Иллатнинг илдизи қаерда?

Сўзсиз, бу иллатнинг илдизи оилавий муҳит ва таълим-тарбияга бориб тақалади. Таълим-тарбия, асосан, она томонидан олиб борилиши барчага аён. Лекин уларнинг аксарияти, деярли саксон фоизи (балки, ундан кўпи) ўз яратиғига маърифатдан, маънавиятдан, маданиятдан, илмдан, ахлоқдан, мустақил фикрлашдан сабоқ бериш ўрнига, фарзандининг бошқалардан ажралиб туришига эътибор беради. Ва буни боғча тарбиячисининг зиммасига юклайди. Боласига эътиборли бўлиш учун унга совға-салом беради. Бунинг аксариятини пул ташкил қилади. Надоматлар бўлсинки, бу ўринда тарбиячи ўз бурчини, яъни совға-саломсиз барча тарбияланувчиларга бирдай қараш, бирдай муомалада бўлишни унутиб, совға берганларнинг боласига алоҳида эътиборли бўла бошлайди: овқатини егизиб, юз-қўлини артиб қўйиб, унга поки-пиёда бўлади.

Бола буни тезда англаб етади ва ўзи қилиши керак бўлган юмушни бажармасдан, тарбиячи қилишини кутади. Натижада мустақил ҳаракат аста-секин сўниб боради. Бу ҳол эса ўзгага қарамликни юзага келтиради. Оқибатда мустақил ҳаракат қилишни деярли унутади. Бу ҳам инсоний, ҳам ижтимоий иллат одат тусига кириб, миллий менталитет унсурига айланиб, ундан мустаҳкам ўрин эгаллайди. Не ажабки, бу ҳолатни муқаддас касб эгаси бўлган ўқитувчи ҳам такрорлайди. Бу жараён шу даражага бориб етадики, у давлат тамойилига айланади. Агар ўтмиш тарихига назар ташласак, шўролар давлати бошқаруви шу тамойил асосига қурилганини кўрамиз. Барчамизга аёнки, бу даврда халқ мустақил ҳаракат қилиш у ёқда турсин, мустақил фикрлаш, ўз ўйлаганларини баён қилишдан ҳам маҳрум эди. Улар учун керак бўлса, “жонажон партия” ўйлайди ва ишга йўналтиради.

Маълумки, халқи мустақил фикрламайдиган, ҳаракат қилмайдиган жамиятда тараққиёт ҳам бўлмайди, барча нарса турғун ҳолатда қолади. Яъни турғунлик ҳукм суради. Бизнинг ўтмиш ҳаётимизнинг етмиш йили шу ҳолда кечганига тарих гувоҳ. Бу ҳолатни соғлом ақл ва мустақил фикрловчилар ёрқин тасаввур қила олади.

Бунинг илдизи, юқорида қайд қилганимиздек, барибир тарбияга бориб тақалади. Кўриб ўтганимиздек, бизда таълим-тарбия мустақил ҳаракат қилиш асосига, заминига қурилмаган. Шунинг оқибатида кўпгина жабҳада хорижий мамлакатлардан орқадамиз. Чет элнинг ҳам енгил, ҳам оғир саноатда етакчилиги, илғорлиги, пешқадамлиги, фаоллигининг туб замини мустақил фикрлаш, мустақил ҳаракат қилиш асосида иш тутишидадир. Албатта, мустақил ҳаракат, мустақил фикрлаш деганда киши хаёлига келган нарсани амалга оширишга интилишини, ундан келадиган натижани ўйламай, мулоҳаза қилмай ҳаракатга киритишини эмас, балки ҳар томонлама фикрлаб, мулоҳаза қилиб, натижаси ижобий бўлишига ишонч ҳосил қилгач, фаолият олиб боришини назарда тутамиз. Аксарият ривожланган мамлакатларда мустақил ҳаракат қилишга кенг йўл очиб берилган. Айрим давлатларда бу қонун тусига кирган. Айтайлик, Норвегияда айнан шундай. Бу ҳол ўз самарасини берганлиги ҳар томонлама тараққий этган давлат эканлигида кўринади.

