Зўравонлик чегара танламайди
…Ҳақ гап. Зўравонлик чегара, миллат, вақт ва ёш танламайди. Кўп йиллар давомида Ўзбекистонда маиший зўравонлик муаммоси мавжуд бўлмагандек қабул қилинган, чунки кўпчилик учун хотинини бир шапалоқ уриш ёки уни таҳқирлаш оддий ҳолатга айланган. Бу ҳақда биринчи марта 2018 ва 2019 йилларда Президент аёлларни ҳимоя қилиш ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича иккита ҳужжатни имзолаганидан кейин гапира бошланди.
ЖССТ маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказиб келинади. Турмуш қурган аёлларнинг 30 фоизи ҳамроҳи томонидан зўравонлик ҳолатларига дуч келганлари ҳақида маълум қилади. Хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш бугун давлат ва жамиятнинг доимий диққат марказида. Давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Марказий Осиёдаги зўравонлик муаммосини ўрганувчи “HeForShe” ҳаракати маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда қизлар ва аёллардан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига зўравонлик ва босимга учраганига оид 39 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шу билан бирга, ушбу ҳолатларнинг 87 фоизи оилада содир бўлган. Ҳақиқий рақамлар янада қўрқинчли бўлиши мумкин, чунки кўплаб қурбонлар бу ҳақда ҳатто энг яқинларига ҳам айтмайдилар, чунки жамиятимизда барча айб қурбонларнинг ўзига тўнкалиши одатий ҳолдир.
Ўтган ҳафта АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ташаббуси билан бир гуруҳ ОАВ вакиллари Жиззахдаги “Истиқлол авлоди”, Самарқанддаги “Раҳмдиллик” ва Бухородаги “Ойдин нур” нодавлат-нотижорат ташкилотлари (аниқ яшаш жойига эга бўлмаган, зўравонлик ва тазйиқларга учраган ёки қурбон бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш марказлари-шелтерлар)га медиа тур ташкил этилди. Айнан зўравонлик қурбони бўлган аёллар, қизлар, болалар, оилалар билан суҳбатлашдик. Уларнинг оғир дардини тингладик. Бу осон эмас. Киноларда, ижтимоий тармоқларда кўриш, эшитиш бошқа ва айни пайтда қаршингизда зўравонликнинг жонли қурбони билан гаплашиб туриш умуман бошқа.
Олиб борилган таҳлилларга кўра, кундалик ҳаётда оила аъзолари (эр билан хотин, қайнона ёки қайнопа ва келин, ака-ука, опа-сингиллар) ўртасидаги келишмовчилик оқибатида вужудга келадиган низоли вазиятларни 100 фоиз деб оладиган бўлсак, ундан оилада бир шахснинг иккинчи бир шахсга нисбатан жисмоний куч ишлатиши 34,8 фоиз, шахсга зўрлик билан руҳий таъсир кўрсатиш 30,8 фоиз, оилада ўз ҳукмронлиги ва таъсирини ўтказишга қаратилган хатти-ҳаракатлар 7,8 фоиз, жинсий зўравонлик қилиш 4,7 фоиз, қийнаш орқали руҳий азоб бериш 8,3 фоиз, қўрқитиш ва зулм қилиш 3,7 фоизни ташкил этади. “Нима учун оиладаги зўравонлик жабрланувчилари бу ҳақда ички ишлар органларига хабар беришмайди?” деган савол билан мурожаат қилинганда, зўравонлик қурбонларининг 63,1 фоизи ўз оиласининг обрўсини сақлаш мақсадида ҳуқуқлари поймол бўлишига жим қараб туришганини айтишган.
