“Мен кимман?”
“Мен кимман?” деб ўйлайман доим.
Одамлар мени жудаям кучли аёл деб билишади: кучлилигим кўпинча қўрқитади, ҳайиқтиради, ҳолбуки, мен бундай кўринишни сира истамагандим. Нозиклигимни тушунишларини истаб яшайман. Чунки жуда ҳам инжа, жудаям нозик кўнгилли одамман.
Аслида, бутун ҳаётим уй юмушларини аъло даражада бажариш, жиянларимни катта қилишда опаларимга кўмаклашиш, яқинларимга қўлимдан келганча ёрдам беришга интилиш билан ўтди. Булар менинг феълимга ҳам сингиб кетган. Агар кўчада икки-уч соатдан кўпроқ қолиб кетсам, фарзандларим олдида ҳам, уйим, оилам олдида гуноҳкордек сезаман ўзимни. Йиғлаб юборишим ҳам мумкин.
Ҳаётим хавфсизлиги муҳтарам шахслар, буюк инсонларни ўзимдан ҳам кўра кўпроқ ўйлантирган. Бугунги кунгача сиёсатнинг “катта ўйинлари”ни ҳамон тушунмайман. Тушунишни истамайман ҳам. Ҳаёт мени кўпроқ йиғлатдими, қувонтирдими, билмайман буни ҳам. Шуни биламанки, бахтли одам эканман! Қадрлайдиган, севадиган, менинг ҳеч қачон синишимга йўл қўймайдиган қадрдонларим бор! Инсонларни тушунишни, гўзалликни идрок этишни, бахтга фақат ва фақат тўғри йўлдан боришни хоҳлайман — шу!
Ошхона ва кутубхона орасида умргузаронлигим… Бошқа нарсаларни орзу қилмайман.
Саёҳат қилишни ва кузни севаман.
Ва Тошкентни…
2024 йил 30 сентябрь.
“Бинафша”
Қадрдон ҳовлимиздан Наврўз баҳона бир даста бинафша териб келдим. Сағал кечроқ… шунга қарамай, гулдаста қилишдан ўзимни четга тортолмадим… барибир ширин туйғулар беради менга. Бинафшанинг иси 8 март арафасида жуда нафис бўлади, ёнидан ўтиб кетолмайсиз… Жуда ҳам беозор гул, чамандек очилиб ётаверади.
Иккинчи синфдаман, шанба куни дарсдан кейин бувимникига борадиган бўлдим. Мактабимизнинг орқа эшигидан чиқиб, Хўжалик деган кўча ёқалаб, Коммунистлар қабристонининг ёнидан ўтиб, Чиғатойдаги бозорчадан нон сотиб олиб, бувимникига кетяпман… Шошиб-чопиб, чопиб-шошиб…
Бувимни эслашга ҳаракат қиляпман ҳозир: мени кутиб олсалар ҳам, кузатсалар ҳам, йиғлардилар. Ўшанда тушунмасдим нега йиғлайверадилар деб. Майин қўллари билан сочларимдан силардилар, қўлларимдан силардилар: “Бунча чиройлисан, адангнинг ёшлигига ўхшайсан”, дердилар. Менимча, назарларида биздек, набираларидан чиройлироқ қизлар ўзи дунёда йўқ эди.
Қучоқ очиб кутиб олардилар. Ҳар бир хатти-ҳаракатимга қараб турардилар, кийимларимни ечсам, чиройли қилиб тахлаётганимни кўриб, алқардилар: “Бунча чиройли ишларинг-а!” деб. Дастурхон атрофидаманми… кўпроқ ейишим керак эди. Лекин чойни ҳам тезроқ ичишим кераклигини айтиб турардилар. Келинойиларим-чи?.. Войбў, бу илтифотни кўрмабсиз… Келиб кетгунингизгача минг марта айланиб ўргилишарди, уйларидаги энг чиройли нарса сизники бўларди. Чойни дам-бадам пиёланинг тагида узатиб, кузатиб ўтиришар, бирлари “Настинька” деб эркалашар, иккинчилари ўтирган кўрпачамни, ёстиғимни текислашар, нима қилишса-ю мени хурсанд қилишса… Ошхонага кириб олиб, турли ширинликлар пиширишар, эрталабки чойга қатлама, сомса, ҳолвайтар, ширин кулчалар, патирчалар… Албатта, норинга ҳаракатга тушиб қолишарди. Ёки хоним қилиб, арзанда банкалардаги тузламаларни олиб чиқиб, олдимга қўйишар, худди бир алламбало меҳмонми, қуда холами келгандек иззат-икром кўрсатишарди. Мен-чи, мен нима билан қайтардим шу одамларнинг меҳр, муҳаббатларини?.. Арзийдиган бирор иш қилолганим йўқ, аслида. Азоб беради шу нарсалар… Университетга ўқишга кирдим, кейин Ойбек метро томонларга узатилиб кетдим, фарзандларим туғилди, уй-рўзғор, ижод — шулар билан умрим ҳам ўтиб кетибди….