Мустақил ҳаракат қилишнинг нақадар ҳаётбахш ва самарадорлигини англаш учун ҳаётга назар солиш кифоя. Бу борада муҳит катта роль ўйнайди. Агар ўзига тўқ оила фарзандлари боқиманда бўлса, боқувчисини эрта йўқотиб, ночор ҳолга тушиб қолган оиланинг фарзандлари ўзгаларнинг турткиси билан эмас, муҳитнинг таъсирида мустақил ҳаракат қилиши туфайли рўзғорини тўзиб кетишдан сақлаб қолган оилалар ўтмишда ниҳоятда бисёр бўлган. Бу ҳол бугунги кунда ҳам кўзга ташланяпти. Бу жараён, табиийки, қишлоқларда яққолроқ ўз ифодасини топяпти. Бунга иккита ҳаётий мисол келтириш билан чекланамиз. Булар тўқима эмас, реалдир. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги қишлоқларнинг бирида юзага келган воқеа-ҳодиса бунга мисол бўлиши мумкин. Бу оила аъзолари ҳозирда ҳаёт бўлганлари, оила бошлиқлари ҳурматга сазовор инсонлар саналганлиги учун исм-шарифини келтиришдан андиша қилдик. Ота хўжаликда бўлим бошлиғи, она шу ерда бош хисобчи бўлиб, хўжалик тугатилгунча ишлашган. Улар уч ўғилнинг ота-онасидир. Сўзсиз, болалар ота-онанинг ардоғида вояга етишди. Уч ўғил олий маълумот олгунча ота-она балогардон бўлишди. Катта ўғил Тошкент давлат техника университетининг механика факультетини, ўртанчаси қурилиш факультетини, кичиги эса Олмалиқ кон-металлургия институтини битирган. Ўз-ўзидан аниқки, уларни нуфузли оилаларнинг қизларига уйлантиришган. Икки катта ўғил алоҳида “дом”да яшашган. Надоматлар бўлсинки, улар ёлчитиб ўқимаганлиги учун нобоп кадрлар бўлиб етишди. Оқибатда касбни эплаёлмай, ишдан ҳайдалади, хотинларига боқиманда бўлишади. Улар ортиқча емакхўр жонига теккани учун, бефайз хотинни эри уйидан қувгандай, эрларини уйидан қувишади. Икки бекорчихўжа ота-онанинг пенсиясига кўз тикканини кўрган онанинг асаби қақшаб, инсультга чалиниб, тўшакка михланиб қолади. Албатта, бу фожиадан киши ота-онага қанчалик ачинса, болаларидан шунчалик нафратланади. Яқинда менга рўпара келаётган абгор ота йўлини чапга солиб, мендан ўзини олиб қочди. Чамамда, ўғилларига берган тарбиясидан уялди. Болаларининг қилмишидин отанинг уялишини ҳеч кимнинг бошига солмасин, деган фикр хаёлимдан кечди. Нима ҳам дердик, қилмиш-қидирмишдир. Демак, боланинг яхшиликдан холи хатти-ҳаракатига, мустақил бирор юмушни бажара олмаслигига ота-она масъулдир. Буни унутмаслик керак.

