Оддийлик – маънавият либоси

Республика Товар-хомашё биржаси матбуот хизмати шу йил 5 декабрь куни бўлиб ўтган онлайн аукционда жами 4,1 млрд сўмлик авторақамлар сотилгани ҳақида маълумот берди. Шу куни жисмоний ва юридик шахслар томонидан харид қилинган автомобиль рақамларининг умумий сони 680 тани ташкил этиб, тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 6,1 млн сўм бўлган. Бу савдоларда энг арзон авторақам нархи 1,9 млн сўм бўлса, энг қиммат рақам 474 млн сўмга сотилди.

Яхшироқ тушунишимиз учун таққосласак: биржа савдосида қай бир юртдошимиз машинаси авторақамидан атрофидагиларнинг оғзи очилганча кузатиб қолиши ёки кутиб олиши учун (бошқача сабаблар унча ёпишмаяпти-да!) энг қиммат нарх – 474 млн сўм, яъни Тошкент шаҳридан икки хонали уй олиш мумкин бўлган маблағни сарфлаган. Агар онлайн аукцион харидорларидан, боринг, элликтаси 300 млн сўмдан юқори нархда бўлган авторақамларни сотиб олган бўлсалар, бу элликта бир ёки икки хонали (пойтахтда, вилоятларда бунча пулга бутун бошли ҳовли олса бўлади!) хонадон харид қилиш мумкин бўлган пулларни машинага ўрнатиб юриладиган бир шапалоқ темирдаги учта рақам учун совурилди, дегани. Энг арзон деб айтилаётган нарх – 1,9 млн сўм; куни турли аҳволда бўлган беморларга муолажалар қилишдан тортиб уларнинг ҳар хил ҳожатларигаям хизматда бўлган тиббиёт ҳамшираларию бекаларининг ойлик маошларидан ортиқ бўлса ортиқдир, кам бўлмаса керак.

Робиндранат Тагорнинг “Кишиларнинг кимлигини унинг билганига қараб эмас, унинг нимага қувонишига қараб билсанг бўлади”, – деган фикри хаёлга келди-да… салкам ярим миллиард сўм эвазига 000, 555, 999 каби авторақамларни автоуловига тақволиб юрганларнинг нимага қувонишидан маймунлар кулса арзийди.

Бу фикримизга кимдир: “Эгаси бўлганидан кейин пулини хоҳлаганича расамад қилади. Ишингиз нима?” – деса, ҳақи бордек. Фақат… аввало, ўша бойваччалар ҳам ўзимизнинг фарзандларимизки, уларнинг бу ҳаракатларидан ташқи дабдабага ўчлик, манманлик, ошкора кибру ҳаво касалига чалинганликнинг белгилари кўринади. Киши қўлида моддий бойликнинг ортиши унинг қалбида маънавий фазилатлар, халқнинг ўзлиги ифодаси бўлган қадриятларга ихлоснинг камайиб, юпқариб, йўқолиб боришига сабаб бўлса, балки жамият бундай тескари таъсирга қарши курашмоғи шарт. Яна муҳими, умри Ватанни обод этиш, халқ ризқу насибасини ундириш ва турмуш фаровонлигини ошириш, ёш авлодни таълим-тарбияли этиш, илму фанни ривожлантириш, иқтисодиётни юксалтириш йўлида оғир меҳнат, тинмай изланиш билан ўтаётган юртимизнинг ҳар бир фуқароси Ўзбекистоннинг барча табиий, моддий, маънавий бойликларининг тенг ҳуқуқли эгасидир. Халқнинг заҳмат билан топган бойликлари қандайдир йўллар билан айрим кимсаларнинг қўлида тўпланиб қолса-ю, бу маблағни саноқли “уддабуронлар” қимматбаҳо машиналарига қимматбаҳо авторақамлар тақиб юришларига; ҳою ҳавасларига исроф қилишларини назоратга олишга, бунинг ҳисоб-китобини сўрашга ҳақли эмасмизми?

Республика Товар-хомашё биржаси матбуот хизмати ахборотида яна шундай маълумотлар бор: “Тўққиз ойда биржа савдоларида 152 мингдан ортиқ автомобиль рақамлари сотилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 620 млрд сўмни ташкил этган. Авторақамлар харидида 97 фоиз жисмоний, қолган 3 фоиз қисми эса юридик шахсларга тўғри келади”.

Беихтиёр, айни навқирон ёшида оғир касалликка чалиниб вафот этган хорижий бир давлатманд ҳаётининг охирги кунларида: “Мен ҳар ким ҳам сотиб олишга имкони етавермайдиган машинада борган жойимга ундан анча арзон бўлган уловда ҳам боришим мумкинлигини; фалон юз минг долларлик пойабзалнинг оддий кроссовкадан фарқи унча катта эмаслигини… жуда кеч англадим”, – дегани ёдга тушди. Ўша марҳум замондошимиз ўзи ўта бадавлат эса-да, маънан қашшоқлигини, кеч бўлса-да, мардлик билан тан олган эди. Агар у каби инсонларга ўз вақтида ота-онаси, устози, яқинлари орасидан “Ҳайкалнинг гўзаллиги кўринишида, кишиники эса ишида” (Пифагор) эканини тушунтириб, англатиб қўядиган чин меҳрибон топилса, дунё­да хайрли ва фойдали ишлар кўпроқ бўлармиди, иншааллоҳ.

