга рад жавобини берди. Ҳатто бу гал ўзи уни жангга бошлаб боришини ҳам баралла айтди.
Ўша йили қиш қаттиқ келди.
Ўрусхон улкан қўшини билан Сиғноқни макон тутди.
Амир Темур Ўтрорга келиб, қароргоҳ кўтарди. Лекин қиш-қировли кунларда икки томон ҳам уч ой давомида жангга киролмади. Шу боис давлатчилик юмушлари кўпайиб кетиб, уларни ҳал этиш учун Амир Темур Кешга қайтишга мажбур бўлди.
1375 йил Ўрусхон учун омадсиз келди, аввал унинг ўзи, сўнгра ўғли Тўхтақия вафот этди. Унинг ўрнига Олтин Ўрда тахтига Темур Малик исмли ўғли ўтирди. У ҳам отасидек кучли лашкарбошилардан эди.
Тўхтамиш жангга кириб, ғалаба умидида яхши жанг қилди, аммо ҳар жиҳатдан кучли бўлган Темур Малик ундан устун келиб, кетма-кет зарба бериб, тинкасини қуритди. Амир Темур совға қилган учқур от жонига ора кирмаганида, бу сафар Тўхтамишхоннинг дорилбақога равона бўлиши аниқ эди. Хуллас, учинчи жангда ҳам у чилпарчин бўлиб, яна Амир Темур ҳузурига етим кимсадек бош эгиб келди. Албатта, Амир Темур яна ҳотамтойлик қилиб, унга беҳад катта илтифот кўрсатгани тарихдан маълум.
1376-77 йил қиш ойида Амир Темур ўзининг энг жанговар беклари: Туман Темур ўзбек, Бахти ҳожи, Ўрик Темур, Ғиёсиддин Тархон, Қовчин бангиларни жангга тайёрлаб, Тўхтамишхон қўшини сафида Сиғноққа жўнатди. Бу сафар шахсан Амир Темурнинг ўзи тузган пухта режа иш бериб, Тўхтамишхон Турон беклари ёрдамида Темур Малик қўшини устидан ғалаба қозонди ва 1380 йилга келиб, Жўжи улусини батамом фатҳ этди.
Аммо нетонгки, Тўхтамишхон ҳар томонлама кучайиб олгач, ўз ҳомийси, суянчиғи бўлган Амир Темурга адоват кўзи билан қараб, унга тиш қайрай бошлади, шунча қилган яхшиликлари ва илтифотини тез унутди. Энди у Европани Олд ва Марказий Осиё билан боғлаб турувчи йирик ва муҳим савдо йўлларига эга эди, яъни Рус жанубидан Қора ва Қулзум (Каспий) денгизи соҳиллари бўйлаб ўтувчи савдо карвонларидан келадиган даромадлар унинг хазинасини тўлдира бошлаганди. Аммо оч одам қанча топса, яна шунча кўп топишни хоҳлайди, чунончи, энди Тўхтамишхон иккинчи савдо йўли — Каспийдан жануброқдаги Шом ва Кичик Осиё — Кавказорти, Эрон, Самарқанд орқали ўтувчи савдо йўлига ҳам эга чиқишни хоҳлаб қолганди. Бу борада Амир Темур билан бемалол бамаслаҳат иш тутиши мумкин эмасмиди?! Мумкин эди, аммо бахил кимса бўлгани учун ҳатто ўз ҳомийси Соҳибқирон Амир Темурнинг ўлимини истаб турарди. “Бировга ўлим тилагунча, ўзингга умр тила!” дейди халқимиз. Бироқ, Тўхтамишхон ҳатто бой Табриз шаҳрини қўлга киритиб, Амир Темурнинг бу ерларга узатган қўлини тамом кесиб ташлашни, боз устига, Дашти Қипчоқнинг шимолий қисмини ҳам эгаллашни режа қилди. Агар у мақсадига эришса, худди Боту ва Беркахон сингари Турон давлатининг ички ишларига аралаша