Бир балоси бўлмаса…

ёхуд содда юртдошларимизни чув тушираётган айрим “табиб”лар ва уларнинг тегирмонига сув қуяётган лоқайдлик иллати хусусида

Тонгда хотиржам кўз очиб қуёш ва осмонни тинчу беғубор кўриш, дастурхонингда насиба борлигидан кўнглинг тўқлиги, меҳнат билан қалбинг, турмушингни обод этишга йўлларинг очиқлиги қанчалар улуғ неъмат эканига шукр қиласан. Чунки халқу юртлари бир-бирига сувлар, қуруқликлар, тоғу дарёлар, иқтисодиётию маданиятлари билан чамбарчас боғланиб кетган дун­ёмиз  яхлит жисмдирки, унинг бир жойидаги оғриқ, дард бошқа жойларига ҳам озми-кўпми таъсир этмай қолмайди.  Шу боисдан дунё афкор оммасини ўйлантираётган, ечим излашга чорлаётган муаммолар, масалаларга эътиборсизлик, лоқайдлик  ўз-ўзингнинг, келажак авлодингнинг тақдирига бефарқликдир.

Бозорлардаги тўкин-сочинлик, файзиёбликдан кўзингга ёш келади. Лекин бунинг ҳам қадрига етмов керак.

Чегараларимиз яқин ё олисми, ер куррамиздаги ранги, миллати, тили, урф-одатлари турлича бўлса-да, инсондай яшашга ҳақли бўлганларнинг омону хотиржамлигидан, хайрли ишларидан қувониб, уларни қўллаб-қувватлашга; худди шунингдек, ноҳақ жабру зулм кўраётганларнинг азобу уқубатларини қўлимиз, тилимиз, ҳеч бўлмаганда, қалбимиз хайрихоҳлиги, дуою ҳамкор овозимиз билан енгиллатишга ярамасак, илму одамийлик фанида ер курраси аҳлига ибрат, устоз бўлиб келган аждодларнинг авлодларимиз, дейишнинг маъносию қадри борми?!

Лекин афсус, дунёда миллион-миллион одамлар очлик, ватангадолик, касалликлар, ҳуқуқсизликдан зору абгорликка маҳкум бўлаётганига гувоҳ бўла туриб… биз бир йигитнинг қиёфасидан тортиб овозигача қуйиб қўйгандек ўхшашлигини, уларни боғловчи яна қанча далилларни кўра-билиб туриб, шу йигит шу одамнинг ўғлими, деб йиллар давомида каттаю кичик давраларда, ижтимоий тармоқда ёқа йиртиб муҳокама қилсак; тўйларда эркаклар орасига тушиб олиб селкиллатиши мумкин бўлган барча аъзоларини “ўйнатган раққоса”ларни томоша қилишдан чарчамасаг-у, яна оилавий ажримлар кўпайиб кетяпти, деб “жонкуярлик” қилсак; минбару саҳналарга нима мақсадда эмас, қандай кийим кийиб чиқиш асосий ташвишимиз бўлса; ўзи шундоғам қўли, тили узун бўлганларга маддоҳликдан ичу ташимиз сийқалашиб кетганидан уялмасак…

Айни кунларда эса ижтимоий тармоқларимиз “бозори”нинг ҳар икки кўчасидан бирида фарғоналик бир табибнинг ҳеч кимни назар-писанд қилмаган қиёфасию атрофида ҳақиқий оломонга хос воқеликлар чиқиб келяпти. Уларнинг қолипи бир хил: кўча, бир гуруҳ одамлар икки қаторга сочилган, ким тик, ким ҳассада, ким ногиронлар аравачасида.

Кутилмаганда чет эллик ёки таниқли домла-имомлардан бири қимматбаҳо машинасида одамларнинг ўртасигача кириб келиши ҳам мумкин. Икки-уч шотирларини эргаштириб ўзини машҳур табиб деб атаган «табиб» чиқиб келади.