Афсуски, оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар жабрини, асосан, аёллар кўради. Бу кўплаб аёлларнинг ҳуқуқлари топталишига, турмуш тарзидан қониқмай, ҳатто ўз жонига қасд қилиш даражасигача боришига, вояга етмаган фарзандларнинг она меҳридан эрта мосуво бўлишига сабаб бўлмоқда. Ҳар қанча давлатинг, обрў-мансабинг юқори бўлмасин, оилангда тотувлик бўлмаса, еган луқманг ҳам, бир бурда нонинг ҳам татимайди. Энди униб-ўсиб, балоғат ёшига етаётган фарзанд кун ора оилавий низоларга гувоҳ бўлаверса, нотинч муҳитда вояга етса, ўқиб-ўрганиб ўз келажаги ҳақида қайғуриш каби асосий мақсадидан ҳам чалғиб қолиши ҳеч гап эмас.
Яна бир масала бор. Афсуски, сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ҳам ошиб бормоқда. Ҳар йили камида бир миллиард бола у ёки бу зўравонликка дуч келади. Бу дунё болаларининг қарийб ярми демакдир. Дунёдаги 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болаларнинг тўртдан уч қисми — тахминан 300 миллион нафари уйда ўз қаровчилари томонидан руҳий тазйиқ ёки жисмоний жазони бошдан кечиради.
Мавжуд маълумотларга кўра, 30 та мамлакатда бир ёшли болаларнинг тахминан 10 тадан 6 таси мунтазам равишда зўравонликка асосланган тарбия асосида вояга етмоқда. Дунё бўйлаб ҳар етти дақиқада бир ўсмир зўравонлик оқибатида вафот этади. Қайд этилишича, ногирон болалар соғлом болаларга қараганда зўравонликни бошдан кечириш эҳтимоли деярли тўрт баробар юқори. Мактаб ёшидаги болаларнинг ярми — 732 миллион нафари мактабда жисмоний жазо тўлиқ тақиқланмаган мамлакатларда яшайди.
Мамлакатимизда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш, унинг камситилишига йўл қўймаслик, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қаралмоқда. Бугун болалар мажбурий меҳнатига бутунлай чек қўйилди, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди.
Шунингдек, мактабгача таълим билан қамров даражаси оширилиб, мактаб таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Иқтидорли болалар ўзларини намоён қила олишлари учун зарурий шарт-шароитлар яратилди. Президент мактаблари, махсус иқтидорли болалар мактаблари, ижод мактаблари ва “Темурбеклар мактаби” ташкил этилгани ҳам шулар жумласидан.
Мавжуд қонунчиликда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилган. Шу билан бирга, қонунда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонликка учраган болаларга ҳимоя ордери бериш ва бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш лозимлиги қайд этилган.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек, телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкин.
Тартибга кўра, зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан ўттиз кун муддатгача берилиши ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилиши айтилган. Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакили аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.
…Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашишни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, коррупция каби иллатларга қарши курашиш қанчалик кенг кўлам касб этмасин, натижа мақтанарли эмас. Аслида, ҳар бир инсон оилада уларга қарши иммунитет билан тарбия топса — олам гулистон, муаммо ўз-ўзидан барҳам топиб кетади. Хўш, бунинг учун нима қилиш зарур? Ишни нимадан бошлаган маъқул? Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкинми? Албатта! Унга қарши курашишда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Ва шундай бўлиши ҳам керак. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишга чек қўйиш, ижобий тарбия меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш тизимини узлуксиз йўлга қўйиш энг муҳим омил сифатида кўрилиши керак.
Шу ўринда яна бир таклиф: фаровон оилани бунёд этишда Канада тажрибаси кенг эътироф этилади. Нима учун? Чунки Канада давлатида оиладаги ҳуқуқий профилактика бўйича бир йилда элликдан ортиқ ҳужжатли фильм, видеороликлар олинар экан. Агар бизнинг юртимизда ҳам маиший турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига оид видеофильм, реклама ва бошқа материаллар тайёрланиб, ОАВда мунтазам равишда намойиш этилиб борилса, бу оилаларда соғлом маънавий муҳит қарор топар эди.
Ислом АСИЛБЕКОВ,
“Hurriyat” мухбири.