Эртаси куни якшанба тушликдан кейин мени кузатиш маросими бўлиб, ҳамма чиқиб, мени кузата бошлашди… Эндигина кўчага кетаётганимизда, бувим войвойлаб қолдилар: “…Абдулла, сен югур, лопаткани олиб кел, бинафшадан олиб бер… Ҳабибулла, сен ялпиз кўчатидан олиб бер…”
Кейин Абдулла амакимнинг мотоциклларига ўтқизишган, келганман, қўлимда бувим менга илинган целлофанга ўралган кўчатлар. Шундай хурсанд бўлиб келяпман… Чунки бир умр ҳавасим келарди ҳовлисида бинафша ўсадиган синфдошларимга. Энди менам олиб борадиган бўлдим-да уларга.
Шу-шу ҳовлимизда бинафша ўсадиган бўлди. Мактабда ўқиб юрганимда “Бинафша” деган шеър ёзганман ва у “Ленин учқуни” газетасида чиққан. Ҳамза Имонбердиев жуда ҳайратга тушиб ўқиб берганлар, Абдусаид ака Кўчимовга ҳам жуда ёққан экан, масъул котиб эканлар ўшанда, айтдилар-да борганимда: “Яхши шеър бўлгани учун иккита катта шоирнинг шеърлари ўртасига қўйиб чиқардик…”
Ўша бинафшалар, ялпиздан бугун бизнинг Кўкчадаги ҳовлимизга ҳам келган. Ҳалима опанинг бир лутфлари бўлар эди: “Ҳар бир майсага “Салом” дегим келади”, деган.
“Салом, бинафшалар!”, “Салом, ялпизим!” дейман уларга қараб…
Бувимнинг жойлари жаннатдан бўлсин! Омин!
2020 йил, март.
“Дилфуза опамнинг таваллуд кунларига…”
Кеча кун бўйи кўнглимга қил ҳам сиғмади. Уйга кирдим, ҳовлига чиқдим, райҳонларим қаршисига чўкдим… “Адам тирик бўлганларида, кечаги кунни кўрганларида” деб…
Икки кун аввал Дилфуза опамнинг таваллуд кунларини нишонладик. Бу қутлуғ санага Дилфуза опа имонли, эътиқодли турмуш ўртоғи, меҳрибон, бутун қалби билан сизга жони ачийдиган тавозели қудалар, ақлли, меҳнаткаш куёв, шодлиги ҳам, қувончи ҳам — сизники, куйсангиз сочидан бошлаб то ерга теккунча куядиган меҳрибон келин, бир-биридан асал набиралар, минглаб шогирдлар, “фан доктори, профессор” унвони билан етиб келдилар.
Кеча эсладик яна… биринчи синфда ўқитувчиси София опа Дилфуза опамга қирқ нафар ўқувчининг сиёҳдонини ишонганини, кечга яқин уларни столга тизиб, ҳаммамиз сиёҳ қуйиб чиқишимиз, кейин эрталаб уларни бир сумка қилиб олиб кетишларини… Эсладик, мактабимиз директори, уруш қатнашчиси Ҳамидулла аканинг олтин медаль топшириш маросимидаги сўзларини: “Ҳаётимда биринчи бор шундай воқеага дуч келишим, журналларни қараб чиқдик. Дилфуза бирон кун ҳам дарс қолдирмаган, бирон марта ҳам “4” баҳо олмаган экан”, деган сўзларини.
Нимасини айтасиз, бизнинг жамиятимизда фан доктори, профессор бўлиш… жуда қийин, жуда ҳам қийин… Қирқ ёшдан ўтар-ўтмай фан доктори бўлдилар опам. Шароф Рашидов: “Ўттизга бормай профессор бўладиган қиз экан”, деган эканлар даставвал кўрганларида ва топшириқ берганлар Оқилхон Салимовга: “Шу қизга қаранглар”, деб… Шунга ҳам қирқ йил бўлди…
Дилфуза опам Сурхондарёнинг Денов туманидаги Ҳазарбоғ хўжалигида туғилганлар. Бир кун илгари бувим борибдилар Тошкентдан, якшанба куни бўлган — адам Термизга бориб келганлар ва тунда бомдод намози ўқилаётганда, дард бошланган ва иккалалари секин йўлга тушишган. Тўрттагина хонаси бор доялик пунктида. Шу қадар иссиқ бир кунда, тепаликда экан бу дояхона, Амударё кўриниб тураркан, у ёғи Афғонистон… Менга бир умр шу воқеа қизиқ бўлиб кўринарди. Адамдан сўрардим: “Ада, у ёғи Афғонистон, сиз душманлардан қўрқмадингизми, нега тепаликка чиқардингиз, нега дарёнинг олдига бордингиз? Сизни отиб ташлашса нима қилардим?” деб куйиниб ўтирардим.