На ёшига, на дардига, на аҳволига қараб деган қоида йўқ, “халоскор” ўтиб бораётиб кутилмаганда битта бемор (кўпчилиги аёллар)нинг олдида тўхтайди, унинг бошига бир қўлини қўйиб, “Нима бўляпти?” — деб сўраш асносида иккинчи қўли билан унинг елкаларини, орқасини, сонларию …ни силай бошлайди. “Нима бўлди?” — деб сўрайди такрор-такрор ҳазилакам ўйин ўйнаётгандек. Икки-уч бор шу саволни қайтарганидан кейин бемор оғриқ камайгани, дарди “йўқолганини” айтади, кейин ҳассасини ташлаб… ҳозиргина ўн йил, беш йил, бир йилдан буён юрмаётгани, юролмаётганини айтиб турган беморлар юриб кетади. Кейин навбатдаги, навбатдаги беморларда ҳам худди шу ҳолатга ўхшаш нарсалар қайтарилади…

Ижтимий тармоқнинг яна бошқа саҳифасида эса Йўлчи Исмоилов деган бир жонкуяр фаол инсон “Ўзини табиб деб эълон қилган кишининг  қилмишлари на табобатга, на шариатга тўғри келмаслигини; у одамларни алдаб, олдига келганларнинг ҳаммасидан сидирғасига 100 000 сўмдан шилиб олаётгани, аммо даво топмаганлар пулига ҳам, вақтига ҳам куйиб, ҳатто аҳволи оғирлашаётганини;  “табиб”нинг найрангларидан юртдошлари таънаю маломатга қолаётгани, энг асосийси, одамлар алданаётганини” айтиб, ички ишлар, айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёзма мурожаат қилганини маълум қилади. Лекин унинг айтишича, масъул идоралардан тайинли жавоб йўқ ҳали…

Ва яна: ижтимоий тармоқда сурхондарёлик, қашқадарёлик, самарқандлик, навоийлик, қорақалпоғистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик, туркманистонлик ва бошқа жойлардан Фарғонага келиб, “табибдан даво топдим” деган, ўзларининг яшаш жойлари ва кимликларини аниқ айтиб, дуо қилиб турганлар ҳам оз эмас. Даво топмадим, деганларнинг аксарияти исму шарифини айтмай, телефон орқали Йўлчи Исмоиловга дардини очган.

Гарчи, шунча яшаб ёшию дарди, касалининг тарихи хилма-хил бўлган беморларнинг бир хил “силаш”дан саноқли сонияларда бунақа юриб кетганини, оғриқлари таққа тўхтаганини, кўзи равшан кўра бошлаганини кўрмаган бўлсак-да, икки ўртада кимга ишониб, кимга ишонмасликни, кимни ростгўй деб, кимни ёлғончига чиқариб айблашни билмайсан. Чунки ихтиёримизда “дарддан тузалдим” деган ким ва қаерданлигини айтган анча-мунча эркагу аёлларнинг ҳам, телефонда “аҳволимда умуман ўзгариш бўлмади” деган исму шарифи номаълумларнинг ҳам оғзаки гапидан бошқа далил йўқ.

Лекин бу иложсиз ҳолат эмас. Ахир кейинги йилларда мамлакатимиз шифохоналари, ташхис марказлари энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, вазирликнинг вилоят, шаҳар-туман бўлимлари раҳбарларининг маърузаларида кўп эшитганмиз-ку. Наҳотки “неча йиллик дардимга табибдан шифо топдим”, “Шифохоналарда шунча даволаниб ҳеч фойдасини билмаганман” деб, манзили ва кимлигини аниқ айтиб турганларнинг касаллик варақасини кўтариб, ҳақиқатан ҳам у аввал  дардманд ё соғ бўлганини аниқлаш, айни кунда саломатлиги қанақа эканлигини таҳлиллар, текширишлар орқали аниқлаш мумкин бўлмаса?! Бунинг ўрнига, мен эшитган телефон орқали бўлган ва ёзиб олинган икки суҳбатда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ходимлари жамоатчи фаол Йўлчи Исмоиловнинг “Хатимга жавоб олишим керак бўлган муддат келди, қачон жавоб оламан?” деган саволига: “Хатингиз ўрганиляпти”, “Бу бизнинг ишимиз эмас, ички ишлар шуғулланиши керак” деган фикрни қайта-қайта айтиб, суҳбатни қисқа қилиш пайида бўлдилар. Одамлар саломатлиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари битта оддий фаол инсон қадар қизиқмаётгани (жон куйдириш, тиббиётнинг шаънини ҳимоя қилиш ҳақида оғиз очишгаям ҳожат йўқ)га “қойил қоласиз”.

