Экологик муаммолар
уларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни
Айни пайтда Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти Экоҳаракат фаолияти орқали фуқароларимизга етказилмоқда.
Экоҳаракатнинг асосий вазифаларидан бири давлат идоралари, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари, барча корхона ва муассасаларнинг атроф-муҳит муҳофазаси, сув ва ҳаво ҳавзалари, ер ва биологик ресурслар ҳолатини яхшилаш ҳамда уларни чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш соҳасидаги амалдаги қонунлар ва бошқа қарорлар ижросини таъминлаш бўйича ишларини қўллаб-қувватлаш ва кенг жамоатчилик кўмагини шакллантиришдан иборат бўлади.
Шу билан бирга Экоҳаракат давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари томонидан экологик ва табиатни муҳофаза қилиш борасидаги масалаларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, экологик ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликни ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳолда ривожлантириш мақсадида янги қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши, амалдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши бўйича ташаббуслар билан чиқади.
Экоҳаракат иштирокчилари ва ҳамкорларининг давлат органлари, жамоат тузилмалари томонидан мавжуд экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси борасида масъулиятини кучайтиришга қаратилган фаолиятларини мувофиқлаштиришга; жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликларини муайян экологик муаммоларни ҳал этишдаги самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга йўналтиради.
Мамлакатимизнинг тараққиёт йўлидан изчил боришида Ўзбекистонда мавжуд бўлган бой табиий ресурслар муҳим омиллардан бири саналади. Мустақил тараққиётнинг илк кунлариданоқ улардан оқилона фойдаланиш ва келгуси авлод учун соф атроф-муҳитни асраб-авайлаш йўлидан борилмоқда. Бу мамлакатимиз аҳолисининг маънан бой ва соғлом ҳаётини таъминлашдаги асосий шарт ва омиллардан биридир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш борасида муайян тажриба орттирилди. Аммо соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами мамлакатимиз ҳамда минтақада экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини яхлит ҳолда ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Соғлом атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлиши лозим.
Шу муносабат билан Ўзбекистон экологик ҳаракатининг (Экоҳаракат) ташкил этилганлиги бугунги куннинг қатъий талаби ҳисобланади. Экоҳаракат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида экологик йўналтирилган ёндашув Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишида энг муҳим омил бўлиб ҳисобланишига ишонган, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги ҳақидаги ғояларни қўллаб-қувватловчи ҳамда уларни амалга ошириш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларини бирлаштиришга йўналтирилгандир.
Экоҳаракат Ўзбекистон фуқароларининг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай атроф-муҳит шароитида яшаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, табиий ресурсларнинг барча мажмуини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини сўзсиз таъминлашга қаратилган янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга интилади.
Экоҳаракат “Соғлом муҳит — инсон саломатлиги” ғоясини ўзининг асосий шиори ҳисоблайди ва унинг амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида ўз олдига қуйидаги дастурий вазифаларни қўяди:
1) атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида жамоатчилик иштироки фаоллигини ҳар томонлама кучайтириш;
2) атроф-муҳит муҳофазаси масалаларида қабул қилинган қонунлар ва давлат миқёсидаги бошқа қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда бу соҳадаги қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича тизимли ишларни юритиш;
3) атроф-муҳит муҳофазаси ва шу мақсадларга ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида қабул қилинган ҳужжатларни ижро этишда марказ ва жойларда давлат органлари, жамоатчилик ва бошқа тузилмалар масъулиятини ошириш;
4) аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш;
5) атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
6) атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш;
7) атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш.
Фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисоди, мустақил Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилиш тизими босқичма-босқич ривожланмоқда.
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кучли ижтимоий сиёсат натижасида аҳолининг реал даромадлари ва фаровонлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Моҳияти ва мазмуни жиҳатидан мутлақо ўзига хос бўлган таълим ва маориф, кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва маданият тизимлари яратилди.
Президент фармони билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча янги ислоҳотлар назарда тутилмоқда. 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар Фонд маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида тўланадиган қуйидаги солиқ турлари бўйича белгиланган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилди:
— лойиҳага меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари асосида жалб қилинган мутахассисларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олган даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
— нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан меҳнатга ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича тўланадиган ижтимоий солиқ.
Юқоридаги фармонга мувофиқ, ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этади. Бунда танловлар устувор равишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилади.
Фуқаролик жамияти институтларига тегишли соҳа ва тармоқларда мавжуд муаммоларнинг таъсирчан ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклиф киритиш ҳуқуқи берилади. Бунда ташаббусли лойиҳа белгиланган тартибга мувофиқ давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ижобий баҳоланган тақдирда, унинг ташаббускорига давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ижтимоий буюртма берилиши мумкин.
Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда — жамоатчилик кенгашлари) раислари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқланади.
Ҳар йили жамоатчилик кенгашларининг фаолияти самарадорлиги баҳоланади ва унинг натижалари эълон қилинади.
Жамоатчилик кенгашларининг фаол аъзолари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириб борилади.
Жамоатчилик эътиборини экологик соғломлаштириш ва атроф-муҳит муҳофазаси муаммоларини изчил суръатда ҳал этиш заруратига қаратган ҳолда, Экоҳаракат мамлакатимизнинг барча фуқароларини она Ватанимизнинг бебаҳо табиий бойликларини келгуси авлодлар учун асраб-авайлашдек олий вазифани бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.
Саидрасул САНГИНОВ,
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари.