Кимдан, нимадан панд едим?

“Гаплашиб ўтириб, эрмак қилиб бир катта лаган тўла гилосни еб қўйибмиз”, — деганди кимдир.

Биз-да ўзимизни не бир ишлар билан андармон санаб, етмиш ёшдан ҳам ўтиб кетибмиз. Нолиш эмас, анъанавий чуқур хўрсиниш эмас: тўримиз анча олисда қолганини осойишта тан оладиган бўлдик… Устозимиз Зулфия опа айни шу ёшларида: “Тугунларимни тугиб-тугиб тайёр қилиб қўйишим керак”, — деган гапни кўп айтардилар.

Мундоқ қараганда, умрнинг ҳамма фаслида тенгқурлар, даврадошлардан фаолроқ, тиниб тинчимайдиганроқ, эътиборга сазоворроқ кўринганлардан биридекман. Аммо бугунги чуқур хўрсиниш, ички оғриқларнинг сабаби тўримиз анча олисда қолгани эмас, балки токчага қўйиб, елкани тикка қилиб қарайдиган тугунларнинг сониям, салмоғиям ҳаминқадарга арзирмикин…

Қалбда балоғат йўқ, шунданми, жисму руҳиятимда ҳаловат йўқдек.

…Иш фаолиятим аввалида Марғилондаги қизлар педагогика билим юртида ишлаганим, кейин “Саодат” журналида қарийб ўн беш йил фаолиятда бўлганим сабабми, журналистик қаламим деярли хотин-қизлар ҳаёти билан боғланди. 1970, 80, 90-йилларда республика хотин-қизлар журнали, “Халқ сўзи” газетаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ижодий ходими сифатида сафарларда бўлиб, юртимизнинг турли ҳудудларида кўрган-кечирганларим мисоли ҳужжатли фильмнинг оқ-қора тасвирлари каби. “Оқ-қора тасвирлари” деганим хотирам хиралашгани сабабли эмас, балки у манзараларнинг асли ранги-рўйи бўғиқ, ғамгин, ночор эди: эрта баҳордан кеч кузгача куннинг қайси соатида борманг, пахтазорларнинг муқаддимаси тутларга осилган беланчаклардан иборат “боғча”лар бўларди. Кичкинтойлар нечталигидан қатъи назар, қуруқ бўйидан бошқа ҳеч нарсаси бўлмаган “боғча опа”, беланчакларда қай бири йиғлаган, қай бири чивинлар ҳужуминиям ҳис этмай ухлаётган рангпар, озғин болалар. Гўдакларнинг сабри катталарникидан ўтарди, улар оналари тушликка чиққанда кўкрак тутгунча ёки луқма бермагунча, чидашга маҳкум эдилар. Заҳарли дори ҳиди уфуриб турган даладан чиққан оналарнинг пахтазор эгатларидан силқиб оқаётган сап-сариқ сувда қўлларини ювиб, дори ҳидлари уннаб кетган кўйлакларини дилбандининг юзига босиб эмизганлари, эркалатганларини кўриб… айни ўша паллада туман марказларининг ҳамма бўлимлари юқумли касалликларга мослаштирилиб, сариқ ва ичбуруғ билан оғриган онаю болаларга тўлиб ётгани сабабини англардим. Аммо… айни кўриб ўрганганларим “натижаси” сифатида республика матбуот нашрларида “далаларда ҳосил мўл-кўллиги, уни етиштирганларнинг ғайрату шижоати, фидойилиги, улар дам олиши учун яратилган шароитлар, режалар бажарилгач, деҳқонларнинг боши осмонга етиб хурсанд бўлгани” ҳақида баландпарвоз сарлавҳалар остида мақолаларим чиқарди. Аслида, вазият чин ватанпарвар, халқпарвар инсонлардан хотин-қизларни, уларнинг фарзандларини оғуга чўмилтирилган далалардан тезликда халос этиш учун ўтга, чўққа бўлса-да, қўрқмай киришни талаб қиларди. Мен эса “жонкуяр”, “халқсевар” қаламкашлигимни қизил империя синчлари сина бошлаган “ошкоралик, қайта қуриш” йилларидагина Ўзбекистон оналар ва болалар ўлими бўйича иттифоқдош республикалар ўртасида биринчи, иккинчи ўринларни эгаллаб тургани, оналарнинг сутидан ҳам “пестицид” каби заҳарлар зарраси чиққани, ҳарбий хизматга чақирилган ўзбек ўғлонлари бошқа миллат вакилларига қараганда бўйи пастлиги, нимжонлигини куюнчаклик билан ёзишда намоён этдим.