Ҳа, жонкуяр фаолнинг “Қариялар, ногиронлар овора бўлиб, дарди оғирлашяпти. Шунга тезроқ чек қўяйлик”, — деганига Республика Соғлиқни сақлаш тизими ишларига энг масъул идорада ўтирганлардан айримларининг шундай жавобини эшитдик. Улар айни кеча-кундузда ҳам “табиб”нинг на тиббиёт маданияти, на оддий инсонийлик этикаси, на гигиена талабларига жавоб бермаган тарзда шундоқ кўчанинг ўзида юзлаб одамлар устидан кулгандек қилаётган хатти-ҳаракатларининг илдизини илмий-таҳлилий ўрганиб, уни элга ошкор қилиб шунга қараб чора кўриш, ишончли йўлдан бориш ўрнига, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг чора кўришларини кутишяпти. Табибга эса қай бир уюшманинг бериб қўйган қоғози дастак, ички ишлар ходимларига уни кўрсатиб “Мана ҳужжатим!” — дейди. Ўртада… масалан-да, иложсизликдан учта неварани ҳайҳотдай ҳовлида ёлғиз қолдириб, келинини тиргак қилиб Сурхондарёдан водийга келган, бор пулини тўлаш эвазига “табиб”нинг масхараомуз сўзларию менсимасликларини кўриб-эшитиб, ёмғирдек дарди қорга айланиб уйига не азобларда етиб олган ногирон онахон каби сарсону саргардонлар дардини кимга айтсин? Шифокоргами? Қайси шифокорга?

Беихтиёр Бедилнинг сатрлари ёдга тушиб кетди:

Соч ва тирноқларга қараб ибрат ол,

Қон йўқ жойда йўқдир ҳис ва туйғу ҳам.

Ижтимоий тармоқлар кузатувчилари, “табиб”дан шифо умидида унинг маҳалла-кўчасига кириб чиққанлар орасида уни олғир, ёлғончи, сохта табиб экани юзу сўзларидан, хатти-ҳаракатларидан кўриниб турганини айтиб, “шунчаям содда, гўл, билимсиз бўламизми?” деб ёзғирганлар ҳам кам эмас. Аммо бир отахоннинг гапи эътиборли: “Мана, мен ҳам неча йиллардан буён оёқ оғриғидан азоб чекаман. Баъзида оғриқнинг қаттиқлигидан тонг оттириш ҳам қийин бўлиб кетади. Шифохоналарда даволанганман, машҳур дўхтирларгаям учрашганман. Жуда борса, тезда таъсир қилувчи кучли доридан укол қилиб қўйишади, оғриқ вақтинча енгиллашганга ўхшайди-ю, бир ҳафта-ўн кундан кейин аввалгидан ҳам кучлироқ бўлиб яна бошланади. Шунинг учун мен ўзим ҳам табибни бир йилча кузатганман, борсаммикин, деб ўйлаганман. Чўкаётган одам хасга ёпишибди, деганларидек, дард азобидан тинка-мадори қуриган, асаблари чарчаган дардманд шифо истаб нималар қилмайди, қаерларга бормайди…”

Мана, сиз ва биз ҳам беихтиёр ижтимоий тармоқларда “тренд” бўлаётган “табиб” воқеасига аралашиб кетдик. Сиз ва биз, тармоқдаги “шов-шув”га шўнғиб кетган, уни кузатаётганлар ва давраларда ҳам айни мавзуни муҳокама қилаётганлар юз минглар, балки неча юз мингларни ташкил этармиз. Айни шу мавзу атрофидаги баҳсу мунозараларга сарфланган вақтларни ҳисобласак ва ундан олинган натижани ўйласак, юрак орқага тортади. Ҳолбуки, шу ғанимат фурсатларимиз ва куч-қувватимизни илм ёки ҳунар ўрганишга, бошлаган ишимизни охирига етказишга, меҳнат билан хонадонимизни обод этишга, меҳру оқибат ришталарини мустаҳкамлашга, янги бир тадбиркорлик ишини бошлашга, орзумиздаги режаларни журъат билан бошлашга, ибратли яхшиликларга қўшилишга сарф этишимиз мумкин эди. Биз (табобат илмию амалиётида алифни калтак дея олмайдиганлар)  мавзуни минг йил чайнасак-да, наф чиқиши амри маҳол. Чунки бизнинг мулоҳазаларимиз аксарият ҳолларда илму тажрибага эмас, ҳиссиётларга асосланган.

