Оқибат мактаби

ёки журналистларнинг садоқатли дўсти Муртазо Султоновни эслаб…

 Салкам ярим асрлик журналистлик фаолиятимда турфа хил кишилар ҳақида очерклар, эссе ва мақолалар ёздим. Касбим туфайли жуда кўп дўстлар топдим. Умримнинг паст-баланд йўлларида қувонганимда қувонадиган, қайғуга ботганимда қайғурадиган меҳрибонларни учратдим. Кўп бўлмаса-да, елкани елкага қўйиб дардлашадиган садоқатли инсонлар тафтидан баҳраманд бўлдим. Ана шундай меҳридарё инсонлардан бири — Муртазо Султонов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) эди.

Яхшиликни очиқ чеҳралардан кутинг, деган ҳадис бор. Муртазо аканинг юз-кўзларидан нур ёғилиб турар эди. Бу ҳам Аллоҳнинг инояти бўлса керак. Одамларга фақат яхшиликни раво кўрадиган қалб эгаси эди.

У киши билан “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаган давримда танишгандим. Таҳририятга тез-тез мақола олиб келарди. Маориф ва халқ таълими тизимида вазир ўринбосаригача бўлган лавозимларда ишлаб, катта мавқега эришган бўлса-да, табиатан кўнгли очиқ, камтар одам эди. Айниқса, биз журналистлар билан бағрини очиб кўришар, байрамларда, айниқса, касб байрамимиз ва қувончли кунларимизда, албатта, йўқлаб келарди. Қутлуғ уйга қуруқ кирмайдиган қўли очиқ, инфоқ-эҳсони кучли инсон эди. Шу боис, у киши билан жуда кўп давраларда ҳамсуҳбат бўлганман. Қарийб ўттиз йилдан ортиқроқ билган бўлсам-да, одамларни ғийбат қилганини эслай олмайман. Фақат яхшиликлардан сўзлар эди. Муртазо ака бу хислати билан устозим, таниқли адиб, “Ўзбекистон овози”га қарийб 20 йил раҳбарлик қилган Мақсуд Қориевга ўхшаб кетардилар.

У матбуотга меҳр қўйган, республикада чиқадиган газета-журналларни мунтазам ўқиб борадиган, мутолаа қилиб хуморини босадиган зиёли, маърифатли муаллим эди. Ўзига қадрдон билиб, газеталарда чиққан мақолаларимга муносабат билдирар эди.

Инсон кексайган сари турли хасталиклар ортидан қувиб юрар экан. Муртазо ака ҳам ҳаётининг сўнгги тўрт-беш йилини оғир хасталиклар билан курашиб ўтказди. Ҳатто ойлаб касалхоналарда ётиб, даволаниб юрди. Биз журналистларнинг оқибатли қадрдони бўлгани боис, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов билан устознинг ҳолидан хабар олгани тез-тез бориб турардик, узоқ суҳбатлашардик. Гарчи касалхонада ётган бўлса-да, доимо янги газеталарни олиб ўқирди. Айниқса, “Халқ сўзи”, “Hurriyat”, “Маърифат”, “Ўзбекистон овози” каби газеталарни алоҳида синчиклаб мутолаа қиларди.

Муртазо ака гулни яхши кўрарди. Касалхонадаги у ётган хонада доимо бир қучоқ анвойи гуллар бўларди. Даволайдиган шифокорларга ҳам гул совға қиларди. У ширин сўзи-ю бир қучоқ гули билан кўнгилларни обод қилар эди. Тўй-маъракаларда дўстларининг ёнида турарди. Айниқса, бошига иш тушиб мушкул аҳволда қолган, бетоб бўлиб касалхонага тушган, хонадонида таъзия бўлган дўсти биродарлари ҳузурига бориб, руҳий далда берар, ҳамдардлик билдирар эди. Ҳатто кексайиб, саксонни қоралаб қолганига қарамай, жуда ғайратли одам эди. Ҳечам ёдимдан чиқмайди: Катта қизимнинг никоҳ тўйи куни қалин қор ёғиб, совуқ бўлганди. Шундай об-ҳавода ҳам набирасини етаклаб, тўйхонани файзга тўлдириб Муртазо ака кириб келганди.

Айниқса, ёшинг бир жойга бориб қолганда Муртазо акага ўхшайдиган дилкаш инсонларни кўнгил қўмсаб қолар экан.

Муртазо ака кийиниш маданиятини ҳам маромига етказарди. Ташқи кўринишга қарайдиган юзаки, иккиюзламачи дўстларини синаганини кулиб эсларди. Бир сафар танишининг тўйига соқолларини олмай, эскироқ кийимда бориб қолибди. Доим қучоқлашиб кўришадиган дўстлари ўзини секин чеккага олиб қочибди. Шундан сўнг тўйга кирмай уйига қайтиб бориб, чиройли костюм-шимини кийиб, бўйинбоғини боғлаб келибди. Ҳалигина уни хушламай турганлар қаторлашиб саломлашишга ошиқиб қолган экан. Шу боис ўзига ўхшаб дид билан кийинишни бизларга тайинларди.