Ҳар йили Тошкентнинг Санъат саро­йида бўладиган қишлоқ хўжалиги ходимларининг қурултойидаги манзаралар кўз олдимда: шу соҳада ишлайдиган хотин-қизлар ҳақида катта мақолалар тайёрлаш учун қурултойга борардим. Ўша пайтда кўзимга жуда муҳташам, катта кўринадиган саройнинг саҳнасидан залга қарасанг, ғуж-ғуж эркаклар орасида худди кенг яйловда яккам-дуккам очилиб қолган лолақизғалдоқ каби у ер-бу ерда аёллар кўринарди. “Тавба, колхоз, совхозларга борсанг, баҳордан кеч кузгача далалар, полизлар, боғларда кетмон чопган, яганаю чеканка қилган, пахта терган, мева-чеваю сабзавот йиғиштирган, асосан, аёллар. Хирмонбошида, тарози ёнида уч-тўртта эркак кўринади. Бу ерда — ҳосил байрами бўлган қурултойда эса тамоман тескариси”, деган ҳазилнамо зил гап хаёлимдан кетмасди. Бироқ… “эркагу аёл ҳуқуқларини тенг қилиш” шиори остида хотин-қизларнинг нозик ҳилқатлигини мутлақ инкор қилган, уларни аёллик, оналик саодатидан мосуво этишни мақсад қилган собиқ ту­зумнинг жамият мувозанатини бузиб ташлаган бу адолатсизлигидан норозилигим яқинлар билан кичик давралардаги суҳбатлардан ташқарига чиққан эмас. “Миллионлаб тоннали хирмонларни юксалтиришда фидойи, жонкуяр хотин-қизларнинг чин дилдан қилган меҳнатию муваффақиятлари” тўғрисидаги мақола, очеркларим билан ўша давр тегирмонига сув қуйганимни инкор этолмайман энди.

Мустақиллигимизгача… ўзи лой чангаллаб қурган келинлик уйидан эри томонидан бешта қизи билан пахтазорнинг вайрона дала шийпонига ҳайдаб чиқарилган она-пахтакор; 1988 йилнинг 1 май куни 28 кунлик чақалоғи бўлган онанинг қўшнилари — тил-адабиёт муаллимлари ва болалар шифокори кўчада, ҳамманинг кўз ўнгида қип-яланғоч қилиб калтаклангани; ҳукумат идораларидан нажот кутиш хом хаёл эканлигига иқрор бўлиб, эрининг ноинсоний зулму тажовузларидан болалариниям, ўзиниям қутқармоқ ниятида қотилга айланиб қолган аёл… бу каби тақдирларга журналист сифатида аралашиб қилган ишларим натижаси саҳифаларда қолган ёзувлар, холос. “Опа, Олий суд эшигидан кириб борсам, овозимни эшитиб ҳамма бўлимлар хоналарини беркитиб олишади. Баъзилар менга қараб кулиб ўтиришади”, — деганди жабрдийда аёллардан бири. Ўзига ўт қўйган аёл яшаган кулбага кириб борганимда, бундай шароитда она уч фарзанди билан қандай яшаганига ҳеч ақлим етмаган…

Вазифамни бажарган бўлиб, томонларни тингладим, идоралардан маълумотлар олдим… бора-бора бу ҳаракатларим бефойда эканини олдиндан англай бошладим. Шундай бўлса-да, кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олдим, муаммолар сабаби ижтимоий адолатсизликларда эканини ёзмадим.