Аҳолиси азалдан илму маърифатлилиги билан ажралиб турган Қўқон шаҳрида анъанавий табобат ҳам, халқ табобати ҳам ривожланган. Ҳар бир маҳаллага шифокорлар бириктирилган. Улар “табиб” иш бошлаган дастлабки кунларданоқ унинг фаолиятига илмий ёндашиб, иш тартиби беморларни даволаш амалиёти талабларига қай даражада жавоб беришига, шунингдек, мижозларнинг аҳволи, фикр-мулоҳазаларига эътиборли бўлишлари, шикоятлар сабабини ўрганиб, белгиланган тартибда чора кўрилиши шарт эди. Шунда овораю сарсонгарчиликлар, норозиликлар, дардлар устига чипқонлар чиқиши, фурсату маблағ исрофгарчиликларининг олди олиниб, халқнинг оқ халатлиларга ишончу ихлоси ортган бўларди.  Хуллас, ижтимоий тармоқлардаги битта шу мавзудаги баҳсларни кузатганлар, унда қатнашганлар ўша вақтлари, куч-қувватларини биттадан ниҳол экиб, парваришини бошлашга сарфлашса, катта бир боғ барпо бўлармиди!

Бу бир мисол. Айтайлик, қай бир ҳудудларда йўллар асфальтланмаган, қаҳратону саратонда бу йўлларда юриш одамларга азоб… Шундай ҳолатда йўлсозлар кўчаларнинг ёзда тупроғу қишда лой бўлгани учунгина эмас, каттаю кичик бу ноқулайликлар туфайли нолиб, турли идораларга шикоят билан арз қилиб, йиллар давомида бу муаммони ўзаро муҳокама қилиб умрлари бесамар ўтаётганига ҳам сабабчи бўлмайдими?!

Қай бир ҳудудларда чироқлар доимий равишда ўчиб қолаётган бўлса, ўша жойнинг электр тармоқлари масъуллари хонадонлар маълум соатларда қоронғида қолганликлари учунгина эмас, шу муаммо билан боғлиқ равишда келиб чиқадиган норозиликлар, миш-мишлар, бу борада давлат идораларига ишончсизликларнинг сабабчилари эмасми?!

Айни фикр барча соҳага тааллуқли. Ҳаммамиз ўзимиз уддасини олган ва жавобгар бўлган ишни касб масъулияти, давлат қонунлари талаблари даражада бажарсак, элнинг куч-қувватини емириб, умрини совурадиган “бекорчиликдан бемаънигарчилик” қабилидаги шов-шувлар, тарафларга бўлиниб олиб фойдасиз баҳслашувлар, билиб-билмай оқлашу қоралашлар, гинаю адоватлар исканжасидан озод бўлиб борардик, қалбларимиз кўпроқ нурга, зиёга, яхшиликка, инсоний улуғворликка интилган шижоатга айланармиди, иншооллоҳ.

Яна битта гап: юқорида асосан бир “табиб” ҳақида тўхталдик. Аммо бундай “табиб”лар юртимизда битта эмас, анча. Мана, куни кеча қайсидир телеграмм саҳифасида қумқўрғонлик сохта муллонинг, иймонсиз кимсанинг “дам солиш, ўқиш” билан алдаб ҳузурига келган хотин-қизларга тажовуз қилиши ҳақида ёзишди. Қўлида муқаддас китоб, лекин ҳайвоний ҳирсини қондириш учун муқаддас каломларни пеш қилиб қабиҳлик қилаётган кимса. Нима дейиш мумкин? Бунақа виждонсиз, қаллоб нусхаларга қонуний чора, жазо шак-шубҳасиз тезкорлик билан кўрилиши керак. Нетонгки, жамиятда кечаётган бундай хунук воқеаларга лоқайдлик, эътиборсизлик жуда қимматга тушмоқда.

Халқимизда “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деган гап бор. Қизиқ, жойи келса, бир бечораю шўртумшуқнинг эмин-эркин писта сотишига йўл қўймайдиган назорат органлари нима учун неча юзлаб кишини чув тушираётган бундай сохта табиблар фаолиятига кўз юмиб туришибди? Лоқайдлик, бепарволик ва ҳаракатсизлик ортида нима яширин? Ёхуд “табиб”нинг чиндан ҳам “кўр кўзларни” очаётгани, умр бўйи юролмаётган чўлоқларни чопқиллатиб юбораётгани ҳақиқатми? Агар шундай бўлса, тегишли муассасалар томонидан бу очиқ-ойдин эътироф этилиши, бундай бўлмаса, бу қаллобликка зудлик билан тегишли чора-тадбирлар кўрилиши лозим эмасми?!

Умуман, бу гап — бошқа сохта “табиб”лар, кўзбўямачи “муллалар”у, фолбин ва кинначиларнинг “фаолияти”га ҳам тегишли.

Қонун — қонунчилигини қилмаса, беморлар овораю сарсон, қаллоблар гуллаб-яшнаб юравериши ҳеч бир адолат мезонига тўғри келмайди!

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + fifteen =