Иккинчи мисол: ўша хонадондан уч уй нарида боқувчисини эрта йўқотган оила истиқомат қилади. Оила бошлиғи тракторчи бўлиб ишлаган. У оғир касалликдан ҳаётдан эрта кўз юмади. Бирор ҳунарга эга бўлмаган она тўрт бола — икки ўғил, икки қиз билан бева қолади. Ўғилнинг каттаси ўн тўрт, кичиги ўн икки ёшда. Лекин болалар “Берсанг еймиз, урсанг ўламиз” дейишмайди. Бирдан “улғайишиб” оиланинг боқувчисига айланади. Ўқишдан кейин фермерлар даласида ишлайди. Айниқса, кузда ишлари юришади. Пиёз ҳосилини йиғишади. Кунига юз минг сўмдан ортиқ пул топишади. Бир кунини ҳам бекор ўтказишмайди. Каттаси радиотехника коллежини битириб, шу соҳа бўйича яхши мутахассисга айланди. Уни йўқлаб қўшни қишлоқ, ҳатто туманлардан одамлар келади. Ака-ука бирлашиб, “Nexia” машина олишди. Оиласи тўқ ва фаровон яшаяпти. Ҳатто қизлари борлар уларга турмушга бериш учун оғиз очишяпти. Бунинг барчаси мустақил ҳаракат қилиш ҳамда олдига мақсад қўйишдандир. Демак, менталитетимиздаги бўйсунувчанлик, қарамлик унсурини чиқариб ташлаб, ўрнига мустақил ҳаракат қилиш, мулоҳаза юритиш, фикрлаш унсурини киритиш керак. Шунда ишимиз олға босиши муқаррар бўлади. Лекин масаланинг яна бир томонини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Бу ҳам бўлса, мустақил ўйловчининг мақсади моҳиятини чуқур англаши. Яъни бу мақсад асосида қандай ният ётади? Уни амалга оширса, инсониятга, ҳаётга, тузумга, жамиятга қандай наф келтиради? Инсоннинг онгини ошириб, дунёқарашини юксалтира оладими, ҳаётни экологик жиҳатдан мусаффо эта оладими, тузумни халқнинг барча эҳтиёжини тўлиқ қондириш жиҳатидан ўзгартира оладими, жамиятда тинчлик-барқарорликни, халқлар дўстлигини таъминлай оладими? Шу муаммолар қамраб олинганми, деган масала ўз ифодасини топган бўлиши керак. Демак, мустақил ўйлаш олдига катта масъулият қўйилади. Шунда унинг амалга ошиши инсоният, ҳаёт, тузум, жамият учун самаралидир. Мустақил ўйлаш, ҳаракат қилишнинг ҳаёт, тузум, жамият тараққиётидаги ўрнини дунёқараши кенг, билимдон шахслар англаб етишлари муқаррардир. Улар бу борадаги фикрларини ижтимоий тармоқларда баён қилишяпти. Энг муҳими, таълим-тарбияда бу масалага эътибор қаратиш фикрини илгари суришяпти. Бу борада Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан айтган қуйидаги сўзларига қатъий амал қилишни ўзларига вазифа қилиб олишяпти: “Барчамиз яхши биламиз, инсоннинг онги, дунёқараши ўзгармаса, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаса, тараққиёт ҳам бўлмайди. Лекин одамларнинг тафаккурини, шу асосда бутун жамиятни ким ўзгартира олади? Янги Ўзбекистоннинг янги Берунийлари, янги Хоразмийлари, ибн Синолари, Фарғонийларини ким камолга етказади?

Албатта, бундай эзгу ва улуғвор вазифани, том маънодаги тарихий миссияни адо этишга фақат сиз — устоз ва мураббийлар қодирсиз.

Бугун азамат ёшларимиз жаҳон майдонларида ўз кучи ва билими, истеъдоди билан улкан марраларни қўлга киритаётганини кўриб, қувониб турибмиз. Бу ғалабалар, аввало, устоз-мураббийларнинг фидокорона меҳнати самараси, десак, тўғри бўлади.

Шу боис сизларнинг шаънингизга, муҳтарам устозларимиз шаънига қанча яхши гапларни айтсак, гўзал таърифлар билдирсак, қандай эзгу тилакларни йўлласак, ўйлайманки, бу ҳам адолатли ҳақиқат бўлади”.

Бу адолатли фикрлар замирида ҳам мустақил ўй, мушоҳада борлиги онгга сезилиб турибди. Демак, эзгу мақсадли хатти-ҳаракатимиз асосини мустақил ўй ва мушоҳада ташкил этмоғи лозим. Шундагина тузум ва жамият халқ ҳамда инсоният эзгу мақсад йўлида тараққий этади. Ўйлаймизки, бундан барча ёшлар ва жамоатчилик тегишли хулоса чиқаради.

Ҳакимжон КАРИМОВ,

филология фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − one =