Балки, менинг йўқлаб боришим, кўзига тикилиб ўтириб дардларини тинглашим қай бир опа-сингиллар учун вақтинчалик таскин, умидворликка сабаб бўлгандир. Аммо охир-оқибатда кишининг муаммоси ҳал бўлмаса, ҳаёти енгиллашмаса, қадри тикланмаса, инсон каби яшашига имкону шароит яратилмаса, журналист ёки обрўли идора ходимининг бундай ташриф, мақолаю маърузаларининг нима кераги бор?! Аксинча, “урса эти, сўкса бети қотади”, дейилганидек, қоғозу матбуот саҳифаларида сўзлигича қолиб кетадиган, амалга айланмайдиган эҳтиросли, баландпарвоз гап­лар кимларгадир айни муддао бўлиб: “Шу ёзув-чизувинг билан кўнглинг тинчиса, биз ҳам сендан қутуладиган бўлсак, хоҳлаганингча ёзавер!” — деган бўлсалар, ажабмас.

Бинокордан иморатлар, деҳқондан ҳосилу хирмонлар, ўқитувчидан ёш авлод онгу шуурини ёритадиган илму маърифат, тикувчидан либослар, ҳунарманддан кундалик ҳаётда асқотадиган буюмлар… — булар умрнинг маъноси, моҳиятини, шахс фаолиятининг салмоғини белгилайди. Мен жамиятга нима манфаат келтирдим?

Юқорида тилга олинган ҳаётий вазиятлар ҳақида гап кетганда, “Замон тўғри, рост гапни айтишга йўл бермади. Кўпчиликнинг дарди ичида эди. Мен ҳам ўшаларнинг биттасиман”, — деб ўзимизни оқлашимиз ҳеч кимни ажаб­лантирмай қўйган. Аслида, бу оқловнинг туб моҳияти “Мен шу ишни эплолмадим, қўлимдан келмади”, — дегани эмасми? Бундай ношудлик билан қуруқ аравани тарақлатиб тортқилагандан кўра, олий ўқув юртида ўқитган устозларимнинг меҳнатларини зое қилмай, ўқитувчилик қилсам; онамнинг касби — дўппи тикиб нонимни ҳалолласам; тўқувчилик, фаррошлик билан меҳнатим самарасидан кўнглим тўлса бўлмасмиди? Ахир шахсий ҳаёт йўлини танлаш ихтиёрим бор эди-ку!

Ўйлаб кўрсам, шу пайтгача фақат ўзимдан, ўзимнинг қўрқоқлигимдан панд ебман. Ҳаётимнинг энг ғанимат, қайтмас имкониятларини қўрқоқликка ем қилиб берибман. Йўргакда теккан касал қабргача тузалмайди, деганларидек, токи ҳозиргача…

Мустақиллик бизга энг аввало халқу Ватан манфаатларига мутаносиб бўлган орзу-ниятларимизга етиб яшаш, бу йўлда меҳнат қилиш, курашиш, керак бўлса, талаб қилиш ҳуқуқини берди.

…Кичкина қизим 2004 йили 1-синфга борганда, мамлакатимизда лотин ёзувига асос­ланган алифбога ўтиш ҳақида қонун қабул қилингани учун барча кутубхоналарда матнида “совет” сўзи учраган китобларнинг ҳаммаси чиқитга чиқарилган эди. Ота-оналар йиғилишида синфга гажимдор пардалар, соат олиш, байрамларда ўқитувчиларга нима совға қилиш ҳақида бошланган таклифу талабларни эшитмаганга олиб, синф кутубхонаси ташкил қилиш ҳақида гапираверганимнинг “ҳосили” қизимнинг яккаланиб қолиши, синф раҳбарининг йўлини топиб уни ҳафталаб пол, йўлакларни ювдириши, баҳоларини пасайтириши бўлди. Боламга жоним ачишиб таҳлилий мақолалар ёздим — “Маърифат” газетаси таҳририятининг эътирофи, мукофотларига сазовор бўлдим. Ўша мақолалар таълим соҳасига масъул идоралар, мактабларда “ўрганиб чиқилган, тегишли чоралар кўрилган” бўлса-да, амалда йигирма йиллар давомида мактабларда юқорида айтилган вазият “туб ёзиб, палак отиб кетди”. Шундай муҳитда фарзандимнинг Аллоҳ берган қанча иқтидори увол бўлганини ўйласам, ичим ёнади. Тасаввур қилайлик, таълим-тарбияга зид, душман бўлган ўшандай шароитда жисмоний, ақлий имкониятлари, иқтидорлари “туғилмай ўлган” болаларимиз сони юзларми, мингларми?.. Нега темир қайноқлигида босишни ўйламадим, ўзим каби фарзандининг ўқиши, тақдиридан ташвишда юрганлар билан бирлашиб, қаватма-қават жойлашган халқ таълимига масъул идораларнинг эшикларини очмадик, масалани кўндаланг қўймадик, мактабларда соғлом муҳит яратилишига жон куйдирмадик? Ўзбекистон Қаҳрамони, хоразмлик устоз Анора Маҳмудова: “Бола мактабга худди байрамга келгандек келиши керак”, — дейдилар. Йигирма йилдан ортиқ вақт ичида икки авлод вакилларидан қанчаси пардага, ремонтга, кимларгадир совғага пул олиб келолмагани учун мактабга ноиложлик ва қўрқув билан борган экан?! Шундай вазиятда улар дарсларни нечоғли ўзлаштирди, мактабдан қандай инсонлар бўлиб чиқиб кетишдийкин?!