Юқорида айтганимиздек, умрининг охирги йилларида Муртазо ака оғир хасталиклар билан узоқ ётиб қолди. Бир сафар Аҳмаджон Мелибоев, Шуҳрат Жабборов учовимиз уйига у кишини кўргани бордик. Келинойи бизларни меҳмонхонага таклиф қилди. Бу хонадонда кўп туз ичганмиз. Муртазо ака ҳадеганда чиқавермади. Ҳар хил хаёлларга бордик. Орадан маълум вақт ўтгач, соқоллари олинган, костюм-шим, оқ кўйлак, галстукда чиқиб келди, гўё тўйга кетаётгандек. Ўшанда узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Аҳмаджон аканинг ҳам роса қулфи-дили очилди. Уч соатдан ортиқ гаплашсак ҳам, Муртазо акага камдек туюлаверди. “Яна оз-моз ўтиринглар, бу кунлар ҳам ғанимат”, деб ҳечам жавоб бергиси келмади. Биз эса беморни уринтириб қўймайлик, деб жонимиз ҳалак эди. Инсоннинг дардини инсон олар экан. Муртазо ака тузалиб қолгандай эди… Энди эсласам, у билан охирги кўришишимиз бўлган экан…

Ўқитувчи ва мураббийлар куни Шуҳрат Жабборов билан раҳматли Муртазо Султонов истиқомат қилган, биз учун қадрдон бўлиб қолган хонадонга Маҳфуза келин ойимизни йўқлаб бораётгандик. Бахтни қарангки, маҳалласида Муртазо аканинг қадрдон қўшниси, таниқли олим, тиббиёт фанлари доктори Саидакром Ҳасановни учратиб қолдик. Мақола тайёрлаётганимни эшитиб севиниб кетди.

—  Муртазо Султонов маҳалламиз кўрки эди, — дейди Саидакром ака. — Маҳалла аҳли учун беҳисоб саховат қилиб юрарди. Сизга раҳмат, ука, савоб ишга қўл урибсиз. Мақолангиз газетада чиққанда хабар берсангиз, маҳалладошларимга уни ўқиб бераман. Улар ҳам жуда хурсанд бўлишади.

Муртазо Султонов яшаган уй қўнғироғини босаман.

Хаёлимда у гўё қучоқ очиб чиқиб келадигандек. Бизни ўттиз беш ёшлар атрофидаги аёл самимий қарши олиб: “Ичкарига кираверинглар, холам сизларни кутиб турибди”, деди у.

Ичкарида Маҳфуза келинойи билан салом-алик қилдик, ҳол-аҳвол сўрашдик.

Онахоннинг фариштали юзларидан худди Муртазо аканикидек нур ёғилиб турибди. Агар ҳаёт бўлганида Муртазо ака ҳам келинойи каби саксон еттига кирар эди.

— Бахтимизга соғ бўлиб юринг, сизнинг ёшингизга бизлар ҳам етайлик, илоҳим, — дея ният қилдим. — Муртазо акага жудаям ўхшаб қолибсиз. Уни кўргандек бўлдик.

Кузатишимча, эр-хотин меҳр-муҳаббат билан яшаса, қўшгани билан қўша қариса, зурриётлари ардоғида бўлса, бир-бирига ўхшаб қоларкан. Бу ҳам Оллоҳнинг мўъжизасидек бир ҳодиса.

— Муртазо ака билан қачон турмуш қурган эдинглар?

— 1962 йили йигирма беш ёшимизда тўйимиз бўлганди, — дейди опа кулимсираб. — Агар ҳаёт бўлганида у киши ҳам саксон еттига кирарди.

— Қаранг-а, мен туғилган йилда тўйинглар бўлган экан, — дейман.

— Муртазо акани хотирлаб Дилмуроджон газета учун мақола тайёрлаганди, шунга сурат берсангиз, олгач кетамиз, — дейди Шуҳрат ака.

— Эслаганларингиз учун раҳмат, акангиз яхши инсон эди. Фарзанд-невараларига жудаям меҳрибон киши эди. Яхши кунларимиз кўп бўлган. Аммо туҳматга учраб партиядан ўчирилиб, беш йил ишсиз юрганида у кишига оғир бўлганди. Орган ходимлари жудаям қаттиқ текширишган. Яратганга шукрки, оқланиб, туҳмат қилганларнинг юзи шувут бўлиб қолган. У кунларни ёзсангиз, ўзи бир китоб бўлади.

Унинг бошидан кечирган ташвишли кунларини Шуҳрат ака яхши билар экан, Муртазо ака ҳақиқат қидириб марказгача боргани, номи оқланганини айтиб берди.

Маҳфуза опага сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик тилаб, расмлар билан Муртазо Султонов ҳақидаги “Бир одамнинг олами”, “Мен одамларни севиб яшайман” номли китобларни олиб қайтдик.

Йигирма йил таълим тизимида вазир ўринбосари бўлиб ишлаган, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган қурувчи, журналистикага эътиқодли ва ижодкорларнинг садоқатли дўсти Муртазо Султонов ҳақида билганларимдан бир шингил ҳавола қилдим, холос. Зеро, оқибат ўлмайди. Оқибатли инсонлар ҳаёти бизларга ибрат мактабидир. Муртазо ака шу мактабнинг бир муаллими бўлиб кўпчиликка одамийлик сабоғидан таълим бериб кетди…

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =