О, ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди…

Сурхон — не-не улуғ авлиёларни бизларга берган беназир тупроқ. Буюк Термизийларнинг асл манзилу макони бўлган у нурли маъвога қадамимиз текканда, беихтиёр кўнглимиз кундай ёришади. Минг йиллардан буён Ҳаким ат-Термизий, Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийларнинг қадамжоларини зиёрат қилиш илинжида ошиққан элнинг энг оғир синовли йилларда ҳам қадами узилмаганлигига тарих гувоҳ. “Буюк Термизийлар” тўпламида шундай ажиб бир ривоятни ўқигандим: Ҳаким ат-Термизий бир куни сафардан қайтиб келсалар, у киши яшайдиган ертўлада бир ит болалаб ётган экан. Ҳазрат астагина итни чўчитиб юбормаслик учун ортга қайтади. Шу тариқа у киши ҳар уч-тўрт кунда бир келиб уйларидан хабар олар, итнинг ётганини кўриб, яна изларига қайтиб кетар эканлар. Манбаларда ёзилишича, у киши ит болаларини олиб чиқиб кетгунича ўн саккиз марта ўз уйларига қатнаб, киролмай қайтиб кетган экан…

Мен ушбу ривоят орқали Ҳаққа етган инсоннинг кибрдан қанчалар йироқлигини ўқувчига яна бир бор эслатгим келди. Сурхоннинг дарёдил шоири Шафоат Раҳматилло Термизий ҳам ўзининг қайноқ тупроғи каби бир хокисор, овози баланд шоир эди. У киши кибру ҳаводан анча йироқ эди. Шунинг учун у ўзининг бир тўртлигида:

Нодонлар гердаяр хода ютгандек,

Донолар юришар доим бош эгик.

Кифтига бир хил юк қўйса-ку даврон,

Нодон синиб кетар, доно қолар тик…

— деб ёзганди. Ўша пайтлар хизмат сафари билан ҳар гал йўлимиз Термизга тушганда бизларга қучоқ очиб пешвоз чиққан Шафоат аканинг болалардай беғубор қувончини, самимийлигини кўриб, ҳайратланганман. Шафоат ака кўнглига яқин бўлган ижодкорларни кўпроқ ўз уйига таклиф қиларди. “Меҳмонхонани қўйинг, уйда кўнгилдагидек бир суҳбат қурайлик”, дея бизни уйига олиб борарди. Суҳбат борган сари қизиб борар, ака ҳар-ҳар замонда ўзининг маҳзун сатрлари билан юрагимизга чўғ ташлаб қўярди. Мушоира борган сари авжига чиқиб, бизни ҳақиқий беғубор ижод сари етакларди. Бир куни у киши менга кўпдан бери китоблари нашрдан чиқмаётганидан куйинди. Мен у кишининг қўлёзмаларини олиб Тошкентга жўнадим. Орадан кўп ўтмай, “Шоҳ ва шоир” ҳамда “Кўринмай гулладим” номли шеърий тўпламлари нашрдан чиқди. Улуғ шоиримизга қисқагина сўзбоши ёздим. Китобларига ўзимга ёққан тўртликларидан ном топдим:

Кўринмай гулладим тутнинг гулидай,

Тутдай пишарим ҳам келар —

                                               келма, май…

“Кўринмай гулладим” китоб номи бўлди. Бу акага ёқиб, ёш болалар каби қувониб кетганига гувоҳ бўлганман…

Яна бир куни Шафоат ака қизиқ бир гапни айтди: “Абдулла Ориповнинг хонасига кирдим. У киши мендан: “Шафоат, газетада чиққан янги шеърларимни ўқидингми?” — дея сўради. Мен ҳаяжонланиб: “Қайси газетада?” десам, “Ҳордиқ”да”, деди. Тўғриси, кўзим тушмаганини айтдим. Абдулла ака хафа бўлиб, менга: “Сен хумкаллалар газета ўқимайсан”, деб айтди…” Шафоат аканинг сўзларига ҳайрон қолиб, дедим: “Ака, шоирнинг кўнгли учун ўқидим десангиз бўларди-ку”, десам, у киши кулиб: “Абдулла Орифни алдаб бўлмайди. У киши сенга қай бир шеърим ёқди, деган саволни кўндаланг қўяди…” — деганди.

Мен ўшанда Шафоат акани яна бир бора қайта кашф этдим. Негаки, у кишининг тўғрисўз ва ҳалоллиги ҳақида кўп эшитгандим.

Кеч куз эди. Хизмат сафари билан Сурхонга бордим. Шафоат ака ҳар галгидек мени яна хонадонига таклиф қилди. Бордим, негадир устознинг шашти паст, кайфияти йўқдай туюлди. Кейин билсам, ўтирадиган уйларининг шиферини янгилаш учун очиб ташлаб, шифер ололмай қийналиб юрган пайтлари экан. Олдиндан қиш эшик қоқиб турган бир паллада, шоирнинг томи усти очиқлиги ғалати эди. Мен у кишига ачиниб: “Ака, бир оғиз ҳоким бувага мурожаат қилсангиз, олам гулистон бўлади. Сиз юртимизнинг каттакон шоири бўлсангиз, наҳот ёрдам қилишмайди…” Шафоат ака ялт этиб менга қаради-да: “Йўғ-э, мен икки дунёдаям уларнинг олдига бош эгиб бормайман. Худо бир йўлга олиб борар…”, – деди.

Эҳ, Шафоат ака, қани, бу дунёда ҳамма сиздек бўлса эди! Ҳали бирор тайинли 4 қатор нарса ёзмай туриб, тинимсиз раҳбарлар тинчини бузиб, тама билан яшаётганлар, ҳеч бўлмаса, сизнинг мана бу тўртлигингизни ўқиб кўришса ёмон бўлмасди:

Сиртимга қараб сиз чиқарманг ҳукм,

Билмасдан дилимда нималар ҳоким.

Даврада вақт деган бир донишманд бор,

У ҳали айтади сиз ким-у мен ким…

Бугун вақт деган донишманд сизнинг олислардан соғинчу изтиробларга қоришиқ бўлган сатрларингиз янграётганини маҳзун тинглаётганини кўрсангиз эди… Аммо начора, ўзингиз “Ўтар дунё” номли шеърингизда бот-бот таъкидлаганингиздек:

Ўтар дунё, ўтди дўсту ғайир ўтди,

Арбоб, ориф, ошиқ Зуҳра, Тойир ўтди.

Давронини ёқлар ўтди, койир ўтди,

Бани башар замонига доир ўтди.

Ўтарингни ўтаргача қайир ўтди,

О, ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

 

Ҳар ўтарнинг хос қисмати, кўрари бор,

Ҳар собитнинг турари бор, нурари бор.

Ҳар пайкалки, пишарининг ўрари бор,

Бир кун ҳосил соҳибининг сўрари бор.

Сўрарингни сўраргача қайир ўтди,

О, ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди.

 

Шоир ўтди, кунлари йўқ, шомлари йўқ,

Ҳақдан бўлак камлари йўқ, комлари йўқ,

Ишқдан бўлак ғамлари йўқ, жомлари йўқ,

Сўздан бўлак шонлари йўқ, номлари йўқ.

Йўқ-йўқ, йўқлик Шафоатга доир ўтди,

О, ўтди-я, бу оламдан шоир ўтди…

 

АХТАМҚУЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 − two =