Ҳозир ўйлайман, мусофирчиликда ота-онамга нақадар қийин бўлганини. ТошМИ дипломини олиб, адам Сурхондарёга кетганлар, кейин уйланиб, опамларни ҳам олиб кетганлар. Тасаввур қилолмайман ҳозир бу ҳолатни, юз нафар қариндош-уруғларимиз кузатгани чиқишган экан вокзалга. Улар икки ёш қирқ кунлик чақалоқни олиб, поездга ўтиришган, тунда етиб борган поезд Деновга, станцияда тунаб қолишган, нотаниш одамлар уйларига олиб кириб кетишган, нотаниш одамлар ўзларига ва чақалоққа қарашган. Кетар чоғларида бир сумка совға-салом билан кузатишган ўша нотаниш одамлар. Кейин ҳеч қачон кўришмаган бир-бирларини. Опам дастурхонни ҳар гал меҳмонларга солганларида, шуни эслар, “Буни менга Деновдаги станция яқинида турадиган аёл совға қилган”, дердилар… Менимча, ҳали ҳам бор шу дастурхон… Зиғир толасидан тайёрланган ҳашамдор дастурхон… Оппоқ дастурхон…
Минг бир қийинчиликлар бўлган мусофирчиликда, шу қийинчиликларни кўриб улғайишган опаларим… Жуда кўп қийинчиликлар… Шунинг учун улар иродалироқ, собитроқ, жасоратлироқ мендан кўра.
Адам ҳаёт бўлганларида… Эҳҳе, қанча қувонардилар дедим Дилфуза опамни кўриб.
Жойлари жаннатдан бўлсин.
Дилфуза опамга узоқ умр, янги зафарлар, “академик”лик матлабини ҳам тилаб қоламан.
2022 йил, 10 июль.
“Самарқанд”
Самарқанд — шарқу ғарбни маҳлиё айлаган сеҳрли, сирлар водийси, дунё маликаларининг маликалари юрти, шоҳу ипакларга ўралган, олтин тупроқли замини узра карвон қўнғироқлари мудом тинмаган дунё гўзали! Келдилар-кетдилар дунё зобитлари, собитлари, искандарлари-ю соҳибқиронлари, элчилари… Ёндирдинг, қалбларига ҳайрат солдинг, тубсиз ҳавас билан қайтдилар ортларига! Мен ҳам муҳибингман сенинг, ҳайратларга тушиб қолганман илк бор келганимда, қирқ йилки, сенинг мафтунингман, тафаккур ва ақл соҳиблари, адолат ва эътиқод пешварлари, илм-фан, ижод гулшани бўлолган Самарқандим — яна келдим бағрингга, узоқ йўллар ва йилларни босиб, кўнгилга қил ҳам сиғмаган дамларда тушларимга кирардинг, келдим яна бағрингга.
Дунёнинг буюк саркардалари кўп. Атилла-ю Чингизхон, Цезар ва Искандар Мақдуний… Булар бир ён-у, Амир Темур сиймоси бир ёндир. Йиғлаб бордим бу қабрга.
Рум фотиҳи Искандар, сенинг жасур қалбинг ҳақида эмас бугунги сўзлар, муҳаббатинг ҳақида кейин айтарман, севги номаларинг юрак қатламларимга кириб олган корсикалик номаълум йигит Бонапарт, сен ҳақингда ҳам эмас, Цезарь, Чингизхон, сизларнинг ҳар бирингиз буюк зотларсизлар, лекин бугун бошқа буюк бир зот ҳақида ёзаман.
Амир Темур қабрларига кириб бораётиб йиғлаб юбордим. Ҳайрон боқдилар эр-хотин америкаликлар, сўзлаб туриб, қотиб қолдилар; инглизлар бошларидан шляпаларини олдилар — тушунмадилар улар ҳам, француз аёллари оппоқ соябонлари оша қараб қолдилар.
