Дабдаба-ю асъаса кимга керак?

“Тўй ва таъзияга сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм йўлиға сарф этсак, оврупойиларидек тараққий этамиз”.

Маҳмудхўжа Беҳбудий

Халқимиз ўйин-кулги, меҳмоннавозлик, байрам-у тантанани севади. Туғилишдан тортиб, вафотгача маросим-у урф-одатлар қуршовида яшаймиз: чилла сақлаш, бешик тўй, суннат тўй, никоҳ тўй, кумуш тўй, олтин тўй ва ҳоказолар. Бу каби маросимлар меъёрида ўтказилса майли-ку-я, аммо қуюшқондан чиққанларга зоримизни айтиб, зўримизни кўрсатолмай қолаверамиз.

Қадимда яшаб ўтган адиб Сайфи Саройи  тўй ҳақида шундай дейди: “Тўй улуғ юмушдир. Лекин бу юмушдан манманлик йўлида фойдаланмак қиёмат-қойим ишдир”. Беҳуда чираниш белни синдиради, дейдилар, шароит бўлмаса-да, қарз эвазига ўтаётган дабдабали тўйлар қанча инсоннинг йиллаб топган пулини бир кунда совуриб, яна узоқ йиллар бош кўтармай меҳнат қилишга мажбур қилади. Агар шу дабдаба-ю асъасалар фарзандлар бахтини кафолатласа, икки қўлимни кўтариб, йўлингиз очиқ бўлсин, деймиз. Яхшиям бахт бу нарсаларга боғлиқ эмас.

Ҳар ишда хайр бор, деганларидек, бутун дунёда тарқалган коронавирус офати тўйларимизни оз бўлса-да танобини тортиб қўйди. Бу бало инсоният бошидан кўтарилгандан сўнг эса “девлар ўлиб, Сулаймонлар қутулди”, тўйлар аввалги ҳолига қайтди. Нима учун ҳамма нарса борича, аслиятидек қабул қилинмайди? Ўзимизда йўқ нарсаларни кўз-кўз қилишни қачонгача давом эттирамиз? Бунинг охири борми?

Яқинда ижтимоий тармоқда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган видеолавҳа эътиборимни тортди. 50 ёшли эркак ичак касаллиги сабаб вафот этди. Ҳа, бу оддий ҳол-да, дерсиз, эҳтимол. Лекин бу ўлимга урф-одатларимиздаги ортиқча дабдабалар сабаб эканлигини биласизми? Отанинг тўнғич қизи ўғил фарзанд кўради, келин тараф бешик тўйи қилиш керак экан. Бешик тўйининг ҳам харажати кичик эмас. Бемор ота шифохонага ётса тўй қилолмаслигини билиб, борини тўй учун сарфлайди. Соғлиқ эса охирги ўринда қолаверган. Мени бир савол ўйлантиряпти: азага айланган тўй кимга татиди экан? Наҳот матоҳларнинг баҳоси инсон қадр-у қийматидан юқори бўлса? Бу ҳолат сизни тушкун қилган бўлса, навбатдагилари асаб торларингизни “чертади”.

Ҳозир нима яхши, ижтимоий тармоқ яхши, дунёнинг бу бурчагида туриб нариги бурчагидаги вазиятдан лаҳзаларда хабардор бўласиз. Тармоқни “портлатиб” юборадиган контентларнинг аксарияти тўй мавзусида. Тўйлардан олинган лавҳалар кўп ҳолларда томошабинлар қаторида мени ҳам таажжублантиради. Қуда томоннинг бошига “пуллар маржони” тақилиши (пулларни бир ипга тизиб, қуда бўлмишнинг бўйнига тўёна сифатида тақиб қўйишади), келин-куёвнинг маданиятни бир четга улоқтириб, тўйхонага отда кириб келиши, озиқ-овқат исрофгарчилиги, гулхан атрофида айланиш (бу маросимда олов сабаб жароҳат олганлар ҳам бўлган), мард эркакларнинг орини келтираётган куёв салом… Эҳҳе, давом эттирай десам,  бармоқларим етармикин? Ажабланарлиси эса кўплаб инсонларнинг бу маросимларга одатий ҳолдек баҳо беришидир. Аёлларнинг табиатан ҳою ҳавас, ҳашаматга мойиллигини озгина тушунса бўлар, лекин бу ҳолатда унинг жиловини тортадиган эркаклар-чи? Томошабин бўлиб туравериш қачон уларнинг жонига тегар экан?!

Энди тўйни қўйиб, гапни таъзия маросимларидан эшитинг. Инсон вафотидан кейин яқин қавм-у қариндошлари бир қатор урф-одатларни бажаришади. Таъзиядан 3 кун, 7 кун, 20 кун, 40 кун, бир йил ўтиб турли йиғинлар ташкил этишади. “Баҳраманд” эса бу каби урф-одатларни чиқарган халқнинг ўзи. Инсон тириклик чоғида ҳам ўзига аталган бунчалик кўп маросимнинг гувоҳи бўлмаса керак.

Аёнки, тўй мавзусида биз каби жон куйдириб гапирувчиларнинг эътирозлари ҳашаматни севувчиларга зарра таъсир қилмайди, лекин бу ишни давлат назоратга олса, тизгинни бирмунча ушлаш мумкин. Ўтказиладиган тўйу маросимлар давлат назоратида эканлигидан хабарингиз борми?

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенатининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланган. Унда қайд этилишича, сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда. Баъзи фуқаролар тўй ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар томонидан бўладиган танқидлардан, қоралашдан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда.

Шунингдек, қўшма қарорда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик; 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик; миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чарлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўймаслик; маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик; жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш белгилаб қўйилган. Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди. Маълумот ўрнида: мазкур қўшма қарор 2020 йил 1 январдан бошлаб кучга кирган.

Тўйни ўтказишдан мақсад эзгулик, холос. Хурсандчилик, ўйин-кулгига ҳеч қандай эътироз йўқ. Шунчаки қисқариши керак бўлган удумлар турли хил “янгилик”лар билан бойиб, жамиятни хавотирга солмоқда. Меъёр тушунчаси барча нарсага мезон қилиб олинса, ҳеч қандай таҳлика ва эътирозга ўрин қолмайди. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, сарват-у мулкингизни нимага сарфлашни билмаётган бўлсангиз, таълимга, илмга харжланг. Ишонаверинг, бир кунда борингизни сарфлаб хонавайрон бўлишдан кўра, илм-у маърифатга сармоя киритиш ҳам фойдали, ҳам савоблидир.

Ирода Раҳмоналиева

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + seventeen =