оларди. Бошқа бир сабаб, Тўхтамишхон Олтин Ўрданинг олдинги мавқеини тиклашни истаган эди. Жумладан, Хоразм ҳам XIV асрнинг 60-йилларига қадар Олтин Ўрданинг Шарқ мамлакатлари, хусусан, Марказий Осиё ва Хитой билан савдо-сотиқ алоқалари борасида муҳим ўрин тутгани боис, у ерда ўз ҳокимиятини тикламоқчи, яна ўзининг малайлари бўлмиш сўфилар авлодларини Хивага қайтармоқчи эди. Хоразмнинг Олтин Ўрда учун муҳим стратегик макон эканлиги тўғрисида ибн Арабшоҳ ўзининг “Амир Темур тарихи” асарида: “Саёҳатчиларнинг от-аравалари Хоразмни четлаб ўтмас, улар ҳеч қандай хавф-хатарсиз ҳолда Қримга қадар бемалол етиб олардилар”, деб ёзган эди. Воқеалардан кўринадики, икки ўртадаги “ота-бола” муносабатларининг зиддиятга айланишида Тўхтамишхоннинг хиёнати, унинг ўз манфаати учун инсонгарчиликни йиғиштириб қўйиб, манманликка берилиши, Олтин Ўрда хонлигининг яна буюклигини кўрсатмоқчи бўлгани асосий сабаблар, деб кўрсатиш мумкин.
Бошқа томондан, Амир Темурнинг Эронга юриш қилиш нияти йўқ эди. 1386 йил бошларида Тўхтамишхоннинг 90 минг қўшин билан Дарбанд орқали Табризга ўтиб, уни талаб, вайрон қилгани ҳамда Озарбайжоннинг бошқа шаҳарларини ҳам ғорат қилиб, сўнг ортига қараб кетгани уни ҳушёр торттирди. Зукко ҳукмдор бундай қалтис ишларга беэътибор қарамайди. Масалан, Қўқон хони Худоёрхон Ўринбурунни ўрислар босиб олганда: “Икки ойлик йўл узоқликдаги бир жой экан, олса олишибди-да”, деган мазмунда қўл силкиган экан. Аммо Амир Темур ўз пойтахтидан бир неча минг километр узоқликда кечган бу воқеаларга сира бепарво қараган эмас. Қолаверса, Тўхтамишхоннинг ҳеч бир келишув ёхуд маслаҳатсиз қилган ўзбошимчалигини ўзи учун ҳақорат деб тушунган эди. Биз эса унинг бу кўрнамаклигини отаси ўрнида қилган илтифотларига нисбатан юзсизлик эди, десак, хато бўлмайди.
Тўхтамишхон Эронни бутунлай забт этмоқчи эди. Шу боис Амир Темур “уч йиллик юриш”га чиқишга мажбур бўлди ва унинг шимол тарафдан Эронга кириб келишига тўсқинлик қилди. Моҳиятан, Эронни янги мўғул-татар истилосидан сақлаб қолди (Амир Темур жаҳон тарихида. Тошкент, “Шарқ”, 2006, 70-б.)
1387 йили Тўхтамишхон кутилмаганда Шимолий Озарбайжонга бостириб кириб, кўп жойларини талади ва жуда кўп одамнинг ёстиғини қуритди.
Амир Темур зудлик билан аскар юбориб, уларни Озарбайжондан қувиб юборди. Шу тўқнашув пайтида Тўхтамишхоннинг бир неча таниқли беклари асир олинди. Бошқа ҳукмдор бўлганида, уларни қатл этарди, аммо Амир Темур асирларнинг гуноҳидан ўтди ва: “Тўхтамишхон бизга ўғил турур, орамизда ота-бола ҳурмати бор, унга айтинглар, бундай ёмон ишларга қўл урмасин”, дея тайинлаб, барини озод этиб, ортга қайтариб юборди (Али Яздий, “Зафарнома”, Тошкент, 1996 й., 42-б.)
(Давоми келгуси сонларда)