Тақдир изми билан туғилган инсон тақдири… Ҳали туғилмасиданоқ, озодлик, Ватан мустақиллиги туйғуси билан туғилиш осонми? Осонмас сира ҳам (қорин тўйдириш ғами кучлироқ одам боласида)! Исён билан туғилиш, томирларидан оққан қонда шу илиқ мужда бўлмаса, шу деб тунлари хотиржам ухлолмаса, оддий инсоний саодатдан мосуво бўлса нима қилсин одамзод? Қайга қочсин бу қисматидан, қайларга бориб бошини урсин, йиғласин, дод солсин — ҳаммаси бефойда. Чорраҳаларда учрашган юлдузлар остида туғилган инсон. Шоҳ ва оила, ҳукмдор ва муҳаббат, сиёсат ва фарзандлар… оғир бу нарсалар. Жуда қийин бир-бирининг мувозанатини ушлаш.
2022 йил, август.
“Ҳадемай сен туғилган кун, қизим…”
Ҳозир қандай кўринишга эга бўлардинг? Билолмайман… ўн тўққизга ҳам кирмаган, ўн саккиз баҳоридан нарига ўта олмаган одамнинг кейинини тасаввур қилиш қийин бўларкан ахир. Сени ҳар хил кўринишларда тасаввур қилиб кўраман. Барибир, қай бир томондан қарамай, гўзал, мафтункор, олижаноб, меҳрибон, шафоатли, мунис, энг муҳими, мен учун, аданг, сингилларинг, уканг, яқинларинг учун азиз бўлардинг, севимли бўлардинг, керак бўлардинг, шубҳасиз.
Чарос қизим, гўзалим, жоним болам, биламан, гапларимни эшитиб турибсан.
Биласанми, туғилганингда жуда қаттиқ азоб едим, сени биринчи бор кўрганимда дарҳол ҳаммаси унут бўлди, оналик футуввати барча азобларимга барҳам берганди. Эртаси тонг билан турганимда кўзимни очиб кўрганим дераза ортида оппоқ бўлиб, бодраб гуллаб ётган оқ олмалар бўлган. “Биз олмамиз” деб ёзгандилар Ҳалима опа қиз боланинг тақдири ҳақида. Кейинги кунлар ёмғир ёғиб, қаттиқ шамолда олма гуллари ҳар томонга учиб кетган эди. Қисматинг шундай бўлдики, олма гулларидай қайларгадир учиб кетдинг.
Учинчими, тўртинчи синфда ўқиётганингда хафа бўлиб келдинг мактабдан: “Мен энди тушундим ҳаммасини, яхши одамлар қийналиб яшашаркан. Нега сиз, адам бундай яшайсизлар?” дединг ва йиғлаб юборгансан. Хафа бўлганман Сурайё опадан. “Нима қиладилар болаларга ҳақиқатни гапириб?” деб.
Ҳаётда юз бераётган адолатсизликларни мурғак вужудингга кўмиб яшадинг.
Шу бўйи ўтиб кетамизми ҳам деб ўйлардим ўзимам.
Биз оилада сен ҳақингда ўн уч йилки, гаплашмай келяпмиз. Ҳаммамиз учун оғир сенинг исмингни эсга олиш ҳам. Карим Баҳриев рафиқаси бўлишдан ҳам фарзанди, севимлиси бўлишнинг қисмати ундан ҳам оғир бўлди. Аллоҳ билгувчидир.
Аданг билан қандай фахрланиб яшадинг, айниқса, университетга кирганингда, талабалару домлалар сени бошларига кўтаришибди. Бу обрў, эътибор аданг туфайлилигини тушунардинг. Бошимга тушган оғир қисматга қарамай, менам аданг билан бир умр фахрланаман. Адаштирмасин Аллоҳим, то қиёмат қадар шундай бўлиб қолай.
Киприклари узун бўлиб, кўзларинг чарос бўлиб туғилгандинг.
Қанийди, бу дунёда тенгсизлик, адолатсизлик бўлмаса, нафс ўпқони одамларнинг гирдидан ушламаса… Балки, бирга бўлармидик, ҳозир ёнимда бўлган, яқин кунларда сени 31 ёшлик таваллудингни бирга нишонлаган бўлармидик, болам? Аллоҳим, кечир мени, синовларингга собит бир банданг хаёлидан ўтган фикрлар учун.
Гўзал Чаросхон, Аллоҳнинг олдида элчим, кутиб олгувчим, тинч ухла, биздан энди хавотир олма.
2023 йил 5 апрель…
Илмира РАҲМАТУЛЛАЕВА