Шундай тўкин-сочин, элининг асл маслак­ларидан бири ўзига лойиқ деб билган ҳарки неъматни, яхшиликни бошқаларга ҳам раво кўриши шарт бўлган юртда ҳатто шаҳарларни сотиб олишга имкони бўлганлар билан бир қаторда амаллаб тирикчилик ўтказаётган камбағаллар кам эмаслиги… тирикчилик ташвишида чиқиб кетган миллатдош аёлларнинг қардош мамлакатга бориб, у ерда бошқалар оиласини бузиш, ахлоқий нопокликда етакчилардан бўлиб олиши… кўчаларда тирбандлик­лар олий мақомига етиб, ҳавоси дунёдаги энг ифлос шаҳар бўлиб қолган пойтахтда кимлардир ҳар бир боласини алоҳида-алоҳида машиналарида мактабга, боғчага олиб бориб қўйиши… Ватаннинг чекка ҳудудларида болалар ўқувчилар учун махсус нашрлар борлигидан ҳам бехабар экани… — мустақилликка эришган барча давлатларда бўлгани каби, бизда ҳам жамият тараққиёти йўлида ҳал этилиши шарт саналган шу каби муаммо, вазифалар қаторлашиб турибди. Шундай вазиятда — миллату халқнинг келажаги кемтик бўлишига олиб келгувчи адолатсизлик, жаҳолат, худбинликни эътироф этганинг учун қарсаклар олиш билангина бу масалаларнинг ечимига ҳисса қўшдим, деб кифояланишнинг ҳосиласи ичи бўш тугунлар эмасми? Такрор айтаман: шу пайтгача фақат ўзимдан, ўзимнинг қўрқоқлигимдан панд ебман. Бу иқрорим — на бир оний ҳолат хулосаси, на кимларгадир ибрат бўлишидан ҳам олдин ўзимни уйғотишини, қалбимда яхши ният билан бошланган ишларни охиригача, аниқ натижагача журъат, қатъият, бандалару Аллоҳ розилиги йўлида қўрқмай амалга оширишга сабот эшигини очишидан умидворлигимдир.

Кейинги вақтларда биз жадид аждодларимизга жуда муҳтож эканимиз ҳақида кўп гапирилмоқда. Умр чақмоқ мисоли, ҳеч ким бу дунё­­га устун бўлмайди. Аммо ҳарки мустақил юртнинг тараққиётга интилган озод халқи ҳамиша жадидлардек авлодга, яъни она Ватан истиқболини фақат тасаввур этибгина қолмай, унга элтувчи таълим-тарбия дастурларини тузиб, шу дастурларни ҳаётга татбиқ этиш учун мактаблар, маданий-маърифий жамоаларгача ташкил этиб, ўзлари шу даргоҳларда муаллимлик, нотиқлик, режиссёрлик, актёрлик қилиб, улуғ мақсадни амалга оширишга умрини тиккан жадид боболаримиз каби мардона зиёлиларга муҳтож.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + nine =