Шу гапларни қоралаб ўтирганимда ташқарида изғириндан дарак бергандай шамол увиллади, кейин қор ёға бошлади. Табиат мувозанатини сақловчи, ерлар ва ҳаводаги юқумли касалликлар вирусларини ўлдирувчи, покиза ризқу насибаларни ундиргувчи оппоқ қор эланган ун каби борлиқни тезда қоплай бошлади. Болалар қувончи чексиз, энди улар уйга сиғмай қолишди… Шундай пайтларда беихтиёр олису яқиндаги қариндошлар, қадрдонлар, элу элатингни ўйлайсан. Юрак увишди: “… ўтган йили олган кўмирларининг деярли ярми тош чиққан экан, бу йил қандай экан? Кўмирлари бормикин, ишқилиб?”, “…лар анча кексайиб қолишди. Газ йўқ, бир ойлик пенсиямга бир арава ўтин оляпмиз, бир ҳафтага етмаяпти, дейишганди. Нима қилишяптийкин?” “…нинг эри хорижда ишда. Икки боласи билан иситилмайдиган эски уйда…”

Кейинги йилларда Республикамизда қашшоқлик, камбағалликни камайтириш мақсадида амалга оширилаётган катта тадбирлар натижасида минг-минглаб хонадонлар иқтисодий жиҳатдан қаддини тиклади. Давлатимиз ички сиёсатининг бош йўналишларидан бирига айланган бундай тадбирлар изчил давом этмоқда. “Иншааллоҳ, мамлакатимиз аҳолиси яқин йилларда инсонни ҳар жиҳатдан камситадиган, хорлайдиган қашшоқликдан  чиқади”, деган эзгу ўйлар билан ўзингга таскин бергинг келади-ю… аммо қишнинг бир куниям – қиш; қай фаслда бўлмасин, йўқчиликнинг бир куниям осон  ўтмайди; умрнинг бир куни, бир соатиям – ғанимат, ҳамма инсондай яшагиси келади. Шундай пайтда “2024 йилда сотилган энг қиммат авторақам 517,1 млн сўмга харид қилинган бўлиб, уни Тошкент шаҳридан юридик шахс қўлга киритган. Иккинчи ўринда 10 июль куни 508 млн сўмга сотилган автомобиль рақами туради” деган расмий маълумотни ўқиб… орамизда “Қандини урсин!” дейдиганлар ҳам топилиши шубҳасиз. Аммо аксарият кўпчиликнинг бунақа дабдабабозлик, манманлик, исрофгарчилик, моддиётни кўз-кўз қилишдек маънавий аҳволидан энсаси қотиши, ғазабланиши турган гап. Энг ачинарлиси – айримларимизнинг ҳимматимиз, саховату шафқатимиз, оқибатимиз эвазига чин дунёга олиб кетишимиз мумкин бўлган тенгсиз бойлик – савоб ишларга рағбатимиз темир машинамизга бўлган ишқимиз олдида хору хас экани.

Тасаввур қилинг, юртимизда икки кишининг машинасига ўрнатилган авторақамларнинг қиммати – бир миллиард сўмдан ортиқ! Бу маблағ қанча оилани қашшоқликдан тамоман қутқариши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Ва… чўнтагининг тешигидан тушган пулларга бунақа рақамлар сотиб олаётганлар (юқоридаги маълумотларга асослансак) юзлардан ўтиб, минглардан ҳатлаётганини англаш мумкин.

1914 йили “Тўй” драмасида тўйдаги кераксиз, ортиқча сарф-харажатлардан қарзга ботиб, ҳаёти барбод бўлган қаҳрамон образини яратган зиёли Ҳожи Муин: “Бошқа миллатлар топган пулларини илм ва маориф, миллат йўлига сарф қилиб, кундан-кун тараққий топсалар, жаҳолат ва нодонлигимиз сабабидан бизлар топган молимиз, боғ ва ҳовлиларимизни тўй ва аза, улоқ йўлига харажат қилиб, ўзимизни бир парча нонга муҳтож ва хор қилмоқдамиз”, – деб қайғурган эди.

Аллоҳга шукр, бугун Ўзбекистонимиз мустақил, шаҳару қишлоқларимиз обод, турмуш фаровонлиги, одамларнинг ақлий-маънавий салоҳияти даражаси дунёнинг тараққиёт йўлига кирган мамлакатлари қаторида қайд этилмоқда. Аммо… “бели оғримаганнинг нон ейишини кўр”, “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” деганларидек, халқ бойлигини талон-торож қилишда, беҳудага совуришда ҳам янги-янги рекордчилар чиқяпти.

Беихтиёр савол туғилади: ярим миллиард сўмни битта авторақам сотиб олишга сарфлаётганларнинг ҳаммаси тинмай фойда оқиб келаётган катта бир ишнинг бошидан тутган одамлармикин?

“Оддийлик ақл ва истеъдоднинг яқин қариндоши”, – деган эди файласуфлардан бири. Сохта ялтир-юлтур ва дабдабага ишқибозлик – қўлингдан одамларни хурсанд этадиган, манфаатлантирадиган тайинли иш келмаслигининг далили эмасми? Тўғри, пул-бойлик топиш осон эмас, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо ҳаёт тажрибаларидан маълумки, киши меҳнату заҳмат чекиб пешона тери билан топган ҳар бир тангасининг қадрига етади, уни беҳуда совурмайди, ҳатто энг муҳим эҳтиёжларига ҳам тежаб-тергаб сарфлайди.

Йил якунлари бўйича барча соҳада ҳисоб-китоблар қилиняпти. Якунланаётган йилимизда Республика Товар-хомашё биржаси орқали сотилган қимматбаҳо авторақамларнинг умумий миқдори қанча бўлгани ва бу маблағ ўртача ҳисобда қанча оилаларнинг қашшоқликдан чиқиб кетишига имкон бериши мумкинлигини ҳисоблаб, элга маълум қиладиган билимдон-нуктадон топилишидан умидимиз бор. Янги йилда, зора, бу қусурлар тарихга айланса?

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − eight =